ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
АДВОКАТ ЁРДАМЧИСИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 27 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1929]
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 3 июндаги 10-мҳ-сонли «Адвокат стажёри ва ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3517, 04.06.2024 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 48-модда) мувофиқ буюраман:
1. Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.
3. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (А. Инанбабаев) ҳамда Нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура бошқармаси (Д. Якубова) ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ўн кун муддат ичида барча манфаатдор шахсларга етказилишини ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.
4. Ушбу буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
5. Мазкур буйруқ ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклатилсин.
Адлия вазири Р. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 27 март,
80-мҳ-сон
Адлия вазирининг 2009 йил 27 мартдаги 80-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, 2-сон, 48-модда) мувофиқ адвокат ёрдамчисининг (кейинги ўринларда ёрдамчи деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Адвокат адвокатлик фаолиятини амалга оширишда ёрдамчига эга бўлиши мумкин.
2. Олий ёки ўрта юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ёрдамчи бўлиши мумкин.
3. Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс ёрдамчи бўлиши мумкин эмас.
II. Ёрдамчи сифатида ишга қабул қилишни расмийлаштириш
4. Адвокатлик бюросига, адвокатлик фирмасига, адвокатлар ҳайъатига ёрдамчи сифатида ишга қабул қилиш тегишли адвокатлик тузилмаси, юридик маслаҳатхонага эса Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
5. Ёрдамчи сифатида ишга қабул қилиш адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси) раҳбарининг буйруғи билан амалга оширилади, мутасадди-адвокат ҳам шу буйруқ билан тайинланади.
6. Ёрдамчининг меҳнат шароитлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси (контракт) билан белгиланади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
7. Меҳнат шартномаси (контракт) билан адвокатлик тузилмасининг (ҳудудий бошқармасининг), мутасадди-адвокатнинг ҳамда ёрдамчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ёрдамчининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби, иш режими, меҳнат шартномасининг (контрактнинг) амал қилиш муддати, уни тугатиш шартлари белгиланади, адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқармаси), мутасадди-адвокат ва ёрдамчи ўзаро муносабатларининг бошқа масалалари тартибга солинади.
8. Айни бир шахс бир вақтнинг ўзида битта адвокатлик тузилмасида адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган бир неча мутасадди-адвокатларнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин, бу ҳол ёрдамчини ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда ва меҳнат шартномасининг (контрактнинг) шартларида акс эттирилиши керак.
III. Ёрдамчи ишини ташкил этиш
9. Ёрдамчининг иши адвокатлик тузилмаси томонидан ташкил этилади.
10. Адвокатлик тузилмаси (ҳудудий бошқарма) томонидан ёрдамчига белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади. Меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинганда гувоҳнома адвокатлик тузилмасига (ҳудудий бошқармага) қайтарилиши керак.
11. Ёрдамчи адвокат ҳуқуқларига эга бўлмайди ва унинг терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларда, суриштирув, дастлабки тергов органларида, судларда ҳамда бошқа давлат органларида ишларни юритишига йўл қўйилмайди.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2019 йил 1 июлдаги 273-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1929-1, 01.07.2019 й.) таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.07.2019 й., 10/19/1929-1/3350-сон)
12. Ёрдамчи бевосита мутасадди-адвокатга бўйсунади.
13. Ёрдамчи мутассади-адвокат кўрсатмасига биноан мутасадди-адвокатнинг иш юритувидаги ишлар бўйича мутасадди-адвокатнинг процессуал ваколатларига тааллуқлиларидан ташқари топшириқларни бажаради.
14. Ёрдамчи мутасадди-адвокатнинг топшириғига биноан:
ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этади;
сўровлар, илтимосномалар, аризалар ва мутасадди-адвокатнинг адвокатлик фаолияти учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг тайёрланишида иштирок этади;
суриштирув, дастлабки тергов органларига, судларга ҳамда бошқа давлат органлари ва ташкилотларига бериб юбориш учун материаллар тайёрлайди;
юритувда бўлган ва тугалланган ижро ишларининг ҳисобга олинишини амалга оширади;
талаб қилинган ҳужжатлар ва бошқа материалларни ўз вақтида тақдим этилишини назорат қилади;
мутасадди-адвокат томонидан адвокатлик фаолиятини амалга оширилиши билан боғлиқ бошқа топшириқларни бажаради.
15. Ёрдамчи сифатидаги иш стажи адвокат мақомига эга бўлиш учун зарур бўлган юридик мутахассислик бўйича иш стажига қўшилади.
16. Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари ва адвокатлик сирини сақлашга доир талаблар ёрдамчига нисбатан татбиқ этилади.
17. Ёрдамчига нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
18. Ёрдамчи меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий суғуртаси адвокатлик тузилмасига келиб тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
IV. Ёрдамчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
19. Ёрдамчи иш даврида:
адвокатлик тузилмаси томонидан ташкил этиладиган амалий машғулотларда қатнашишга;
адвокатлик тузилмасининг ишида иштирок этишга;
адвокатлик тузилмасида мавжуд бўлган ҳуқуқий маълумотлар базаларидан, махсус адабиётлардан фойдаланишга;
норматив материалларни туркумлаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини умумлаштириш, мутасадди-адвокатга топшириқларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатларни ва бошқа материалларни тўплаш билан шуғулланишга;
мутасадди-адвокат билан биргаликда суд мажлисларида, тергов ҳаракатларида қатнашишга, ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳақли.
(19-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
20. Ёрдамчи иш даврида:
мутасадди-адвокатнинг топшириқларини виждонан, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;
ўз касбий билимлари ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориши;
мутасадди-адвокат томонидан белгилаган тартибда бажарган ишлари тўғрисида мутасадди-адвокатга ҳисобот тақдим этиши;
адвокатлик сирини сақлаши;
адвокатлик тузилмасидаги меҳнат интизомига риоя этиши шарт.
Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёрдамчи бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
(20-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
V. Якунловчи қоидалар
21. Меҳнат шартномаси (контракт) ёрдамчи билан қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
ёрдамчининг ёрдамчилар қаторидан чиқариш тўғрисидаги аризасига биноан;
ёрдамчини муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;
ёрдамчи томонидан адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилган ҳолда;
ёрдамчи ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолда;
ёрдамчи судланганлик олиб ташланмаган ёки судланганлик ҳолати тугалланмаганликни келиб чиқишига олиб келадиган жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлиги тўғрисидаги суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда;
ёрдамчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;
мутасадди-адвокатга нисбатан адвокат мақоми тугатилиши ёки тўхтатиб турилиши муносабати билан.
Меҳнат шартномаси (контракт) қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.
(21-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
22. Мазкур Низомни бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 30 ноябрдаги 20-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3338, 30.11.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)
23. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан келишилган.
Адвокатлар палатасининг раиси Т. САЙИДОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 27 март
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 13-сон, 153-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.07.2019 й., 10/19/1929-1/3350-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон)