Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ВЕТЕРИНАРИЯ НАЗОРАТИ ОСТИДАГИ ОБЪЕКТЛАРИНИ ПРОФИЛАКТИК ВА МАЖБУРИЙ ДЕЗИНФЕКЦИЯЛАШДА ДЕЗЭФФЕКТ ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Мазкур Буйруқ Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг 2018 йил 17 январдаги 14-сонли «Ветеринария назорати остидаги объектларини профилактик ва мажбурий дезинфекциялашда дезэффект препаратини қўллаш бўйича қўлланмани ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ветеринария назорати остидаги объектларини профилактик ва мажбурий дезинфекциялашда дезэффект препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 17 августда тасдиқланган «Ветеринария назорати остидаги объектларини профилактик ва мажбурий дезинфекциялашда дезэффект препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М.ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
31-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 31-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ветеринария назорати остидаги объектларини профилактик ва мажбурий дезинфекциялашда дезэффект препаратини қўллаш бўйича
ҚЎЛЛАНМА
I. Умумий маълумотлар
1. Дезэффект (Dezaeffectium) — кенг таъсир кўламидаги дезинфекцияловчи восита. Синонимлари: Супержавел, ДП-2, ДП-2Т.
2. Препарат ташқи кўринишига кўра оқ рангли, хлор ҳидли, таъсир этувчи моддаси сифатида трихлоризоцианур кислотаси бор. Шунингдек препарат таркибига триполифосфат натрий, кальцийлантирилган сода, сульфанол, гидроперит ва лимон кислотаси киради.
3. Чиқарилиш шакли:
дезэффект кукуни 100,0 г таркибида камида 30% хлор мавжуд;
дезэффект таблеткалари 2,0 г массали, таркибида камида 0,6 г фаол хлор бор;
дезэффект таблеткалари 10,0 массали, таркибида камида 3,0 г фаол хлорга эга.
4. Кукун 100, 200, 500, ва 1000 г дан таблеткалар 100, 500 ва 1000 донадан банка ёки полиэтилен пакетларга жойланади.
5. Препарат қуруқ, ёпиқ, қуёш нурларидан ҳимояланган ва яхши шамоллатиладиган жойларда, бегона одамлар ва ҳайвонлардан алоҳида, 40°С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақланади. Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил, ишчи эритмалари — 8 соат.
6. Препаратни ташиш тайёрловчи корхона тараларида транспортнинг барча турларида, препарат ва таранинг бутунлигини таъминловчи юк ташишнинг амалдаги қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Препаратни ёнувчан моддалар, озуқалар, ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан ташиш ва сақлаш тақиқланади.
II. Фармакологик хусусиятлари
7. Препарат граммусбат ва грамманфий бактерияларга, шу жумладан споралар ҳосил қилувчи шаклларига, вируслар ва замбуруғларга нисбатан кенг кўламдаги таъсирга эга. Препарат илиқ қонли ҳайвонлар учун юқори заҳарлилик даражасига кўра ошқозонга юборилганда (ЛД50 сичқонлар учун 1350 мг/кг) 3-синфдаги ўртача хавфли моддаларга киради. Ингаляцион равишда аэрозоллар шаклида қўлланилганда — ўта заҳарли моддаларнинг 2-синфига киради. Терини яллиғлантирувчи таъсирга эга эмас. Органик ифлосланишлар препаратнинг дезинфекциялаш фаоллигини пасайтиради, шу сабабли дезинфекциялашдан аввал, ишлов берилувчи объектлар тозаланиб, ювилиши ва чирклардан тозаланиши даркор.
III. Қўллаш тартиби
8. Профилактика мақсадида ва мажбурий (навбатдаги ва якуний) дезинфекциялашда: чорвачилик (паррандачилик, ҳайвонот) бинолари, чорвачиликнинг ёрдамчи объектлари, улардаги техник ускуналар ва ҳайвонлар учун ишлатиладиган асбоб-анжомлар, шу жумладан инкубаторлар, инкубацион тухумларни зарарсизлантиришда, сўйиладиган ҳайвонлар сақланадиган жойлар, санитария кушхоналари, кушхоналар, озуқахоналар, озуқа сақланадиган идишлар, савдо, лаборатория бинолари ва улардаги асбоб-ускуналар, ҳайвонлар, хом ашё ва ҳайвон маҳсулотлари ташиладиган автомобиль транспортлари, темир йўл вагонлари ва бошқа транспорт воситалари, очиқ объектлар (рампалар, эстакадалар, платформалар) ва ҳайвонлар тўпланган жойлар (бозор, кўргазмалар, спорт майдонлари); зоопарк, цирк, ҳайвонхона, виварийлар, ветеринария шифохона ва касалхоналари; асаларичилик объектларини зарарсизлантиришда қўлланилади.
9. Препаратнинг ишчи эритмаси унинг массаси таркибидаги фаол хлор (ДВ) фоизини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Керакли концентрациядаги эритмани тайёрлашда зарур бўлган препарат миқдорини (X) қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:
Бунда: A — ишлаш учун зарур эритма концентрацияси (% фаол хлор);
В — эритманинг зарур бўлган миқдори, л;
С — фаол хлорнинг препаратдаги таркиби, % да.
Препаратнинг эрувчанлигини ошириш мақсадида эритмани илиқ сувда (40—45°С) тайёрланади. Ишчи эритмани тайёрлаш учун дезқурилмага (идишга) керакли эритманинг умумий ҳажмидан 2/3 қисмигача илиқ сув қуйилади ва препарат бўлиб-бўлиб солинади, кукун ёки таблетка бутунлай эриб кетгунча аралаштириб турилади. Сўнгра керакли ҳажмгача сув қуйилади ва яхшилаб аралаштирилади.
Дезинфекциялаш ҳўллаш усулида, ҳайвонлар, сўйиш маҳсулотлари, хом ашё ва тайёр маҳсулотлар олиб чиқиб кетилган бино ва техник жиҳозлар сиртини махсус пуркагичлар ёки ДУК 1, ДУК 1М, АВД-1, УДП М, ЛДС ЗМ, ЛСД ЭП ва бошқалар ёрдамида томчилаб сепиш йўли билан амалга оширилади.
10. Чорвачилик (паррандачилик, ҳайвонлар боқиладиган) биноларни ҳайвонларнинг бактериал ва вирусли этиологиядаги қўзғатувчилари дезинфекцияловчи воситаларга нисбатан чидамсиз (1-гуруҳ), зарарсизлантириш сифатини ичак таёқчалари бактериялари ажралиши орқали аниқланувчи инфекцион касалликларида, профилактик ва мажбурий дезинфекциялаш (навбатдаги ва якуний) қуйидагича ўтказилади:
силлиқ юзага эга бўлган биноларда (металл, кафель, метал плитаси, бўялган ёғоч, силлиқ пластик ва бошқ.) 1% ДВ (фаол хлор бўйича) эритма билан 0,25-0,3 л/м² сарф ҳисобида ва 1 соат экспозицияда;
ғадир-будир сиртли бинолар (ғишт, цемент, бетон, бўялмаган ёғоч, гўнг чиқариш қувурлари, ёриқли поллар, резина, ғовак пластик) 1,5% эритма билан 0,5 л/м² сарф ҳисобида ва 3 соат экспозицияда ўтказилади.
11. Ҳайвонларнинг бактериал ва вирусли этиологиядаги қўзғатувчилари дезинфекцияловчи воситаларга нисбатан чидамли (2-гуруҳ), зарарсизлантириш сифатини стафилококклар ажралиши орқали аниқланувчи инфекцион касалликларида дезинфекциялаш юқорида келтирилган зарарсизлантирилувчи объектларнинг сиртларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади. Мувофиқ равишда 1,5% ва 2% фаол хлорли эритмалардан, 0,25-0,5 л/м² сарф ҳисобида ҳамда 1 ва 3 соат экспозицияда фойдаланилади.
Инкубаторийлар, инкубацион ва чиқарувчи шкафлар, паррандаларни эмлаш биноларини профилактик дезинфекциялаш қуйидагича ўтказилади:
силлиқ юзага эга бўлган биноларда 0,5% препарат эритмаси билан 0,25-0,3 л/м² сарф ҳисобида ва 30 минут экспозицияда;
ғадир-будир сиртли бинолар 1% эритма билан 0,5 л/м² сарф ҳисобида ва 3 соат экспозицияда ўтказилади.
12. Мажбурий дезинфекциялаш юқорида келтирилган кўрсатмаларга мувофиқ ўтказилади.
13. Ҳайвонлар (паррандалар) туберкулёз ва паратуберкулёз касалликларида (юқори чидамли қўзғатувчиларнинг 3 гуруҳи) навбатдаги дезинфекция 3% эритма билан, якунловчисини эса 4% эритма билан, ҳар иккаласида ҳам 0,5 л/м² сарф ҳисобида ва 3 ва 6 соат экспозицияда ўтказилади.
14. Оқсил ва бошқа спорали инфекциялардаги (ўта чидамли қўзғатувчиларнинг 4 гуруҳи), шунингдек аниқланмаган этиологиядаги экзотик инфекцион касалликларда мажбурий дезинфекциялаш қуйидагича ўтказилади:
навбатдаги дезинфекциялашда 5% эритма билан бир марта 1 л/м² сарф ҳисобида ва 24 соат экспозицияда;
якуний дезинфекциялашда 4% эритма билан уч март ёки 5% билан икки марта, 1 соат оралиқда 0,5 л/м² сарф ҳисобида ва охирги марта қўлланилгандан кейин камида 12 соат экспозицияда ўтказилади.
15. Совуқ ҳароратдаги иситилмайдиган ветеринария объектларини (омбор, тамбур, темир йўл вагонлари, автотранспорт, ҳайвонлар сўйиладиган жойлар, ҳайвонхоналардаги қафас ва инлар, эстакадалар, платформалар, ҳайвонлар ортиладиган ва тушириладиган майдонлар, ҳайвон хом ашё ва маҳсулотлари) мажбурий дезинфекциялаш юқорида берилган кўрсатмалар бўйича, аммо антифриз сифатида тайёрланган ишчи эритмасига 10% ош тузи ҳаво ҳарорати минус 10°С гача бўлганда ва минус 10°С дан минус 20°С гача ҳароратда 20% ош тузи қўшилган ҳолда ўтказилади.
16. Асосан силлиқ юзага эга бўлган сут ва гўшт ишлаб чиқариш корхоналари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш цехлари, сут-товар фермаларидаги сут блоклари, комплекс бинолар ва улардаги жиҳозларни профилактик дезинфекциялашда 0,3% эритма ДВ бўйича 0,25-0,3 л/м² сарф ҳисобида ва 30 минут экспозицияда ўтказилади.
17. Юқорида санаб ўтилган объектларни мажбурий (навбатдаги ва якуний) дезинфекциялаш қуйидагича ўтказилади:
қўзғатувчилари 1 гуруҳга мансуб (зарарсизлантириш сифати ичак таёқчалари ажралиши орқали аниқланади) инфекцияларда 1% эритма билан 0,3 л/м² сарф ҳисобида ва 1 соат экспозицияда;
қўзғатувчилари 2 гуруҳга мансуб (зарарсизлантириш сифати стафилококклар ажралиши орқали аниқланади) инфекцияларда 1,5% эритма билан 0,5 л/м² сарф ҳисобида ва 1 соат экспозицияда;
туберкулёз ва спорали инфекцияларда юқоридагидек ўтказилади.
18. Ҳайвонлар молхоналари, виварийлар, ҳайвонот боғлари, цирк, ветеринария шифохона ва касалхоналарида профилактик дезинфекциялаш бино сиртига қараб, препаратнинг фаол хлор бўйича 1% эритмаси билан 0,3-0,5 л/м² сарф ҳисобидан, 1 ва 3 соат эксозицияда, мажбурий дезинфекциялаш эса юқоридаги кўрсатмаларга асосан ўтказилади.
19. Чорвачилик биноларида ҳайвонлардан бўш алоҳида жойларни, асбобларнинг алоҳида бирликларини ва корхоналардаги сиртқи юза жойларни локал дезинфекциялашга, бинолар вентиляция билан жиҳозланган ҳамда одам ва ҳайвонларнинг ишлов берилаётган объектлардан нарироқ жойлаштирилган ҳолатларида йўл қўйилади. Белгиланган экспозиция муддати тугагач, ишлов берилган хўрак, сувхўрак ва бошқа ҳайвонлар, хом ашё, тайёр маҳсулот бевосита тегадиган жойлар, дезинфекцияловчи восита тўпланиб қолиши мумкин бўлган жойлар, шунингдек занглаши мумкин бўлган жиҳозларнинг юзалари ювилади. Қолган юзалардан препаратнинг қолдиқларини ювиб ташлаш талаб этилмайди.
20. Ҳайвонлар бинога шамоллатилгандан сўнг (дераза, эшик, люклар очилади, вентиляция ёқилади) ва препарат ҳиди бутунлай тарқалганидан кейин киритилади.
21. Асалари уялари, асаларичилик инвентарлари, асалари қишловлари, уя сақланадиган жойлар, асалари инлари, кўчма инлар, омбор бинолари, катакчалар, хўраклар, она асалари катакчаларини профилактик дезинфекциялаш йилига бир марта баҳорда, асалариларни қишловдан чиқарилгандан сўнг ўтказилади.
Дезинфекциялаш бўйича барча ишлар куннинг асаларилар учмайдиган палласида (кечқурун ёки эрта тонгда), ёки асаларилар кира олмайдиган жойларда ўтказилади. Инларнинг ички ва ташқи қисмлари стамеска ёрдамида шам, прополис ва асалари ахлатларидан тозаланади ва препаратнинг фаол хлор бўйича 1% эритмаси билан 0,3 л/м² ҳисобида ишлов берилади, сўнгра ишлов берилган инлар ичига майда асаларичилик инвентарлари (катаклар, хўраклар, она асалари катаклари) жойланиб уларга 1% эритма бир текисда ҳўллангунча сепилади. Инларнинг қопқоқлари ёпилади ва 3 соатга қолдирилади. Белгиланган экспозиция муддати ўтгач, ин ва инвентарлар ювилиб, қуритилади ва 24 — 48 соат давомида шамоллатилади.
Халатлар, комбинезонлар, сочиқ, юз тўрлари ва ёпинчиқлар 1% эритмага 3 соатга солиб қўйиш орқали дезинфекцияланади, сўнгра сувда чайилади ва қуритилади.
22. Дезэффект препаратини нейтралловчи восита сифатида тиосульфат натрийдан (гипосульфит) фойдаланилади.
IV. Шахсий профилактика чоралари
23. Ишчи эритмаларни тайёрлашда ва қўллашда эҳтиёткорлик ва шахсий хавфсизлик чораларига риоя қилиш шарт.
Таркибида хлор бўлган препаратларга таъсирчан шахслар ишга қўйилмайди. Препарат билан барча ишлар шахсий ҳимоя воситалари ёрдамида: пахтадан костюм ёки халат, резина матодан фартук, резина қўлқоплар ва этиклар ўтказилади.
Нафас органларини ва кўзни ҳимоялаш учун умумий ҳарбий заҳарли газлардан ҳимоялаш ниқоби (ГП-4У, ГП-5) ёки (РУ-60М, РПГ 67) универсал респиратори, В маркали заҳарли газлардан ҳимоялаш ниқоби, патронли респиратор ва герметик кўзойнаклардан (ПО 2, ПОЗ) фойдаланилади.
Препарат билан ишлашда овқатланиш, сув ичиш ва чекиш ман этилади. Иш тугагандан сўнг юз-қўлларни совунлаб ювилади, оғиз чайқалади. Препарат терига тушганда, уни дарҳол совунлаб ювилади, зарарланган жойга 2% гипосульфит натрий ёки ичимлик содаси билан ишлов берилади.
24. Эҳтиёткорлик чоралари кўрилмаганда юқори нафас йўллари шиллиқ пардаларининг ўткир яллиғланиши (томоқ, бурун қичиши, йўтал, тумов) ва кўзлар зарарланиши (ёшланиш, оғриқ, қичиш) мумкин. Препарат терига кўп бор тушганда ўша жойда қуриш, қизариш, ачишиш, шиш пайдо бўлади.
25. Заҳарланишнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда жабрланувчини очиқ ҳавога ёки яхши шамоллатиладиган хонага олиб чиқилади, оғиз, томоқ ва бурун сув билан чайилади, илиқ сутни ичимлик содасига қўшиб (1 чой қошиқда 1 стакан сутга) ичирилади. Зарур бўлганда врачга мурожаат этилади.
Препарат кўзга тушганда уни дарҳол оқар сувда яхшилаб ювилади ёки ичимлик содасининг 2% эритмаси билан бир неча минут давомида ювилади. Кўз яллиғланганда альбуцид эритмаси, оғриқда — новокаиннинг 2% эритмаси томизилади.
Эритма ошқозонга тушганда жабрланувчига бир неча стакан гипосульфат натрий берилади ва қайт қилдирилади, сўнгра 5—15 томчи нашатир спирти сув билан ичирилади, сут ва ичимлик содаси, куйдирилган магнезий (1 литр сувга 1-2 ош қошиқ) ичирилади ёки 10—20 та фаоллаштирилган кўмир таблеткаларини чайнатиб кетидан сув ичирилади. Заҳарланиш белгилари пайдо бўлганда врач ёрдамига мурожаат этилади.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
26. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1-а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.