Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида
Битим
МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТ «ЎЗРОСАВИА» ЎЗБЕКИСТОН—РОССИЯ ҚЎШМА КОРХОНАСИНИ ТУЗИШДА ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИДА ҲАМКОРЛИК ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Бундан кейин «Томонлар» деб аталувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати,
Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар асослари, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида 1992 йил 30 майдаги Шартномага, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида саноатнинг мудофаа соҳаларидаги корхоналарининг ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий кооперацияси тўғрисидаги 1994 йил 26 январдаги Битимга, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида қуролли кучларини ўзаро техник ва моддий таъминлаш принциплари тўғрисида 1994 йил 2 мартдаги Битимга, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида 1995 йил 27 июлдаги Битимга, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Қуролли Кучлари учун етказиб берилаётган маҳсулот сифатини назорат қилиш тўғрисида 1995 йил 27 июлдаги Битимга, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида 1999 йил 11 декабрдаги Шартномага, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида стратегик шерикчилик тўғрисида 2004 йил 16 июндаги Шартномага, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида 2005 йил 14 ноябрдаги Шартномага амал қилиб,
Ўзбекистон ва Россия корхоналари ва ташкилотлари ўртасида анъанавий юзага келган илмий-техникавий, ишлаб чиқариш, савдо ва молиявий алоқаларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга интилиб,
ишлаб чиқариш, илмий-техникавий ва инвестициялар салоҳиятининг бундан кейинги интеграциялашувини ва ундан янада самарали фойдаланишнинг муҳимлигини ва шунингдек, Ўзбекистон ва Россия саноати мажмуалари кооперация алоқаларининг юқори даражадалигини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Томонлар «В.П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси давлат-акциядорлик жамияти» нинг «Чирчиқ авиация таъмир-механик заводи» шуъба корхонаси негизида «Ўзбекистон—Россия қўшма корхонаси «ЎЗРОСАВИА» (бундан кейин—корхона) масъулияти чекланган жамият шаклида, таъсис ҳужжатларига мувофиқ ҳолда, (Ўзбекистон Республикаси, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳри)да жойлашадиган ва рўйхатдан ўтказиладиган, Ми-8, Ми-24 русумдаги вертолётларни ва уларнинг турларини таъмир қилиш бўйича ўзбек—россия қўшма корхонасини тузишда кўмаклашадилар.
Корхона Ми-8, Ми-24 русумдаги вертолётларни ва уларнинг турларини таъмир қилиш, саноат бюллетенларида, конструктор-техник ҳужжатларда назарда тутилган вертолётларни ва уларнинг тизимларини замонавийлаштириш ва бошқа таъмир ишларини ва хизматларни таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки, асосан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари манфаатларини кўзлаб, Томонлар келишувига ва шунингдек, бошқа давлатлар манфаатларини кўзлаб Томонлар келишувига мувофиқ бажариши борасида тижорат фаолиятини юритиш учун тузилади.
Корхона Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади. Корхона ўз номидан шартномалар (контрактлар) тузишга, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлишга ва мажбуриятлар бажаришга, умумий юрисдикция судида, арбитраж ва ҳакамлик судларида даъвогар ва жавобгар бўлишга ҳақли.
Корхона ўз фаолиятини ушбу Битим, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, корхонанинг таъсис шартномаси ва низомига, ҳамда Томонлар давлатларининг халқаро шартномаларига мувофиқ юритади.
2-модда
Ушбу Битим қоидаларини бажариш бўйича Томонларнинг ваколатли органлари қуйидагилар:
Ўзбекистон томонидан—Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги,
Россия томонидан—Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича Федерал хизмати ва Саноат бўйича Федерал агентлиги белгиланди.
3-модда
Корхона тузишда иштирок этадилар:
Ўзбекистон томонидан — «В.П. Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси» давлат акциядорлик жамияти ва «Ўзмахсусимпэкс» давлат корхонаси.
Россия томонидан — «Оборонпром» бирлашган саноат корпорацияси очиқ акциядорлик жамияти, «Рособоронэкспорт» федерал давлат унитар корхонаси ва Россия Федерациясининг бошқа ташкилотлари, бунда Россия ташкилотларининг корхона устав капиталидаги умумий ҳиссаси 51 фоиздан кам бўлмаслиги назарда тутилади.
Корхонани рўйхатга олиш ва унинг фаолиятига лицензия бериш ўзбек томонидан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ўрнатган тартибда амалга оширилади.
Томонлар корхона мажбуриятлари бўйича масъул эмаслар.
Корхона иштирокчилари унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар ва ўзлари киритган улушлар қиймати доирасида корхона фаолияти билан боғлиқ бўлган зарарларни таваккал қилиб зиммаларига оладилар.
Корхона иштирокчилари ҳар йили тасдиқланадиган бизнес-режага мувофиқ унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрадилар.
4-модда
Ми-8, Ми-24 русумидаги вертолётлар ва уларнинг янги турларини таъмирлаш учун зарур хом ашё, материаллар, махсус жамловчи буюмлар, таъмирлаш-техник ҳужжатларни етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида саноатнинг мудофаа соҳаларидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш ва илмий-техникавий кооперацияси тўғрисида 1994 йил 26 январдаги Битимда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
5-модда
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси қонунчилиги ва Томонлар давлатлари иштирок этаётган халқаро шартномаларга мувофиқ интеллектуал фаолият натижаларига эгалик қилиш ҳуқуқини, ва шунингдек ушбу Битимни амалга ошириш жараёнида олинган ҳуқуқларни муҳофаза қилишни таъминлайдилар.
6-модда
Ўзбекистон томони:
Ушбу Битим доирасида олинган ва\ёки қўлланилаётган интеллектуал фаолият натижаларини Россия томонининг ёзма шаклдаги розилигисиз учинчи томонларга бермаслик;
Ми-8, Ми-24 русумидаги вертолётларни ва уларнинг янги турларини таъмирлаш бўйича техник ҳужжатларни ва Россия Федерациясидан экспорт қилинаётган ҳарбий мақсадларга мўлжалланган маҳсулотдан корхона манфаатларини кўзлаб фойдаланиши, шу жумладан мазкур Битимнинг 4-моддасига мувофиқ, фақат баён қилинган мақсадларда фойдаланиши ва уни Россия томонининг ёзма шаклидаги розилигисиз учинчи томонларга реэкспорт қилиш ёки беришга йўл қўйилмаслик мажбуриятларини зиммасига олади.
7-модда
Ҳарбий мақсадларга мўлжалланган ва корхона томонидан таъмирланган маҳсулотнинг ресурслари ва хизмат муддатларини узайтириш Ми-8, Ми-24 русумли вертолётлар ва уларнинг модификацияларини ишлаб чиқувчилар, «М.Л. Миль номидаги Москва вертолёт заводи» очиқ акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилади.
8-модда
Томонлар ва/ёки корхона иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида махфий ахборотларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида 2003 йил 31 октябрдаги Битимга мувофиқ, ушбу Битим доирасида олинган ва давлат сири ҳисобланган маълумотларни ҳимоя қилишни таъминлайдилар.
9-модда
Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш ва қўллаш муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган баҳслар ва келишмовчиликлар Томонларнинг маслаҳатлашувлари ва музокаралари йўли билан ҳал қилинади.
10-модда
Ушбу Битим Томонларнинг келишуви бўйича ўзгартирилиши мумкин. Мазкур Битимга киритилган ўзгартишлар Томонлар тузадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштирилади.
11-модда
Ушбу Битим беш йил муддатга тузилади ва имзоланган санадан кучга киради.
Бу муддат тугаганидан кейин ушбу Битим, агар Томонлардан бирортаси навбатдаги беш йиллик муддат тамом бўлганга қадар камида 6 ой илгари бошқа Томонни ушбу Битим амал қилишини тугатиш нияти борлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилмаса, ҳар сафар ўз-ўзидан беш йил муддатга чўзилаверади.
Корхона фаолиятининг самарасизлиги билан боғлиқ масалалар ҳам ушбу Битимни амал қилиш муддатидан илгари тугатиш учун асос бўла олади.
Ушбу Битим амал қилишининг тугатилиши ушбу Битимга мувофиқ тузилган контракт (шартнома)ларга, ҳамда мазкур Битимнинг 5, 6- ва 8-моддаларида назарда тутилган Томонлар мажбуриятларига ҳам дахл қилмайди, Томонлар эришган бошқа келишувлар бундан мустасно.
Тошкент шаҳрида 2007 йил 7 мартда икки нусхада, ҳар бири ўзбек ва рус тилларида тузилди, бунда иккала матн ҳам бир хил кучга эга.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2007 й., 1-сон)