Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Ноқонуний бўлиб турган шахсларни қайта қабул қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар,
ноқонуний чегаралараро миграцияни олдини олишга ҳисса қўшиш ва ушбу миграцияга қарши курашиш истагига амал қилиб,
ўзаро манфаатли асосда ва ҳамкорлик руҳида Томонлардан бирининг давлати ҳудудига ноқонуний кирган ва/ёки ушбу Томоннинг давлати ҳудудида ноқонуний бўлган шахсларни қайта қабул қилишни енгиллаштиришга кўмаклашиш мақсадида,
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари Умум декларацияси ва Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисида 1950 йил 4 декабрдаги Конвенцияни эътиборга олиб,
қуйидагилар тўғрисида аҳдлашиб олдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Ушбу Битим мақсадларида қуйидаги таърифлар қўлланади:
a) «сўраётган томон» — шахснинг топширилиши ёки транзити тўғрисида сўровни юбораётган Томон;
b) «сўралаётган томон» —- шахснинг топширилиши ёки транзити тўғрисида сўров юборилган Томон;
c) «чет эллик» — Томонлардан бирининг давлати фуқароси бўлмаган шахс;
d) «виза» — Томоннинг ваколатли орган тарафидан унинг давлати ҳудудига бир марта ёки кўп марталик кириш ва унинг давлати ҳудудида аниқ вақт давомида бўлиши учун берилган юридик амалдаги рухсат;
e) «бўлиш учун рухсат» — Томоннинг ваколатли органи тарафидан тегишли шахсга мамлакатга кўп марталик кириш ва унда бўлиши учун ҳуқуқ берадиган юридик амалдаги рухсат. Мамлакатда бўлиши учун рухсат виза ҳисобланмайди ҳамда шахсга бошпана бериш ёки мамлакатда бўлиши учун рухсат бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш вақтида ёхуд миллий қонунчилигига мувофиқ шахсни мамлакатдан депортация процедурасини амалга оширилаётган давр ичида ушбу Томон давлати ҳудудида бўлиши учун имконият бермайди.
2-модда
Ўз фуқароларини қайта қабул қилиш
Ўз фуқароларини қайта қабул қилиш
1. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг ёзма аризасини олганидан сўнг ва ортиқча расмиятчиликсиз сўраётган Томон давлати ҳудудига кириш ёки унинг давлати ҳудудида бўлиши тўғрисидаги амалда бўлган қонунлар қоидаларига мос бўлмаган ёхуд бундан кейин мос келмайдиган ҳар қандай шахсни қайта қабул қилади, агар кўрсатилган шахс сўралаётган Томон давлатининг фуқароси эканлиги исботланган ёки буни тахмин қилишга етарли асос бўлса. Сўраётган Томон давлати ҳудудига кирганидан сўнг сўралаётган Томон давлатининг фуқаролигини йўқотиб қўйганда ёки сўраётган Томон давлатида натурилизация (фуқароликни олиш) процедураси бошланмагани ҳолда уларнинг илтимосига кўра фуқароликдан озод қилинган шахсларга ҳам тааллуқли.
2. Ушбу Битим 11-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ушбу Битимни амалга ошириш мақсадларида Томонлар имзолайдиган Баённномада кўрсатиладиган фуқароликни тасдиқловчи расмий ҳужжатлар ёки бошқа далиллар асосида фуқаролик исботланган ҳисобланади ёхуд ушбу фуқаролик тўғрисида тахмин қилишга етарли асос бор деб ҳисобланади.
3. Сўралаётган Томон, зарур ҳолларда, қабул қилинаётган шахсларга уларнинг ўз давлати ҳудудига кириши учун лозим бўлган ҳужжатларни беради.
4. Агар кейинчалик қайта қабул қилинган шахс сўралаётган Томон давлати фуқароси бўлмаганлиги аниқланса, ва ушбу шахсга нисбатан ушбу Битим 3- ва 4-моддаларининг қоидалари қўлланиши мумкин бўлмаса, бошқа Томон ушбу шахсни кечиктирмасдан қайта қабул қилади. Мазкур қоида сўраётган Томон давлати ҳудудига киргандан сўнг сўралаётган Томон давлати фуқаролигини йўқотган ва ҳар қандай бошқа давлат фуқаролигига эга бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилмайди, агар уларга нисбатан сўраётган Томон давлатининг тегишли органлари фуқароликни бериш тўғрисида қарорни қабул қилмаган бўлсалар.
3-модда
Дастлабки хабарнома асосида чет элликларни қайта қабул қилиш
Дастлабки хабарнома асосида чет элликларни қайта қабул қилиш
Томонларнинг ҳар бири бошқа Томон ваколатли органларининг дастлабки хабарномаси асосида ноқонуний кириш факти аниқланган санадан бошлаб 72 соатдан ошиб кетмасдан ортиқча расмиятчиликсиз сўраётган Томон давлати ҳудудига кириш ёки унинг давлати ҳудудида бўлиши тўғрисидаги қонунлар талабларига мос бўлмаган ҳужжатларга эга бўлган чет элликни қайта қабул қилади, агар унинг давлати ҳудудидан чет эллик бевосита бошқа Томон давлати ҳудудига кириб келганлиги аниқланса ёки буни тахмин қилишга етарли асос бўлса.
4-модда
Ариза асосида чет элликларни қайта қабул қилиш
Ариза асосида чет элликларни қайта қабул қилиш
1. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг ёзма аризасини олгандан сўнг сўраётган Томон давлати ҳудудига бевосита сўралаётган Томон давлати ҳудудидан келган ҳамда унинг келиши ва бўлиши сўраётган Томон давлатининг қонунлари талабларига мос бўлмаган чет элликни қайта қабул қилади.
2. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг ёзма аризасини олгандан сўнг келиши ва бўлиши ушбу давлатнинг қонунлари талабларига жавоб бермайдиган ҳамда сўралаётган Томон тарафидан берилган бўлиши учун юридик амалдаги рухсати ёхуд транзит бўлмаган визаси бўлган чет элликни қайта қабул қилади.
3. Сўралаётган Томон чет элликни қабул қилишни рад этиши мумкин, агар сўраётган Томон ушбу шахснинг фуқаролиги (келиб чиқиши) давлати билан умумий чегарага эга бўлса.
5-модда
Қайта қабул қилиш мажбуриятларидан истиснолар
Қайта қабул қилиш мажбуриятларидан истиснолар
1. Ушбу Битимнинг 4-моддасига мувофиқ қайта қабул қилиш мажбурияти қуйидагиларда қўлланилмайди:
a) сўраётган Томон давлати ҳудудига кириб олиш вақтида ўзида ёки кейинчалик ушбу Томон тарафидан берилган амалдаги кириш визасини ёхуд бўлиши учун рухсат бўлган чет элликларга нисбатан.
Агар кириш визаси ёки бўлиши учун рухсат иккала Томон тарафидан берилган бўлса, жавобгарликни унинг визаси ёхуд бўлиши учун рухсатнинг муддати охирги бўлиб тугаган Томон ўз зиммасига олади.
b) ноқонуний кириш ёки бўлиш факти аниқлангандан кейин бир йил ўтгандан сўнг қайта қабул қилиш тўғрисидаги ариза берилган ҳолларда.
2. Ушбу модда биринчи қисмининг a) кичик банди қоидалари транзит визасини олган чет элликларга нисбатан қўлланилмайди.
6-модда
Муддатлар
Муддатлар
1. Томонларнинг ҳар бири унга юборилган қайта қабул қилиш тўғрисидаги ёзма аризага кечиктирмасдан жавоб беришга интилади, фақат ушбу ариза олингандан кейин ўн беш кундан кечиктирмасдан. Қайта қабул қилиш тўғрисидаги ариза бевосита бошқа Томоннинг ваколатли органларига юборилади.
2. Шахсларнинг топширилиши ва қабул қилиниши сўраётган Томон уларни қабул қилиш тўғрисида ижобий жавобни олган дақиқадан сўнг 30 кундан кечиктирмасдан амалга оширилади. Ҳуқуқий ёки бошқа тусдаги объектив тўсиқлар мавжуд бўлган тақдирда ушбу муддат сўраётган Томон илтимосига кўра узайтирилиши мумкин.
7-модда
Депортация ёки киришни рад қилиш ҳолларидаги транзит ўтиш
Депортация ёки киришни рад қилиш ҳолларидаги транзит ўтиш
1. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг илтимосига кўра сўраётган Томон тарафидан депортация қилинаётган чет элликлар, улар насабий мамлакат ёки учинчи мамлакат томонидан қайта қабул қилиниши мақсадларида, шунингдек киришга рад қилинган чет элликлар учун ўз давлати ҳудудидан транзит ўтишга рухсат беради. Сўралаётган Томон транзит ўтиш вақтида кузатувчи шахс сифатида бошқа Томоннинг ваколатли органи вакилини қатнашишини талаб қилиши мумкин.
2. Сўраётган Томон етиб боришнинг охирги манзили бўлган мамлакатга шахсни олиб бориш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар билан таъминлашга мажбурдир.
3. Сўралаётган Томон ўз миллий қонунларига мувофиқ кузатиладиган шахсга, ҳамда уни кузатувчи шахсларга бепул транзит визасини беради.
4. Ҳар қандай берилган рухсатга қарамасдан, сўраётган Томон чет элликни етиб боришнинг охирги манзили бўлган мамлакат ҳудудига транзит ўтиши учун жавобгар ва учинчи мамлакатга киришга, шунингдек бошқа мамлакатлар ҳудудларидан транзит ўтишга рухсат берилмаганда ёки қандайдир сабаб билан унинг кейинги ўтишининг имкони бўлмаса, уни қайта қабул қилади.
8-модда
Транзитни рад қилиш
Транзитни рад қилиш
Ушбу Битимга мувофиқ сўралаётган Томон чет элликни депортация қилишда ёки унга кириш рад қилинса, транзит ўтишда рад қилиши мумкин, агар у:
a) миллий хавфсизлигига, жамоат тартибига ёки мамлакат аҳоли соғлиғига таҳдид кўрсатса;
b) етиб боришнинг охирги манзили бўлган мамлакатда ва/ёки барча кейинги транзит мамлакатларда ирқи, эътиқоди, миллий мансублиги, сиёсий маслаги ёки жамоатнинг муайян гуруҳига алоқаси борлиги сабабларига кўра таъқиб қилиш таҳдидига учраса.
9-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Ушбу Битимнинг 2-, 3- ва 4-моддалари билан боғлиқ бўлган транспорт харажатлари сўралаётган Томон давлати чегарасигача сўраётган Томон тарафидан қопланади.
2. Ушбу Битимнинг 7-моддасига мувофиқ транзит ўтиш учун етиб боришнинг охирги манзили бўлган давлат чегарасигача харажатлар ва зарур бўлган ҳолларда қайтиш билан боғлиқ харажатлар сўраётган Томон тарафидан қопланади.
10-модда
Ахборотни тақдим этиш
Ахборотни тақдим этиш
1. Ушбу Битимни амалга ошириш учун бошқа Томонга аниқ ҳоллар бўйича тақдим этиладиган ахборот фақат қуйидагиларга тааллуқли:
a) шахснинг шахсий маълумоти ва зарур бўлган ҳолда унинг оила аъзолари маълумоти (фамилияcи, исм/исмлар, олдинги фамилияси ва/ёки исмлар, тўқилган фамилия ва/ёки исмлар, лақаб ёки тахаллуслар, туғилган санаси ва жойи, жинси, ҳозирги ва олдинги фуқаролиги/миллати);
b) паспорт, шахсий гувоҳнома ёки бошқа йўл ҳужжатлари (рақами, берилган санаси, берган орган, берилган жойи, амал қилиш муддати, ҳужжатларнинг амал қилиш ҳудуди);
c) шахсини тасдиқлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар;
d) Томонлар ёки учинчи мамлакатлар тарафидан берилган бўлиши учун рухсат ва визалар, йўлланиш, тўхташ жойи, чипталар, чегара назорат-ўтказиш пунктлари ва ўтиш бўйича мумкин бўлган бошқа маълумотлар;
e) тиббий кузатув зарурлиги ва тегишли шахсни кузатувчи мансабдор шахслар тўғрисида маълумотлар, агар у сўраётган Томоннинг ваколатли органлари томонидан кузатилса.
2. Ушбу Битимни амалга ошириш учун Томонлар ўртасида алмашиладиган шахсий маълумотлар Томонлар давлатларининг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги амалда бўлган қонунлари қоидаларига мувофиқ фойдаланилади ва ҳимоя қилинадилар.
11-модда
Битимни амалга ошириш
Битимни амалга ошириш
1. Томонлар ушбу Битим кучга киргандан сўнг дипломатик каналлар орқали ушбу Битим қоидаларини амалга ошириш учун жавобгар бўлган ваколатли органлар, шунингдек уларнинг манзиллари тўғрисида ахборот алмашадилар, жумладан ушбу органлар ўртасидаги алоқаларига кўмаклашадиган бошқа ҳар қандай ахборотни тақдим этадилар.
2. Томонларнинг ваколатли органлари ушбу Битимни амалга ошириш тўғрисида Баённома имзолайдилар.
3. Томонларнинг ваколатли органлари зарур бўлганда ушбу Битимни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар ва қарорлар қабул қиладилар.
12-модда
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Бошқа халқаро шартномаларга муносабат
Ушбу Битим Томонлар давлатларининг улар иштирок этган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
13-модда
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Ўзгартиш ва тўлдиришлар
Томонларнинг ўзаро келишувларига кўра ушбу Битимга қўшимча баённома билан расмийлаштириладиган ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланадиган ўзгартиш ва тўлдиришлар киритилиши мумкин.
14-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Ушбу Битим Томонларнинг унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедураларини бажарганликлари тўғрисидаги охирги хабарнома дипломатик каналлар орқали олинган кундан ўттиз кун ўтгач кучга киради.
2. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилган.
3. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилиб, миллий хавфсизлигини, жамоат тартиби ёки аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган сабаблари билан, ушбу Битимнинг амал қилишини вақтинча, қисман ёхуд бутунлай тўхтатиши мумкин, 2-модда бундан мустасно. Бу ҳолда тўхтатиш бундай хабарнома олинган кундан ўттиз кун ўтгач кучга киради. Томонлар дипломатик каналлар орқали ушбу Битимнинг амал қилишини тиклаш тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар.
4. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали ёзма равишда хабардор қилиб, ушбу Битимнинг амал қилишини тўхтатиши мумкин. Ушбу Битимнинг амал қилиши шундай хабарнома олинган кундан олти ой ўтгач тўхтатилади.
Рига шаҳрида 2004 йил 7 апрелда икки нусхада, ҳар бири ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битим қоидаларини талқин қилиш мақсадларида рус тилидаги матндан фойдаланилади.
(имзолар)
(Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами, 2004 й., 2-сон)