Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
ички ишлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари давлат реестрида 2023 йил 21 июнда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4515-ИТ-2023-Ҳ]
Муқаддима
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати, кейинги ўринларда Томонлар деб аталувчилар,
жиноятчиликнинг турли шаклларининг жамоат тартиби ва хавфсизлиги, шунингдек, фуқароларнинг фаровонлигига салбий оқибатларидан огоҳ бўлиб,
жиноятчилик ва терроризмга қарши курашиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашда ички ишлар органлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиб,
тенглик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик принциплари асосида мавжуд дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида,
Гиёҳванд воситалари тўғрисидаги Ягона конвенция (Ню-Ёрк, 1961 йил 30 март), унинг ўзгартиришлар тўғрисидаги қўшимча Протоколи (Женева, 1972 йил 25 март), Психотроп моддалар тўғрисидаги Конвенция (Вена, 1971 йил 21 февраль), Гиёҳванд воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш тўғрисида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Конвенцияси (Вена, 1988 йил 20 декабрь), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенцияси (Ню-Ёрк, 2000 йил 15 ноябрь) ва унинг қуруқлик, денгиз ёки ҳаво орқали мигрантларнинг контрабандасига қарши қўшимча Протоколи (Ню-Ёрк, 2000 йил, 15 ноябрь), Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва жазолаш Протоколи (Ню-Ёрк, 2000 йил 15 ноябрь), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг коррупцияга қарши Конвенцияси (Ню-Ёрк, 2003 йил 31 октябрь) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси иштирокчи бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида қабул қилинган терроризмга қарши Конвенциялар, шунингдек, Глобал ҳаракатлар режаси (Ню-Ёрк, 1990 йил 23 февраль) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 45/123-сонли Уюшган жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорлик тўғрисидаги резолюциясини (Ню-Ёрк, 1990 йил 14 декабрь) инобатга олиб,
Ўзбекистон Республикаси, бир томондан, ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга А'зо-Давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида Битимнинг 72-моддаси қоидаларни инобатга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мақсадлар
Мақсадлар
1. Мазкур Битимнинг мақсади барча кўринишлардаги оғир ва янги пайдо бўлаётган жиноятчилик шакллари ва терроризмнинг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш бўйича ҳамкорликни рағбатлантириш, ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат.
2. Мазкур Битим амалдаги халқаро ҳуқуққа ҳамда Италия томонига нисбатан унинг Европа Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ амалга оширилади.
2-модда
Ваколатли органлар
Ваколатли органлар
1. Қуйидагилар мазкур Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар ҳисобланади:
а. Ўзбек томони учун — Ички ишлар вазирлиги;
б. Италия томони учун — Ички ишлар вазирлиги.
3-модда
Ҳамкорлик соҳалари
Ҳамкорлик соҳалари
1. Томонлар жиддий ва юзага келаётган жиноий ҳодисалар ҳамда унинг барча шаклларидаги трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишда, қуйидаги соҳаларга алоҳида эътибор қаратиб, бироқ улар билан чекланмаган ҳолда, ҳамкорлик қиладилар:
а. Трансмиллий уюшган жиноятчилик ва коррупция;
б. Иккала Томоннинг миллий қонунчилиги ёки улар учун мажбурий бўлган тегишли халқаро конвенцияларга мувофиқ жиноятлар деб топиладиган террористик гуруҳлар фаолияти, шу жумладан, ушбу террористик гуруҳларни молиялаштиришга қаратилган фаолиятлар;
с. Шахсларга қарши жиноятлар, хусусан, одам ўғирлаш ва фоҳишаликбозликдан фойдаланиш;
д. Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ҳамда уларнинг кимёвий прекурсорларини, шунингдек, уларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асосий кимёвий моддаларни, психофаол принципларни ўз ичига олган ва допинг қўллашда фойдаланиладиган дори воситаларини, янги психоактив моддаларнинг (ЯПМ) қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарилиши ва муомаласи;
э. Одам савдоси, айниқса аёллар ва болалар, шунингдек, инсон аъзолари ва тўқималари савдоси ҳамда мигрантлар контрабандаси ва улар билан боғлиқ жиноятлар;
ф. Қуроллар, ўқ-дорилар, портловчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи;
г. Кибержиноят ва онлайн болалар порнографияси;
ҳ. Иқтисодий ва молиявий жиноятлар, шу жумладан, жиноий даромадларни легаллаштириш;
и. Жиноий даромадларни легаллаштириш;
ж. Мулкий жиноятлар, шу жумладан, тарихий ва маданий меросларга қарши жиноятлар;
к. Экология соҳасидаги жиноятлар;
л. Пул, тўлов карталари ва бошқа тўлов ҳужжатларини қалбакилаштириш ва умуман қалбакилаштириш билан боғлиқ жиноятлар;
м. Транспорт жиноятлари;
н. Бошқа оғир жиноятлар.
2. Ваколатли органлар жиноий қилмишлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидагиларни кафолатлаш учун ҳам ҳамкорлик қиладилар:
а. Айниқса, йирик тадбирлар ва ижтимоий инқирозлар муносабати билан жамоат тартиби ва хавфсизлиги;
б. жамоатчилик полициясини (ички ишлар жамоатчилик тартибини) ривожлантириш;
с. йўл ҳаракати хавфсизлиги, аэропортлар, темир йўллар, метролар, шунингдек, туристик жойларда хавфсизлик;
д. суд экспертизаси соҳасида ҳамкорлик;
э. кинология соҳасида ҳамкорлик;
ф. соғлиғи ёки ёшига кўра ўзи тўғрисида маълумот бера олмайдиган шахсларни, шунингдек, шахси номаълум жасадларни аниқлаш;
г. полиция (ички ишлар) кучлари томонидан қўлланиладиган материал, жиҳоз ва технологиялар ҳақида маълумот алмашиш;
ҳ. ахборот ва телекоммуникация тизимларини ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш;
и. асосий, малака ошириш ва ихтисослаштирилган таёрлов соҳасида, шунингдек, бир Томон ходимларининг бошқа Томон мамлакатида муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган мавзуларда ташкил этиладиган ўқув курслари ва тадбирларида иштирок этиши орқали ҳамкорлик қилиш.
3. Мазкур Битим экстрадиция масалаларига ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга таъсир қилмайди.
4. Ваколатли органлар қоидалари жиноятчиликка қарши курашнинг муайян соҳаларида Томонларнинг ҳамкорлигини белгилайдиган техник келишувлар тузишлари мумкин.
4-модда
Ҳамкорлик шакллари
Ҳамкорлик шакллари
1. Мазкур Битимда назарда тутилган ҳамкорлик шакллари қуйидагилардан иборат:
А) Қуйидагилар бўйича ахборот алмашинуви олиб борилади:
а. жиноятлар, уюшган жиноий гуруҳлар, тузилган гуруҳлар ва уларга алоқадор шахслар, шунингдек, уларнинг тузилиши, бошқаруви ва ишлаш услуби тўғрисида;
б. қидирувдагиларни излаш;
с. тегишли ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳлар ва уларга алоқадор шахслар, шунингдек, уларнинг ишлаш усуллари тўғрисида;
д. гиёҳвандлик воситалари, уларнинг прекурсорлари ва кимёвий моддаларнинг муомаласи билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахслар тўғрисида;
э. ноқонуний қўлга киритилган активларни аниқлаш ва топиш бўйича;
ф. тартибсиз иммиграция бўйича;
г. бузиб кўрсатилган ва қалбакилаштирилган ҳужжатларни аниқлаш мақсадида паспортлар ва бошқа саёҳат ҳужжатлари, виза ҳамда кириш-чиқиш штамплари намуналари тўғрисида;
ҳ. кибержиноятга, хусусан, болалар жинсий эксплуатациясига ва онлайн болалар порнографиясига қарши курашиш;
и. ваколатли органлар учун ўзаро қизиқиш уйғотадиган бошқа маълумот алмашинуви.
Б) умумий қизиқиш уйғотадиган жиноий ҳодисаларни таҳлил қилиш ва тезкор воситалар ва илғор тажрибаларни, хусусан, қуйидагиларни алмашиш:
а. олиб қўйилган ва мусодара қилинган мол-мулкни бошқариш;
б. тегишли мамлакатларда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларнинг янги турлари, кимёвий прекурсорлар ва улар билан боғлиқ жиноятлар, шунингдек, бундай моддаларнинг компьютер тармоқлари орқали халқаро айланмаси тўғрисида ҳамда олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари намуналарининг таҳлиллари натижалари тўғрисида;
с. жиноятчиликка қарши курашнинг қонунчилик ва илмий воситалари, шу жумладан, тергов ва илмий таҳлил усуллари тўғрисида;
д. жамоат ишлари бўйича тендерларда иштирок этувчи компанияларнинг жиноий кириб келишининг олдини олиш ва чек қўйиш усуллари ва тезкор амалиётлари тўғрисида;
э. одам савдоси ва муҳожирларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш усуллари тўғрисида;
ф. бошқа Томоннинг ҳудудида иммиграция қонунчилигига кўра, тартибсиз бўлиб турган ўзларининг фуқароларини аниқлаш ва қайта қабул қилиш тўғрисида, бундай ҳамкорликни яхшироқ амалга ошириш учун тезкор тадбирларни ўз ичига олган ижро этиш баённомасини тузиш имконияти билан.
С) назорат остида етказиб бериш, электрон кузатув ёки кузатувнинг бошқа шакллари ва махфий операциялар каби махсус тергов усулларини амалга оширишни мувофиқлаштириш учун зарур чоралар кўриш;
Д) 5-моддада назарда тутилган ёрдам сўровларини ижро этиш;
Э) Қуйидагиларда стратегик ҳамкорликни амалга ошириш:
а) ходимларни тайёрлаш бўйича тренинглар ва илғор амалиётлар;
б) тажриба ва экспертлар алмашинуви;
с) курслар, ўқув тадбирлари ва қўшма тадбирларни ташкил этиш;
д) салоҳиятни ошириш;
э) ташрифлар, семинарлар ташкил этиш, илғор тажриба алмашиш;
ф) қонунчилик, илмий ва технологик воситалар, ташкиллаштириш ва бошқариш, илмий-тадқиқот ва технологик инновациялар, юзага келаётган хавфсизлик таҳдидларини таҳлил қилиш ва уларни чеклашга қаратилган сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича ахборот алмашинуви.
2. Томонларнинг ваколатли органлари мазкур Битим кучга киргандан сўнг (30) ўттиз календар кун ичида унинг қоидаларини амалга ошириш учун ўзларининг алоқа шахслари рўйхатини алмашадилар.
5-модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров
Ёрдам кўрсатиш тўғрисида сўров
1. Мазкур Битим доирасидаги ҳамкорлик манфаатдор Томоннинг ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўрови (кейинги ўринларда — сўров) асосида амалга оширилади. Ҳар бир Томон бошқа Томонга ўзида мавжуд бўлган маълумотни, башарти бундай маълумотлар бошқа Томон учун қизиқиш уйғотишига асослар мавжуд бўлса, сўровсиз ҳам юбориши мумкин.
2. Сўров ёзма шаклда, шу жумладан, матн узатишнинг техник воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилади. Зарур ҳолларда, сўровлар ва маълумот оғзаки равишда юборилиши мумкин, бироқ улар кейинги (3) уч кун ичида ёзма равишда тасдиқланиши лозим.
3. Сўровнинг ҳақиқийлиги ёки мазмуни юзасидан шубҳа уйғонган тақдирда, унинг қўшимча тасдиқланиши талаб қилиниши мумкин.
4. Сўров қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
а. маълум бўлса, ёрдам кўрсатишни сўраётган ва сўралаётган органнинг номи;
б. сўров, унинг мақсади ва асосини акс эттирувчи баёнот;
с. сўровни лозим даражада бажариш учун фойдаланиш мумкин бўлган ҳар қандай бошқа маълумот.
5. Сўров расмий идоравий бланкда расмийлаштирилади ҳамда сўраётган Томон давлати ваколатли органининг мутасадди мансабдор шахси томонидан имзоланади.
6. Томонлар ўз давлатлари ваколатли органларининг сўровларни имзолаш ваколатига эга мансабдор шахсларининг рўйхатларини ва идоравий бланклар намуналарини алмашишлари лозим. Томонлар сўровларни имзолаш ваколатига эга бўлган мансабдор шахсларнинг рўйхатлари ёки расмий идоравий бланкларда ҳар қандай ўзгариш бўлган тақдирда, бу ҳақда бир-бирларини дарҳол хабардор қиладилар.
6-модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш
Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровни ижро этиш
1. Сўралаётган Томон (30) ўттиз календар кун ичида сўровнинг тез ва тўлиқ ижросини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради. Сўралаётган Томон сўровнинг бажарилишига тўсқинлик қилувчи ёки унинг бажарилишини сезиларли даражада кечиктирадиган ҳолатлар тўғрисида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилади.
2. Агар сўровни бажариш сўралаётган Томон органининг ваколатига кирмаса, мазкур орган дарҳол бу тўғрисида сўраётган Томонни хабардор қилади ва унинг сўровига кўра уни тегишли ваколатли органга етказади.
3. Сўралаётган Томон сўровни лозим даражада бажариш учун зарур деб ҳисобланган қўшимча маълумотни талаб қилишга ҳақли.
4. Сўровномани бажариш сўралаётган Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
5. Агар сўралаётган Томон сўровни бажариш ўз давлатида амалга оширилаётган жиноий таъқиб ёки жиноий иш юритувига аралашиши мумкин деб ҳисобласа, у сўров ижросини кейинга қолдириши ёки унинг бажарилишини сўраётган Томон билан маслаҳатлашувдан сўнг зарур деб топилган шартларга риоя қилиш орқали олиб бориши мумкин. Агар сўраётган Томон сўровнинг бундай шартларда бажарилишига рози бўлса, сўралаётган Томон уларга риоя қилиши лозим.
6. Сўралаётган Томон сўровни бажариш натижалари тўғрисида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилади.
7-модда
Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровни бажаришни рад этиш
Ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровни бажаришни рад этиш
1. Сўралаётган Томон сўровноманинг бажарилиши ўз давлатининг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартибига ёки бошқа муҳим манфаатларига зарар етказиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилишига олиб келиши мумкин ёки ўз давлатининг қонунчилигига ёхуд халқаро мажбуриятларига зид деб ҳисобласа, сўровнинг бажарилишини тўлиқ ёки қисман рад этиши мумкин.
2. Агар сўров юборилишига сабаб бўлган қилмиш сўралаётган Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланмаса, ёрдам кўрсатиш рад этилиши мумкин.
3. Имкон бўлса, сўралаётган Томон мазкур модданинг 1- ва 2-бандлари асосида ёрдам кўрсатишни рад этиш тўғрисида қарор чиқаришдан олдин сўраётган Томон зарур деб ҳисоблаган шартларга амал қилган ҳолда ёрдам кўрсатиш мумкинлигини кўриб чиқиш учун сўраётган Томон билан маслаҳатлашади. Сўраётган Томон унга ёрдам кўрсатилиши учун асос бўладиган шартларга риоя қилиши лозим.
4. Сўраётган Томон сўров бажарилишининг тўлиқ ёки қисман рад этилиши тўғрисида рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.
8-модда
Шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш
Шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш
1. Мазкур Битимнинг 4-моддаси 1-бандининг А — Д бандларида ва 3-модданинг 4-бандида кўрсатилган Техник келишувларга мувофиқ, узатилган шахсга доир маълумотлар фақатгина 1-моддада назарда тутилган мақсадлар учун ва ушбу Битимнинг ажралмас қисми бўлган 1-иловада келтирилган уларни тақдим этишга доир бандларга мувофиқ қайта ишланади.
2. Мазкур Битим ва тегишли Техник келишувларни амалга ошириш учун олинган бошқа Томон ходимлари ва ҳамкорларининг шахсга доир маълумотларининг ҳимоясини таъминлаш учун Томонлар бундай маълумотни учинчи томонларга тақдим этмайдилар ва ҳар қандай ҳолатда ҳам бошқа Томоннинг ёзма розилигисиз уларни келишилган мақсадларга мос келмайдиган тарзда қайта ишламайди.
9-модда
Қўшма гуруҳлар
Қўшма гуруҳлар
1. Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни баҳолаш ва такомиллаштириш мақсадида тенг миқдордаги вакиллардан иборат бўлган, йилига камида бир марта, хусусан, видеоанжуман шаклида йиғилишлар ўтказадиган, жиноятчиликка қарши курашда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган қўшма ҳаракатлар режасини ва бошқа фойдали ташаббуслар ишлаб чиқадиган стратегик ҳамкорлик бўйича қўшма гуруҳ тузадилар.
2. Ваколатли органлар юзага келган тезкор эҳтиёжларга кўра ва чекланган муддатларда маслаҳат, ёрдам кўрсатиш ва таҳлил қилиш вазифалари доирасида фаолият юритувчи қўшма тезкор ва тергов ишчи гуруҳларини ҳам тузишлари мумкин.
10-модда
Маслаҳатлашувлар ва учрашувлар
Маслаҳатлашувлар ва учрашувлар
Ваколатли органлар вакиллари видеоанжуман шаклида ҳам учрашувлар ва маслаҳатлашувлар ўтказишлари мумкин.
11-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Башарти, иккала ваколатли органлар ёзма равишда бошқача тарзда келишмаган бўлсалар, ёрдам сўровларини бажариш билан боғлиқ жорий харажатларни қабул қилувчи ваколатли орган қоплайди. Агар ёрдам сўрови катта ёки назарда тутилмаган харажатларни ўз ичига олган бўлса, ваколатли органлар сўровни кўриб чиқиш муддатлари ва шартларини ва харажатларни тақсимлаш усулини ишлаб чиқиш учун маслаҳатлашадилар.
2. Ваколатли органлар томонидан бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, учрашувлар харажатларини қабул қилувчи ваколатли орган, йўл ва турар жой харажатларини эса юборувчи ваколатли орган қоплайди.
3. Томонлар бир-бирларига жиноятчиликка қарши кураш вазифаларини ҳал қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва материалларни ўз ичига олувчи беғараз кўмак кўрсатадилар.
12-модда
Фойдаланиладиган ишчи тиллар
Фойдаланиладиган ишчи тиллар
1. Томонлар мазкур Битим доирасидаги ҳамкорликни амалга оширишда ўзбек, итальян ва инглиз тилларидан фойдаланадилар.
2. Сўровлар сўралаётган Томоннинг расмий тилига ёки инглиз тилига таржима қилиш шарти билан сўраётган Томоннинг расмий тилида юборилади.
13-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Мазкур Битимни талқин қилиш ёки қўллаш билан боғлиқ ҳар қандай низолар Томонлар ўртасида бевосита маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
14-модда
Мутаносиблик шарти
Мутаносиблик шарти
Мазкур Битимнинг қоидалари Томонларнинг улар иштирокчи бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
15-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Мазкур Битим унинг кучга кириши учун зарур бўлган Томонларнинг давлат ички процедуралари бажарилганлигини тасдиқловчи иккита ёзма хабарномаларнинг сўнггиси олинган санадан бошлаб кучга киради. Башарти Томонлардан бири бошқа Томонни мазкур Битимни тугатиш нияти тўғрисида тугатилиш санасидан камида 6 (олти) ой олдин ёзма равишда хабардор қилмаса, мазкур Битим номуайян муддат давомида амал қилади.
2. Мазкур Битим кучга кириши билан Рим шаҳрида 2000 йил 21 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида уюшган жиноятчилик, терроризм ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ғайриқонуний муомаласига қарши курашда ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги Битим ўз кучини йўқотади.
3. Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига мувофиқ, мазкур Битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ушбу келишилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва ушбу модданинг 1-банди қоидаларига мувофиқ, кучга киради.
4. Мазкур Битим тугатилган тақдирда, унинг қоидалари мазкур Битимга мувофиқ амалга оширилаётган барча тугатилмаган тадбирларга нисбатан қўлланишда давом этади.
Тегишли тартибда ваколатланган қуйида имзо чекувчилар шунга гувоҳлик бериб, мазкур Битимни имзоладилар.
Рим шаҳрида 2023 йил 8 июнда икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, итальян ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Талқин қилишда тафовутлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)
Илова
Шахсга доир маълумотларни топшириш тўғрисидаги
Қоидалар
Ўзбекистон ва Италия қонунчилиги, шунингдек, Италия томонига нисбатан унинг Европа Иттифоқига аъзолигидан келиб чиқадиган мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Италия Республикаси Ҳукумати ўртасида ички ишлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг (кейинги ўринларда — Битим) 2-моддасига мувофиқ, ҳар бир Томоннинг «ваколатли органи» бошқа Томонни мазкур Илованинг бандларида кўрсатилган кафолатлар асосида шахсга доир маълумотлар билан таъминлайди. Бундай кафолатлар Томонлар учун мажбурийдир ва уларнинг тегишли қонунчилигидаги ҳар қандай зиддиятли мажбуриятлардан устун ҳисобланади.
I. Таърифлар
Ушбу бандлар мақсадларида қуйидагилар қўлланилади:
(а) «Марказий ваколатли орган» — бу мазкур Битимда маълумот алмашиш учун алоқа нуқтаси сифатида кўрсатилган орган (органлар) ёки уни амалга ошириш учун ваколатли ҳисобланган орган (органлар)дир;
(б) «бошқа орган» миллий қоидаларга мувофиқ, давлат ваколатларини амалга ошириш вазифаси юклатилган давлат органи ёки орган ёҳуд ташкилот ва жиноятларнинг олдини олиш, тергов қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш ёки жиноий жазо чораларини қўллаш, шу жумладан, ундан ҳимоя қилувчи органдир;
(с) «шахсга доир маълумотлар» муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификасия қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборотни англатади;
(д) «шахсга доир маълумотлар субъекти» шахсга доир маълумотлар тааллуқли бўлган жисмоний шахсни англатади;
(э) «махсус маълумотлар» — бу ирқий ёки этник келиб чиқиши, жамоат фикри, диний ёки фалсафий эътиқодлари, касаба уюшмасига мансублигини, жисмоний шахсни ягона аниқлаш учун мўлжалланган генетик ёки биометрик маълумотлар, шу жумладан, ҳар қандай шахснинг соғлиғи ва жинсий ҳаётига доир маълумотларни акс эттирувчи ҳар қандай шахсга доир маълумотлардир;
(ф) «судга оид маълумотлар» — бу жиноий ҳукмлар ва жиноятлар ёки тегишли хавфсизлик чоралари билан боғлиқ ҳар қандай шахсга доир маълумотлардир;
(г) «умумий маълумотлар» — бу махсус ёки судга оид бўлмаган ҳар қандай шахсга доир маълумотлардир;
(ҳ) «қайта ишлов бериш» — бу йиғиш, рўйхатдан ўтказиш, ташкиллаштириш, тузилиш, сақлаш, мослаштириш ёки ўзгартириш, қазиб олиш, маслаҳатлашув, фойдаланиш ёки узатиш, айланиш ёки ўзаро боғланиш ёки таққослаш, чеклаш, йўқ қилиш ёки бузиш каби ҳар қандай бошқа шаклдаги автоматлаштирилган жараёнлар ёрдами билан ёки уларсиз шахсга доир маълумотлар устида ҳар қандай операция ёки кўпроқ операцияларни амалга оширишдир;
(и) «маълумотлар узатиш» — бу ҳуқуқни муҳофаза қилиш мақсадида бир Томоннинг органидан бошқа Томоннинг органига шахсий маълумотларни тақдим этиш, масалан, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини ва хавфсизликни ҳимоя қилиш ҳамда суд полисияси мақсадлари учун миллий қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади;
(ж) «кейинги мулоқот» — қабул қилувчи органдан шахсга доир маълумотларни Томонларнинг айни шу давлатидаги бошқа органга тақдим этиш;
(к) «кейинги узатиш» — бу қабул қилувчи органдан шахсга доир маълумотларни Томонлар давлатидан бошқа давлатдаги ваколатли органга ёки халқаро ташкилотга тақдим этишдир;
(л) «профиллаш» — бу жисмоний шахсга тегишли махсус шахсий хусусиятларни баҳолаш учун шахсга доир маълумотлардан фойдаланишдан иборат бўлган ҳар қандай шахсга доир маълумотларни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш;
(м) «шахсга доир маълумотларнинг бузилиши» — тасодифий ёки ноқонуний равишда йўқ қилиш, йўқотиш, ўзгартириш, рухсатсиз тарқатиш ёки узатилган, сақланган ёки ҳар қандай тарзда қайта ишланган шахсий маълумотлардан фойдаланишга олиб келадиган хавфсизликнинг бузилиши;
(н) «амалдаги қонунчилик талаблари» — бу ҳар бир органга, шу жумладан шахсга доир маълумотларга доир қоидаларга нисбатан қўлланиладиган қонуний асос;
(о) «Назорат органи» — ҳар бир Томонда (ёки Томонлардан бирида) жиноий ишларда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича миллий қонунчиликнинг ижросини назорат қилиш учун масъул бўлган мустақил давлат органи (маълумот субъектлари учун ҳар бир алоҳида ҳолатга нисбатан ҳимоянинг муқобил даражасини таъминлашга қодир бўлган, бошқа Томонда ташкил этилган муқобил маъмурий механизм);
(п) «маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари»:
«ахборот олиш ҳуқуқи» — бу маълумот субъектининг ўзига тегишли шахсга доир маълумотларга ишлов бериш жараёнини қисқа, шаффоф, тушунарли ва фойдаланиш осон шаклда олиш ҳуқуқидир;
«кириш ҳуқуқи» — бу маълумот субъектининг ўзига тегишли шахсга доир маълумотларга ишлов бериш жараёни олиб борилаётганлиги ёки амалга оширилмаётганлиги тўғрисида тасдиқлов олиш ва ушбу ҳолатда ўзининг шахсга доир маълумотларига ҳамда давом этаётган жараён хусусиятларига кириш ҳуқуқини олиш;
«тузатиш ҳуқуқи» — бу маълумот субъектининг ўзига тегишли нотўғри бўлган шахсга доир маълумотларни асоссиз равишда кечиктирмасдан тузатиш ёки интеграция қилиш ҳуқуқидир;
«ўчириш ҳуқуқи» — тўплаган ёки бошқача тарзда қайта ишланган маълумотлар эндиликда қўйилган мақсадлар учун зарур бўлмаса ёки маълумотлар ушбу бандлар ва амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда тўпланган ёки қайта ишланган ҳолатларда маълумот субъектнинг шахсга доир ўзининг маълумотларини йўқ қилиш ҳуқуқи;
«қайта ишлашни чеклаш ҳуқуқи» — бу маълумотлар нотўғри бўлса, қайта ишлаш қонунга хилоф равишда амалга оширилган бўлса ёки маълумотлар ваколатли орган учун эндиликда улар тўпланган мақсадларда зарур бўлмаган ҳолларда, маълумот субъектининг шахсга доир маълумотларни қайта ишашни чеклаш ҳуқуқи;
«автоматлаштирилган қарорлар қабул қилинмаслик ҳуқуқи, шу жумладан, профиллаш» — бу маълумот субъектининг автоматлаштирилган ишлов беришга асосланган қарорларга, жумладан, профиллашга жалб қилинмаслик ҳуқуқидир, агар мазкур ҳолат унга ҳуқуқий таъсир ўтказса ёки айни шундай сезиларли таъсирга эга бўлса;
қ) «маълумотлар субъектларининг ҳуқуқларини чеклаш»: (п) бандида кўрсатилган маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари тегишли жисмоний шахснинг асосий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги мақсадларда кечиктирилиши, чекланиши ёки вақт давомида зарур ва мутаносиб чора ҳисобланса рад этилиши мумкин:
профилактика, тергов, жиноятни аниқлаш, жиноятларни таъқиб қилиш ёки жиноий жазо чораларини қўллаш, шунингдек, шахсий ва мулкий профилактика чоралари ва хавфсизлик чораларини амалга ошириш муваффақиятига хавф туғдирмаслик;
жамоат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун;
миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш;
бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш.
р) «Ваколатли органлар мажбуриятларини чеклаш» Ваколат органнинг умумий ҳисоботни тақдим этиш мажбурияти (қ) бандида кўрсатилган чекловларга мувофиқ бажарилишидир.
II. Қўлланиш соҳаси
Ушбу қоидалар мазкур Битимнинг 1-моддаси мақсадлари учун зарур бўлган, Битимнинг 4-моддаси 1-бандининг А — Д қоидаларида кўрсатилган жиноий фаолиятларга алоқадорликда гумонланувчи жисмоний шахсларнинг шахсга доир маълумотларини топширишга нисбатан қўлланилади.
III. Шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш кафолатлари
1. Чекловлар
Шахсга доир маълумотлар ваколатли органлар ўртасида фақатгина ушбу Қоидаларнинг II параграфида кўрсатилган мақсадларга эришиш учун узатилади. Органлар шахсга доир маълумотларни юқорида кўрсатилганидан бошқа мақсадларда бермаслиги ёки навбатдаги узатмани амалга оширмаслиги лозим ҳамда Қоидаларнинг III параграфи 6 бандини ҳисобга олган ҳолда кейинги қайта ишлаш кўрсатилган мақсадлар билан чекланлиги бўйича тегишли кафолат олиши лозим.
2. Маълумотнинг мутаносиблиги ва сифати
Маълумотни етказувчи Ваколатли орган фақатгина тўғри, мақбул ҳамда узатилаётган ва кейинчалик қайта ишлаш мақсади билан чекланган шахсга доир маълумотларни тақдим этиши лозим.
Маълумотни етказувчи Ваколатли орган, имкон қадар, ўзи узатаётган шахсга доир маълумотлар тўғрилигини ва, лозим деб топса, янгиланиб туришини таъминлаши лозим. Агар ваколатли орган бошқа органга юборган шахсга доир маълумотлар нотўғри эканлигини билса, у зарур тузатишлар киритадиган қабул қилувчи ваколатли органни хабардор қилиши лозим.
3. Шаффофлик
Ҳар бир ваколатли орган маълумотлар субъектларини қуйидагилар тўғрисидаги умумий ҳисобот билан таъминлайди:
а) маълумотларни қайта ишлаш учун масъул шахснинг ва агар мавжуд бўлса, маълумотларни ҳимоя қилиш учун масъулнинг шахси ва алоқа маълумотлари;
(б) шахсга доир маълумотларни қайта ишлашнинг мақсадлари ва ҳуқуқий асослари, шунингдек, маълумотларни сақлаш муддати ёки уни шакллантириш мезонлари тўғрисида;
(с) хабар ёки кейинги узатиш шаклида юборилиши мумкин бўлган шахсга доир маълумотларни олувчиларнинг тоифалари;
(д) ушбу бандлар бўйича ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари, шу жумладан, ушбу ҳуқуқлардан қандай фойдаланиш мумкинлиги;
(э) тегишли алоқа маълумотларини кўрсатган ҳолда назорат органига шикоят қилиш ҳуқуқи, шунингдек, суд органига мурожаат қилиш ҳуқуқи;
(ф) юқорида кўрсатилган ҳуқуқлардан фойдаланиш учун фойдали деб ҳисобланган қўшимча маълумотлар, хусусан, маълумотлар субъектига тўпланган маълумотлар номаълум бўлса;
(г) ушбу ҳуқуқлардан фойдаланиш бўйича амалдаги ҳуқуқий талабларда назарда тутилган кечиктиришлар, чекловлар ёки истиснолар тўғрисида маълумот.
Ҳар бир орган юқорида қайд этилган ҳисоботни ушбу Битим билан бирга ўз веб-сайти орқали тарқатади. Ҳисобот нусхаси, шунингдек, юқоридаги сайтга ҳавола билан бир қаторда, маълумотлар субъектларига индивидуал хабарларга ҳам киритилиши керак.
Ваколатли орган томонидан умумий ҳисоботни тақдим этиш мажбуриятига амал қилиш Қоидаларнинг III параграфи (қ) бандидаги чекловлар билан тартибга солинади.
4. Хавфсизлик ва махфийлик
Ҳар бир орган тасодифий ёки ноқонуний кириш, йўқ қилиш, йўқотиш, ўзгартириш ёки рухсатсиз тарқатишдан олинган шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш учун тегишли техникавий ва ташкилий чораларни кўриши лозим.
Ушбу чоралар етарли маъмурий, техникавий ва жисмоний хавфсизлик чораларини ўз ичига олади.
Ушбу чора-тадбирлар шахсга доир маълумотларни умумий, хусусий ва суд маълумотларига таснифлаш, шахсга доир маълумотларга киришга рухсат берилган субъектлар учун чекловлар, шахсга доир маълумотларни унинг турига кўра, хавфсиз сақлаш ва шахсга доир маълумотларнинг хавфсизлиги ва махфийлигини таъминлашга қаратилган сиёсатни қабул қилиш, шунингдек, тахаллусни ёки шифрлаш усулларини қўллаш орқали амалга оширилиши лозим.
Муайян ва жиноий маълумотларни бошқаришда энг қатъий хавфсизлик чоралари, хусусан, кўпроқ танловга асосланган кириш жараёни ва ушбу маълумотлар билан шуғулланувчилар учун махсус тайёргарликни таъминлаш орқали қўлланилиши лозим.
Агар қабул қилувчи ваколатли орган шахсга доир маълумотларнинг бузилиши ҳақида хабардор бўлса, у 48 соат ичида етказиб берувчи Ваколатли органни хабардор қилиши ва маълумотлар субъектларига мумкин бўлган салбий оқибатлар учун камайтириш учун оқилона ва тегишли чораларни кўриши лозим, шу жумладан, агар бу уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига сезиларли таваккалчилик келтириб чиқарадиган бўлса, шахсга доир маълумотларнинг бузилганлиги ҳақида асоссиз равишда кечиртиришсиз бевосита хабар бериш ҳуқуқига эга.
5. Ҳуқуқлардан фойдаланиш жараёнлари
Ҳар бир орган маълумот субъектлари сўровига асосан қуйида келтирилганларни амалга ошириш учун тегишли чораларни кўради:
(1) ушбу маълумотлар субъектига тегишли шахсга доир маълумотларни қайта ишлаётганлигини тасдиқлаш ва агар шундай бўлса, маълумотларга кириш ҳуқуқини бериш, шунингдек, қайта ишлаш тўғрисида маълумот бериш, қайд этилган маълумот тоифаси, маълумотларнинг келиб чиқиши ва қабул қилувчилар, кутилаётган сақлаш муддати ва шикоят қилиш ёки апеллация бериш имконияти тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;
(2) ушбу бандларга мувофиқ сўровчи субъект бошқа органга топширган барча шахсга доир маълумотларни аниқлаш;
(3) бошқа органга ўтказмаларни амалга оширишда қўлланиладиган кафолатлар тўғрисида ўз сайти орқали ҳам умумий маълумотларни тақдим этиш.
Ҳар бир ваколатли орган маълумотлар субъектининг маълумотларга кириш, уларни тузатиш ва ўчириш, қайта ишлаш чекловлари ёки автоматлаштирилган қарорлар қабул қилишга жалб қилинмаслик ҳуқуқидан фойдаланиш тўғрисидаги сўровини оқилона ва ўз вақтида бажариши лозим.
Юқоридаги сўровни юбориладиган оддий манзил ёки электрон манзиллари Шаффофлик қоидалари тўғрисидаги III параграфнинг 3 бандига мувофиқ маълумотлар субъектларига тақдим этиладиган умумий ҳисоботда кўрсатилиши лозим.
Ваколатли орган, башарти кўрсатилган сўров очиқдан-очиқ асоссиз ёки ўта юқори харажатларни назарда тутганлиги исботланса, сўров бўйича маъмурий харажатларни тўлаш учун оқилона йиғим ундириш ёки уни бажаришни рад этиш бўйича тегишли чора қўллаши мумкин.
Ҳар бир ваколатли орган ўз мақсадларига янада самаралироқ эришиш учун автоматлаштирилган тартиб-қоидалардан фойдаланиши мумкин, агар у сабабларни кўрсатса ва фойдаланилган мантиқий тушунтиришлар берган бўлса.
Бундай ҳолда, маълумотлар субъектларининг олдиндан аниқ розилиги олинади ёки улар автоматлаштирилган қарорлар қабул қилишга жалб қилинмаслик ҳуқуқига эгалиги эътироф этилади.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, маълумотлар субъектлари ўзига тааллуқли нотўғри ёки тўлиқсиз маълумотларни тузатишга ва автоматлаштирилган қарорни инсон аралашуви орқали кўриб чиқишни сўрашга ҳақли.
Халқаро ҳамкорликка хос бўлган ўзаро муносабатлар руҳида Томонлар эътироф этган муҳим давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида маълумотлар субъектларининг ҳуқуқлари зарурий ва мутаносиб даражада чекланиши мумкин.
Ушбу соҳа бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, миллий хавфсизлик, мудофаа, жиноятларнинг олдини олиш, тергов қилиш, аниқлаш ва жиноий жавобгарликка тортиш ёки жиноий жазоларни ижро этиш, шунингдек, назорат, текшириш ёки тартибга солиш функцияларини бажаришни, ҳаттоки баъзан, уларга берилган давлат ваколатларини амалга оширувчи ҳокимият органларининг ижро ва назорат фаолиятини ўз ичига олади.
Қонун билан тартибга солинадиган юқоридаги чекловлар, токи уларни юзага келтирувчи сабаб мавжуд экан, ўз кучида қолиши мумкин.
6. Шахсга доир маълумотларни кейинги узатиш ва тақдим этиш.
6.1. Шахсга доир маълумотларни кейинги узатиш
Қабул қилувчи шахсга доир маълумотларни орган айни бир давлатнинг бошқа органига маълумот узатаётган органнинг олдиндан ёзма рухсати билан ва бошқа орган ушбу бандларда назарда тутилган айни кафолатларни таъминлаган тақдирда кейинги узатишни амалга ошириши мумкин.
Қабул қилувчи орган рухсат бериш тўғрисидаги сўровида ўзи етказмоқчи бўлган маълумотлар тури, бошқа орган, шунингдек, ҳуқуқий асослар, сабаблар ва хабарларнинг мақсади тўғрисида маълумот беради.
Қабул қилувчи орган, истисно тариқасида, шахсга доир маълумотларни айни бир давлатнинг бошқа органига маълумот узатаётган органнинг олдиндан ёзма рухсатисиз, башарти бу қуйидаги сабаблардан камида биттаси учун зарур бўлса, кейинги маълумотларни узатишга киришиши мумкин:
маълумотлар субъектининг ёки бошқа жисмоний шахснинг муҳим манфаатларини ҳимоя қилиш;
маъмурий ёки суд процессларида ҳуқуқни белгилаш, ундан фойдаланиш ёки ҳимоя қилиш;
маълумотлар узатилган фаолият билан чамбарчас боғлиқ бўлган тергов олиб бориш ёки жиноий иш юритуви.
Юқоридаги ҳолларда, қабул қилувчи орган сўралган маълумотларнинг элементларини, бошқа органни ва тегишли ҳуқуқий асосларни тақдим этган ҳолда маълумотларни кейинги узатувчи органни олдиндан хабардор қилади.
Агар олдинги маълумотлар, давом этаётган терговда бўлгани каби, махфийликни сақлаш мажбуриятига зид бўлса, қабул қилувчи орган имкон қадар тезроқ маълумотларни кейинги узатувчи органни хабардор қилади.
Бундай ҳолларда, узатувчи орган кўрсатилган билдиришномаларнинг баёнини сақлаши ва уларни назорат органининг сўровига биноан юборади.
Қабул қилувчи орган ушбу бандларга мувофиқ олинган шахсга доир маълумотларни олдиндан рухсатсиз кейинги узатиш барча тегишли истиснолар ва чекловларни қўлланган ҳолда чекланишини таъминлайди.
6.2. Шахсга доир маълумотларни кейинги узатиш.
Қабул қилувчи орган шахсга доир маълумотларни учинчи давлатнинг бошқа органига ёки халқаро ташкилотга фақатгина унинг сўровини барча тегишли омиллар, шу жумладан, қилмишнинг жиддийлиги, маълумотлар узатишнинг мақсади ва ушбу учинчи давлатда ёки халқаро ташкилотда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш даражасини ҳисобга олган ҳолда баҳолайдиган узатувчи органнинг ёзма рухсати билан кейинги узатишни амалга ошириши мумкин.
Қабул қилувчи орган ўзининг рухсат бериш тўғрисидаги ёзма сўровида юқорида кўрсатилган бошқа органга етказмоқчи бўлган маълумотлар тури, шунингдек, кейинги ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, сабаблари ва мақсадлари тўғрисида етарли маълумот тақдим этиши лозим.
7. Маълумотларни сақлаш муддати.
Ваколатли органлар шахсга доир маълумотларни амалдаги қонунчилик талабларида назарда тутилган муддатда сақлаши лозим, бу демократик жамиятда маълумотларни қайта ишлаш мақсадларига кўра зарур ва мутаносиб муддатдан ошмаслиги лозим.
8. Маъмурий ва юридик ҳимоя
Агар маълумотлар субъекти давлат органи ушбу бандларда белгиланган кафолатларга риоя қилмаган ёки унга тегишли шахсга доир маълумотларни ноқонуний равишда қайта ишлаган деб ҳисобласа, у назорат қилувчи органга шикоят қилиши ва ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги тахмин қилинаётган юрисдикцияда қўлланиладиган қонунчилик қоидаларга мувофиқ, суд органидан ҳуқуқий ҳимоя олиш ҳуқуқига эга.
Бундан ташқари, маълумотлар субъекти етказилган ҳар қандай зарар учун компенсация олиш ҳуқуқига эга.
Маълумотлар субъекти унинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш юзасидан ҳар қандай низо юзага келса ёки у маълумотни узатувчи органга, қабул қилувчи органга ёки иккала органга нисбатан даъво киритса, органлар ушбу низо ёки даъво тўғрисида бир-бирларини дарҳол ва дўстона равишда хабардор қиладилар.
Агар маълумотлар субъекти даъво қўзғатса ва топширувчи орган қабул қилувчи органни ушбу бандларда кўзда тутилган кафолатларга мувофиқ ҳаракат қилмаган деб ҳисобласа, у шахсга доир маълумотларни, қилувчи орган муаммони қониқарли тарзда ҳал қилмагунга қадар, узатишни тўхтатади.
Маълумотни узатувчи орган ўзининг назорат органини ҳамда маълумотлар субъектини масала бўйича кейинги ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилади.
IV. Назорат
1. Ушбу бандларнинг лозим даражада бажарилишини таъминлаш учун назорат қилувчи орган томонидан ташқи назорат кафолатланади.
2. Ҳар бир ваколатли орган ушбу бандларнинг бажарилиши ва самарадорлигини таъминлаш учун ўз сиёсати ва тартибларини даврий равишда қайта кўриб чиқиши лозим.
Агар ваколатли орган асосли сўров киритган бўлса, сўралаётган ваколатли орган ушбу бандлар бўйича кафолатлар самарали амалга оширилганлигини текшириш ва тасдиқлаш мақсадида шахсга доир маълумотларни қайта ишлашга доир ўз сиёсати ва тартибларини қайта кўриб чиқиши лозим.
Кўриб чиқиш натижалари уни сўраган ваколатли органга тақдим қилинади.
3. Қабул қилувчи орган бирор-бир сабабга кўра, ушбу бандларга мувофиқ, кафолатларни самарали амалга оширишга қодир бўлмаса, у узатувчи органни кечиктирмасдан хабардор қилади, бунда узатувчи томон қабул қилувчи орган белгиланган кафолатларга мувофиқ ҳаракат қилиш имкониятини тасдиқламагунга қадар унга шахсга доир маълумотларни узатишни вақтинча тўхтатиб туради.
Қабул қилувчи ваколатли орган ва узатувчи ваколатли орган ўзларининг тегишли назорат органларини бу борада хабардор қиладилар.
4. Агар етказувчи ваколатли орган қабул қилувчи орган ушбу бандларда назарда тутилган кафолатларга риоя қилмаган деб ҳисобласа, етказувчи ваколатли орган шахсга доир маълумотларни узатишни, қабул қилувчи орган муаммони ижобий ҳал қилган деб ҳисобламагунига қадар, тўхтатиб туради.
Етказувчи ваколатли орган бу борада ўз назорат органини хабардор қилади.
V. Бандларни қайта кўриб чиқиш
1. Томонлар амалдаги қонунчилик талабларида жиддий ўзгаришлар юз берган тақдирда, ушбу бандлар муддатлари ва шартларини қайта кўриб чиқиш учун бир-бирлари билан маслаҳатлашадилар.
2. Ушбу бандларга мувофиқ аллақачон узатилган барча шахсга доир маълумотлар уларда назарда тутилган кафолатларга мувофиқ қайта ишланишда давом этади.