Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ПАРРАНДАЛАРНИНГ ВИРУСЛИ ГРИПП КАСАЛЛИГИ ҚЎЗҒАТУВЧИСИГА АНТИТЕЛАЛАРНИ АНИҚЛАШ УЧУН ТЕСТ-ЙИҒМАНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 14 февраль 20-15-23/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. Паррандаларнинг вирусли грипп касаллиги қўзғатувчисига антителаларни аниқлаш учун тест-йиғмани қўллаш бўйича Қўлланма иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошлиқ ўринбосари М. Юсупов зиммасига юклатилсин.
Бошлиқ Ш. МАМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 18 январь,
10-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги Давлат ветеринария Бош бошқармасининг 2008 йил 18 январдаги 10-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Паррандаларнинг вирусли грипп касаллиги қўзғатувчисига антителаларни аниқлаш учун тест-йиғмани қўллаш бўйича
Қўлланма
I. Тестнинг таърифи
1. Тест-йиғма кимёвий ҳамда иммунологик реагентларнинг тўлиқ йиғмасидан иборат бўлиб, Иммун-фермент анализ (ИФА) усули билан паррандаларнинг вирусли грипп касаллиги Avian Influenca (AI) антителаларини аниқлаш имконини беради.
2. Тест-йиғма таркибига қуйидаги жадвалда кўрсатилган реагентлар киради:
|
Жадвал | ||
| Т/р | Реагентларнинг номи | Миқдори |
| 1. | Фаолсизлантирилган AI антигени билан қопланган планшетлар | 5 дона |
| 2. | Манфий назорат. Кўк тусдаги махсус патогенлардан ҳоли, консервант сифатида азид натрий ва оқсилли стабилизатори бўлган фосфат буферидаги зардоб | 3 мл, 1 флакон |
| 3. | Мусбат назорат. Қизил тусдаги консервант сифатида азид натрий ва оқсилли стабилизатори бўлган фосфат буферидаги AI га махсус антитела | 3 мл, 1 флакон |
| 4. | Конъюгат. Парранда антителасига (AT) қўй антителаси (AT) ва транс-буфердаги оқсилли стабилизатори, қизил инерт бўёғи ва консервант сифатида азид натрий бўлган ишқорли фосфатаза | 55 мл, 1 флакон |
| 5. | Субстратли буфер. Ферментли кофакторлари бўлган диэтаноламинийли буфер | 55 мл, 1 флакон |
| 6. | Стоп-эритма. Диэтаноламинли буфердаги гидроксид натрий | 55 мл, 1 флакон |
| 7. | Субстрат таблеткалари. Таблеткалар пНФФ (п-нитрофенилфосфат) субстрат буфер билан эритилади | 12 та таблетка, 1 флакон |
| 8. | Намуна учун эритма. Тўқ-яшил тусдаги консервант сифатида азид натрий ва оқсилли стабилизатори бўлган фосфат буфери | 250 мл, 1 флакон |
| 9. | Ювиш учун буфер. Порошоксимон фосфат тузли буфер | 2 та пакет |
3. Кўрсатилган миқдордаги реагентлар ҳамда компонентлар 480 та парранда қон зардоби намунасини текшириш имконини беради.
II. Реагентларни тайёрлаш
4. Субстрат. Субстрат тайёрлаш учун 1 дона таблетка 5,5 мл субстратли буферга қўшилади ва 3 дақиқа давомида ёки тўла эригунга қадар аралаштирилади. Тайёрланган реагент кун давомида ишлатилгани маъқул, бироқ у қоронғи жойда +4°С ҳароратда сақланганда бир ҳафта давомида барқарор туради. Таблеткалар тоза идишга солинади ва тегишли ҳажмдаги субстратли буфер қўшилади. Таблетка билан ишлашда қўлқоплар кийилади.
5. Ювувчи буфер. Ювувчи буфернинг бир пакети бир литр дистилланган ёки деионлаштирилган сувга солинади ва тўла эригунга қадар аралаштирилади. Ювувчи буфер +4°С ҳароратда сақланганда 1 ой давомида барқарор туради.
6. Йиғманинг қолган барча компонентлари ишлатиш учун тайёр, бироқ ишлатишдан олдин хона ҳароратигача (22—27°С) илитилиши керак.
III. Намунани тайёрлаш
7. Ҳар бир намуна 1:500 нисбатда 1 мкл миқдорида 0,5 мл намуна эритувчисига қўшиш йўли билан аралаштирилади.
а) вортекс ёрдамида ёки пробиркани чайқатилиб яхшилаб аралаштирилади.
б) ҳар бир намуна учун тоза учлик ишлатилади.
в) аралашмали пробиркага намуна рақами ёзилади. Йиғманинг ижобий ва салбий назоратлари эритилмаслиги шарт!
Йиғманинг ижобий ва салбий назоратлари эритилмаслиги шарт!
IV. Тест жараёни
8. Тест қуйидаги босқичларда ўтказилади:
а) берк пакетдан AI антигени билан қопланган планшетлар олинади ва шаблонда намуналар жойлашиши белгиланади;
б) А1 ва В1 чуқурчаларига 100 мкл дан салбий назорат қўшилади;
в) С1 ва D1 чуқурчаларига 100 мкл дан ижобий назорат қўшилади;
г) тегишли чуқурчаларга 100 мкл дан эритилган намуналар қўшилади. Планшет қопқоғи билан ёпилади ва хона ҳароратида (22—27°С) 30 дақиқа инкубация қилинади;
д) чуқурчалар ичидаги суюқлик сўриб олинади ва 4 марта ювувчи буфер билан ювилади (ҳар бир чуқурчага 300 мкл дан). Планшет ағдарилади ва фильтрловчи қоғозга зич босилиб тақиллатилади.
е) тегишли чуқурчаларга 100 мкл дан конъюгат қўшилади. Планшет қопқоқ билан ёпилади ва хона ҳароратида (22-27°С) 30 дақиқа давомида инкубация қилинади;
ё) ювиш жараёни 5 бандда ёзилгани сингари такрорланади;
ж) тегишли чуқурчаларга 100 мкл дан субстрат қўшилади. Планшет қопқоқ билан ёпилади ва хона ҳароратида (22—27°С) 15 дақиқа давомида инкубация қилинади;
з) реакцияни тўхтатиш учун тегишли чуқурчаларга 100 мкл дан стоп эритма қўшилади;
и) ҳаво бўйича Blank ўрнатилади ва 405 нм тўлқин узунлигида назоратлар ва намуналарнинг оптик зичлиги ўлчанади.
V. Натижалар
9. Тестдан ишончли натижалар олиш учун салбий назоратнинг ўртача оптик зичлиги 0,3 дан паст бўлиши шарт ва салбий назоратнинг ўртача қиймати ва ижобий назоратнинг ўртача қиймати ўртасидаги фарқ 0,15 дан юқори бўлиши шарт.
10. Лабораториядаги ҳароратнинг ўзгарувчанлиги оптик зичлик қийматининг пасайиши ёки кўтарилишига олиб келади. Бироқ намуналар қиймати назоратлар қиймати билан солиштирган ҳолда ўлчанганлиги туфайли тест натижалари ишончли бўлиб қолаверади.
11. AI ижобий назорат обдон стандартланади ва АТнинг парранда зардобидаги А1га бўлган мавжуд миқдорини акс эттиради.
12. Сўнгра парранда намуналаридаги АТнинг нисбий миқдори ижобий назорат билан солиштириш йўли билан ҳисобланиши мумкин. Ушбу ўзаро алоқа Н/И сифатида ифодаланади (намуна/ижобий назорат нисбати).
VI. Натижаларни ҳисоблаш
13. Намуна АТсининг АIга Н/И кўрсаткичи 0,5 ёки кўп бўлганда ижобий деб ҳисобланади.
а) Н/И нисбати қуйидагича ҳисобланади:
НЎҚ — ИЎҚ =Н/И
ИЎҚ — СЎҚ
бунда: НЎҚ — Намунанинг ўртача қиймати;
СЎҚ — салбий назорат ўртача қиймати;
ИЎҚ — ижобий назорат ўртача қиймати.
б) AT титрини ҳисоблаш
Қуйида келтирилган тенглама намунанинг 1:500 нисбатдаги аралашмасининг титри билан Н/И қийматининг нисбатини белгилайди.
Титр LoglO = 1,10 (log Н/И) + 3,156
Antilog = титр
| Н/И қиймати | Титр диапазони | AT мавжудлиги |
| 0.449 ёки кам | 667 ёки кам | Салбий (манфий) |
| 0.500 ёки кўп | 668 ёки кўп | Ижобий (мусбат) |
14. Ҳар бир лаборатория иммунитет мавжудлиги ва йўқлиги бўйича ўзининг шахсий баҳолаш кўрсаткичини белгилаши шарт. Бунинг учун BioChek фирмаси томонидан тақдим этилган SE йиғмаси билан Н/И қийматини, титрларни ва паррандалар умумий ҳолатини баҳолаш учун ишлатиладиган компьютер дастуридан фойдаланилади.
VII. Олдини олиш ва эҳтиёткорлик чоралари
15. Тест-йиғмани ишлатишда қуйидагича нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ва эҳтиёткорлик чоралари кўрилиши шарт:
а) музлашга йўл қўйилмайди;
б) барча реагентлар билан эҳтиёткорона ишланади. Стоп-эритма таркибида кучли ўювчи ишқор мавжуд. Терига ёки кўзга тушганда кўп миқдордаги сув билан ювилади;
в) барча биологик материаллар шу жумладан барча дала намуналари билан худди хавфли материал сифатида муомалада бўлинади. Утилизациядан олдин ишлатилган планшетлар ва чиқиндилар оқартирувчи ёки бошқа кучли оксидловчи модда билан зарарсизлантирилади;
г) ҳеч қачон ҳеч нарса оғиз билан тортилмайди. Йиғма реагентлари ҳамда дала намуналари билан ишлаш белгиланган жойда ейиш, ичиш ва чекиш мумкин эмас;
д) ушбу йиғма in vitro диагностика учун белгиланган;
е) ишончли натижалар олиш учун йиғмага илова қилинган қўлланмага қатъий амал қилинади.
VIII. Сақлаш
16. Тест-йиғма 2—8°С ҳароратда сақланади. Сақлаш муддати — 12 ой.
IX. Норозилик билдириш тартиби
17. Тест-йиғма ушбу қўлланма талабларига мувофиқ келмаганда уни қўллаш тўхтатилади, бу ҳақда Республика ҳайвонлар ўта хавфли касалликлари бўйича ихтисослашган ветеринария лабораториясига қуйидаги манзил бўйича хабар берилади: 700178, Тошкент ш., А. Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-75-46, 228-73-46. E-mail: uzgnkl@rambler.ru. Шу билан биргаликда лаборатория манзилига 1-2 дона очилмаган тест-йиғма ўрами ва номувофиқлик тавсифи батафсил баён этилган хат жўнатилади.