Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий тиббиёт институтида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 8 апрелда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3808]
Ўзбекистон Республикасининг «Мудофаа тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 декабрдаги ПҚ-447-сон «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий тиббиёт институтида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Мудофаа вазири Ш. ХАЛМУХАМЕДОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 25 март,
7-сон
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири К. ШАРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 март
21-қ/қ-сон
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 16 март
01-10/ҚҚ-сон
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг 2026 йил 25 мартдаги 7-сон, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026 йил 19 мартдаги 21-қ/қ-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2026 йил 16 мартдаги 01-10/ҚҚ-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий тиббиёт институтида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисидаги
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетининг Ҳарбий тиббиёт институтида (бундан буён матнда Институт деб юритилади) мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек Институтнинг магистратура ва клиник ординатурасида тўлов-контракт асосида ўқитишни ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қайта тайёрлаш — тиббиёт соҳасида таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлашга қаратилган таълим тури;
малака ошириш — тиббиёт соҳаси бўйича касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлашга, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қиладиган таълим тури;
ўқув дастури — бу ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб оладиган, тингловчиларда билим, кўникма ва малакаларни шакллантиришга қаратилган ўқув дастурининг таркибий элементи сифатида назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланадиган алоҳида ўқув фани (унинг қисми ёки ўзаро бир соҳага доир фанлар мажмуи);
буюртмачи — қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таълим олиш учун мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахслар;
тингловчи — тегишли тўловни амалга оширган ва ўқув курсларига қабул қилинган жисмоний шахс.
2. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон «Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан амалга оширилади.
3. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ҳамда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда амалга оширилади.
Тингловчиларни ўқитиш ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ташкил этилганда ўзаро келишувга кўра буюртмачининг ҳудудида амалга оширилиши мумкин. Бунда ўқув гуруҳидаги тингловчилар сони камида ўн нафарни ташкил қилиши керак.
4. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув режа ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.
5. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари рўйхати (номи), ўқиш вақти, соати, муддати, шакли ва йўналиши ўқув режасида белгиланади.
2-боб. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш
6. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари Институт билан келишилган ҳолда буюртмачи томонидан тузиладиган тақсимот-режаларга асосан ташкил этилади.
Буюртмачи томонидан тақсимот-режалар ҳар ярим йил учун тузилади ҳамда ҳар йили июнь ва декабрь ойининг 15-санасига қадар тасдиқланиб, Институтга етказилади.
Институт тақсимот-режага асосланган ҳолда ўқув гуруҳларини шакллантиради.
7. Тингловчилар қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида Институт билан шартномага мувофиқ тўлов асосида ўқитилади.
8. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига қабул қилиш Институт бошлиғининг буйруғи билан ушбу курслар бошланган куннинг ўзида расмийлаштирилади.
9. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг ўқув жараёнига Институт профессор-ўқитувчилари ҳамда шартнома асосида педагог ходимлар ва бошқа мутахассислар жалб этилади.
10. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларида синов имтиҳонлари оралиқ ва якуний назорат турларидан иборат ҳисобланади.
Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларида синов имтиҳонлари ўқув режа ва ўқув дастурлари асосида ишлаб чиқилган тест шаклида ўтказилади.
11. Тест саволлари синов имтиҳонлари бошланишидан камида уч кун олдин Институтнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
12. Синов имтиҳонлари ўтказилаётган хонага тингловчилар томонидан мобил алоқа воситаси, компьютер ёки бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб, луғат, шпаргалка ва бошқа материаллар олиб кирилиши ҳамда фойдаланилиши тақиқланади.
Бунда ушбу тақиқланган материалларни олиб кирган ёки фойдаланган тингловчи синов имтиҳонларини ўтказиш тартибини бузган деб ҳисобланади ҳамда далолатнома асосида синов имтиҳонларидан четлаштирилади.
13. Тингловчиларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари мобайнидаги ўзлаштириши 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Бунда:
оралиқ назорат 20 та тест саволларидан иборат бўлади, ҳар бир тўғри жавоб учун 1,5 балл ва жами тўпланиши мумкин бўлган балл 30 баллни ташкил этади;
якуний назорат 35 та тест саволларидан иборат бўлади, ҳар бир тўғри жавоб учун 2 балл ва жами тўпланиши мумкин бўлган балл 70 баллни ташкил этади.
Тингловчининг оралиқ ва якуний назорат турларида тўплаган натижалари умумлаштирилади. Бунда, тингловчининг умумий тўплаган натижаси 56 ва ундан юқори баллни ташкил этган тақдирда у қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсини тугатган деб ҳисобланади.
Синов имтиҳонларининг натижалари бўйича тингловчи 56 баллдан кам тўплаган ҳолларда у қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсидан ўтмаган деб ҳисобланади.
14. Синов имтиҳонидан 56 баллдан кам тўплаган тингловчиларга уларнинг натижалари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида қайта топшириш учун имконият берилади.
Бунда тингловчидан синов имтиҳонини қайта топшириш учун тўлов ундирилмайди.
Синов имтиҳонини қайта топшириб, яна 56 баллдан кам тўплаган тингловчи қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсини шартнома асосида қайта ўқиш ҳуқуқига эга.
15. Институт томонидан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсини муваффақиятли тамомлаган тингловчига сертификат тақдим этилади.
Синов имтиҳонини муваффақиятли топширмаган тингловчига сертификат берилмайди. Бу ҳолда тингловчига қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
16. Институтнинг магистратура ва клиник ординатурасида таълим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори, 2009 йил 18 декабрдаги 319-сон «Тиббиёт ходимлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳамда Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига (рўйхат рақам 3781, 2026 йил 28 февраль) мувофиқ амалга оширилади.
17. Институтда тўлов-контракт асосида ўқишга қуйидагилар жалб қилинади:
олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг тиббиёт йўналишини тамомлаган ва тегишли мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган шахслар;
даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари;
даволаш-профилактика муассасалари мавжуд бўлган вазирлик, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари;
хусусий тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ходимлари;
бирламчи тиббий-санитария ёрдам кўрсатиши шарт ҳисобланган ички ишлар органлари, ёнғиндан сақлаш, авария хизматлари, транспорт ташкилотлари ходимлари;
нотиббий маълумотга эга, лекин тиббий ёрдам кўрсатиш вазифаларини бажариш билан шуғулланувчи фуқаролар ҳамда бошқа касб вакиллари.
3-боб. Тингловчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш
18. Тингловчиларнинг апелляция шикоятларини кўриб чиқиш учун Институт бошлиғининг буйруғи билан Институтнинг камида беш нафар мутахассисларидан иборат таркибда Апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси таркибига бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан ҳам мутахассислар жалб этилиши мумкин.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида синов имтиҳонларини ўтказишга масъул бўлган шахсларнинг Апелляция комиссияси таркибига киритилишига йўл қўйилмайди.
19. Синов имтиҳонлари натижаларидан норози бўлган тингловчилар мазкур имтиҳонлар натижалари эълон қилинган кундан бошлаб етти иш куни ичида Апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда Апелляция шикояти беришлари мумкин.
Бунда Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган тингловчини шикоят кўриб чиқилишидан 2 кун олдин уни кўриб чиқиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади.
20. Апелляция комиссияси апелляция шикоятини, у келиб тушган кундан бошлаб 3 кун муддат ичида кўриб чиқади. Бунда апелляция шикояти билан мурожаат қилган тингловчи мазкур шикоятни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
21. Апелляция комиссияси унда аъзоларнинг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Апелляция комиссиясининг қарори оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.
22. Апелляция комиссияси томонидан апелляция шикоятини кўриб чиқиш давомида тингловчига уни қайта баҳолашга қаратилган саволлар берилишига йўл қўйилмайди.
23. Шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича Апелляция комиссияси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
синов натижаларини ўзгаришсиз қолдириш;
синов натижаларига ўзгартириш киритиш.
Апелляция шикоятини кўришда тингловчининг синов натижасида олган баллини пасайтиришга йўл қўйилмайди.
24. Апелляция комиссияси апелляция шикояти билан мурожаат қилган тингловчига ўз қарорини у қабул қилинган куннинг ўзида маълум қилиши керак.
25. Апелляция комиссиясининг синов натижаларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қарори асосида тингловчига қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курси бўйича сертификат берилади.
26. Апелляция комиссияси қарори устидан тингловчи юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиши мумкин.
4-боб. Тингловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
27. Тингловчилар ўқув машғулотлари бошланишидан олдин Институтнинг ички тартиб-қоидалари билан таништирилади.
28. Тингловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга ҳисобланади:
ўқув дастурида назарда тутилган билимларни эгаллаш;
ўқув жараёнини янада яхшилаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича Институт раҳбариятига таклифлар киритиш;
маънавий-маърифий ва маданий тадбирларда қатнашиш;
Институт ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари ва компьютер техника воситаларидан фойдаланиш.
29. Тингловчилар қуйидагиларга мажбур ҳисобланади:
ўқув дастурлари талабларини бажариш;
ўқув машғулотларида ўз вақтида қатнашиш;
ўқув дастурларида назарда тутилган синов имтиҳон (тест)ларини топшириш;
ўқув жараёнида берилган топшириқларни ўз вақтида бажариш;
Институтга тегишли бўлган мулкларни асраб-авайлаш, Институт ички тартиб-қоидаларига қатъий риоя этиш.
30. Тингловчи қуйидаги асосларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:
ўз хоҳишига (аризасига) биноан;
вафот этганлиги сабабли;
суд томонидан озодликдан маҳрум этилганда;
ўқув интизоми ва Институт ички тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун;
қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курсининг ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз 18 академик соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли (бунда узрли сабаблар тингловчининг касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, меҳнат таътили, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлишини ўз ичига олади).
5-боб. Якунловчи қоида
31. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.04.2026 й., 10/26/3808/0335-сон)