Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОН ВА ПАРРАНДАЛАРНИНГ ИНФЕКЦИОН КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШДА 20% ЛИ ТИАМФЕНИКОЛ ЭРИТМА ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 2 апрель 20-15-89/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли баёнига мувофиқ буюраман:
1. «Ҳайвон ва паррандаларнинг инфекцион касалликларини даволаш ва олдини олишда 20% ли тиамфеникол эритма препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2007 йил 14 августда тасдиқланган «Ҳайвон ва паррандаларнинг инфекцион касалликларини даволаш ва олдини олишда 20% ли тиамфеникол эритма препаратини кўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
Бошлиқ в.в.б. М.ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 19 март,
28-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 19 мартдаги 28-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвон ва паррандаларнинг инфекцион касалликларини даволаш ва олдини олишда 20% ли тиамфеникол эритма препаратини кўллаш бўйича
ҚЎЛЛАНМА
I. Умумий маълумотлар
1. Тиамфеникол 20% ли эритма (Tiamphenicol solutio 20%) — фаол таъсир этувчи моддаси сифатида тиамфеникол антибиотикли препарат. Синонимлари: Тиамфеникола глицинат ацетилцистеинат, флуимуцил.
2. Таркиби: 1 мл препарат таркибида 0,2 г (200000 UE) тиамфеникол, 0,01 г прокаин гидрохлорид (новокаин) ва 100,0 мл гача тўлдирувчилар мавжуд.
3. Ташқи кўринишига кўра оч сариқ рангли шаффоф, аччиқ таъмли эритма.
4. Чиқарилиш шакли—шиша флаконларга ёки банка ва полиэтилен флаконларга 10,0; 20,0; 50,0; 100,0; 200,0; 400,0; 500,0 ва 1000,0 мл дан қадоқланган эритма.
Препарат қуруқ бинода, болалар қўли етмайдиган жойда, 25°С дан юқори бўлмаган ҳароратда, Б рўйхати бўйича сақланади.
Препаратнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 3 йил.
II. Фармакологик хусусиятлари
5. Препарат таркибига кирувчи тиамфеникол амфениколлар гуруҳига мансуб антибиотик. У хлорамфениколга ўхшаш ва кенг кўламдаги бактерияларга қарши таъсирга эга. Граммусбат ва грамманфий микроорганизмлар, риккетсийлар, баъзи йирик вируслар ва протозойлар, стрептококклар, стафилококклар, пневмококклар, колибактериялар, сальмонеллалар, пастереллалар, спирохетлар, пситаккоз вируслари (орнитоз), Q — безгаги ва бошқаларнинг ривожланишини камайтиради. Хлорамфениколдан фарқли равишда у апластик анемияни вужудга келтирмайди (мия суяги қон етказиш функцияси пасайиши таъсирида қондаги гемоглобин моддасининг камайиб кетиши), жигар ва буйракка зарар етказмайди.
Прокаин яхшигина локал оғриқсизлантирувчи таъсирга эга бўлиб, у дикаин таъсиридан озгина кучсизроқ, лекин ундан анчагина кам заҳарли. Унинг таъсир этиш муддати 30 минут атрофида, чунки у тез гидролизланади ва парааминобензой кислотаси ва диэтиламиноэтанолга айланади. Унинг оғриқ қолдирувчи таъсири 1% адреналин гидрохлорид эритмасини — 2,5 — 10 мл прокаинга 1 томчи қўшиш йўли билан узайтирилади ва кучайтирилади. Прокаиннинг сиртқи оғриқсизлантирувчи таъсири ўта кучсиз (зарарланмаган тери ва шиллиқ пардалар орасидан ўтиши қийин). Уни резорбцияланганда ва томир орқали қўлланганда прокаин ацетилхолин пайдо бўлишини камайтиради, периферик холинорецепторлар қўзғалувчанлигини пасайтиради, вегетатив ганглияларга тўсқинлик қилади, силлиқ мускуллар спазмларини бўшаштиради, юрак мушаклари қўзғалишини пасайтиради. Катта дозаларда бош мия қобиғининг мотор зоналарини қўзғатади. Прокаин қисқа анальгетик, яллиғланишга қарши, шокка ва арит-мияга қарши таъсирларга эга.
6. Препарат организмдан асосан ахлат ва сийдик орқали ажралади.
III. Қўллаш тартиби
7. От ва тойларга, йирик ва майда шохли молга: нафас ва ҳазм қилиш органларининг ўткир ва сурункали касалликларида (қўзғатувчилари грамманфий организмлар бўлган пневмониялар, энтерит, колибактериоз, сальмонеллез, пастереллез, бактериал артирилар, септицемиялар) қўлланилади.
8. Она чўчқаларнинг «метрит-мастит-агалактия» синдроми (ММА-синдроми), нафас олиш ва ҳазм қилиш органлари инфекциялари (шу жумладан сальмонеллез, дизентерия) ва бошқа инфекцияларини даволаш мақсадида қўлланилади.
9. Паррандаларнинг микоплазмоз, нафас ва ҳазм қилиш органлари инфекцияларини (шу қаторда инфекцион ринит, пастереллез, сальмонеллез, колиинфекция ва бошқаларда) даволашда қўлланилади.
10. Препарат мушак орасига қўлланилади. Даволаш курси 5—7 кун. Бир марталик кунлик дозаси қуйидагича:
отлар ва йирик шохли молга: 10—20 мл (бир нечта жойга юборилади);
чўчқа, қўй, эчки, той, бузоқ, қўзичоқ, улоқ, чўчқа болаларига: 5—10 мл;
қуён ва гўштхўрларга: 1-2 мл;
паррандаларга (ичимлик суви билан): 1-2 мл/л сувга. Фақат шу сувни истеъмол мақсадида ичирилади. Даволаш курси 5—7 кун.
11. Тавсия этилган дозаларда қўшимча асоратлар кузатилмайди. Доза ошириб юборилганда томир тортишиши, коллапс ва нафас олиш қийинлашуви пайдо бўлади. Аналептиклар ва симптоматик даволаш белгиланади.
12. Кавш қайтарувчи ҳайвонларга катта дозаларда юборилганда тиамфеникол овқат ҳазм қилиш трактини микрофлорасини бўшаштиради ва микозлар, авитаминозлар, ошқозон олди атонияси ва тимпаниясини қўзғатади. Бундай ҳолларда Гастровет, Румитон препаратларини қўллаш тавсия этилади.
13. Препаратни сийдик йўллари, нафас ва овқат ҳазм қилиш органларининг ми-котик касалликларида, ҳамда амфениколларга ўта таъсирчанликда қўллаш тавсия этилмайди. Препарат ачитқилар, сульфаниламидлар, уротропин билан бирга қўлланилмайди. Тетрациклинлар сафига мансуб антибиотиклар билан бирга қўлланилиши мумкин. Препаратнинг терапевтик таъсири ҳайвонларга витаминларга бой озуқалар берилганда кучаяди.
14. Ҳайвонларни сўйишга берилган муддат қуйидагича: от, чўчқа, йирик ва майда шохли мол препарат сўнгги марта қўлланилгандан кейин 31 кун, чўчқа болалари ва бузоқлар 11 кун, паррандаларни 11 кун ўтгач рухсат этилади.
Сутдан истеъмол мақсадида фойдаланишга препарат қўлланилгач 3 кундан сўнг рухсат этилади.
15. Белгиланган муддатдан аввал сўйилган гўшт ва олинган тухумдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. Шахсий профилактика чоралари
16. Препарат билан ишлашда шахсий гигиена ва хавфсизлик техникасининг умумий қоидаларига риоя этиш лозим.
V. Норозиликларни баён этиш тартиби
17. Препарат ушбу Қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.