Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
БОЖХОНА ИШЛАРИДА ЎЗАРО МАЪМУРИЙ ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
божхона қонунларини бузиш уларнинг иқтисодий, тижорий, фискал, ижтимоий, маданий, саноат ва қишлоқ хўжалик манфаатларига зарар келтиришини эътиборга олиб;
божхона ҳуқуқбузарлигининг олдини олишга қаратилган ҳаракатлар божхона маъмуриятлари ўртасида ўзаро узвий ҳамкорлик қилинганда янада самаралироқ бўлишига ишонч ҳосил қилиб;
импорт ва экспортдан ундириладиган божхона божлари ва бошқа солиқларнинг аниқ ҳисобланиши ҳамда қонунчилик қоидаларини кузатишни назорат қилиш бўйича чораларни ва товарлар ҳамда рўйхатга олинган товар белгиларига алоқадор қоидаларни ўз ичига оладиган тақиқлар, чеклашлар ва назорат бўйича чораларнинг тўғри қўлланишини таъминлаш муҳимлигини тушуниб;
гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг чегарадан олиб ўтиш жамоат соғлиғига ва умуман жамиятга хавф солишини ҳисобга олиб;
БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний юргизилишига қарши кураш тўғрисида 1988 йил 20 декабрдаги Конвенциясини эътиборга олиб, жумладан мазкур Конвенция иловаларида санаб ўтилган моддалар рўйхатига қўшимчалар ва ўзгартишлар қўшма ваколатли гуруҳлар томонидан киритилишини эътиборга олиб;
Божхона ҳамкорлик кенгашининг тегишли ҳужжатлари, жумладан, ўзаро маъмурий ҳамкорлик тўғрисида 1953 йил 5 декабрдаги Тавсиясини эътиборга олиб;
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
I-бўлим
Таърифлар
Таърифлар
1-модда
Ушбу Битимда қўлланадиган атамалар қуйидаги маъноларни англатади:
а) «божхона қонунлари» — божхона маъмуриятлари қуйидагиларга нисбатан қўллайдиган қонун ҳужжатлари ва қоидаларни англатади:
— товар ва сармояларни сақлаш, импорт ва экспорт қилиш, транзит олиб ўтиш, бунга тўлов усуллари ҳам киради;
— импорт ва экспорт учун бож ва солиқларни ундириш, кафолатлаш ва камайтириш;
— валюта айирбошлашда тақиқ, чеклаш ва назорат қилиш борасидаги чоралар, бунга назорат қилиш бўйича қонунлар ҳам киради;
— гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний юргизишга қарши кураш;
б) «божхона маъмуриятлари» — ушбу Битимнинг (а) бандидаги қоидаларни қўллашга масъул этиб тайинланган Ўзбекистон Республикасидан Давлат божхона қўмитаси ва Италия Республикасидан Молия вазирлиги ҳамда Итальян божхона маъмурияти;
в) «божхона ҳуқуқбузарлиги» — божхонага оид ҳар қандай қонунбузарлик ёки бундай қонунбузарликка ҳар қандай уриниш;
г) «импорт ва экспорт божлари ва солиқлар» — импорт ва экспорт божлари ва барча бошқа турдаги божлар, импорт ёхуд экспортдан ундириладиган солиқ ёки йиғимлар, жумладан Италия Республикасига Европа Иттифоқининг ваколатли органлари томонидан жорий этилган бож ва солиқлар;
д) «шахс» — ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс;
е) «шахслар тўғрисида маълумот» — аниқланган ёки аниқланаётган жисмоний ёки юридик шахсларга тааллуқли ҳар қандай маълумот;
ж) «гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар» — БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ғайриқонуний юргизишга қарши кураш тўғрисида 1988 йил 20 декабрдаги Конвенциясида ва мазкур Конвенция иловаларида санаб ўтилган барча препаратлар;
II бўлим
Битим соҳаси
Битим соҳаси
2-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар ўз божхона маъмуриятлари орқали ушбу Битимда баён этилган шартларга мувофиқ божхона қонунларини тегишли даражада қўллаш ҳамда божхона ҳуқуқбузарлигини бартараф этиш, тергов қилиш ва жазолаш борасида бир-бирларига маъмурий кўмак берадилар.
2. Ушбу Битим доирасидаги барча ҳамкорлик иккала Аҳдлашувчи Томонлар тарафидан уларнинг миллий ҳуқуқий ва маъмурий ҳолатларига мувофиқ, шунингдек улар божхона маъмуриятларининг ваколатлари ҳамда мавжуд имкониятлари доирасида амалга оширилади.
3. Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида фақат ўзаро маъмурий кўмаклашишга мўлжалланган.
III бўлим
Кўмаклашиш соҳаси
Кўмаклашиш соҳаси
3-модда
Божхона маъмуриятлари сўров бўйича ёки ўз ташаббусларига кўра божхона қонунларига тегишли даражада риоя этилишига ёрдам берадиган, шунингдек божхона ҳуқуқбузарлигини бартараф этиш, тергов қилиш ва жазолашга оид ахборот ва ҳужжатларни бир-бирларига тақдим этадилар.
Ҳар бир божхона маъмурияти бошқа божхона маъмуриятининг сўровларини бажариш чоғида сўровлар унинг номидан ёки шу Аҳдлашувчи Томоннинг бошқа органи сўрови бўйича амалга оширилганидек иш кўради.
4-модда
1. Сўровга биноан сўралаётган божхона маъмурияти божхона қонунлари ва процедуралари тўғрисида бу Аҳдлашувчи Томонга қўлланадиган ҳамда божхона ҳуқуқбузарликлари билан боғлиқ сўровларга тааллуқли барча ахборотни тақдим этади.
2. Ҳар бир божхона маъмурияти сўровга ёки ўз ташаббусига кўра қуйидагиларга тегишли ҳар қандай ахборотни тақдим этади:
а) божхона ҳуқуқбузарликларига қарши кураш олиб боришда самарали бўлган янги методлар;
б) божхона ҳуқуқбузарликларини амалга оширишнинг янги тамойиллари, воситалари ва методлари.
5-модда
Божхона маъмуриятлари божхона ҳуқуқбузарлигига жалб этилган шахсий мулк фойда ва воситаларни мусодара қилиш ёки тўхтатиб қўйиш ҳамда ушлаб қолиш борасидаги тадбирларни амалга оширишда бир-бирларига кўмаклашадилар.
6-модда
Техникавий ҳамкорлик
Техникавий ҳамкорлик
Божхона маъмуриятлари божхона соҳасида қуйидагилар бўйича бир-бирларига техникавий кўмаклашишлари мумкин:
а) иккала томон божхона маъмуриятлари тарафидан қўлланадиган техника воситалари билан танишиш мақсадида ходимлар ташрифларини алмашиш;
б) божхона ходимларининг махсус кўникмаларини ошириш борасида ўқитиш ва ёрдам бериш;
в) назоратнинг техника воситаларидан фойдаланиш борасида ахборот ва тажриба алмашиш;
г) божхона масалалари бўйича экспертларни ташрифлар орқали алмашиш;
д) божхона қонунлари ва процедураларига алоқадор касбий, илмий ва техникавий ахборотларни алмашиш;
IV бўлим
Кўмаклашишдаги алоҳида ҳолатлар
Кўмаклашишдаги алоҳида ҳолатлар
7-модда
Божхона маъмуриятлари ўз ташаббусларига кўра ёки сўровга биноан бир-бирларига қуйидагилар тўғрисида ахборот тақдим этадилар:
а) сўраётган божхона маъмуриятининг давлати ҳудудига бошқа божхона маъмуриятининг давлати ҳудудидан олиб кирилаётган товар қонуний экспортми, шунингдек мавжуд бўлса, ушбу товарлар жойлаштириладиган божхона режими;
б) сўраётган божхона маъмуриятининг давлати ҳудудидан бошқа божхона маъмуриятининг давлати ҳудудига олиб чиқилаётган товар қонуний импортми, шунингдек мавжуд бўлса, ушбу товарлар жойлаштириладиган божхона режими.
8-модда
Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона маъмуриятлари ҳуқуқий ва норматив қоидаларга мувофиқ, ҳар қандай маълумотни, жумладан сўров бўйича ҳамда зарур ҳолларда қайта ўтказилган терговдан кейинги, уларнинг божхона божлари ва солиқларининг тўғри ундирилишига, чунончи:
а) бож тўланиши зарур бўлган қийматни аниқлаш, таъриф таснифи ва товарнинг келиб чиқишига;
б) тақиқлаш, чеклашлар ва назоратга алоқадор меъёрларни қўллашга имкон берадиган, айниқса, кўмаклашиши мумкин бўлган ахборотни тақдим этадилар.
9-модда
1. Сўровга биноан сўралаётган божхона маъмурияти қуйидагилар тўғрисида ахборот тақдим этади ва улар устидан махсус кузатувни амалга оширади:
а) божхона қоидаларини бузганлиги сўраётган божхона маъмуриятига маълум бўлган ёки бунда шубҳа қилинаётган шахсларни, жумладан уларнинг сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудуди бўйлаб ва бу ҳудуддан ҳаракатланиши;
б) сўраётган божхона маъмурияти хабарига кўра, сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудудидан ғайриқонуний ҳаракатланиш предмети бўлишда шубҳа қилинаётган олиб ўтилувчи ёки сақланувчи товарлар;
в) сўраётган божхона маъмурияти томонидан исталган Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудудида божхона ҳуқуқбузарлигини амалга ошириш мақсадида фойдаланишда гумон қилинаётган транспорт воситалари;
г) сўраётган божхона маъмурияти томонидан исталган Аҳдлашувчи Томонларнинг божхона ҳудудида божхона ҳуқуқбузарлигини амалга оширишда фойдаланилаётганлиги гумон қилинаётган бинолар.
10-модда
1. Божхона маъмуриятлари сўровга кўра ёки ўз ташаббуслари билан божхона ҳуқуқбузарлиги бўлган ёки бўла оладиган қилинган ёхуд режалаштирилаётган битимлар бўйича бир-бирларига ахборотни тақдим этадилар.
2. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг иқтисодига, жамоат соғлиғига, хавфсизлигига ёки бошқа ҳаётий муҳим манфаатларига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган хавфли ҳолатларда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг божхона маъмурияти имкони қадар ўз ташаббусларига кўра ахборот тақдим этади.
V бўлим
Сўровларни тақдим этиш ва бажариш
Сўровларни тақдим этиш ва бажариш
11-модда
1. Ушбу Битим доирасида кўмаклашиш бевосита божхона маъмуриятлари томонидан амалга оширилади.
2. Ушбу Битим доирасида кўмаклашиш тўғрисида сўров ёзма равишда, божхона маъмуриятлари олдиндан келишиб олган тилда берилади ва бошқа зарур ҳужжатлар унга илова қилинади.
3. Ушбу модданинг 2-бандида кўзда тутилган сўровлар қуйидаги ахборотни ўз ичига олади:
а) сўровни берувчи божхона маъмурияти;
б) сўровнинг мазмуни ва сабаби;
в) ишнинг қисқача баёни, ҳуқуқий жиҳатлари ва юритилаётган ишнинг хусусияти;
г) маълум бўлса, ишга жалб этилган томонларнинг номлари ва манзиллари.
4. Муайян процедураларга риоя этиш тўғрисидаги исталган божхона маъмуриятининг сўровлари сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг миллий ҳуқуқий ва маъмурий қоидаларига мувофиқ таъминланади.
5. Ушбу Битимда зикр этилган ахборотлар ҳар бир божхона маъмуриятидан шу мақсадларда тайинланган мансабдор шахсларгагина тақдим қилинади. Бундай тайинланган мансабдор шахсларнинг рўйхати ушбу Битим 20-моддасининг 2-бандига мувофиқ, бир Аҳдлашувчи Томон божхона маъмурияти тарафидан бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг божхона маъмуриятига берилади.
12-модда
1. Бир божхона маъмуриятининг сўровига кўра бошқа божхона маъмурияти сўраётган божхона маъмурияти давлати ҳудудида амал қилаётган божхона қонунларига зид бўлган ёки шунга гумон қилинаётган фаолият юзасидан тергов бошлайди ва сўраётган божхона маъмуриятига бундай терговнинг натижаларини тақдим этади.
2. Бундай тергов ишлари сўралаётган божхона маъмурияти давлатининг ҳудудида амал қиладиган қонунларга мувофиқ ўтказилади. Сўралаётган божхона маъмурияти тергов ишларини ўз номидан амалга оширганидек бажаради.
3. Сўралаётган божхона маъмурияти сўровга қондира олмаса, уни зудлик билан тегишли органга тақдим этади ва шу орган билан ҳамкорлик қилади.
13-модда
1. Сўровномага кўра, сўраётган божхона маъмурияти тарафидан тайинлаган мансабдор шахслар сўралаётган божхона маъмуриятининг рухсати ва у божхона ҳуқуқбузарлигини тергов қилиш мақсадида қўйган шартларга риоя этган ҳолда:
а) сўралаётган божхона маъмуриятининг офисларида ҳужжатлар, ёзувлар ва бошқа тегишли ахборотни айни божхона ҳуқуқбузарлигига дахлдор ҳар қандай ахборотни топиш учун солиштириши;
б) ушбу божхона ҳуқуқбузарлигига дахлдор ҳужжатлар, ёзувлар ва бошқа ахборотдан нусха олиш;
в) сўралаётган божхона маъмурияти сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудудида ўтказаётган, айни божхона ҳуқуқбузарлигига дахлдор сўроқда ҳозир бўлиш.
2. Сўраётган божхона маъмуриятининг расмий шахслари, ушбу модданинг 1-бандида белгиланган ҳолатларда бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудида бўлиб турганларида, улар исталган вақтда ўз расмий ваколатларининг далилларини тақдим этишлари лозим.
3. У ерда бўлиш вақтида улар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг амалдаги қонунларига мувофиқ, божхона мансабдор шахслари фойдаланадиган ҳимоядан фойдаланадилар ва содир этишлари мумкин бўлган ҳар қандай ҳуқуқбузарликларга жавобгар бўладилар.
VI бўлим
Файллар ва ҳужжатлар
Файллар ва ҳужжатлар
14-модда
1. Ҳар бир божхона маъмурияти ўз ташаббуси билан ёки сўровга биноан бошқасига у божхона маъмурияти давлати ҳудудида амалга оширилган ёки режалаштирилаётган божхона ҳуқуқбузарлиги ёки божхона ҳуқуқбузарлигига олиб келадиган битимлар бўйича тўла ахборот олиш мумкин бўлган ҳисоботлар, ёзма гувоҳлик кўрсатмалари ёки ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхаларини тақдим этади.
2. Ушбу Битим доирасида тақдим этиладиган ҳужжатлар айнан шу мақсадларда исталган шаклдаги компьютер ахбороти билан алмаштирилиши мумкин. Ахборот ва ҳужжатларни талқин қилиш ёки фойдаланиш бўйича барча зарур материаллар бир вақтда тақдим этилади.
3. Файл ва ҳужжатларнинг асл нусхалари тасдиқланган нусхалар етарли бўлмаган ҳоллардагина сўралади.
4. Ушбу Битим доирасида олинган файл ва ҳужжатларнинг асл нусхалари имкон қадар қисқа муддатларда қайтарилиши лозим.
VII бўлим
Экспертлар ва гувоҳлар
Экспертлар ва гувоҳлар
15-модда
1. Божхона ҳуқуқбузарлиги муносабати билан Аҳдлашувчи Томоннинг сўровига кўра, сўралаётган божхона маъмурияти ўз мансабдор шахсларини сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари олдида улар томонидан ўз хизмат мажбуриятларини бажариш пайтида аниқлаган фактлар бўйича эксперт ёки гувоҳ сифатида иштирок этиши мумкин. Сўровда мансабдор шахс қай тарзда ва ким сифатида чиқиши аниқ кўрсатилиши лозим.
2. Божхона маъмурияти сўровни қабул қила туриб, зарур ҳолда унинг мансабдор шахслари кўрсатма бериши мумкин бўлган доирадаги чегарани аниқ белгилаб беради.
VIII бўлим
Ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш
Ахборот ва ҳужжатлардан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш
16-модда
1. Маъмурий кўмак доирасида олинган ахборот, маълумот ва ҳужжатлар амалдаги миллий қонунларда тегишли равишда белгиланган шартларга мувофиқ фақатгина ушбу Битим мақсадларида фуқаролик жиноий ва маъмурий ишларда ҳам фойдаланилиши мумкин.
2. Бундай ахборот, маълумот ва ҳужжатлар ушбу Битимда кўрсатиб ўтилганларидан ташқари, агар тақдим қилувчи божхона маъмурияти рухсат берса ва қабул қилувчи божхона маъмуриятининг миллий қонунлари бундай тақдимни тақиқламаса бошқа ҳукумат органларига ҳам тақдим этилиши мумкин.
3. Ушбу модданинг 2-бандидаги қоидалар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга тааллуқли ахборотга нисбатан қўлланмайди. Бундай ахборот гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний юргизилишига қарши курашга бевосита жалб қилинган бошқа органларга тақдим қилиниши мумкин.
4. Бироқ Италия Республикасининг ЕИга аъзо давлат сифатида олган мажбуриятлари муносабати билан аввалги бандларда баён этилган қоидалар олинган ахборотни, маълумот ва ҳужжатларни Европа Комиссиясига ва зарур ҳолларда ЕИнинг аъзоси бўлган бошқа давлатларига юборилишини тақиқламайди.
5. Сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг божхона маъмуриятига тақдим этилган ахборот, маълумот ва ҳужжатлар ушбу Битимга биноан мазкур Аҳдлашувчи Томонларнинг миллий қонунлари ҳимоясида бўлган айнан шу мазмундаги ҳужжат ва ахборотлар сингари муҳофаза қилинади.
17-модда
Шахслар тўғрисида ушбу Битим доирасида маълумотларни алмашишда Аҳдлашувчи Томонлар маълумотларнинг стандарт ҳимоясини, ҳеч бўлмаганда ушбу Битимнинг таркибий қисми бўлган Иловада баён этилган принципларни қўллашда келиб чиқадиган муқобил ҳимоясини таъминлайдилар.
IX бўлим
Истиснолар
Истиснолар
18-модда
1. Ушбу Битим доирасидаги кўмак Аҳдлашувчи Томоннинг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки бошқа муҳим миллий манфаатларига зарар етказса, ёхуд саноат, тижорат ёки профессионал махфийлигини издан чиқарса, ё бўлмаса миллий қонунларига зид келса, кўмак бериш рад этилиши мумкин.
2. Сўраётган божхона маъмурияти ўзи ижро эта олмайдиган кўмак тўғрисида сўров юборса, у ўз сўровида бу фактни кўрсатиб ўтади. Бундай сўровни ижро этиш сўралаётган божхона маъмурияти ихтиёридадир.
3. Кўмак сўралаётган божхона маъмурияти томонидан ўтказилаётган терговга, жазолашга ёки суд процессига халақит беради деган асосда қолдирилиши мумкин. Бу ҳолда сўралаётган божхона маъмурияти сўраётган божхона маъмурияти билан маълум шароитларда кўмак кўрсатилиши мумкинлигини аниқлаб олиш тўғрисида маслаҳатлашув ўтказади.
4. Кўмак бериш рад этилса ёки у кечиктирилса, бунинг сабаблари кўрсатилади.
X бўлим
Харажатлар
Харажатлар
19-модда
1. Божхона маъмуриятлари ушбу Битим қоидаларини бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича барча талабларни инкор этадилар, экспертлар ва гувоҳларга тўланадиган харажат ҳамда тўловлар, шунингдек давлат хизматчилари бўлмаган оғзаки ва ёзма таржимонлар учун сўраётган божхона маъмуриятидан ундирилиши керак бўлган ҳақ бундан мустасно.
2. Сўровнинг ижро этилиши катта харажатларни талаб этса, божхона маъмуриятлари шартларни белгилаш мақсадида сўров бажариладиган, шунингдек харажатлар қай тарзда қопланиши тўғрисида маслаҳатлашувлар ўтказадилар.
XI бўлим
Битимни ижро этиш
Битимни ижро этиш
20-модда
1. Божхона маъмуриятлари ушбу Битимни ижро этишда кўмаклашиш мақсадида аниқ тадбирларни ишлаб чиқиш юзасидан қарорлар чиқарадилар.
2. Икки Аҳдлашувчи Томон божхона маъмуриятлари раҳбарлари ёки уларнинг вакиллари ҳамда экспертлардан иборат ўзбек-итальян қўшма комиссияси тузилади. Бу комиссия зарур ҳолларда исталган божхона маъмурияти сўрови бўйича ушбу Битимни ижро этишни назорат қилиш юзасидан учрашув ўтказади, шунингдек юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этади.
3. Зиддиятлар борасида бирон келишувга эришиш имкони бўлмаса, улар дипломатик каналлар орқали ҳал этилади.
XII бўлим
Қўллаш доираси
Қўллаш доираси
21-модда
Ушбу Битим ҳар иккала Аҳдлашувчи Томоннинг божхона ҳудудларида уларнинг миллий қонунларига мувофиқ қўлланади.
XIII бўлим
Кучга кириши ва фаолиятининг тўхтатилиши
Кучга кириши ва фаолиятининг тўхтатилиши
22-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар бир-бирларига уни кўчга киритиш учун лозим бўлган давлат ички процедуралари бажарилганлиги тўғрисида расман маълум қилиб жўнатган иккинчи хабарнома олингач, кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб кучга киради.
23-модда
Ушбу Битимнинг амал қилиш муддати чекланмаган, лекин исталган Аҳдлашувчи Томон дипломатик каналлар орқали хабардор қилиш орқали унинг фаолиятини тўхтатиши мумкин. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ана шундай хабарномаси олингач ушбу Битим амал қилишдан тўхтайди.
Ушбу Битим фаолияти тўхтатилган чоғда тугалланмай қолган ишлар имкон қадар унинг қоидаларига мувофиқ охирига етказилади.
Рим шаҳрида 2000 йил 21 ноябрда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, итальян ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар асл нусхага тенгдир. Битим қоидаларини талқин қилишда инглиз тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
ИЛОВА
Шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳимоя қилишнинг асосий принциплари
1. Шахслар тўғрисида ўз-ўзидан ишлов бериладиган маълумотлар қуйидагича бўлиши керак:
а) қонуний ва адолатли асосда олинган ҳамда ишлов берилган;
б) махсус ҳамда қонуний мақсадларда сақланган ва бундай мақсадларга зид ҳолларда ишлатилмаган;
в) муқобил, ишга тааллуқли ва сақлов мақсадидан ортиқча бўлмаслиги;
г) аниқ ва зарур ҳолларда янгиланган;
д) бу маълумотлар сақланаётган ўша мақсад учун жуда зарур бўлмаган маълумотларни тенглаштиришга имкон берувчи шаклда сақланган.
2. Шахсларнинг ирқий келиб чиқиши, сиёсий қарашлари ёки диний ва бошқа эътиқодларини ёритувчи, шунингдек соғлиғининг даражаси ёхуд жинсий ҳаётининг ўзига хосликлари тўғрисидаги маълумотлар ички қонунлар тегишлича ҳимоя қила олмаса, ўз-ўзидан ишлов беришга олинмайди. Бу шунингдек жиноий жавобгарликка тортилган шахслар тўғрисида маълумотларга ҳам тааллуқли.
3. Шахслар тўғрисида компьютер файлларида сақланадиган маълумотларни берухсат йўқ қилиш ёки тасодифий йўқотишдан, шунингдек рухсатсиз танишиб чиқишдан ўзгартиш ва ёйишдан ҳимоя қилиш учун тегишли хавфсизлик чоралари кўрилади.
4. Исталган шахс қуйидаги имкониятларга эга:
а) шахсий маълумотлари бўлган компьютер файли борлигини, унинг мақсадлари, шунингдек бу файлни назорат қилувчи кишининг шахси ва турар жойи ёки асосий иш жойини исботлаш;
б) унинг шахсий маълумотлари компьютер файлида сақланаётганини тасдиқлаб, муайян мақбул вақт оралиғида ва жуда узоқ муддатга қолдирмаган ҳолда ёки харажатларсиз, шунингдек унга кириш ҳуқуқи бўлган шаклдаги хабарни олиш;
а) давлат, жамият хавфсизлиги, давлатнинг молиявий манфаатларини муҳофаза қилиш ёки оғир жиноятларнинг олдини олишни;
б) сўз юритилаётган маълумотлар ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш.
5.3. Компьютер файлларида сақланадиган, статистика маълумотларини йиғиш мақсадида фойдаланадиган ёки зикр этилган маълумотларга етказилиши мумкин аниқ хавф йўқ бўлган ҳолларда ушбу Илованинг 4-қоидасидаги (б), (в) ва (г) бандларида белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланиш бўйича шахсий маълумотлар борасидаги чекланишлар қонунда илмий тадқиқотлар учун кўрсатилиши мумкин.
6. Ҳар бир Аҳдлашувчи Томон ушбу Иловада баён этилган асосий принципларни ишга туширувчи ички қонун-қоидаларни бузганлиги учун зарарни ундириш бўйича тегишли санкциялар ўрнатиш ва чоралар кўриш мажбуриятини олади.
7. Ушбу Илова қоидаларидан ҳеч қайсиси Аҳдлашувчи Томонга мана шу Иловада белгиланганларга кўра айтилган маълумотларга кенгроқ муҳофаза чоралари кўришни чекловчи ёки бошқача тарзда имкониятини торайтирувчи сифатида талқин қилинмаслиги керак.
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2005 й., 2—4-сон)