ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 22 июнда 1692-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида»ги қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда) ижросини таъминлаш мақсадида Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази ва Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази ва Марказий банк Бошқарувининг 2006 йил 27 декабрдаги 2006-16 , 284-В-сонли, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори бекор қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб, ўн кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Бош директори К. ТОЛИПОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 4 апрель,
2007-04-сон
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 4 апрель,
290-В-сон
Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Марказий банки Бошқарувининг
2007 йил 4 апрелдаги 2007-04, 290-В-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
2007 йил 4 апрелдаги 2007-04, 290-В-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида», «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш тўғрисида» 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи, резидентлар томонидан чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиниши, шунингдек резидентлар чиқарган қимматли қоғозларнинг норезидентлар томонидан сотиб олиниши тартибини белгилайди.
Мазкур Низом эмиссия жараёнидан ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилган акция, облигация ва бошқа қимматли қоғозларга (бундан кейинги ўринларда қимматли қоғозлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
§ 1. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ёки хорижий давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар жумласига киритилган, қиймати чет эл валютасида ифодаланган пул ҳужжатлари;
Кейинги таҳрирга қаранг.
чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар муомаласи — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган, қимматли қоғозлар эгасининг алмашишига олиб келадиган чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш ҳамда улар билан боғлиқ бошқа ҳаракатлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ташкилоти) (бундан кейинги ўринларда ҲКП деб юритилади) — қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг тегишли лицензияси асосида қимматли қоғозлар битимлари бўйича ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси (инвестиция институти);
инвестиция институти — Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган лицензия асосида ўзининг қимматли қоғозлар билан боғлиқ фаолиятини асосий фаолият сифатида амалга оширадиган юридик шахс;
Кейинги таҳрирга қаранг.
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази;
Кейинги таҳрирга қаранг.
савдолар ташкилотчиси — қимматли қоғозлар билан биржа ва биржадан ташқари савдоларни ташкил этиш бўйича фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширадиган ва Марказий депозитарий ва ҲКП билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузган юридик шахс;
хизмат кўрсатувчи банк — чет эл валютасида операциялар ўтказиш учун лицензияга эга бўлган, ҲКП аъзолари ва мижозларининг пул маблағларининг ҳисобини юритиш ва сақлашга мўлжалланган ҲКПнинг чет эл валютасидаги иккиламчи талаб қилингунча депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузган ваколатли банк;
савдолар ташкилотчисининг қоидалари — қимматли қоғозларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш қоидаларини, қимматли қоғозларнинг котировка нархларини белгилаш, савдолар ташкилотчиси томонидан қатнашчиларни савдода иштирок этишларига рухсат бериш тартибини, ахборотларни ошкор қилиш тартибини ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳужжатларни ўз ичига олувчи савдолар ташкилотчиси томонидан тасдиқланган қимматли қоғозлар билан савдо қилиш қоидалари.
§ 2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг муомаласи
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг муомаласига Ўзбекистон Республикаси «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги Қонунининг 9-моддасида белгиланган тартибда йўл қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
4. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг мажбурий реквизитлари рўйхати қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
5. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар эмиссия рисоласини рўйхатдан ўтказиш учун олинадиган йиғим қонун ҳужжатларида миллий валютада чиқариладиган қимматли қоғозлар учун белгиланган тартибда эмитентлар томонидан эмиссия номинал қийматининг 0,1 фоизи миқдорида тўланади.
Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни чиқаришни рўйхатга олишга доир ҳужжатларни кўриб чиқиш учун олинадиган йиғим қонун ҳужжатларида миллий валютада чиқариладиган қимматли қоғозлар учун белгиланган тартибда эмитентлар томонидан энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида тўланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг номинал қиймати чет эл валютасида яхлит ўлчамларда кўрсатилади.
7. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар эмитентлар томонидан фақат нақдсиз шаклда чиқарилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сақлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва чет эл валютасидаги қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлаш, шунингдек чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар зиммасига юкланган мажбуриятларни ва бундай юклашларни тугатиш ҳолатлари ҳисоби Марказий депозитарийда амалга оширилади.
9. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг муомаласи ва уларни жойлаштириш, шу жумладан уларни Марказий депозитарийда ҳисобга қўйиш фақат қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида уларни чиқариш давлат рўйхатига олингандан сўнг амалга оширилади.
10. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозларнинг биржа ва биржадан ташқари бозорларида муомалада бўлиши мумкин.
11. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси бўйича бирламчи бозордаги битишувлари биржа бозорларида каби биржадан ташқари бозорларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларнинг олди-сотдиси бўйича иккиламчи бозордаги битишувлари фақат биржа ва ташкиллаштирилган биржадан ташқари бозорларда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Эгасининг алмашишига олиб келадиган чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар билан боғлиқ бошқа операциялар биржадан ташқари бозорда амалга оширилиши мумкин ва улар қонун ҳужжатларида миллий валютада муомалага чиқаралаётган қимматли қоғозлар учун белгиланган тартибда ва муддатларда албатта инвестицион институтда рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар олди-сотди битишувлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлар томонидан сотиб олинган қимматли қоғозларни чет эл валютасида тўлаш ҳолатларидан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича миллий валютада амалга оширилади.
§ 3. Ўзбекистон Республикаси резидентлари чиқарган қимматли қоғозларни норезидентлар томонидан сотиб олиниши
14. Қимматли қоғозларни чиқариш шартлари норезидентларга ушбу қимматли қоғозларга эгалик қилишни тақиқламаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқаришга йўл қўйилган ҳар қандай қимматли қоғозларни норезедент хорижий валютада сотиб олиши мумкин.
15. Норезидент томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар биржа ва биржадан ташқари бозорларда қонун ҳужжатларида миллий валютадаги қимматли қоғозлар сотилиши учун белгиланган тартибда сотилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Норезидентлар томонидан сотиб олинган қимматли қоғозларни резидентларга сотиш Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади.
16. Норезидентлар томонидан қимматли қоғозларни сотиб олиш учун пул маблағларини депонентга қўйиш тартиби, шунингдек тўлов муддатлари ҲКП ва савдолар ташкилотчиларининг қоидалари билан белгиланади.
17. Ташкиллаштирилган биржа бозорида резидентлар томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозлар норезидент томонидан сотиб олинаётган ёки сотилаётганда, унинг томонидан ваколат қилинган инвестиция институти топшириқ (комиссия) шартномасига асосан, савдода қимматли қоғозларни сотиб олади ёки сотади ва қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилган битишув тўғрисида норезидентга ҳисобот беради.
Резидентлар чиқарган қимматли қоғозларни ташкиллаштирилган биржадан ташқари бозорда сотиб олинаётганда ёки сотилаётганда, норезидент битишувни худди шу тартибда ёки мустақил амалга ошириши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Норезидентнинг «депо» ҳисобварағига келиб тушган қимматли қоғозлар ҳисоби норезидент билан белгиланган шаклда шартнома тузилган депозитарийда юритилади.
19. Норезидентлар томонидан давлат активларини акция кўринишида сотиб олишнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ Давлат мулки қўмитаси томонидан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Норезидент томонидан акция кўринишида сотиб олинган давлат активлари Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийларнинг фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Депозитар ҳисоб ва ҳисоботининг ягона қоидаларида (стандартларида) (1999 йил 1 декабрь, рўйхат рақами 844) ва қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, норезидентнинг депозитарийдаги «депо» ҳисоб рақамига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
§ 4. Тижорат банклари акцияларини сотиб олишнинг ўзига хос хусусиятлари
Кейинги таҳрирга қаранг.
21. Мазкур Низомнинг 22-бандида кўрсатилган шахслар томонидан банк-резидентлар акцияларини сотиб олиш бўйича битишувлар фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олдиндан рухсати олинганидан сўнг амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. Ўзбекистон Республикаси банк-резидентлари акцияларини сотиб олиш учун қуйидаги шахслар (бундан кейинги ўринларда олувчи деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг олдиндан рухсатини олишлари шарт:
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси норезидентлари;
эллик фоиздан ортиқ акциялари (иштирокчилар бадаллари) Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг эгалигида, фойдаланувида ва(ёки) тасарруфида бўлган Ўзбекистон Республикаси резидентлари — юридик шахслари.
23. Олувчиларнинг маблағларини тасарруф этувчилари (ишончли вакиллари) бўлиб ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси резидентлари, шунингдек, олувчилар учун банк-резидентларнинг акцияларини сотиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг олдиндан рухсатини олишлари шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
24. Оффшор зоналарда рўйхатга олинган олувчилар — юридик шахслар банклар-резидентлар акцияларини сотиб олишлари мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг олдиндан рухсатномасини олиш учун банк-резидентнинг акцияларини сотиб олиш учун рухсатнома бериш тўғрисида ариза тақдим этилади.
Аризада олувчилар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:
юридик шахснинг тўлиқ фирма номи ёхуд жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;
жойлашган жой (почта манзили) ёхуд турар жойи;
рўйхатга олиниш санаси, жойи ва рўйхатга олган орган кўрсатилган ҳолда юридик шахснинг ҳуқуқий мақоми ёхуд жисмоний шахснинг фуқаролиги (табаалиги);
акциялар миқдори ва тури кўрсатилган ҳолда олувчининг банк-резидент устав капиталидаги мўлжалланаётган иштирокининг миқдори.
26. Олувчи — юридик шахс томонидан банк-резидент акциялари сотиб олинаётганда мазкур аризага қуйидагилар илова қилинади:
а) олувчининг нотариал тасдиқланган таъсис ҳужжатлари нусхалари;
б) норезидент-олувчининг ваколатли органининг унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги банк устав капиталидаги иштироки тўғрисидаги қарори нусхаси;
в) норезидент-олувчи юридик шахснинг рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (ёки ундан кўчирма) нотариал тасдиқланган нусхаси;
г) олувчи фаолиятининг аудиторлик хулосаси билан тасдиқланган ўтган уч йиллик баланслари;
д) агар норезидент-олувчининг мамлакати қонунлари талаб қилса, норезидент-олувчи жойлашган мамлакат назорат органининг унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги банк капиталида иштирок этишига розилигини тасдиқловчи ҳужжат;
е) норезидент-олувчининг тўловга лаёқатлилиги тўғрисида биринчи даражали чет эл банки томонидан берилган тасдиғи;
ж) олувчининг таъсисчилари тўғрисидаги маълумотлар:
юридик шахслар учун — фирма номи, рўйхатга олинган сана ва жойи, олувчининг устав фондидаги (капиталидаги) иштирок этаётган улуши;
жисмоний шахслар учун — фамилияси, исми, отасининг исми, турар жойи (тўлиқ манзили), охирги икки йил учун ишбилармонлик ёки профессионал фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, олувчининг устав фондидаги (капиталидаги) иштирок этаётган улуши;
з) олувчи устав фондидаги иштирокчилар (устав фондининг камида 1 фоизига эгалик қилувчилар) тўғрисида уларнинг жойлашган жойи ва фаолият йўналишларининг қисқача мазмуни кўрсатилган маълумотлар.
27. Олувчи — жисмоний шахс томонидан банк-резидент акциялари сотиб олинаётганда, аризага унинг тўловга лаёқатлилигини (устав капиталидаги ўз улушини тўлашга лаёқатлиги) тасдиқловчи биринчи даражали чет эл банки томонидан берилган тасдиғи, шунингдек жисмоний шахснинг ушбу маблағларининг қонунийлиги тўғрисидаги хорижий давлат ваколатли органининг маълумотномаси илова қилинади.
28. Мазкур Низом мақсадларида биринчи даражали хорижий банк бўлиб IBСА, Mооdyʼs ёки Stаndаrd & Рооrʼs классификацияси бўйича қисқа муддатли мажбуриятларига АА, рrimе-1 дан паст бўлмаган рейтинги берилган хорижий банк тан олинади.
29. Банк-резидент акциялари олувчи номидан иштирок этаётган номинал сақловчи ёки бошқа шахс томонидан сотиб олинаётганда, аризада ва унга илова қилинаётган ҳужжатлар ва материалларда олувчи тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилиши шарт.
30. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қарор қабул қилиниши учун зарур бўлган қўшимча маълумотларни олувчилар ва бошқа шахслардан талаб қилишга ва олишга ҳақлидир.
31. Банк-резидентнинг акцияларини сотиб олиш учун рухсатнома бериш тўғрисида ариза ва унга илова қилинган материаллар ва ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ариза келиб тушган санадан бошлаб ўттиз кундан ошмаслиги керак. Аризани кўриб чиқиш муддатидан кечиктирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аризачини кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
32. Банк-резидент акцияларини сотиб олиш учун рухсатнома Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ёзма равишда берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
33. Мазкур Низом ва қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда банк-резидент акцияларини сотиб олган олувчи Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ банк акциядорлари реестрига киритилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
§ 5. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлар иштирокида қимматли қоғозларнинг олди-сотдисини амалга оширишда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш
34. Ташкиллаштирилган бозорларда чет эл валютасида тузиладиган қимматли қоғозлар олди-сотди битишувлари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда чет эл валютасидаги ҲКПнинг талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисобварағи орқали амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35. Ўзбекистон Республикасининг ташкиллаштирилган бозорларида норезидентлар, шунингдек хорижий ҳисобварақларидан фойдаланган резидентлар томонидан қимматли қоғозлар билан тузиладиган битишувлари бўйича пул маблағларининг ҳисоб-китоби Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҲКП иштирокида амалга оширилади.
36. Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозларни норезидентлар томонидан харид қилиш билан боғлиқ бўлган бошқа битишувлар бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу битишувлар инвестиция институтлари томонидан рўйхатга олинганидан сўнггина амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
37. Норезидент томонидан харид қилинган қимматли қоғозлар тўлиқ қийматининг тўлов муддатлари миллий валютадаги қимматли қоғозлар бўйича битишувлар учун қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
38. Қимматли қоғозларни ташкиллаштирилган бозорда тузилган битишувлар натижалари бўйича акциялар шаклидаги давлат активларини норезидентларга сотишдан тушган чет эл валютасидаги пул маблағлари хизмат кўрсатувчи банк томонидан, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тўлалигича сотиш мажбурияти билан, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидаги талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисобварағига ўтказилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
39. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида норезидентлар томонидан жойлаштирилган чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар олди-сотди битишувлари бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар ҲКПнинг талаб қилиб олингунча иккиламчи депозит ҳисобварағи орқали миллий валютада нақд пулсиз шаклда, шунингдек агар қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, чет эл валютасида ҳам амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
§ 6. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш, чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сўндириш
40. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар бўйича барча даромадлар тўлов кунига, агар уларни чиқариш шартларида бошқача шартлар белгиланган бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида тўланади.
41. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни сўндириш, қиймати миллий валютада ифодаланган қимматли қоғозлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
42. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент эмиссия рисоласида (чиқариш анкетасида) қимматли қоғозларни сўндириш (сотиб олиш) валютасини кўрсатиши лозим.
Кейинги таҳрирга қаранг.
43. Норезидентларнинг қимматли қоғозларни сотишдан тушган миллий валютадаги маблағлари зарурият бўлганда, чет эл банкларининг «лоро» вакиллик ҳисобварақларига миллий валютада киритилиши, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланилиши, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун ҳам.
Кейинги таҳрирга қаранг.
§ 7. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар бўйича ахборотларни ошкор қилиш ва ҳисоботларни тақдим қилиш
44. Инвестиция институтлари ва савдолар ташкилотчилари чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар операциялари бўйича миллий валютадаги битишувлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда алоҳида хронологик ҳисобни юритадилар, улар бўйича қимматли қоғозлар бозорини тартибга солишга доир ваколатли давлат органига маълумотлар тақдим этадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
45. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар эмитенти қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ҳисоботларни қимматли қоғозларни миллий валютада чиқарадиган эмитентлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
46. Чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар эмитенти ахборотларни ошкор этилишини, қимматли қоғозларни миллий валютада чиқарган эмитентлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади, ва ошкор этилиши лозим бўлган маълумотларни инглиз тилида, шунингдек эмитентнинг хоҳишига кўра ҳар қандай бошқа чет тилида қўшимча равишда республика матбуотида чоп этишга ҳақлидир.
Кейинги таҳрирга қаранг.
§ 8. Якуний қоидалар
47. Норезидентлар иштирокидаги битишувларни, шу жумладан, муддатида тўлови амалга оширилмаган битишувларни бекор қилиш ва уларни ҳақиқий эмас деб топиш шартлари ва тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
48. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари мазкур Низом талабларига риоя этмаганликлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
49. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ушбу Низом талабларига риоя қилинмаганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўришга ҳақли.
Кейинги таҳрирга қаранг.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 25-26-сон, 274-модда; 2009 й., 6-сон, 60-модда; 2014 й., 9-сон, 96-модда, 18-сон, 204-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.04.2019 й., 10/19/1692-4/2871-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)