Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ХАЛҚАРО ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғларнинг ноқонуний юргизилиши билан узвий боғлиқ бўлган халқаро терроризм инсоният хавфсизлигига янада катта глобал таҳдид туғдираётганини эътироф этиб,
халқаро терроризмнинг барча кўринишларини қоралаб ҳамда сиёсий, мафкуравий, этник, диний ёки ўзгача нуқтаи назардан терроризмни оқлаб бўлмаслигини англаб,
терроризмнинг барча кўринишларини бартараф этиш ва унга қарши кураш соҳасида халқаро ҳамкорликка тааллуқли Томонлар қўшилган халқаро конвенцияларни эътиборга олиб,
одамлар савдоси ва ноқонуний миграцияни амалга ошириш орқали халқаро терроризмни қўллаб-қувватловчи ҳаракатларни олдини олиш соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида,
халқаро терроризмга қарши самарали курашни олиб боришда ҳамжиҳатликдан келиб чиқиб, бу соҳада бир-бирларига янада самаралироқ ёрдам кўрсатиш истагида,
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Жумҳурияти Ҳукумати ўртасида наркотик воситалари ва психотроп моддаларини ғайриқонуний тарқатишга ва терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида 1993 йил 5 апрелда Тошкент шаҳрида имзоланган Битим доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I модда
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар ўзларининг миллий қонунлари ва халқаро меъёрларга амал қилиб, марказий ваколатли органлари орқали ушбу Битим қоидаларига мувофиқ терроризм ҳаракатларини аниқлаш, олдини олиш, барҳам бериш ва тергов қилишда ҳамкорлик қиладилар.
II модда
Марказий ваколатли органлар
Марказий ваколатли органлар
1. Ушбу Битим мақсадларида Томонлар тайинлаган марказий ваколатли органлар қуйидагилардир:
Ўзбекистон Республикаси учун:
— Миллий хавфсизлик хизмати;
Туркия Республикаси учун:
— Ички ишлар вазирлигининг хавфсизлик бўйича Бош бошқармаси.
2. Томонлар ўзларининг ваколатли органлари рўйхатига киритиладиган ўзгаришлар тўғрисида бир-бирларини зудлик билан хабардор этадилар.
3. Томонларнинг марказий ваколатли органлари ушбу Битим доирасида бевосита ўзаро ҳамкорлик қиладилар.
III модда
Ҳамкорлик йўналишлари
Ҳамкорлик йўналишлари
1. Томонлар халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида қуйидаги йўналишлар бўйича ҳамкорлик қиладилар:
1) жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган терроризмнинг барча кўринишларига қарши кураш;
2) бошқа Томон давлатининг хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган террорчилик ташкилотлар, террорчиларни тайёрлаш марказлари, шунингдек алоҳида шахсларнинг фаолиятини аниқлаш ва унга барҳам бериш;
3) террорчилик ташкилотларни қурол-яроғ, ўқ-дорилар, бир неча мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган ҳарбий товарлар, портловчи, заҳарловчи, радиоактив, ядровий, биологик моддалар ва кимёвий воситалар билан таъминлаш йўлларини аниқлаш ва йўқотиш;
4) гиёҳванд воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг савдосидан келиб тушган маблағлар билан террорчилик фаолиятни таъминлаш мақсадида уларнинг ноқонуний юргизилиши билан шуғулланадиган террорчилик ташкилотлар, гуруҳлар ёки алоҳида шахсларнинг фаолиятига барҳам бериш;
5) маълумотлар базаси, автоматлаштирилган ахборот қидириш тизимлари ва компьютер тармоқларининг хавфсизлигини таъминлаш, юқори технологиялар соҳасида терроризмга қарши курашиш;
6) терроризм ёки террорчилик фаолиятни қўллаб-қувватлашда гумондор бўлган террорчилик ташкилотлар ёхуд шахсларнинг молиявий активлари ва пул маблағларининг ўтказилишини тўхтатиш;
7) террорчилик фаолият, таъминлаш базаларини барпо этиш, ўқув лагер ва марказлари, ҳамда Томонлар давлатлари ва уларнинг фуқароларига қарши қаратилган қўпорувчилик ҳаракатларни ташкиллаштириш ёки тайёрлаш учун Томонларнинг тегишли ҳудудидан фойдаланишнинг олдини олиш бўйича чораларни кўриш;
8) Томонлар фуқароларининг террорчилик ҳаракатларни амалга оширишда ёрдам бериш мақсадида террорчилик ташкилотларга ёллаш ва жалб этишга қарши кураш;
9) транспортнинг барча турлари, алоқа ва ҳаётни таъминлаш объектлари ҳамда бундай объектлар нормал ишлаб туришининг вайрон бўлиши ёки бузилиши одамлар ҳаёти ва саломатлигига ҳамда атроф-муҳитга хавф туғдиришига олиб келадиган террорчилик ҳаракатларнинг барча кўринишларига қарши кураш;
10) Томонлар иштирокчиси бўлган халқаро конвенциялар доирасида халқаро ҳаво қатновига очиқ бўлган халқаро аэропортлар ва фуқаро авиациясининг бошқа парвозлари хавфсизлигини таъминлаш;
11) қимматбаҳо ва махсус юкларни қўриқлаш ва уларни кузатиб бориш;
12) террорчилик мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган ҳарбий ўқ-дорилар ва бир неча мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган товарларнинг экспорти устидан назоратни ўрнатиш;
13) одамлар ҳаёти ва саломатлиги, атроф-муҳит, кундалик ҳаётни таъминлаш тизимлари, транспорт ва коммуникацияларга хавф яратган технологик характердаги террорчилик ҳаракатлар оқибатларини, шунингдек бундай фавқулодда вазиятлар натижасида юзага келган зарарларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш;
14) террорчилик ҳаракатларни аниқлаш, олдини олиш, барҳам бериш ҳамда тергов қилиш мақсадида ўзаро келишилган зарур чораларни кўриш, шунингдек бундай ҳаракатларда иштирок этган ҳар қандай шахсни жиноий жавобгарликка тортиш;
15) ҳамкорликнинг турли хил йўналишлари бўйича қўшма машғулотларни ўтказиш;
16) терроризмга қарши курашиш мақсадида стажировка, семинар ва маслаҳатлашувлар орқали ахборот ва тажриба алмашиш, Томонларнинг марказий ваколатли органлари учун кадрларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишда ёрдам кўрсатиш.
IV модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
1. Ушбу Битим қоидалари доирасида Томонларнинг марказий ваколатли органлари ҳамкорликни қуйидаги шаклларда амалга оширадилар:
a) террорчилик фаолиятни ташкил этадиган жиноятларни аниқлаш ва олдини олишга, ҳамда ушбу Битимда кўрсатилган бошқа масалаларни ҳал этишга ёрдам бериши мумкин бўлган ахборотни алмашиш;
b) айбланаётган ёки гумондор шахслар, ташкилот, муассаса ва фирмалар фаолиятини ўрганиш ҳамда тегишли ҳисоб-китоблар бўйича шахслар, буюм ва ҳужжатларни текшириш орқали террорчилик фаолиятни ташкил этадиган жиноятларни аниқлаш ва тергов қилишда ёрдам кўрсатиш;
c) Томонлар давлатларининг хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган алоҳида шахслар, гуруҳлар ёки террорчилик ташкилотлар фаолиятига барҳам беришга қаратилган ўзаро келишилган чораларни амалга ошириш;
d) зарур ҳолларда, аксилтеррор операцияларини ўтказишда техник кўмак кўрсатиш;
e) халқаро терроризмга қарши кураш ва жамоат тартибини сақлаш масалаларига оид қонунчиликни алмашиш.
2. Томонлар тузиладиган алоҳида аҳдлашувлар асосида марказий ваколатли органлар ходимларини терроризмга қарши кураш бўйича бўлинмаларида стажировка ўташ, малака ошириш, ўқув муассасаларида таълим олиш ҳамда терроризмга қарши кураш соҳасида техника воситалари ва материаллар ҳамда махсус техника ва алоқа воситаларини тайёрлаш ва ишлаб чиқишда ҳамкорлик қиладилар.
3. Томонлар халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида тадқиқот дастурларини амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қиладилар ва ўзаро қизиқиш уйғотадиган масалалар юзасидан маслаҳатлашув ва семинарлар ўтказадилар.
V модда
Ахборот алмашиш
Ахборот алмашиш
1. Томонлар ўртасидаги ахборот алмашуви жиноятларнинг барча кўринишларига қарши кураш ва террорчилик фаолиятни ташкил этадиган муайян жиноятларни олдини олиш учун зарур бўлган ҳажмда қуйида кўрсатилганлар юзасидан амалга оширилади:
a) террорчилик ҳаракатларни амалга оширишни тайёрлаётган Томонлар давлатларининг фуқаролари иштирок этган ташкилотлар, гуруҳлар ёки алоҳида шахслар ёхуд Томонлар давлатларининг хавфсизлигига таҳдид солаётган ёки уларнинг манфаатига дахлдор бўлган амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатлар;
b) Томонлар давлатларининг ҳудудидаги дипломатик ва консуллик ваколатхоналар, уларнинг мамлакатида жойлашган халқаро ташкилотлар, уларнинг аъзолари, бино ва транспорт воситалари, халқаро тадбирларда иштирок этиш учун ташриф буюрган шахсларга қарши тайёрланаётган қўпорувчилик ҳаракатлар;
c) аниқланган террорчилик ташкилотлар ва гуруҳлар таркиби, террорчилик фаолиятнинг тузилиши, шакл ва усуллари, ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланилган қурол-яроғ ва техник воситалар;
d) террорчилик фаолиятни маблағ билан таъминлаш манбалари, молиявий ёрдамнинг восита ва усуллари, бунга дахлдор бўлган шахслар, ташкилот ва муассасалар;
e) Томонлар давлатлари ҳудудига террорчилик ташкилотлар томонидан қурол-яроғ, ўқ-дори, портловчи, заҳарловчи, радиоактив, ядровий, биологик ва кимёвий моддалар ҳамда бошқа техник воситаларини ноқонуний олиб кирилишининг манбалари, каналлари ва усуллари;
f) Томонлар хавфсизлигига таҳдид солаётган келиб чиқиши хорижли бўлганлар, шу жумладан, террорчилик ташкилотлар, гуруҳлар ва алоҳида шахслар ўртасидаги алоқалар;
g) кураш олиб боришда террорчилик усулларни қўллайдиган ноқонуний қуролланган тузилмалар, уларнинг аъзолари, мақсад ва вазифалари;
h) террорчилик ҳаракатни амалга оширишда гумон қилинаётган бошқа Томоннинг давлати ҳудудида вақтинча бўлиб турган ёки доимий яшаб келаётган Томонлардан бирининг фуқаролари;
i) ушбу Битим қоидалари билан боғлиқ бўлган қонунларни қўллаш масалаларини ҳал этиш;
j) Томонлар учун манфаатли бўлган бошқа масалалар.
2. Томонлардан бирининг марказий ваколатли органи сўров олмасдан туриб, ўз ташаббуси билан бошқа Томонга ахборот зарур деб ҳисоблашга асослар бўлган тақдирда ахборот алмашиши мумкин.
VI модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров ва уни юбориш тартиби
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров ва уни юбориш тартиби
1. Ушбу Битимга мувофиқ ҳамкорлик Томонлар марказий ваколатли органларининг ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровлари асосида амалга оширилади.
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров сўраётган Томоннинг марказий ваколатли органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва гербли расмий муҳри билан тасдиқланади.
Сўров Томонларнинг марказий ваколатли органлари томонидан бевосита ёки электрон алоқа воситалари ёрдамида юборилади.
2. Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров ёзма равишда юборилади ва сўровда кўрсатилган муддат ичида бажарилади. Агар ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров кўрсатилган муддат ичида бажарилмаса, бошқа Томон сабаблар ва сўровнинг бажарилиши муддатлари тўғрисида ёзма равишда хабардор этилади.
Сўровнинг ҳақиқийлиги ёки мазмунига нисбатан шубҳа юзага келганда унинг тасдиғи тўғрисида сўров юборилиши мумкин.
3. Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров қуйидагилар билан илова қилиниши лозим:
— ёрдам сўраётган марказий ваколатли органнинг номи;
— сўровнинг моҳияти;
— ишга дахлдор бўлган шахсларнинг фуқаролиги, исми, фамилияси, уларнинг туғилган куни ва жойи, яшаш ҳамда бўлиб турган жойи; ишга дахлдор бўлган юридик шахсларнинг юридик номи ва бўлиб турган жойи;
— хатти-ҳаракат ёки воқеа тавсифи, жиноий ишлар бўйича эса хатти-ҳаракатнинг даражаси ва қўлланилаётган қонун матни;
— сўровни бажаришда риоя қилиш зарур бўлган махсус тартибнинг тавсифи ва бундай заруриятнинг асосланиб берилиши;
— ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровнинг мақсади ва асослари;
— жавоб олиниши кутилаётган саволлар рўйхати;
— сўровни бажариш муддатлари;
— сўровнинг бажарилиши учун фойдали бўлган ахборотнинг ҳар қандай кўриниши.
VII модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровни бажариш тартиби
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровни бажариш тартиби
1. Сўралаётган Томоннинг марказий ваколатли органи ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровни тез, имкон қадар тўла ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган барча чораларни кўради. Агар сўровни бажариш сўралаётган Томоннинг марказий ваколатли органи ваколатига кирмаса, ушбу орган уни тегишли ваколатли органга топширади ва сўраётган Томоннинг марказий ваколатли органини бу ҳақда хабардор этади.
Зарур ҳолларда сўраётган Томоннинг марказий ваколатли органи сўровни бажариш учун қўшимча маълумотларни сўрашга ҳақлидир.
2. Сўровни бажаришда сўралаётган Томоннинг қонунчилиги қўлланилади.
Агар сўровни бажариш амалга оширилаётган жиноий таъқиб ёки бошқа жараёнга тўсқинлик қилса, унинг бажарилиши кейинга сурилиши ёки сўраётган Томон билан келишиладиган маълум шартлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
3. Томонларнинг марказий ваколатли органлари ўз давлатларининг қонунларига мувофиқ ва ўз ваколатлари доирасида бир-бирларига ёрдам кўрсатадилар.
VIII модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров бажарилишини рад этиш
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров бажарилишини рад этиш
1. Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров қуйидаги ҳолларда бутунлай ёки қисман рад этилиши мумкин:
a) агар сўровни бажариш сўралаётган Томон давлатининг давлат суверенитети, миллий хавфсизлиги ва бошқа манфаатларига зиён етказиши ёки мамлакатнинг миллий қонунчилиги ёхуд халқаро мажбуриятларига зид бўлса;
b) агар ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўровда қайд этилган ҳолат ва хатти-ҳаракат сўралаётган Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ жиноят деб ҳисобланмаса.
2. Агар ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров рад этилса, сўралаётган Томоннинг марказий ваколатли органи сўраётган Томонни рад этишнинг сабаблари хусусида ёзма равишда хабардор қилади.
IX модда
Ахборотнинг махфийлиги ва ундан фойдаланиш
Ахборотнинг махфийлиги ва ундан фойдаланиш
1. Томонлар ўзларининг миллий қонунларига мувофиқ ушбу Битим доирасида бир-бирларидан олинган ахборотнинг махфийлигини таъминлайдилар. Агар тақдим этаётган Томон ахборотнинг ошкор этилишини истамаётган бўлса, Томонлар унинг махфийлигини таъминлайдилар.
Томонлар ахборотнинг махфийлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўрадилар ва бундай ахборотни тақдим этган Томоннинг ёзма равишдаги розилигисиз олинган ахборотни учинчи томонга тақдим этмайдилар.
2. Ушбу Битим доирасида олинган махфий ахборотдан фақат кўрсатилган мақсадларда фойдаланилади ва фақат бунга ҳақли бўлган ваколатли органларга тақдим этилади. Томонлар бундай ахборотдан ўзга шахсларнинг фойдаланмаслиги, унинг рухсатсиз ўзгартирилиши, йўқ қилиниши ёки ошкор этилишига қарши ҳимояни таъминлайдилар.
X модда
Ҳамкорлик тили
Ҳамкорлик тили
Ушбу Битим доирасида ҳамкорлик инглиз тилида амалга оширилади.
XI модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Томонлардан бирининг ҳудудида юзага келган ушбу Битим бажарилиши билан боғлиқ харажатларни, агар ўзгача келишиб олинмаган бўлса, ушбу Томон қоплайди.
2. Томонлар зарур ҳолларда беғараз ёрдам кўрсатишлари, шу жумладан, ушбу Битим доирасида халқаро терроризмга қарши кураш бўйича муайян масалаларни ҳал этишга зарур бўлган ускуна, жиҳоз ва материаллар тақдим этишлари мумкин.
XII модда
Бошқа аҳдлашувлар
Бошқа аҳдлашувлар
Томонларнинг марказий ваколатли органлари ушбу Битим қоидаларини бажариш тартибини белгилайдиган алоҳида аҳдлашувларни тузишлари мумкин.
XIII модда
Маслаҳатлашувлар ва музокаралар
Маслаҳатлашувлар ва музокаралар
Томонларнинг марказий ваколатли органлари вакиллари зарур ҳолларда ушбу Битим доирасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқиш мақсадида ишчи учрашувлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар олиб борадилар.
XIV модда
Бошқа халқаро битимлар
Бошқа халқаро битимлар
Ушбу Битим қоидалари, Томонларнинг бошқа халқаро тузилган битимлардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
XV модда
Баҳсларни ҳал этиш
Баҳсларни ҳал этиш
Ушбу Битим қоидаларини қўллаш ва талқин қилиш билан боғлиқ бўлган барча баҳслар Томонлар ўртасидаги маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
XVI модда
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Ушбу Битимга Томонлар ўзаро розиликка кўра алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг XVII модда қоидаларига мувофиқ кучга киргандан кейин ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритишлари мумкин.
XVII модда
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва амал қилишининг тўхтатилиши
Битимнинг кучга кириши, амал қилиши ва амал қилишининг тўхтатилиши
1. Ушбу Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган тегишли ички процедураларни Томонлар бажарганликлари тўғрисида сўнгги хабарнома дипломатик каналлар орқали олингандан сўнг кейинги ойнинг биринчи кунида кучга киради ва Томонлардан бири бошқа Томонни камида 6 ой илгари унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ўз нияти ҳақида хабардор этмагунга қадар, ушбу Битим амал қилади.
2. Ушбу Битим амал қилишининг тўхтатилиши унга мувофиқ амалга оширилаётган унинг тўхтатилишига қадар бошланган, бироқ тугалланмаган фаолиятга, агар Томонлар ўзгача аҳдлашиб олмаган бўлсалар, дахл қилмайди.
Тошкент шаҳрида 2003 йил 19 декабрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, турк ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган ҳолда, инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 3-4-сон)