Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғиз Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ҲУКУМАТ АЛОҚАСИ СОҲАСИДА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғиз Республикаси Ҳукумати,
иккала давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни— янада мустаҳкамлаш истагига амал қилиб,
Томонларнинг ҳукумат алоқасини сақлаш ва ривожлантиришдан манфаатдорлигини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битимда қўлланилаётган тушунчалар қуйидаги маъноларни англатади:
«ваколатли ташкилотлар» — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳукумат алоқаси хизмати ва Қирғиз Республикасининг Миллий хавфсизлик хизмати;
«ҳукумат алоқаси» — давлат бошқаруви эҳтиёжлари учун махсус алоқа;
«халқаро ҳукумат алоқаси» — Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ҳукумат алоқаси абонентлари ўртасида ахборот алмашиш учун белгиланган ҳукумат алоқаси тизими;
«шифрлаш воситалари» — маълумотларни ишлаб чиқишда уларни муҳофаза этиш, сақлаш ва алоқа воситаларида узатиш, шунингдек ноқонуний ахборот олиш, ёлғон ахборот юборишдан ҳимоялаш мақсадида маълумотларни ўзгартирувчи криптографик алгоритмларини татбиқ қилувчи ускунавий, режа-ускунавий ва режа воситаларини, қўл шифрларини, кодлаш ҳужжатларини англатади.
2-модда
Томонлар доимий амалдаги халқаро ҳукумат алоқасини таъминлайдилар ва такомиллаштирадилар.
Томонларнинг ҳар бири иккала томон манфаатларига дахлдор бўлган халқаро ҳукумат алоқасини ташкил этиш, техникавий фойдаланиш ва хавфсизлигини таъминлаш масалаларини ҳал қилишда тенг ҳуқуққа эга.
Халқаро ҳукумат алоқасини ташкил этиш, техникавий фойдаланиш, хавфсизлигини таъминлаш ва узлуксиз ишлаш масалалари ваколатли ташкилот томонидан ҳал қилинади.
3-модда
Томонларнинг ҳар бири ўз давлат ҳудудида амал қилаётган қонунчиликка мувофиқ, олдиндан берилган сўров бўйича бошқа Томон давлатининг мансабдор шахслари учун ҳукумат алоқасини тақдим қилади, агар Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси иштирок қилган халқаро шартномаларда бошқаси назарда тутилмаган бўлса.
4-модда
Халқаро ҳукумат алоқасини ўз давлати ҳудудида ташкил қилиш, фойдаланишга киритиш, техникавий ишлатиш ва янада такомиллаштириш бўйича харажатларни Томонларнинг ҳар бири мустақил қоплайди.
5-модда
Ваколатли ташкилотлар:
Халқаро ҳукумат алоқасининг янги тизимлари ва воситаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш ва шунингдек ҳукумат алоқасининг милллй тармоқлари соҳасида ўзаро манфаатдорлик шарти билан илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишини биргаликда олиб борадилар;
ҳукумат алоқаси воситалари ишлаб чиқариш соҳасида биргаликда ҳаракат қилдилар;
ҳукумат алоқаси тизимлари ва воситаларида ахборотни ҳимоя қилиш соҳасида биргаликда ҳаракат қиладилар;
кадрлар малакасини ошириш бўйича биргаликда ҳаракат қиладилар;
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ҳукумат алоқаси радиоэлектр воситаларининг электромагнит мутаносиблигини таъминлаш мақсадида ўз давлатлари ҳудудида уларга ажратиладиган частота спекторидан фойдаланиш соҳасида биргаликда ҳаракат қиладилар.
Ўзаро ҳаракатнинг мазкур йўналишлари бўйича ҳамкорлик ваколатли ташкилотлар ўртасида келишилган ҳолда амалга оширилади.
6-модда
Томонлар иккала давлатнинг қонунчилигига мувофиқ халқаро ҳукумат алоқасини ва шунингдек ҳукумат алоқасининг миллий тармоқларини ташкил қилиш ва ишлатиш учун зарур бўлган шифрловчи воситалар, техника ва алоқа воситалари, жамловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларини келишилган ҳажмларда ўзаро етказишни таъминлаш мажбуриятини оладилар.
7-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасида шифрловчи воситалар, техника ва алоқа воситалари, жамловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни ўзаро етказиш ва шунингдек таъмирлаш ишларини ташкил этиш ва махсус хизматларни тақдим этиш шартнома асосида амалга оширилади.
8-модда
Томонлар ушбу Битимдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришда пайдо бўладиган масалалар бўйича икки томонлама музокаралар (маслаҳатлашувлар) ўтказиш учун ваколатли ташкилотларга рухсат берадилар.
9-модда
Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича ушбу Битимга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин, улар алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади ҳамда ушбу Битимнинг 13-моддасида назарда тутилган тартибда кучга киради.
10-модда
Ушбу Битимдан келиб чиқадиган масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатли ташкилотларнинг ўзаро ҳаракат қилишида рус тили ишлатилади.
11-модда
Ушбу Битимнинг қоидаларини талқин қилиш ва қўллашда пайдо бўладиган барча мунозаралар Томонлар ўртасида музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш йўли билан ҳал қилинади.
12-модда
Ушбу Битимнинг қоидалари Томонлар иштирок этадиган бошқа халқаро Битимлардан келиб чиқадиган мажбуриятларга дахл қилмайди ва бошқа давлатларнинг манфаатларига, хавфсизлигига, ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилмаган.
13-модда
Ушбу Битим Томонлар унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисида охирги ёзма хабарнома санасидан бошлаб кучга киради.
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади ва Томонлардан биронтаси бошқа Томонни ушбу Битим фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ниятини навбатдаги беш йиллик муддат тугашидан камида олти ой илгари ёзма хабарнома юборса, у ўз-ўзидан кейинги беш йиллик муддатларга узаяверади.
Тошкент шаҳрида 2006 йил 3 октябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга.
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 1-сон)