ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИ БИЛАН УКРАИНА ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ЎРТАСИДА
Битим
ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИНГ НОҚОНУНИЙ ЮРГИЗИЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Украина Вазирлар Маҳкамаси, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
гиёҳвандлик кўлами ва гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар (бундан кейин гиёҳвандлик воситалари деб аталади) ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний юргизилиши тамойилининг кучайиб бораётганлигидан ташвишланиб,
гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилиши миллий хавфсизликка, улар халқларининг саломатлиги ва фаровонлигига жиддий таҳдид солишини ҳамда жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий тузилмаларига, ижтимоий ва маданий соҳаларига дахлдор муаммо эканлигини англаб,
Гиёҳвандлик воситалари тўғрисида 1961 йилдаги Ягона конвенциянинг, Психотроп моддалар тўғрисида 1971 йилдаги конвенциянинг ва БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний юргизилишига қарши кураш тўғрисида 1988 йилдаги конвенцияси мақсадларидан келиб чиқиб,
гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш икки томонлама ҳамкорлик доирасида мувофиқлаштирилган ҳаракатни талаб қилишини ҳисобга олиб, ҳамда бир-бирларига зарур кўмак беришга қатъий аҳд қилиб,
халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва меъёрларига амал қилиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
1. Ушбу Битимни амалга оширишда қуйидагилар Томонларнинг ваколатли органлари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасидан:
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш миллий маркази,
Прокуратура,
Миллий хавфсизлик хизмати,
Ички ишлар вазирлиги,
Давлат божхона қўмитаси,
Адлия вазирлиги,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси,
Ташқи ишлар вазирлиги,
Халқ таълими вазирлиги,
Давлат солиқ қўмитаси,
Украинадан:
Ички ишлар вазирлиги,
Украина давлат чегараларини қўриқлаш Давлат қўмитаси,
Хавфсизлик хизмати,
Давлат божхона хизмати,
Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
2. Томонлардан ҳар бири ўзининг ваколатли органлари рўйхатига ўзгартишлар киритилганлиги тўғрисида бошқа Томонни дарҳол хабардор қилади.
3. Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битимни бажариш мақсадида бир-бирлари билан бевосита алоқа қилишлари мумкин.
2-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилишни бартараф этиш, гиёҳванд беморларни даволаш ва реабилитация қилиш, гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг қонуний юргизилиши устидан назорат, шунингдек уларнинг ноқонуний юргизилишига қарши кураш соҳаларида мувофиқлаштирилган дастурларни амалга оширадилар.
Томонлар ушбу Битимдан келиб чиқадиган мажбуриятларни халқаро ҳуқуқ принциплари ва меъёрларига мувофиқ бажарадилар.
3-модда
Томонлар ўз ваколатли органлари орқали гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний юргизилиши, уларни суиистеъмол қилишга қарши кураш соҳасида, шунингдек қуйидаги устувор йўналишларда прекурсорларни ноқонуний юргизишга қарши курашда ҳамкорлик қиладилар:
маъмурий ва тезкор даражаларда ҳамкорликни мувофиқлаштириш механизмини ташкил этиш;
гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш соҳасидаги миллий қонунларни яқинлаштириш;
гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва тарқатилишига барҳам беришда, улар контрабандаси ҳаракат йўналишларини аниқлашда, жумладан учинчи давлатлардан келишини фош этишда мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;
ўз мамлакатларида гиёҳвандлик воситаларига бўлган талабни ва гиёҳвандлик кўламларини қисқартириш;
гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний юргизилишини йўқ қилиш ва гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича тажриба алмашиш.
4-модда
1. Томонларнинг ваколатли органлари ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ қуйидагилар тўғрисида ўзаро қизиқиш уйғотувчи ахборотни алмашадилар:
а) гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишга келиб тушиш манбаларини аниқлашнинг шакллари ва методлари ҳамда уларнинг тарқатилишини бартараф қилиш чоралари;
б) гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишидан иборат жиноятларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва текшириш усуллари;
в) Томонлардан бирининг давлати ҳудудида гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилиши ва уларни яшириш;
г) гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишига қарши курашиш юзасидан илмий тадқиқотлар;
д) Томонлар давлатларининг тегишли қонунлари ва уларни татбиқ этиш амалиёти;
е) гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг ноқонуний юргизилишидан олинган даромадни қонунийлаштириш усуллари;
ё) ноқонуний юргизилишдан тортиб олинган янги ва номаълум гиёҳвандлик воситаларининг намуналари;
ж) давлат чегарасини кесиб ўтишда қўлланадиган ноқонуний гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорлар туркумини яшириш йўллари, шунингдек уларни аниқлаш усуллари;
з) гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларни ноқонуний ташувчилар деб топилган шахслар, уларни ташишнинг аниқланган йўналишлари;
и) гиёҳвандлик воситаларини тайёрловчи жиноий гуруҳлар, гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорлар операциялари билан ноқонуний шуғулланувчи ёки бундай жиноий фаолиятда шубҳаланилаётган алоҳида шахслар, тижорий ва бошқа тузилмалар.
5-модда
1. Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик қилиш Томонлар ваколатли органларининг кўмаклашиш тўғрисидаги сўрови асосида амалга оширилади.
2. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўров ёзма равишда юборилади. Шошилинч ҳолларда оғзаки тақдим қилиниши мумкин, бироқ улар уч кундан кечиктирмасдан ёзма тасдиқланиши лозим.
Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровнинг ҳақиқий эканлиги ёки мазмунига шубҳа туғилса, унинг тасдиғи сўраб олиниши мумкин.
3. Кўмаклашиш тўғрисидаги сўровда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
а) кўмак сўраётган ваколатли органнинг номи ҳамда кўмак сўраб мурожаат қилинган ваколатли органнинг номи;
б) иш моҳиятининг қисқа баёни;
в) мақсаднинг кўрсатилиши ва сўровнинг асосланиши;
г) сўралаётган кўмакнинг мазмуни.
4. Лозим топилса ва имкон бўлса, сўровномада қуйидагилар ҳам акс эттирилиши лозим:
а) исм ва фамилиялар, шунингдек бошқа зарур маълумотлар;
б) ишга дахлдор юридик шахсларнинг номланиши ва жойлашган ўрни тўғрисида ахборот;
в) қилмиш ёки воқеа тафсилоти, жиноий ишлар бўйича эса қилмишнинг сўраётган Томон давлатининг қонунларига кўра тоифаси ва қўлланадиган қонун тегишли моддаси матни;
г) жавоб олиниши зарур бўлган саволлар;
д) сўровни бажаришда амал қилиниши лозим бўлган алоҳида тартиб ва бу заруратнинг асосланиши;
е) сўровни бажаришда асқотиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа ахборот;
5. Кўмаклашиш тўғрисида берилган ва ёзма равишда тасдиқланган сўровнома сўраётган ваколатли органнинг раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.
6-модда
Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битим доирасида бир-бирларидан олинадиган ахборотнинг махфийлигини таъминлайдилар.
Ушбу Битим доирасида олинган ахборот учинчи томонга берилиши зарур бўлса, уни тақдим қилган ваколатли органнинг ёзма розилигини олиш лозим.
7-модда
Томонлар ушбу Битим мақсадларига мувофиқ равишда кадрлар малакасини ошириш соҳасида ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорлик қиладилар.
8-модда
Ваколатли органлар ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ «назорат қилинадиган етказиб бериш» усулини ўзаро қўллаш имкониятларини кўриб чиқадилар.
9-модда
Ушбу Битимни бажариш бўйича ваколатли органларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳвандлик воситаларини назорат қилиш Миллий маркази ва Украина Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳвандликка қарши кураш бўйича Миллий мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.
Ўзаро келишув бўйича ушбу Битимда кўзда тутилган ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш мақсадида Томонлар мувофиқлаштирувчи органларининг раҳбарлари зарур ҳолларда маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
10-модда
Томонлар ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ назорат қилинадиган гиёҳвандлик воситалари ва прекурсорларнинг миллий рўйхатларини алмашадилар ҳамда уларга киритилган ўзгартишлар тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
11-модда
Томонлар ушбу Битим доирасида ҳамкорликни амалга оширишда рус тилидан фойдаланадилар.
12-модда
Ушбу Битим Томонларнинг улар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартномалар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Ушбу Битимни қўллаш ва талқин қилиш бўйича баҳс ва келишмовчиликлар юзага келган ҳолда Томонлар уларни музокара ва маслаҳатлашувлар орқали ҳал этадилар.
14-модда
Томонларнинг розилиги билан ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Улар алоҳида баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва ушбу Битим 15-моддасининг қоидаларига мувофиқ кучга киргач, ушбу Битимнинг таркибий қисми ҳисобланади.
15-модда
Ушбу Битим Томонлар уни кучга киритиш учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида дипломатик каналлар орқали олинган охирги билдиришнома санасидан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим Томонлардан бири унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилмагунича ўз кучида қолади. Бу ҳолда бошқа Томон бундай билдиришномани олганидан сўнг олти ой ўтгач, ушбу Битим ўз фаолиятини тўхтатади.
Тошкент шаҳрида 2000 йил 12 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, украин ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битимни талқин қилишда рус тилидаги матндан фойдаланади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 4-сон)