Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОН ВА ПАРРАНДАЛАРДАГИ ЭНДО ВА ЭКТОПАРАЗИТЛАРГА ҚАРШИ БРОВЕРМЕКТИН (ИНЪЕКЦИОН ЭРИТМА) ПРЕПАРАТИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 14 февраль 20-15-23/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. Ҳайвон ва паррандалардаги эндо ва эктопаразитларга қарши бровермектин (инъекцион эритма) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2005 йил 31 майда тасдиқланган «Ҳайвон ва паррандалардаги эндо ва эктопаразитларга қарши бровермектин (инъекцион эритма) препаратини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошлиқ ўринбосари М. Юсупов зиммасига юклатилсин.
Бошлиқ Ш.МАМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 январь,
05-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Давлат ветеринария Бош бошқармасининг 2008 йил 7 январдаги 05-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвон ва паррандалардаги эндо ва эктопаразитларга қарши бровермектин (инъекцион эритма) препаратини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
1. Бровермектин — 1 мл таркибида таъсир этувчи моддаси сифатида 10 мг ивермек-тин, ёрдамчи воситалар ва эритувчиси бўлган паразитларга қарши препарат.
2. Препарат ташқи кўринишига кўра кучсиз, ўзига хос ҳидли, механик қўшилмаларсиз, шаффоф рангсиз ёки оч сарғишсимон рангдаги ёпишқоқ суюқлик.
3. Препарат шиша флаконларга 10, 20, 50 ва 100 мл дан қадоқланган холда чиқарилади.
4. Препарат қуруқ, ёруғлик тушмайдиган жойда +10°С дан +25°С гача ҳароратда сақланади.
Яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда 3 йил.
II. ФАРМАКОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
5. Ивермектин ошқозон-ичак тракти ва ўпка нематодларининг личинка ва вояга етган шакллари, тери ости, ҳалқум, ошқозон сўналари, битлари, қон сўрувчилари ва сар-коптоид кана личинкаларига нисбатан кенг кўламдаги паразитларга қарши таъсирга эга.
Препарат тормозланиш нейромедиатори бўлган гамма-аминомойли кислота ажралиб чиқишини кучайтиради, бу паразитларда асаб импульсларининг қабул қилинишига путур етказади ва ўз навбатида уларни фалажлик ва ҳалок бўлишга олиб келади.
Тери остига юборилганда препарат эмлаш жойидан тезда сўрилиб, ҳайвон аъзо ва тўқималарига тарқалади, хамда 12—14 кун мобайнида паразитар таъсирни таъминлаб беради.
6. Препарат тавсия этилган дозаларда сенсибилловчи, эмбриотоксик, тератоген ва мутагенн таъсирларга эга эмас. Организмдан асосан ахлат ва сийдик орқали, соғин ҳайвонларда эса, шунингдек сут билан ажралади. Ташқи муҳитда препарат тез бузилади.
III. ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ
7. Препарат қуйидаги касалликларда:
йирик шохли мол, қўй ва эчкилар, от, чўчқа, ит, қуён ва паррандаларда нематодларнинг барча вояга етган турлари, шунингдек (III ва IV босқичдаги): Cooperia spp., Trichostrongylus spp., Ostertagia ostertagi, Haemonchus placei, H. Contortus, Bunostomum phlebotomum, Chabertia ovina, Nematodirus filicollis, N. Spathiger личинкалари қўзғатган ошқозон-ичак тракти нематодозларида;
кавш қайтарувчи ҳайвонлар, отлар, чўчқаларнинг ўпка нематодозларида, шунингдек 111 ва IV босқичдаги Dictyocaulus viviparous ва D. Filarial личинкаларида;
вояга етган фасциолалар вужудга келтирган фасциолезда;
йирик шохли мол телязиозида (фақат вояга етган босқичдаги);
йирик шохли мол парафиляриози ва стефанотеляриозида (фақат вояга етган босқичдаги);
йирик шохли мол сетариозида;
барча турдаги ҳайвонлар қичимасида;
итлар, чўчқа ва йирик шохли мол демодекозида;
барча турдаги ҳайвонларнинг тери паразитларида (бит, бурга, қон сўрувчилар, иксод каналари, қўй жунхўри);
гўшт пашшаси личинкаларида;
йирик шохли мол гиподермозида (личинкалар миграцияси босқичида);
отлар гастрофилезида;
қўйлар эстрозида (личинкаларнинг ҳамма босқичларидаги) даволаш ва олдини олиш мақсадида қўлланилади.
8. Препарат фақат тери остига курак соҳасига, чўчқаларга — бўйин соҳасига қуйидаги дозаларда юборилади:
йирик шохли мол, қўй, эчки, от, қуёнларга 10 кг тирик вазнга 0,2 мл дан бир маротаба;
чўчқаларга 10 кг тирик вазнга 0,3 мл дан бир марта;
итларга 10 кг тирик вазнга 0,2-0,4 мл дан бир марта;
паррандаларга хар бир бошга 0,1 мл дан 1 маротаба, 5 кг дан ортиқ тирик вазнда—ҳар бир бошга 0,2 мл дан 1 маротаба қўлланилади.
9. Йирик шохли мол гиподермозида дастлабки кимёвий терапияни препаратнинг камроқ дозасида (хар бир ҳайвонга 1,5-2,0 мл) ўтказиш мумкин.
10. Қичима, демодекоз, хориоптоз, сифункулатоз ва кнемидокоптозларни даволашда, 8—10 кундан сўнг бир хил дозаларда такроран эмланади.
11. Беш ва ундан ортиқ мл препаратни қўллаш зарурияти туғилганда, доза иккига бўлинади ва турли жойларга юборилади.
12. Препарат соғин сигирларга ва туғуруққа 28 кун қолганда қўлланилмайди. Барча зотдаги майда итлар ва лайчаларга, шунингдек тухум қўювчи товуқларга ва ҳолсизланган ҳайвонларга қўллаш тавсия этилмайди.
13. Ҳайвонларни сўйишга препарат сўнгги марта қўлланилгандан 28 кун ўтгач рухсат этилади. Белгиланган муддатдан аввал сўйиш зарурияти пайдо бўлганда, гўштдан гўштхўр ҳайвонларга емиш сифатида ёки гўшт суяк уни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
IV. НОРОЗИЛИКЛАРНИ БАЁН ЭТИШ ТАРТИБИ
14. Препарат ушбу қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш.. А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. Е-mаil: uzgnkl@tkt.uz. Бир вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.