Норасмий таржима
ФУҚАРОВИЙ ВА СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТГА ЎЛИМ ЖАЗОСИНИ БЕКОР ҚИЛИШГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН
Иккинчи факультатив Баённома
Ушбу Баённомада иштирок этувчи давлатлар,
ўлим жазосини бекор қилиш инсон қадр-қимматини мустаҳкамлашга ва инсон ҳуқуқларининг прогрессив ривожланишига кўмаклашади деб ҳисоблаб,
1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3-моддаси ва 1966 йил 16 декабрда қабул қилинган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 6-моддасига таяниб,
Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ўлим жазосини бекор қилишга тааллуқли 6-моддаси аниқ ифодаланганлиги бекор қилишнинг мақсадга мувофиқлигининг асосли кўрсаткичи ҳисобланишини таъкидлаб,
ўлим жазосини бекор қилиш бўйича барча чораларни яшашга бўлган ҳуқуқни таъминлашдаги тараққиёт сифатида кўриб чиқилишига ишонч ҳосил қилиб,
бекор қилишнинг мақсадга мувофиқлигининг асосли кўрсаткичи бўлган ўлим жазосини бекор қилишга тааллуқли сиёсий ҳуқуқларда ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги халқаро мажбуриятни ўз зиммасига олиш истагини билдириб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
1. Мазкур Баённоманинг иштирокчиси бўлган давлатлари юрисдикцияси остида бўлган ҳеч бир шахс ўлим жазосига тортилмайди.
2. Ҳар бир иштирокчи-давлат ўз юрисдикцияси доирасида ўлим жазосини бекор қилиш учун барча зарур чораларни кўради.
2-модда
1. Ушбу Баённомага ҳеч қандай қўшимча шарт қўшишга йўл қўйилмайди, ратификация қилиш ёки унга қўшилиш пайтида қилинган, яъни уруш вақтида содир этилган ҳарбий характердаги энг оғир жиноятларни содир этишдаги айби тан олинганидан кейин уруш вақтида ўлим жазосини қўллашни назарда тутадиган қўшимча шарт бундан мустасно.
2. Шундай қўшимча шартни киритаётган иштирокчи-давлат ратификация қилиш ёки унга қўшилиш пайтида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига уруш вақтида қўлланиладиган ўз миллий қонунчилигининг тегишли қоидалари тўғрисида хабар беради.
3. Шундай қўшимча шартни киритган иштирокчи-давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибини ўз ҳудудига нисбатан ҳар қандай уруш ҳолатининг бошланиши ёки тўхтатилиши тўғрисида хабардор қилади.
3-модда
Мазкур Баённоманинг иштирокчиси бўлган давлатлар Пактнинг 40-моддасига мувофиқ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитага тақдим этадиган маърузаларига ушбу Баённомани амалга ошириш учун улар томонидан кўрилган чоралар тўғрисидаги ахборотни киритади.
4-модда
41-моддага мувофиқ баёнот берган Пактнинг иштирокчиси бўлган давлатларга нисбатан Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг ҳар қандай иштирокчи-давлатнинг бошқа иштирокчи-давлат ўз мажбуриятларини бажармаётганини даъво қилгани тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш ваколати, агар фақат манфаатдор иштирокчи-давлат ратификация қилиш ёки унга қўшилиш пайтида бунинг акси тўғрисида баёнот бермаган бўлса, мазкур Баённома қоидаларига нисбатан амал қилади.
5-модда
1966 йил 16 декабрда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга биринчи Факультатив баённомасининг иштирокчиси бўлган давлатларга нисбатан Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитанинг уларнинг юрисдикцияси остида бўлган айрим шахсларнинг хабарларини олиш ва кўриб чиқиш ваколати, агар фақат манфаатдор иштирокчи-давлат ратификация қилиш ёки унга қўшилиш пайтида бунинг акси тўғрисида баёнот бермаган бўлса, мазкур Баённома қоидаларига нисбатан амал қилади.
6-модда
1. Мазкур Баённоманинг қоидалари Пактга қўшимча қоидалар сифатида қўлланилади.
2. Мазкур Баённоманинг 2-моддасига мувофиқ изоҳлар киритиш имкониятига зарар етказмаган ҳолда ушбу Баённоманинг 1-моддаси 1-бандида кафолатланган ҳуқуқ Пактнинг 4-моддасига биноан ундан ҳеч қандай чекинишга йўл қўймайди.
7-модда
1. Мазкур Баённома Пактни имзолаган ҳар қандай давлатнинг имзолаши учун очиқ.
2. Мазкур Баённома Пактни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар қандай давлат томонидан ратификация қилиниши керак. Ратификация ёрлиқлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига сақлаш учун топширилади.
3. Мазкур Баённома Пактни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар қандай давлатнинг қўшилиши учун очиқ.
4. Қўшилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига қўшилиш тўғрисидаги ҳужжатни топшириш йўли билан амалга оширилади.
5. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби мазкур Баённомани имзолаган ёки унга қўшилган давлатларни ҳар бир ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат топширилгани ҳақида хабардор қилади.
8-модда
1. Мазкур Баённома Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига ўнинчи ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат топширилган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Баённома ўнинчи ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат топширилгандан кейин мазкур Баённомани ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар бир давлат учун ушбу Баённоманинг ўз ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат топширилган кундан бошлаб уч ой ўтгандан кейин кучга киради.
9-модда
Мазкур Баённоманинг қоидалари федератив давлатларнинг барча қисмларида ҳеч бир чеклаш ёки истисноларсиз амал қилади.
10-модда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пактнинг 48-моддаси 1-бандида келтирилган барча давлатларга қуйидагилар тўғрисида хабар қилади:
а) мазкур Баённоманинг 2-моддасига мувофиқ шартлар, хабарлар ва билдиргилар;
б) мазкур Баённоманинг 4- ёки 5-моддаларига мувофиқ қилинган баёнотлар;
с) мазкур Баённоманинг 7-моддасига мувофиқ имзолашлар, ратификация ва қўшилишлар;
д) мазкур Баённоманинг 8-моддасига мувофиқ Баённоманинг кучга кирган санаси тўғрисида.
11-модда
1. Мазкур Баённоманинг инглиз, араб, испан, хитой, рус ва француз тилларидаги матнлари айнан бир хил бўлиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти архивига сақлаш учун топширилади.
2. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби мазкур Баённоманинг тасдиқланган нусхаларини Пактнинг 48-моддасида кўрсатилган барча давлатларга юборади.
(Имзолар)