ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Сурхондарё вилоятидаги бозорлар ва савдо мажмуаларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловлар миқдорларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сон қарорининг 4-бандига мувофиқ ҳамда вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ва Солиқ бошқармасининг таклифларини инобатга олиб, қарор қиламан:
1. Қуйидагилар:
вилоятдаги бозорлар ва савдо мажмуалари маъмурияти томонидан ундириладиган бир марталик йиғимлар миқдори 1-иловага мувофиқ;
вилоятдаги бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудидаги бино-иншоотлар ва инвентарларни ижарага бериш ва кўрсатиладиган хизматлар учун ундириладиган тўловлар миқдори 2-иловага мувофиқ;
бозорлар ва савдо комплексларининг балансидаги бино ва иншоотлар ҳамда ер майдонларидан фойдаланганлик учун ижара тўловларининг миқдорлари 3-иловага мувофиқ;
умумий фойдаланиладиган объектларни сақлаш бўйича кўрсатиладиган мажбурий хизматлар ҳақи миқдорлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимлари вилоят Солиқ бошқармаси, ҳудудий давлат солиқ хизмати органлари ҳамда бозорлар ва савдо мажмуалари маъмуриятлари билан биргаликда:
бозорлар ва савдо мажмуаларидан тушадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматини белгиланган тартибда тўлиқ ундирилишини;
белгиланган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати миқдорларини вилоятдаги барча бозорлар ва савдо мажмуаларига етказилиши, сотувчи ва харидорларга кўринарли жойларга жойлаштирилиши ҳамда амалда татбиқ этилиши устидан назорат ўрнатилишини таъминласин.
3. Вилоят Солиқ бошқармаси бозорлар ва савдо мажмуалари маъмурияти томонидан бозорларда бир марталик йиғимлар, кўрсатилган хизматлар, фойдаланганлик учун ижара тўловлари йиғим миқдорларини кўпайтириш эвазига тушадиган даромадларни Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда йўналтирилишини таъминласин.
4. Вилоят ҳокимининг 2025 йил 24 апрелдаги 266-8-0-Қ/25-сон ҳамда 2026 йил 25 мартдаги 156-8-0-Қ/26-сон қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарор «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталарида расман эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан кучга киради.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш. Ражабов зиммасига юклансин.
Вилоят ҳокими У. ҚОСИМОВ
Сурхондарё вилояти,
2026 йил 14 апрель,
191-8-0-Q/26-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.