Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида
Битим
Фуқароларнинг ўзаро қатновлари ва чегарабўйи вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар),
Ўзбекистон Республикаси билан Туркманистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида 1996 йил 16 январда имзоланган Шартноманинг қоидаларига амал қилиб,
икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш ва ўз давлатлари фуқаролари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга бўлган интилишни ифодалаб,
Давлат чегарасини кесиб ўтиш қоидаларини тартибга солиш, Томонлар давлатларининг ҳудудларига фуқароларнинг киришлари, чиқишлари ва унда бўлишларини тартибга солиш мақсадида,
икки давлат фуқароларининг қатновлари шартларини янада такомиллаштириш давлат чегараси режимини мустаҳкамлаш, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни сақлашга хизмат қилади деб ҳисоблаб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари 1- ва 2-иловаларда санаб ўтилган амалдаги ҳужжатлари бўйича ва ушбу Битимда назарда тутилган тартибда бошқа Томон давлати ҳудудига киришлари, чиқишлари, транзит ўтишлар ва унда вақтинча бўлишлари мумкин.
Ушбу Битимда тартибга солинмаган масалалар Томонлар давлатларининг миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳал қилинади.
2-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари бошқа Томон давлатининг ҳудудида бўлганларида шу Томон давлатининг қонун ва қоидаларига, жумладан хорижий фуқаролар учун белгиланган рўйхатдан ўтиш, бўлиш ва унда ҳаракатланиш қоидаларига риоя қилишлари лозим.
3-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари давлат чегарасида ўтказиш пунктлари орқали Томонлардан бир давлатининг ҳудуди орқали Томонлар давлатларининг миллий қонун ҳужжатларида назарда тутилган чегара, божхона ва бошқа процедураларга риоя қилган ҳолда киришлари, чиқишлари ва ундан транзит тарзида ўтишлари мумкин.
Ўтказиш пунктлари рўйхати Томонлар ўртасида дипломатик каналлар орқали келишилади.
4-модда
Бир Томон давлатининг фуқаролари бошқа Томон давлатининг визасини олиш учун шу Томоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига ёзма мурожаатнома ва тегишли юридик ёки жисмоний шахснинг белгиланган тартибда расмийлаштирилган таклифномасини тақдим қиладилар. Ушбу Битимда қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно.
5-модда
1. Амалдаги дипломатик паспортларга эга бўлган Туркманистон ҳудудида узоғи билан ўттиз кун бўлиши назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва амалдаги дипломатик паспортларга ёки хизмат паспортларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узоғи билан ўттиз кун бўлиши назарда тутилган Туркманистон фуқаролари бошқа Томон давлатининг ҳудудига визасиз киришлари, чиқишлари ва унда бўлишлари мумкин.
2. Томонлар давлатларининг ушбу модданинг 1-бандида қайд этилган фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудида ўттиз кундан ортиқ бўлишни ният қилсалар, виза олиш учун улар қайси Томон давлатининг фуқароси бўлсалар, ўша Томон давлати дипломатик ваколатхонасининг ёки консуллик муассасасининг ёзма мурожаатномаси зарур.
6-модда
1. Бир Томон давлатининг амалдаги дипломатик ёки хизмат паспортларига эга бўлган фуқаролари бошқа Томон давлати ҳудудига дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасалари, расмий ваколатхоналарнинг, шунингдек халқаро ташкилотларнинг ходимлари бўлсалар, бутун хизмат давомида бошқа Томон давлати ҳудудига визасиз кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандидаги қоидалар мазкур фуқароларнинг расмий иш фаолияти даврида улар билан бирга яшайдиган ҳамда амалдаги дипломатик ёки хизмат паспортига эга бўлган оила аъзоларига ҳам татбиқ этилади.
3. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги миллий фуқаролик паспортига эга бўлган Ўзбекистон Республикасининг Туркманистондаги дипломатик ваколатхоналари ва унга тенглаштирилган бошқа маъмурий-техник персонали аъзолари, шунингдек уларнинг оила аъзолари консуллик йиғимларини ундирмасдан расмийлаштирилган кўп маротабали визалар асосида Туркманистон ҳудудига кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
4. Ушбу модданинг 1—3-бандларида кўрсатилган шахслар қабул қилувчи давлат Ташқи ишлар вазирлигининг тегишли аккредитациясига эга бўлишлари лозим.
7-модда
1. Ўзбекистон Республикасининг Хоразм ва Бухоро вилоятларида, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларининг (ушбу Битимнинг 3-иловаси) Туркманистон чегарасига бевосита туташган туманларида доимий истиқомат қилувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг амалдаги миллий паспортларига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Туркманистоннинг Дашоуз ва Лебоп вилоятларига бир ойда бир марта визасиз киришлари, чиқишлари ва унда кўпи билан уч кун бўлишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Туркманистоннинг Дашоуз ва Лебоп вилоятларида доимий истиқомат қилувчи ҳамда Туркманистон фуқароларининг амалдаги миллий паспортларига эга бўлган Туркманистон фуқаролари Хоразм ва Бухоро вилоятлари, шунингдек Туркманистоннинг давлат чегарасига бевосита туташган Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятлари (ушбу Битимнинг 3-иловаси) ҳудудларига бир ойда бир марта визасиз киришлари, чиқишлари ҳамда унда кўпи билан уч кун бўлишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Рамазон ҳайити (Рамазон) ва Қурбон ҳайити (Қурбон байрам) кунлари анъанавий маросимларни бажариш мақсадида ушбу модданинг амал қилиши татбиқ этиладиган фуқаролар ушбу модданинг 1- ва 2-бандларида қайд этилган Томонлар давлатларининг ҳудудларига бир ойда икки марта визасиз киришлари, чиқишлари, лекин кўпи билан етти кун унда бўлишлари мумкин.
4. Ушбу моддада қайд этилган фуқароларнинг яшаш жойлари Томонлар давлатлари фуқароларининг паспортларида прописка тўғрисида қўйиладиган белгилар асосида аниқланади.
5. Ушбу моддада кўрсатилган Томонлар давлатлари фуқароларининг бошқа Томон давлати ҳудудида ушбу моддада белгиланган муддатлардан кўп бўлишлари ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган визалар асосида амалга оширилади.
6. Ушбу модданинг амал қилиши татбиқ этиладиган иккала Томон давлатларининг фуқаролари халқаро алоқалар учун белгиланган ўтказиш пунктлари орқали давлат чегарасидан ўтиш вақтида Томонларнинг миллий қонунларига мувофиқ зарур бўлган процедураларга риоя қилган ҳолда бошқа Томон давлати ҳудудига киришлари ва ушбу ҳудуддан чиқишлари мумкин.
8-модда
Ушбу Битимнинг 1- ва 2-иловаларида санаб ўтилган ҳужжатлар бўйича визасиз кириш, чиқиш ва унда бўлиш тартиби иккала Томон давлатининг қуйидаги тоифадаги фуқароларга нисбатан белгиланади:
а) фуқаро авиацияси ҳаво кемалари экипажи аъзолари амалдаги миллий паспортларига кўра ва бош декларация (учиш вазифаси)даги қайднома мавжуд бўлганда;
б) дарё кемаси ва катерлари экипажи аъзоларининг амалдаги денгизчилар паспортларига кўра ҳамда кема роли қайдномаси ёки ундан кўчирма мавжуд бўлганда;
в) темир йўл, поезд, рефрижератор ва локомотив бригадалари ходимларининг амалдаги миллий паспортлари ҳамда номма-ном кўрсатилган рўйхат, ҳар бир рейс учун тасдиқланадиган йўналиш варақаларига кўра;
г) ҳукуматлараро фельдъегер алоқаси ходимлари амалдаги миллий паспортлари ва Томонларнинг ваколатли органлари берадиган тегишли ҳужжатларга кўра.
9-модда
Бир Томон давлатининг бошқа Томон давлати ҳудудида жойлашган хўжалик объектларига хизмат кўрсатувчи персонали ходимлари бўлган фуқаролари Томонлар ўртасида тузилган алоҳида битимда белгиланган тартиб ва шартларда хизмат вазифаларини бажариш учун бу Томон давлати ҳудудига кирадилар, чиқадилар ва унда бўладилар.
10-модда
Инсонпарварлик характеридаги кечиктириб бўлмас ҳолларда Томонларнинг ваколатли органлари оғир бетоб оила аъзоси ёки яқин қариндошини (эр-хотин, ота-оналар, болалар, туғишган ака-укалар ва опа-сингиллар, эр-хотинларнинг ота-оналари) зиёрат қилиш мақсадида, шунингдек Томонларнинг ваколатли органлари тарафидан берилган тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда оила аъзоси ёки яқин қариндошни кўмиш маросимида иштирок этиш учун кетаётган шахсларга бир сутка ичида визалар беради.
11-модда
Томонлар қуйидаги тоифадаги фуқароларга нисбатан визалар беришда консуллик йиғимларининг имтиёзли тарифларини ўзаролик асосида қўллайдилар:
кўмилган жойини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган ҳолда яқин қариндошларининг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида кетаётган шахслар;
тегишли ҳужжатларни кўрсатган ҳолда 1941—1945 йиллардаги уруш ветеранлари ва уларга тенглаштирилган шахслар, 1- ҳамда 2- гуруҳ ногиронлари.
12-модда
Томонлар давлатларининг фуқаролари тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатган ҳолда учинчи мамлакатларда тушиб қолиш ёки у ерга бориш мақсадида ўз Томони давлати ҳудудида транспорт воситасига миниш ва ундан тушиш шарти билан бошқа Томон давлати ҳудуди орқали транзит тарзида темир йўл транспортида визасиз юришлари мумкин.
13-модда
1. Ушбу Битим Томонларнинг бошқа Томон давлати фуқароларининг улар ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган ҳолларда уларнинг кириб келишини рад этиш ёки бўлиш муддатини чеклаш ҳуқуқига дахл қилмайди.
2. Томонлар бошқа Томон давлати ҳудудини белгиланган муддатга қадар тарк этиши лозим бўлган ёки чиқариб юборилган ўз давлатларининг фуқароларини қабул қилиш мажбуриятини оладилар.
14-модда
Фавқулодда ҳолларда (миллий хавфсизликка, жамоат тартибига ёки фуқароларнинг соғлиғига таҳдид, шу жумладан юқумли касалликлар, табиий офатлар) Томонлар ушбу Битимнинг амал қилишини бутунлай ёки қисман тўхтатиб қўйиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Томонлар ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва қайта тиклаш ҳақида мумкин қадар бу тўғрида қарор қабул қилинишидан энг камида 24 соат илгари олдиндан бир-бирларини дипломатик каналлар орқали хабардор қиладилар.
15-модда
1. Томонлар ушбу Битим кучга киргандан сўнг 30 кун давомида ушбу Битимнинг амал қилиши татбиқ этиладиган ҳужжатларнинг нусхаларини дипломатик каналлар орқали алмашадилар.
2. Янги ҳужжатлар киритиладиган ёки амалдаги ҳужжатларга ўзгартишлар киритилган ҳолларда Томонлар бир-бирларини хабардор қиладилар ва янги ёхуд ўзгартирилган ҳужжатларнинг нусхаларини уларнинг киритилишидан камида 30 кун илгари дипломатик каналлар орқали юборадилар.
3. Томонлар дипломатик каналлар орқали хорижий фуқароларнинг киришлари, чиқишлари, унда бўлишлари тартибларига оид амалдаги қонунчилик тўғрисида ва шу соҳадаги бошқа ахборотни алмашадилар.
16-модда
Томонлар ушбу Битимни бажариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида заруратга кўра маслаҳатлашувлар олиб борадилар.
17-модда
Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра ушбу Битимга унинг 19-моддасида назарда тутилган тартибга мувофиқ кучга кирадиган ва Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартиш ҳамда тўлдиришлар киритилиши мумкин.
18-модда
Ушбу Битим қоидаларини бажариш ёки қўллаш давомида юзага келадиган ҳар қандай келишмовчилик ёхуд баҳсли масалалар Томонлар ўртасида музокаралар орқали ҳал қилинади.
19-модда
Ушбу Битим имзоланган кундан ўн беш кун ўтгач кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томондан ушбу Битим амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисидаги расмий хабарнома олган санадан кейин тўқсон кун ўтгунича амал қилади.
20-модда
Ушбу Битимнинг кучга кириши билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисида 1999 йил 6 ноябрь (Санжар)даги Битимнинг амал қилиши тўхтатилади.
Бухоро шаҳрида 2004 йил 19 ноябрь (Санжар)да икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, туркман ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатновлари ва чегарабўйи вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида Бухоро шаҳрида 2004 йил 19 ноябр (Санжар)да имзоланган Битимга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Туркманистон ҳудуди бўйлаб киришлари, чиқишлари ва ҳаракатланишлари учун ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Дипломатик паспорт.
2. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг паспорти.
3. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган болалар учун).
4. Денгизчи паспорти.
5. 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг гувоҳномаси.
6. Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳнома (фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун).
7. Ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг шахсий гувоҳномаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатновлари ва чегарабўйи вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида Бухоро шаҳрида 2004 йил 19 ноябр (Санжар)да имзоланган Битимга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Туркманистон фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб киришлари, чиқишлари ва ҳаракатланишлари учун ҳужжатлар
РЎЙХАТИ
1. Дипломатик паспорт.
2. Хизмат паспорти.
3. Туркманистон фуқаросининг паспорти.
4. Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган болалар учун).
5. Денгизчи паспорти.
6. Туркманистонга қайтиш учун гувоҳнома (фақат Туркманистонга қайтиш учун).
7. Ҳукуматлараро фельдъегерлик хизмати ходимининг шахсий гувоҳномаси.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркманистон Ҳукумати ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатновлари ва чегарабўйи вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида Бухоро шаҳрида 2004 йил 19 ноябр (Санжар)да имзоланган Битимга
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг Туркманистон Давлат чегараси билан бевосита туташган туманлари
РЎЙХАТИ
Қорақалпоғистон Республикаси
1. Амударё тумани
2. Хўжайли тумани
3. Шуманай тумани
4. Тахиатош шаҳри
5. Қўнғирот тумани
Қашқадарё вилояти
1. Баҳористон тумани
2. Усмон Юсупов тумани
3. Нишон тумани
4. Ғузор тумани
5. Деҳқонобод тумани
Сурхондарё вилояти
1. Шеробод тумани
2. Музробод тумани
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон; 2009 й., 4-сон)