Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИНГ ЧЕТ ЭЛДА ТАЪЛИМ ОЛИШЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ «УМИД» ЖАМҒАРМАСИНИ ТУЗИШ ТЎҒРИСИДА
Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 1 июлдаги ПФ-3272-сон «Истиқболли ёш педагогларни ва илмий кадрларни малакасини ошириш ва тажриба орттириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонга асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга жаҳон андозалари даражасида билим олган заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрлар улкан ҳисса қўшишини назарда тутиб, Ватанга фидокорона хизмат қиладиган, садоқатли, унинг буюк ва қудратли бўлиши учун қайғурадиган, ўз иқтидори билан она-юртни улуғлашга қобил, истеъдодли йигит-қизлардан халқ хўжалигининг устувор тармоқлари учун юксак малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш «УМИД» жамғармаси тузилсин. Жамғарма бошқаруви таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва техника давлат қўмитаси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Камолот» жамғармаси, шунингдек Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган қатор қўшма компаниялар, банклар ва бошқа ташкилотларининг жамғарма ҳомийси бўлиши ҳақидаги таклифлари қабул қилинсин. Ҳомийлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Бундан буён Жамғарма бошқаруви ҳомийлар таркибини, шу жумладан чет эллик иштирокчилар ҳисобига ҳам кенгайтириш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқиши белгилаб қўйилсин.
3. Жамғарма фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Жамғарма солиқлар, тўловлар ва божларнинг барча турларидан озод қилинсин.
4. Қуйидагилар жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
— Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида истеъдодли ёшларни танлаб олиш, саралаш ва ўқитиш, тегишли режа ва дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни таълим тизимига жорий этиш, ҳамда танлов асосида чет эл ўқув юртларига ўқишга юбориш;
— қобилиятли ёшларнинг нуфузли халқаро олимпиада ва танловларда иштирок этишини ташкил этиш ва уларни рағбатлантириш, шунингдек етакчи чет эл олий ўқув юртлари ва илмий марказлари, таълим йўналишида фаолият кўрсатаётган халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармалар билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш;
— иқтидорли ёшларнинг жаҳон андозалари талаблари даражасидаги илғор билимлари асосида таҳсил олишлари, баркамол инсон ва юксак маънавиятли юқори малакали мутахассис бўлиб етишишларига моддий-маънавий ҳомийлик қилиш;
— чет эл олий ўқув юртларида таълим олаётган ҳамда таълим олиб келган иқтидорли ёшлар билан доимий алоқалар ўрнатиш, уларни миллий тикланиш мафкурасига асосланган ҳолда умумбашарий қадриятларни ўрганишга, Ўзбекистон илм-фанининг шон-шуҳратини, обрў-эътиборини дунёвий миқёсларга олиб чиқишга даъват этиш.
5. Иқтидорли ёшларни чет элда ўқитиш учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти грантлари (ўқиш харажатлари учун бериладиган мукофотлар) жорий этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ташқи ишлари вазирлиги, Фанлар академияси, Фан ва техника давлат қўмитаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти грантларини бериш тартибини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.
6. Жамғарма йўлланмаси бўйича хорижда ўқитиш ҳар йили тасдиқланадиган устувор мутахассисликлар бўйича амалга оширилсин ва устувор мутахассисликларнинг таълим шакллари белгилансин. (3-4-иловалар).
7. Ўзбекистон Республикаси Президенти грантлари бўйича чет элда таълим олиб келган ёш мутахассислар Ўзбекистон учун устувор бўлган соҳаларга давлат томонидан ишга тақсимлансин ва уларнинг иш фаолияти, шунингдек ҳаёти билан боғлиқ бўлган барча масалаларга алоҳида аҳамият берилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 10 кун муддатда ушбу Фармоннинг амалга оширилишига доир ташкилий тадбирларни кўзда тутувчи тегишли қарор қабул қилсин..
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 7 январь,
ПФ-1694-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 7 январдаги ПФ-1694-сонли Фармонига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАРНИНГ ЧЕТ ЭЛДА ТАЪЛИМ ОЛИШЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ «УМИД» ЖАМFАРМАСИНИНГ
ҲОМИЙЛАРИ
1. Ташқи ишлар вазирлиги
2. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
3. Халқ таълими вазирлиги
4. Фанлар Академияси
5. Фан ва техника давлат қўмитаси
6. «Камолот» жамғармаси
7. Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки
8. Республика акционер-тижорат «Саноатқурилишбанки»
9. Ихтисослаштирилган акционер-тижорат «Пахта-банки»
10. Ихтисослаштирилган давлат акционер-тижорат «Асака банки»
11. Ўзбекистон банклари ассоциацияси
12. «Ўзбекенгилсаноат» ассоциацияси
13. «Ўзавтосаноат» ассоциацияси
14. «Ўзбекнефтегаз» миллий корпорацияси
15. «Ўзбекистон Ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси
16. «Ўзбектуризм» миллий компанияси
17. «Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси
18. «Ўзинвестлойиҳа» республика инжиниринг компанияси
19. «ЎзАИГ» суғурта компанияси
20. «Ўзбеклизингинтернешнл» компанияси
21. Навоий тоғ-металлургия комбинати
22. Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати
23. Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси
24. «Ўзбектелеком» концерни
25. «Ўзсаноатмашимпмэкс» РХҲТИ бирлашмаси
26. «Ўзмарказимпекс» РХҲТИ бирлашмаси
27. «Инновация» РХҲТИ бирлашмаси
28. «Марказсаноатэкспорт» РХҲТИ бирлашмаси
29. «Ўзмедэкспорт» РХҲТИ бирлашмаси
30. «Интерсервис» РХҲТИ бирлашмаси
31. «Зарафшон-Ньюмонт»
32. «Ўз-БАТ»
33. «Совпластитал»
34. «Кока-Кола ичимлиги Тошкент КО»
35. «Ўздунробита»
36. «Ўзсаламан»
37. «ЎзДЭУ Авто»
38. «ЎзДЭУЭлектроникс»
39. «ЎзКейсАгролизинг»
40. «Зариспак»
41. «Қобул-Тойтепа Текстайилс»
42. «УргутЛадаМрамор»
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 7 январдаги ПФ-1694-сонли Фармонига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
1997-1998 ўқув йилида иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишлари учун белгиланган
устувор мутахассисликлар
1. Иқтисод
монетар сиёсат ва пул муомаласи;
тижорат банклари иши;
молияни бошқариш;
инвестиция ва қимматбаҳо қоғозлар бозори;
менежмент ва маркетинг.
2. Халқаро ҳуқуқ
халқаро сиёсий ва ҳуқуқий алоқалар;
халқаро молия ҳуқуқи;
халқаро тижорат ҳуқуқи.
3. Ахборот ва компьютерлаштириш
4. Табиий фанлар
5. Қишлоқ хўжалиги
6. Экология ва сув тизимларини бошқариш
7. Журналистика
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 7 январдаги ПФ-1694-сонли Фармонига
4-ИЛОВА
4-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти «Умид» Жамғармасининг йўлланмалари бўйича иқтидорли ёшларнинг хориждаги таълим
шакллари
1. Бакалаврлик (4 йилгача)
2. Магистратура (2 йилгача)
3. Тажриба орттириш (1 йилгача).
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 1-сон, 15-модда)