Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
БОЖХОНА ТЎЛОВЛАРИДАН ОЗОД ҚИЛИШ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИ ТАТБИҚ ЭТИЛАДИГАН (БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ ЙИҒИМЛАРИ БУНДАН МУСТАСНО) НООЗИҚ-ОВҚАТ ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИШГА ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН КОРХОНАЛАР ТОМОНИДАН РЕСПУБЛИКАДА ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМАЙДИГАН ИМПОРТ ҚИЛИНАДИГАН БУТЛОВЧИ БУЮМЛАР, ХОМ АШЁ ВА МАТЕРИАЛЛАР РЎЙХАТИГА ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 октябрдаги 300-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 28 январдаги ПҚ-1050 сон қарори)» қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Мамлакатимизда тикувчилик ва парфюмерия-косметика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, уларнинг турларини кенгайтириш, шунингдек рақобатдошлигини ошириш ва улар билан ички истеъмол бозорларини янада тўлиқ тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компанияси, Молия вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2009 — 2011 йилларда тўқимачилик саноати корхоналарини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш ҳамда маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 20 августдаги 236-сон қарори билан тасдиқланган Божхона тўловларидан озод қилиш бўйича имтиёзларнинг амал қилиши татбиқ этиладиган (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган корхоналар томонидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган импорт қилинадиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар рўйхатига иловага мувофиқ* қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган
2. Белгилаб қўйилсинки, Рўйхатга мувофиқ олиб кириладиган бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар мақсадсиз фойдаланилган тақдирда, қонун ҳужжатларида назарда тутилган жарима санкцияларини қўллаган ҳолда, бўшаб қоладиган маблағлар тўлиқ миқдорда давлат бюджетига ундирилади.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 13 апрель,
69-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 14-15-сон, 110-модда)