Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги давлат ветеринария бош бошқармаси бошлиғининг
буйруғи
ҲАЙВОН ВА ПАРРАНДАЛАРДАГИ ЮҚУМЛИ ТЕРИ КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛАШ ВА ОЛДИНИ ОЛИШ УЧУН «ЯМ» ФУНГИЦИД-АКАРИЦИД МАЗИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМАСИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда техник ҳужжат деб топилган. 2008 йил 14 февраль 20-15-23/11-сон]
Ўзбекистон Республикасининг «Ветеринария тўғрисида»ги Қонуни талабларини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги 03-38-144-сонли Баёнига мувофиқ буюраман:
1. Ҳайвон ва паррандалардаги юқумли тери касалликларини даволаш ва олдини олиш учун «ЯМ» фунгицид-акарицид мазини қўллаш бўйича Қўлланма иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киради.
3. Мазкур Қўлланма тасдиқланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан 2006 йил 14 сентябрда тасдиқланган «Ҳайвон ва паррандалардаги юқумли тери касалликларини даволаш ва олдини олиш учун «ЯМ» фунгицид-акарицид мазини қўллаш бўйича Қўлланма» ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш бошлиқ ўринбосари М. Юсупов зиммасига юклатилсин.
Бошлиқ Ш.МАМАТОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 7 январь,
04-сон
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Давлат ветеринария бош бошқармасининг 2008 йил 7 январдаги 04-сонли буйруғи билан
«ТАСДИҚЛАНГАН»
«ТАСДИҚЛАНГАН»
Ҳайвон ва паррандалардаги юқумли тери касалликларини даволаш ва олдини олиш учун «ЯМ» фунгицид-акарицид мазини қўллаш бўйича
Қўлланма
I. УМУМИЙ МАЪЛУМОТЛАР
1. «ЯМ» фунгицид-акарицид мази — таркиби салицил кислотаси, руҳ оксиди, тозаланган олтингугурт, қорамой, лизол, скипидар, вазелин ва ланолин аралашмасидан иборат ветеринария препарати.
2. Мазь ташқи кўринишига кўра кулрангдан то кулрангсимон-жигарранггача бўлган, ўзига хос ҳидли, бир турдаги қуюқ мойсимон масса.
3. Мазь тубаларга 20, 50 ва 90 г дан ёки пластик контейнерларга 50, 100 ва 250 г дан. қадоқланади.
4. Препарат қоронғи жойда 0° С дан 25°С гача ҳароратда сақланади.
Мазнинг яроқлилик муддати сақлаш шартларига риоя қилинганда тайёрланган кунидан бошлаб 2 йил.
II. ФАРМАКОЛОГИК ХУСУСИЯТЛАРИ
5. Препарат таркибидаги компонентлар мажмуи яққол намоён бўлган фунгицид, бактерицид ва акарицид таъсирларни таъминлайди. Мазли асос препаратнинг таъсир этувчи компонентларини тери қатламлари орасига кириб, у ерда мавжуд бўлган қўзғатувчиларни касаллик ўчоғидан бутунлай йўқотиш имконини яратади.
III. ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ
6. «ЯМ» фунгицид-акарицид мази йирик шохли мол, қўй, эчки, чўчқа, ит, мўйнали ҳайвон ва паррандалардаги қуйидагилар томонидан қўзғатилган юқумли тери касалликларини даволаш ва олдини олишда қўлланилади:
Microsporum, Trichophiton ва актиномицетлар Dermatophylus congolensis — синфларига мансуб патоген микроскопик замбуруғлар;
уй ҳайвонлари некробактериозларида ва қўйларнинг туёқ чириши касалликларидаги микроорганизм турлари: Bacteroides nodosus, Fusobacterium necrophorum;
Ceyletidae, Epidermoptidae, Psoroptidae, Sarcoptidae, Syringophilidae — оилаларига мансуб акариформ каналари.
7. Мазь юпқа қатлам қилиб, аввалдан теридаги қадоқлар олинмаган ва жунлари қирқилмаган ҳолда терининг зарарланган жойларига, ҳамда улар атрофидаги 3-4 см жойга суртилади.
Зарарланган жойларга кунига 1-2 мартадан қадоқлар йўқолгунча ишлов берилади, Одатда 7 — 10 кундан сўнг зарарланган жойлар қадоқлардан тозаланади ва уларда соч ўсиши кузатилади. Бу вақтда, ушбу жойлардан қиринди намуналари олинади ва уларни микроскоп остида текширилади. Касаллик қўзғатувчиси аниқланганда даволаш давом эттирилади.
8. «ЯМ» мазини қўллашга қарши кўрсатмалар мавжуд эмас.
IV. НОРОЗИЛИКЛАРНИ БАЁН ЭТИШ ТАРТИБИ
9. Препарат ушбу қўлланма талабларига мувофиқ келмаган тақдирда, унинг қўлланилиши тўхтатилиб, бу ҳақида Ўзбекистон ветеринария препаратлари давлат илмий назорат лабораториясига қуйидаги манзил бўйича мурожаат қилинади: 100178, Тошкент ш., А.Юнусов кўчаси, 1а уй. Тел./факс: 228-76-14, 229-30-47. E-mail: uzgrtld@tkt.uz. Биp вақтнинг ўзида лабораторияга препаратнинг лаборатория билан келишилган миқдордаги очилмаган ўрамлари ва препаратнинг қўлланмага мувофиқ келмаслигининг тўлиқ тавсифи жўнатилади.