ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ МУЛКИ ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДАГИ ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ФАОЛИЯТИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
ИНВЕСТИЦИЯ ВОСИТАЧИЛАРИНИНГ ЭМИТЕНТЛАРГА РАСМИЙ ДИЛЕР (МАРКЕТ-МЕЙКЕР)ЛИК ХИЗМАТЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2007 йил 26 майда 1682-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сон қарорини (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда) ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Молия вазирлиги ва Марказий банк Бошқаруви қарор қилади:
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Инвестиция воситачиларининг эмитентларга расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Бош директори К. ТОЛИПОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 9 март,
2007-03-сон
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 9 март,
33-сон
Марказий банк Бошқаруви раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 9 март,
289-В-сон
Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази, Молия вазирлиги ва Марказий банк Бошқарувининг
2007 йил 9 мартдаги 2007-03, 33, 289-В-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
2007 йил 9 мартдаги 2007-03, 33, 289-В-сон қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Инвестиция воситачиларининг эмитентларга расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида»ги, «Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида»ги, «Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами 2006 йил 39-сон, 387-модда) мувофиқ инвестиция воситачиларининг эмитентларга расмий дилер (маркет-мейкер)лик хизматларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
1. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
савдолар ташкилотчиси — биржа ва биржадан ташқари қимматли қоғозлар савдосини ташкил қилиш фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширувчи юридик шахс;
маркет-мейкер — маркет-мейкерларнинг расмий рўйхатига киритилган, қимматли қоғозларнинг аниқ бир турининг иккиёқлама котировкасини доимо эълон қилиш ва қўллаб туриш ҳамда қимматли қоғозларнинг уюшган биржа ва биржадан ташқари бозорида мазкур хизматларни амалга оширишдан келиб чиқадиган барча мажбуриятларни амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олган инвестиция воситачиси;
Кейинги таҳрирга қаранг.
савдолар ташкилотчисининг қоидалари — қимматли қоғозларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш, қимматли қоғозлар нархлари котировкасини аниқлаш жараёнларига доир тартибларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар савдоси қоидалари, қимматли қоғозларнинг савдоси ташкилотчиси томонидан қатнашчиларга савдоларда иштирок этишларига рухсат бериш тартиби, маълумотларни ошкор этиш тартиби ва қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа ҳужжатлар;
Кейинги таҳрирга қаранг.
маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш ҳақидаги шартнома (кейинги ўринларда — Шартнома) — инвестиция воситачиси ва савдолар ташкилотчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишнинг бошқа муҳим шартларини назарда тутувчи савдолар ташкилотчиси ва инвестиция воситачиси ўртасидаги ёзма келишув;
маркет-мейкерларнинг расмий рўйхати (кейинги ўринларда — Рўйхат) — Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширувчи инвестиция воситачиларининг ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган ва савдолар ташкилотчиси томонидан шакллантириладиган расмий рўйхати;
Кейинги таҳрирга қаранг.
иккиёқлама котировка — ўзи эълон қилган ёки қабул қилган шартлар асосида битимларни тузиш мажбуриятини олган ҳолда, маркет-мейкер томонидан бир вақтнинг ўзида эълон қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш нархлари;
очилиш нархи — маркет-мейкер томонидан савдо сессиясининг очилиши вақтида эълон қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш нархи;
ёпилиш нархи — маркет-мейкер томонидан савдо сессиясининг ёпилиши вақтида эълон қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш нархи;
ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Маркази.
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш шартлари
2. Инвестиция воситачиси маркет-мейкерлик хизматларини Рўйхатига киритилганидан кейин амалга оширади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Инвестиция воситачиси бир нечта эмитентларнинг қимматли қоғозлари бўйича маркет-мейкерлик хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бир эмитентнинг қимматли қоғозлари икки ёки ундан ортиқ маркет-мейкерлар томонидан, савдолар ташкилотчисининг Қоидаларида белгиланган тартибда, котировка қилиниши мумкин.
4. Инвестиция воситачисининг Рўйхатга киритилиши учун зарур шарти бўлиб қуйидагиларнинг мавжудлиги ҳисобланади:
қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия;
савдолар ташкилотчиси томонидан белгиланган миқдордан кам бўлмаган хусусий капитал;
қимматли қоғозлар эмитенти билан келишув (эмитентнинг махсус дилери хизмати кўрсатилган ҳолларда).
5. Инвестиция воситачиси Рўйхатга киритилиши учун савдолар ташкилотчисига савдолар ташкилотчиси томонидан белгиланган шаклдаги аризани тақдим этади. Аризага ушбу инвестиция воситачиси томонидан тасдиқланган, мазкур Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.
6. Маркет-мейкерлик хизматларини кўрсатиш мақсади бўлган инвестиция воситачиси савдолар ташкилотчисидан маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш шартлари ва талабларига тааллуқли бўлган маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.
Савдолар ташкилотчиси ўзининг Интернетдаги сайтида ўзи томонидан тасдиқланган маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишга қўйилган талаблар, ушбу талабларга ўзгартиришлар ва қўшимчаларни мунтазам равишда эълон қилиб бориши лозим.
7. Ҳар бир аризани кўриб чиқиш натижасига кўра, савдолар ташкилотчиси беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда инвестиция воситачисини Рўйхатга киритиш ёки Рўйхатга киритишни рад этиш ҳақида асосланган қарор қабул қилади.
8. Инвестиция воситачисини Рўйхатга киритишни асоссиз рад этишга йўл қўйилмайди.
9. Рўйхатга киритилиши рад этилган тақдирда, инвестиция воситачиси савдолар ташкилотчиси томонидан кўрсатилган камчиликларни бартараф этганидан кейин, Рўйхатга киритилиши учун умумий асосларга таянган ҳолда такроран ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
10. Инвестиция воситачисини қимматли қоғозларнинг аниқ бир тури бўйича маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш учун Рўйхатга киритилиши, ушбу инвестиция воситачисига қимматли қоғозларнинг бошқа турлари бўйича ҳеч қандай қўшимча ҳуқуқни бермайди ва/ёки ҳеч қандай қўшимча чеклашларни яратмайди.
11. Инвестиция воситачисини Рўйхатга киритиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, савдолар ташкилотчиси:
қарор қабул қилинган куннинг эртасидан кеч бўлмаган муддатда инвестиция воситачиси билан Шартнома тузади;
инвестиция воситачиси билан шартнома тузилган куни инвестиция воситачисининг номи, эмитентнинг номи ва котировкаланадиган қимматли қоғозларнинг турини кўрсатган ҳолда, инвестиция воситачисини Рўйхатга киритади.
12. Шартноманинг шакли ва мазмуни шартномада кўрсатилган тарафлар томонидан қонун ҳужжатлари талаблари ва савдолар ташкилотчиси Қоидаларига мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13. Шартнома имзоланган кундан бошлаб кучга киради ва инвестиция воситачисининг Рўйхатда бўлиши даври мобайнида амал қилади.
14. Шартноманинг бекор қилиниши қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, мазкур Низом талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Маркет-мейкер томонидан пул маблағлари ва қимматли қоғозлар лимитларини таъминлаш
15. Маркет-мейкер савдолар ташкилотчисининг пул маблағлари ва қимматли қоғозлар лимитларини таъминлаш бўйича талабларига амал қилиши шарт.
16. Қимматли қоғозлар ва пул маблағларининг лимитининг минимал миқдори савдолар ташкилотчиси томонидан қимматли қоғозлари маркет-мейкер томонидан котировка қилинаётган эмитентнинг устав фонди миқдоридан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги тартибда белгиланади:
пул маблағлари учун — эмитентнинг ушбу турдаги қимматли қоғозларининг умумий номинал баҳосига нисбатан фоиз ҳисобида;
қимматли қоғозлар учун — эмитентнинг ушбу турдаги қимматли қоғозлари умумий сонига нисбатан фоиз ҳисобида.
17. Савдолар ташкилотчиси ҳар бир савдо сессияси бошланишидан аввал ҳисоб-китоб клиринг операцияларини амалга оширувчи ташкилот маълумотлари асосида пул маблағлари ва қимматли қоғозлар лимитининг мувофиқлигини белгиланган тартибда аниқлайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
18. Маркет-мейкер қимматли қоғозлар лимитини таъминлаш мақсадида пул маблағларига нисбатан савдолар ташкилотчиси томонидан ўрнатилган лимитнинг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қарз маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
19. Қимматли қоғозларнинг лимитини таъминлаш мақсадида маркет-мейкер:
етишмаётган қимматли қоғозлар сонини эмитентдан ёки бошқа қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларидан сотиб олиш;
қимматли қоғозларни сотиб олиш учун репо-битимини тузиш;
қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усуллар билан қимматли қоғозларни сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Кейинги таҳрирга қаранг.
20. Зарур миқдордаги пул маблағлари ва/ёки қимматли қоғозлари мавжуд бўлмаган тақдирда, маркет-мейкер савдолар ташкилотчиси томонидан савдо сессиясига қўйилмайди.
21. Пул маблағлари ёки қимматли қоғозлар лимитини таъминлаш талаблари мунтазам равишда бузилган тақдирда, савдолар ташкилотчиси бу ҳақда маркет-мейкерни ёзма равишда огоҳлантиради.
Инвестиция воситачиси томонидан пул маблағлари ёки қимматли қоғозлар лимити талаблари у бу ҳақда огоҳлантирилганидан кейин ҳам бузилса, савдолар ташкилотчиси уни Рўйхатдан чиқариб юбориш ҳуқуқига эга.
22. Рўйхатдан чиқарилган инвестиция воситачиси савдолар ташкилотчисига ўзини Рўйхатга киритилишини сўраб ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Инвестиция воситачисини Рўйхатга киритиш мазкур Низомнинг 2-бўлимида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
4. Қимматли қоғозларнинг маркет-мейкер томонидан иккиёқлама котировка қилиниши
23. Қимматли қоғозларнинг иккиёқлама котировка қилинишининг таъминланиши ва реализация қилиниши маркет-мейкер томонидан савдолар ташкилотчисининг Қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Инвестиция воситачиси томонидан маркет-мейкерлик хизматлари бир вақтнинг ўзида ташкиллаштирилган биржа ва биржадан ташқари бозорларда кўрсатилган тақдирда, биржа ва биржадан ташқари бозорларда у томондан бир хил нарх диапазони белгиланади.
24. Агар ташкиллаштирилган бозорда эмитентнинг қимматли қоғозлари бўйича аввал тузилган битимлар мавжуд бўлмаса, маркет-мейкер ўзи котировка қиладиган қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишнинг бошланғич нархларини мустақил равишда белгилайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.
Кейинги таҳрирга қаранг.
25. Маркет-мейкер қуйидагиларни эълон қилиши шарт:
ҳар бир савдо сессияси бошланишида — сотиб олиш ва сотиш учун очилиш нархлари;
ҳар бир савдо сессияси давомида — жорий вақтдаги сотиб олиш ва сотиш нархлари;
ҳар бир савдо сессияси сўнгида — сотиб олиш ва сотиш учун ёпилиш нархлари.
26. Ёпилиш нархи кейинги савдо сессиясининг очилиш нархи ҳисобланади.
27. Маркет-мейкер томонидан эълон қилинган нархлар, у томондан қимматли қоғозларга бўлган талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
28. Котировка нархларининг шаклланиши ҳаққоний бозор нархларини белгилаш тамойилларидан ва котировка қилинадиган қимматли қоғозлар ликвидлилигини таъминлашдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши зарур.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Қимматли қоғозларнинг сотиб олиш ва сотиш нархларини маълум қилишда маркет-мейкер эълон қилинган нархлар тааллуқли бўлган қимматли қоғозларнинг сонини ошкор қилиши шарт, шунингдек, эълон қилинган нархларнинг амал қилиш муддатини маълум қилиш ҳуқуқига ҳам эга.
30. Сотиб олиш ва сотиш нархларини эълон қилиш маркет-мейкер томонидан тегишли маълумотларни савдо тизимига киритиш йўли билан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Эълонда (қимматли қоғозларни сотиб олиш/сотиш учун аризада) бошқа шартлар бўйича кўрсатмалар кўзда тутилмаганда, маркет-мейкер олди-сотди битимларини савдо қатнашчилари томонидан таклиф қилинган шартлар бўйича тузишга мажбур.
32. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириши давомида инвестиция воситачиси ўзи котировкасини олиб бораётган қимматли қоғозларни сотиш ва сотиб олиш бўйича келиб тушаётган буюртмалар, у томонидан эълон қилинаётган сотиш ва сотиб олиш нархлари, шунингдек амалга оширилган ва рад этилган битимлар тўғрисида савдо тизимида акс эттирилган ахборотларнинг қоғоз ва/ёки электрон кўринишдаги алоҳида ҳисобини олиб бориш журналини (кейинги ўринларда — Журнал) юритади.
Журналнинг шакли савдолар ташкилотчиси томонидан белгиланади.
33. Инвестиция воситачиси маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишининг бутун даври давомида Журналга киритилган маълумот ва ахборотларнинг сақланишини таъминлаши лозим. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириши тугатилгандан сўнг инвестиция воситачиси Журнални савдолар ташкилотчисига сақлаш учун топшириши лозим.
5. Маркет-мейкернинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
34. Маркет-мейкер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
савдолар ташкилотчисидан ўз хизматларини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни сўраб олиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эмитент билан келишувни бекор қилиш ёки унинг муддатини узайтириш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
савдолар ташкилотчисига ўзининг хизматларини амалга ошириш шарт-шароитларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
ўз ҳуқуқларини чегаралайдиган ҳаракатлар юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
агар сотиб олинган қимматли қоғозларнинг сони, сотилган қимматли қоғозлар сонини айирганда, савдо сессияси давомида савдолар ташкилотчиси томонидан ушбу турдаги қимматли қоғоз бўйича белгиланган мажбурий котировканинг минимал миқдоридан икки баравар кўп бўлса, мажбурий сотиб олиш котировкасини белгилашни рад этиш;
агар сотилган қимматли қоғозларнинг сони, сотиб олинган қимматли қоғозлар сонини айирганда, савдо сессияси давомида савдолар ташкилотчиси томонидан ушбу турдаги қимматбаҳо қоғоз бўйича белгиланган мажбурий котировканинг минимал миқдоридан икки баравар кўп бўлса, мажбурий сотиш котировкасини белгилашни рад этиш;
савдолар ташкилотчисининг Қоидалари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
35. Маркет-мейкер қуйидагиларни бажаришга мажбур:
маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишнинг бутун даври давомида хусусий капитал миқдорига нисбатан қўйиладиган талабларни бажариш;
мазкур Низом, Шартнома ва савдолар ташкилотчисининг Қоидаларига мувофиқ зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариш;
фақатгина ўз номидан ва ўз ҳисобидан битимлар тузиш, мазкур Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолларда эса, қарз маблағлари ҳисобига битимлар тузиш;
савдолар ташкилотчиси томонидан ўрнатилган нарх диапазонларидан чиқмаган ҳолда, талаб ва таклиф асосида, ўзи котировкасини амалга ошираётган қимматли қоғозларнинг иккиёқлама котировкасини таъминлаш;
ҳар бир савдо сессияси учун ўрнатилган қимматли қоғозлар ва пул маблағлари миқдори лимитларини доимий равишда таъминлаш;
ҳар бир савдо сессиясининг бошланишида қимматли қоғозларнинг қатъий белгиланган бошланғич сотиб олиш ва сотиш нархларини эълон қилиш;
ўзи томонидан савдо тизимига киритилган қатъий белгиланган сотиб олиш ва сотиш нархлари асосида битимлар тузиш;
мазкур Низом ва қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда маълумотларни ошкор этиш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
савдо ташкилотчисининг қоидалари ва қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа талабларни бажариш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишдаги чеклашлар
36. Маркет-мейкер ўзи котировкасини амалга ошираётган қимматли қоғозлар бўйича брокер сифатида иштирок этишга ҳақли эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
37. Ушбу қимматли қоғозлар эгаларини ўзгартирмасдан туриб битимлар тузилишига олиб келадиган буюртмаларни қаноатлантирилишига йўл қўйилмайди.
38. Маркет-мейкер буюртмаларни уларнинг келиб тушиши навбати бўйича бажариши шарт ва бир нархдаги, бир партиядаги сотиб олиш ва сотиш учун буюртмаларни бирлаштиришга ҳақли эмас.
39. Маркет-мейкер маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш учун қарз маблағларини Ўзбекистон Республикасининг резидент жисмоний шахсларидан, шунингдек норезидент юридик ва жисмоний шахсларидан жалб қилишга ҳақли эмас.
7. Маълумотнинг ошкор этилиши
40. Савдолар ташкилотчиси ўзининг Интернетдаги сайтида маркет-мейкерлар мажбуриятларини бажарувчи инвестиция воситачиларининг номларини, уларнинг ҳар бири мазкур мажбуриятларни бажараётган қимматли қоғозларни кўрсатган ҳолда, ҳар бир маркет-мейкер мажбуриятининг миқдори (шу жумладан, нарх диапазонига нисбатан), савдолар ташкилотчиси томонидан ҳар бир маркет-мейкерга унинг мажбуриятларини амалга ошириши учун берилаётган имтиёзларни ошкор этиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
41. Ҳар чорак якунидан сўнг икки иш кунидан кечиктирмасдан маркет-мейкер савдолар ташкилотчисига иккиёқлама котировкаларни амалга ошириш учун мазкур қарз маблағларини берган юридик шахслар томонидан тасдиқланган, жалб қилинган қарз маблағларининг миқдори тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилади.
42. Маркет-мейкер томонидан мазкур Низомнинг 41-бандида кўзда тутилган маълумотларнинг тақдим қилинмаслиги Шартноманинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.
8. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга оширишни тўхтатиш, тугатиш
43. Маркет-мейкерлик хизматларини амалга ошириш қуйидаги ҳолларда тўхтатилади ёки тугатилади:
қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси сифатида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензиясининг амал қилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатилганда, тугатилганда ёки бекор қилинганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
қимматли қоғозлар бозорига оид қонун ҳужжатлари, ушбу Низом ёки савдолар ташкилотчисининг Қоидалари талаблари бузилганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
суд қарори асосида;
ваколатли давлат органининг кўрсатмаси бўйича;
савдолар ташкилотчиси билан тузилган Шартнома шартларининг маркет-мейкер томонидан бузилганида;
маркет-мейкер эълон қилинган нархлар бўйича битимлар тузишдан бир неча бор бош тортганда;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳолларда.
Кейинги таҳрирга қаранг.
44. Маркет-мейкер ўз хоҳишига кўра, Шартномани бекор қилиниши кутилаётган кундан камида бир ой олдин Шартномани бекор қилиш тўғрисида ёзма хабарнома юбориш орқали ўз хизматларини амалга оширишни тугатиш ҳуқуқига эга.
9. Назорат ва жавобгарлик
45. Қонун ҳужжатларини бузганлик ҳолатлари аниқланган тақдирда савдолар ташкилотчиси икки иш куни мобайнида ваколатли давлат органини ёзма равишда хабардор этиши шарт.
Кейинги таҳрирга қаранг.
46. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда жавобгар бўладилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
47. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.
Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси раиси в.б. Б. УЛАШОВ
Тошкент ш.,
2007 йил 5 март
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 22-сон, 227-модда; 2009 й., 8-сон, 80-модда; 2014 й., 50-сон, 600-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.01.2019 й., 10/19/1682-3/2448-сон, 15.04.2019 й., 10/19/1682-4/2941-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 10/21/3338/1117-сон; 28.12.2024 й., 10/24/3595/1086-сон)