Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг
Қарори
Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини (0108-26-сон СанҚваН) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 7 мартда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 389]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 июлдаги ПФ-111-сон «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва 2023 йил 2 июндаги ПҚ-181-сон «Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0108-26-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан ўн саккиз ойдан кейин кучга киради.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 23 февраль,
2-сон
Келишилди:
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил А. БУРИЕВ
2026 йил 14 февраль
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАХМОНОВ
2026 йил 9 февраль
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2026 йил 12 январь
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2026 йил 23 февралдаги 2-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0108-26-сон СанҚваН)
Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) озиқ-овқат бизнеси операторлари томонидан хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш, жорий этиш, амалга ошириш ҳамда қўллашга қўйиладиган санитария-гигиена талабларини белгилайди.
Ушбу санитария қоидалари барча озиқ-овқат бизнеси операторларига нисбатан татбиқ этилади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур санитария қоидаларида қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари (бундан буён матнда ХТКНН деб юритилади) — озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигига салбий таъсир этувчи хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш йўли билан назорат нуқталарида доимий назоратни амалга ошириш орқали озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлаш;
аҳамиятли хатар — хатарлар таҳлили натижасида аниқланган ҳамда назорат чоралари қўлланилмаган тақдирда мақбул даражадан ошиши мумкин бўлган ва мажбурий назоратни талаб этадиган хатар;
валидация — назорат чораси ёки назорат чоралари мажмуаси тўғри қўлланилганда улар хатарларни самарали назорат қилишини ва кутилган натижага эришишни тасдиқловчи маълумотларни олиш жараёни;
верификация — назорат чораси ёки назорат чоралари мажмуаси ушбу қоидалар талабларига мувофиқ жорий этилгани ва амалда самарали қўлланилаётганини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган назорат ва текширув тадбирлари мажмуи;
дастлабки шароит дастурлари (бундан буён матнда ДШД деб юритилади) — ХТКНН тамойилларига асосланган тартиб-таомилларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун зарур бўлган иш муҳити ҳамда ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) фаолиятининг асосий шароитларини таъминловчи профилактик амалиётлар ва шарт-шароитлар мажмуи;
критик назорат нуқтаси (бундан буён матнда КНН деб юритилади) — назорат чораси қўлланилиши мумкин бўлган ҳамда озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигига таҳдид солувчи хатарнинг олдини олиш, бартараф этиш ёки мақбул даражагача камайтириш (тушириш) учун зарур бўлган технологик жараённинг босқичи (нуқтаси);
критик чегара — критик назорат нуқтасидаги назорат чораларининг бир қисми бўлиб, кузатиш ёки ўлчаш мумкин бўлган параметрнинг (масалан, ҳарорат, вақт, pH, намлик) ва озиқ-овқат маҳсулоти хатарининг мақбул даражаси;
мақбул даража — озиқ-овқат маҳсулотидаги хавфнинг даражаси бўлиб, хавф ушбу даражада ёки ундан паст бўлганда, озиқ-овқат маҳсулоти истеъмол қилинганда хавфсиз деб ҳисобланади;
мониторинг — критик назорат нуқтасида белгиланган критик чегараларга риоя этилаётганлигини ҳамда ушбу нуқта назорат остида эканлигини аниқлаш мақсадида режалаштирилган тартибда амалга ошириладиган кузатувлар ёки ўлчовлар кетма-кетлиги;
назорат чораси — озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ёки мақбул даражагача камайтириш мақсадида қўлланиладиган ташкилий, технологик ёки санитария-гигиена ҳаракатлар ҳамда фаолиятлар мажмуи;
ХТКНН гуруҳи — озиқ-овқат бизнеси операторининг муайян объектида ХТКНН тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, қўллаш ҳамда унинг самарадорлигини назорат қилиш учун масъул бўлган мутахассислар (ходимлар) гуруҳи;
ХТКНН режаси — озиқ-овқат бизнеси операторининг муайян объектида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига таъсир этувчи аҳамиятли хатарларни назорат қилишни таъминлаш мақсадида ХТКНН тамойилларига мувофиқ ишлаб чиқилган, электрон ёки қоғоз шаклида расмийлаштирилган ҳужжат ёки ҳужжатлар мажмуи;
ХТКНН тизими — озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ХТКНН тамойилларига мувофиқ ишлаб чиқилган ХТКНН режасини жорий этиш ва уни амалда қўллаш натижасида шаклланадиган ташкилий, технологик ҳамда назорат тадбирлари мажмуи;
ХТКНН тизими асосидаги тартиб-қоидалар — ХТКНН тамойилларига мувофиқ озиқ-овқат бизнеси операторининг муайян объектида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги учун аҳамиятли бўлган хатарларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларни назорат қилишни таъминлайдиган ички назорат тизими;
хатар — озиқ-овқат маҳсулотида (бундан буён матнда маҳсулот деб юритилади) ёки озуқада мавжуд бўлган ёки мавжуд бўлиши мумкин бўлган ҳамда инсоннинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжуд бўлган биологик, кимёвий, физикавий ва бошқа омиллар.
2-боб. ХТКНН тизимини ишлаб чиқишга қўйиладиган санитария гигиена талаблари
1-§. Асосий талаблар
2. ХТКНН тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидалар қуйидаги элементларни ўз ичига олиши лозим:
ДШД;
ХТКННни жорий этишнинг дастлабки босқичлари;
ХТКНН тамойиллари асосида ишлаб чиқилган ХТКНН режаси ва уни амалга ошириш тартиб-таомиллари (хатарлар таҳлили, КНН, критик чегаралар, мониторинг, тузатиш ҳаракатлари, валидация, верификация ҳамда ҳужжатлаштириш).
2-§. ДШДга қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
3. Озиқ-овқат бизнеси операторлари ХТКНН тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни бошлашдан олдин ДШДни амалда бажарилишини таъминлаши зарур.
ДШД қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
инфратузилма, объектни лойиҳалаш ва жиҳозларнинг техник ҳолатини назорат қилиш (объектнинг жойлашуви, бинолар ва хоналар ҳолати, муҳандислик коммуникациялари ва ускуналар ҳолати, ишлаб чиқариш жараёнларининг технологик кетма-кетлиги);
ишлаб чиқариш хоналари, ускуналар ва жиҳозларни тозалаш ва дезинфекция қилиш тартиблари ҳамда жадваллари, шунингдек уларнинг самарадорлигини назорат қилиш;
зараркунандаларга қарши курашиш ва уларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказиш;
асбоб-ускуналарга техник хизмат кўрсатиш, шунингдек ўлчов ва назорат воситаларини текшириш ва калибрлаш;
микробиологик, физик ва кимёвий ифлосланишларнинг олдини олиш ҳамда назорат қилиш тартибларини жорий қилиш;
аллергенларни бошқариш чораларини ташкил этиш;
чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш тартибларини бажариш;
сув ва ҳаво сифатини назорат қилиш;
ходимларнинг шахсий гигиенаси ва саломатлик ҳолатининг назорати;
хомашё назорати (етказиб берувчиларни танлаш, хомашё учун ички технологик жараён талабларини белгилаш);
ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш;
ишлаб чиқариш бинолари ва омборхоналарда ҳароратни, намликни назорат қилиш;
қадоқлаш материалларини текшириш ва назорат қилиш;
ДШДни амалга ошириш учун режалар ва ишчи йўриқномалар мавжудлиги.
4. ДШДни амалга ошириш бўйича режалар озиқ-овқат бизнеси оператори томонидан тасдиқланиши ҳамда улар қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириш тартиби;
тадбирларнинг бажарилиш муддатлари;
масъул шахслар;
ДШДни амалга ошириш бўйича режаларнинг бажарилишини назорат қилиш тартиби.
5. ДШДни амалга ошириш режалари объектнинг ҳажми, ишлаб чиқариш қуввати ҳамда фаолият хусусиятига мутаносиб бўлиши лозим. Бунда қуйидагилар ҳисобга олиниши керак:
ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажми;
географик чекловлар (масалан, узоқ ҳудудлар ёки тоғли минтақаларда жойлашган объектлар);
анъанавий ишлаб чиқариш усулларидан фойдаланиш (аввалдан мавжуд бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш).
6. Озиқ-овқат бизнеси оператори томонидан ДШД ёзма ёки электрон равишда расмийлаштирилиши керак.
3-§. ХТКННни жорий этишнинг дастлабки босқичларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
7. ХТКНН тизимини жорий этишдан олдин озиқ-овқат бизнеси операторлари ХТКНН тизими татбиқ этиладиган ҳар бир объектда қуйидаги талабларга мувофиқ дастлабки босқичларни амалга ошириши лозим:
ХТКНН гуруҳини ташкил этиш ҳамда унинг қўлланилиш доирасини аниқлаш;
якуний маҳсулотни тавсифлаш;
маҳсулотдан мўлжалланган фойдаланишни ва истеъмолчилар гуруҳини аниқлаш;
ишлаб чиқариш жараёнининг чизмасини (схемасини) тузиш;
ишлаб чиқариш жараёнининг чизмасини тасдиқлаш.
8. ХТКНН гуруҳи ХТКНН тизими жорий этилаётган ҳар бир объектда ташкил этилиши, бунда мазкур гуруҳнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ХТКНН режасининг қўлланилиш доирасини белгилаш;
ХТКНН тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
9. ХТКНН гуруҳи ходимларининг сони, таркиби ҳамда вазифаларининг тақсимланиши озиқ-овқат бизнеси операторлари томонидан белгиланиши керак.
10. Озиқ-овқат бизнеси оператори ХТКНН гуруҳига кирувчи ходимларнинг ХТКНН бўйича ўқитилиши ва тайёрланишини ташкил этиши, бунда ўқитиш ва тайёрлаш қуйидаги йўллар билан таъминланиши лозим:
ходимларнинг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув тадбирларида иштирок этишини ташкил этиш;
ҳар бир КНН бўйича масъул ижрочиларнинг вазифалари, мониторинг тартиби, критик чегараларга риоя этиш, тузатиш ҳаракатлари ҳамда қайдларни юритиш тартибини белгиловчи ишчи йўриқномалар ва жараёнларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш.
11. Ўқитиш дастурлари ходимларнинг мавжуд билим даражаси, касбий тайёргарлиги ҳамда амалий кўникмаларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши ва уларнинг малакасини оширишга йўналтирилган бўлиши лозим.
12. Ўқитиш дастурлари ҳар олти ойда ҳамда технологик жараёнлар, маҳсулот тури, хатарлар, КННлар, ускуналар, норматив талаблар ёки аудит натижаларидаги ўзгаришлар юз берганда қайта кўриб чиқилиши лозим.
13. Ҳар бир тайёр маҳсулотнинг номи ёки таркиби ва ишлаб чиқариш технологияси ўхшаш бўлган маҳсулотлар гуруҳи учун тўлиқ ёзма тавсиф ишлаб чиқилиши лозим. Ушбу тавсиф қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
маҳсулотнинг тўлиқ номи;
маҳсулот таркиби (хомашё, барча ингредиентлар, шу жумладан мураккаб таркибий қисмлар, озиқ-овқат қўшимчалари, хушбўйлатгичлар ва ёрдамчи воситалар);
физик-кимёвий хусусиятлари (намлик улуши, pH, сув фаоллиги, аллергенларнинг мавжудлиги);
микробиологик ва кимёвий кўрсаткичлар (микробиологик ифлосланиш нормалари, ифлослантирувчи моддалар, пестицидлар, ветеринария препаратлари қолдиқлари ва бошқалар);
қўлланиладиган асосий технологик ишлов бериш усуллари (пастеризация, стерилизация, пишириш, музлатиш, қуритиш, тузлаш, дудлаш, ферментация ва бошқалар);
қадоқлаш технологияси ва тури ҳамда маҳсулот тамғаси;
сақлаш шартлари, шу жумладан ташиш ва сотиш шароитлари;
маҳсулотнинг яроқлилик муддати;
маҳсулотдан фойдаланиш бўйича йўриқнома.
Маҳсулот даволаш муассасалари, болалар муассасалари ёки махсус тиббий парҳез эҳтиёжлари бўлган истеъмолчилар, ҳомиладор аёлларга мўлжалланган ҳолларда, бундай маҳсулотларга қўйиладиган алоҳида санитария-гигиена ва хавфсизлик талаблари озиқ-овқат бизнеси оператори томонидан ёзма равишда белгиланиши ва расмийлаштирилиши зарур.
14. Озиқ-овқат бизнеси оператори ҳар бир маҳсулот ёки ўхшаш маҳсулотлар гуруҳи учун хом ашёни қабул қилишдан бошлаб тайёр маҳсулотни муомалага чиқаришгача бўлган барча ишлаб чиқариш босқичларини акс эттирувчи ишлаб чиқариш жараёни схемасини ишлаб чиқиши лозим.
Ишлаб чиқариш жараёни схемаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
барча кирувчи материаллар (хомашё, ингредиентлар, қадоқлаш материаллари, сув, муз, ҳаво ва бошқа ёрдамчи воситалар);
барча технологик жараёнлар (қабул қилиш, тайёрлаш, аралаштириш, ишлов бериш, сақлаш, қадоқлаш ва бошқалар);
технологик жараёнлар орасидаги кутиш вақти ва маҳсулот ҳаракати;
технологик оқимларнинг бирлашиши ёки бўлиниши босқичлари;
қайта ишлаш, яроқсиз маҳсулотларни саралаш ҳамда чиқиндиларни йўқ қилиш босқичлари (қўлланилганда).
15. Ишлаб чиқариш жараёни схемаси ишлаб чиқилгандан сўнг, ХТКНН гуруҳи уни ишлаб чиқариш жараёни амалга оширилаётган жойда (жойида) ўрганиши, схеманинг тўлиқлиги ва аниқлигини тасдиқлаши ҳамда зарур ҳолларда тегишли тузатишларни киритиши зарур.
16. Озиқ-овқат бизнеси операторининг ҳар бир объектида хатарларни самарали назорат қилишни таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳсулот ёки ўхшаш маҳсулотлар гуруҳи учун ХТКНН режаси ишлаб чиқилиши лозим.
17. ХТКНН режаси қуйидаги ХТКНН тамойилларига асосланган тартиб-қоидаларни ўз ичига олиши лозим:
хатарлар таҳлилини ўтказиш;
КННни аниқлаш;
критик чегараларни белгилаш;
мониторинг тартибини белгилаш;
тузатувчи чораларни ишлаб чиқиш;
верификация жараёнларини белгилаш;
ҳужжатлаштириш ва қайд этиш тизимини юритиш.
18. ХТКНН режаси мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасида келтирилган ХТКНН режасининг намунасига ёки унга ўхшаш шаклга мувофиқ ёзма равишда расмийлаштирилиши, сана қўйилиши ҳамда озиқ-овқат бизнеси оператори объектининг ваколатли шахси томонидан имзоланиши керак.
4-§. ХТКНН тамойиллари асосида ишлаб чиқилган ХТКНН режаси ва уни амалга ошириш тартиб-таомилларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари
19. Озиқ-овқат бизнеси операторининг (кичик корхоналар) фаолияти хусусиятларини инобатга олган ҳолда, маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш шарти билан ХТКНН тамойилларига асосланган соддалаштирилган доимий тартиб-қоидаларни қўллашга йўл қўйилади.
20. ХТКНН тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидалар озиқ-овқат бизнеси операторининг ҳар бир алоҳида объектига татбиқ этилиши ҳамда ҳар бир объектнинг ўзига хос шароитларини тўлиқ ҳисобга олиши лозим.
21. Хатарлар таҳлили ишлаб чиқариш жараёни чизмасида кўрсатилган ҳар бир босқич бўйича ўтказилиши, бунда якуний маҳсулот тавсифида жамланган маълумотлар ҳамда мавжуд илмий тадқиқотлар натижалари ҳисобга олиниши лозим.
22. Хатарлар таҳлили иш варағи намунаси мазкур санитария қоидаларининг 2-иловасида келтирилган.
Ҳар бир босқичда аниқланган потенциал хатарлар юзага келиш эҳтимоли ҳамда инсон саломатлигига таъсирининг жиддийлиги бўйича ўрганилиши ва ўрганиш натижасига кўра аҳамиятли хатарлар аниқланиши лозим.
23. Ҳар бир аҳамиятли хатар учун унинг олдини олиш, бартараф этиш ёки мақбул даражагача камайтириш имконини берадиган назорат чоралари белгиланиши лозим. Назорат чоралари қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
ишлаб чиқариш муҳитидан келиб чиқадиган ифлосланиш манбаларини бошқариш чоралари ДШД доирасида амалга оширилиши;
аҳамиятли хатарни назорат қилиш чоралари, ушбу омиллар аниқланган жараён босқичида ёки кейинги босқичда қўлланилиши;
назорат чоралари самарадорлиги ўрганилиши ҳамда ўрганиш натижалари расмийлаштирилиши.
24. Хатарларни таҳлил қилиш доирасида аҳамиятли хатарлар (хавфли омиллар) сифатли ёки миқдорий (балли) баҳолаш усуллари ёрдамида аниқланишига йўл қўйилади.
25. Хатарлар таҳлили ягона шакл (формат) бўйича расмийлаштирилиши ҳамда доимий тарзда юритиб борилиши лозим.
26. КНН хатарларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бир хил турдаги хатарни назорат қилиш учун жараённинг турли босқичларида бир нечта КНН белгилашга ёки КНН орқали бир нечта хатарни назорат қилишга йўл қўйилади.
Агар бирор босқичда аниқланган аҳамиятли хатар(лар) учун назорат чоралари мавжуд бўлмаса, хатарни бартараф этиш ёки мақбул даражагача камайтириш мақсадида маҳсулот таркибига ва (ёки) технологик жараёнга тегишли ўзгартиришлар киритилиши зарур.
27. Аниқланган КНН мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ шаклда ХТКНН режасида умумлаштирилиши ҳамда ишлаб чиқариш жараёни чизмасидаги тегишли босқичларда кўрсатилиши лозим.
28. Ҳар бир КНН бўйича назорат чораларининг бажарилишини таъминлаш учун кузатиш ёки ўлчаш мумкин бўлган, аниқ қийматларга эга параметрларни ўз ичига олган критик чегаралар белгиланиши керак.
29. Критик чегараларни белгилашда ва аниқлашда қуйидагилар таъминланиши зарур:
критик чегараларнинг бузилмаслигини таъминлаш учун иш чегаралари ўрнатилиши;
критик чегара бир ёки бир нечта ўзаро боғлиқ параметрлар билан ифодаланиши;
критик чегараларни текшириш (асослаш) жараёни расмийлаштирилиши.
Ўрнатилган критик чегаралар мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ ХТКНН режасида умумлаштирилиши зарур.
30. Барча КННдаги ҳар бир критик чегара учун мониторинг тартиб-қоидалари белгиланиши керак.
Критик чегараларни назорат қилиш ҳар бир критик нуқтада белгиланган чегаралар учун кузатувлар ёки ўлчовларни амалга оширишни ўз ичига олиши, бунда узлуксиз ёки даврий равишда расмийлаштирилиши керак.
31. Мониторинг тартиб-қоидалари критик чегараларга риоя этилишини таъминлаши ва КННда критик чегаралардан оғиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш имконини бериши зарур.
32. Узлуксиз мониторинг амалга оширилганда критик чегарадан оғиш содир бўлган аниқ вақт қайд этилади.
Даврий мониторинг амалга оширилганда эса критик чегарадан оғиш ҳолати охирги муваффақиятли мониторинг вақтидан кейин юзага келган деб ҳисобланади ҳамда аниқланган вақти қайд этилади.
33. Мониторинг қуйидаги талабларга мувофиқ ташкил этилиши зарур:
кузатув/ўлчовлар узлуксиз ёки даврийликда ўтказилиши, агар кузатувлар ёки ўлчовлар узлуксиз бўлмаганда усул ва частота оғишини ўз вақтида аниқлашни таъминлаши;
мониторинг усули ва частотаси ХТКНН гуруҳи томонидан белгиланиши, кутилаётган оғиш хусусияти ҳисобга олиниши;
мониторинг учун масъул шахс(лар) аниқ белгиланиши;
оғиш юзага келишидан олдин жараёнга тузатиш киритилиши;
критик чегара бузилганда охирги муваффақиятли мониторингдан кейин ишлаб чиқарилган маҳсулот алоҳида ажратилиб, хавфсизлик бўйича баҳоланиши;
мониторинг натижалари (натижа, вақт, усул) реал вақт режимида қайд этилиши ва мониторингни бажарган шахс томонидан имзоланиши.
34. Мониторинг учун масъул шахслар тайёргарликдан ўтказилиши зарур.
35. Озиқ-овқат бизнеси оператори мониторинг тартиб-қоидаларининг доимий бажарилишини таъминлаши керак.
36. Мониторинг тартиби мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ ХТКНН режасида умумлаштирилиши лозим.
37. Ҳар бир КНН бўйича тузатиш ҳаракатлари тартиби олдиндан белгиланиши керак.
38. Тузатиш ҳаракатлари қуйидагиларни таъминлаши лозим:
критик чегарадан оғиш содир бўлган вақтда ишлаб чиқарилган маҳсулот потенциал хавфли деб ҳисобланиши ва бошқа маҳсулотлардан дарҳол ажратилиши;
маҳсулот аралашиб кетиш ва ўзаро ифлосланишнинг олдини олиш учун алоҳида жойда сақланиши.
39. Тузатиш ҳаракатлари тартиби ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилиши зарур. Бунда эҳтимоли юқори бўлган оғишлар учун тузатиш чоралари аниқ кетма-кетликда белгиланиши, объект ичидаги ахборот бериш ва хабардор қилиш (алоқа) занжирини ўз ичига олиши зарур.
40. Тузатиш ҳаракатлари қуйидагиларни таъминлаши керак:
критик чегаралардан оғишни бартараф этиш учун зарур бўлган воситалар ва амалий ҳаракатларни аниқлаш;
КНН бошқариладиган (назорат остидаги) ҳолатга қайтариш;
оғишнинг қайта юзага келиш эҳтимолини камайтириш мақсадида унинг манбаларини аниқлаш ҳамда асосий сабабларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш;
критик чегаралардан оғиш шароитида ишлаб чиқарилган маҳсулотни ажратиб қўйиш, унинг хавфсизлиги аниқлангандан сўнг муомалага чиқарилишини таъминлаш ёки хавфли деб топилганда утилизация қилиш;
хавфсизликни баҳолаш натижаларига кўра, маҳсулотни утилизация қилиш жараёни қайта ишлаш, бошқа мақсадларда фойдаланиш (озиқ-овқат ёки ноозиқ-овқат маҳсулоти сифатида) ёки йўқ қилишни ўз ичига олиши.
41. Тузатиш ҳаракатлари, шу жумладан маҳсулотни утилизация қилиш ишлари инсон, ҳайвон ва атроф-муҳит хавфсизлигига хавф туғдирмаслиги керак.
42. Тузатиш ҳаракатлари бўйича барча маълумотлар (четланиш сабаби, баҳолаш натижаси, қабул қилинган қарор, утилизация тартиби) тўлиқ қайд этилиши лозим.
43. Озиқ-овқат бизнеси оператори доимий тартиб-қоидаларга мувофиқ тузатиш ҳаракатларининг амалга ошириш жараёнларини таъминлаши керак.
44. Тузатиш ҳаракатларининг тартиби мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ ХТКНН режасида умумлаштирилиши керак.
45. ХТКНН режасини жорий этишдан олдин валидация ва верификацияни амалга ошириш тартиб-қоидалари ишлаб чиқилиши лозим.
46. Валидация тартиб-қоидалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
ХТКНН режасида назарда тутилган назорат чоралари аҳамиятли хатарларни назорат қилишни тасдиқловчи маълумотлар йиғилиши ҳамда ХТКНН режаси жорий этилишидан олдин тасдиқланиши;
жараёнлар ёки маҳсулотлар билан боғлиқ ўзгаришлар озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолларда ХТКНН режасини қайта тасдиқлаш;
назорат чоралари ва уларнинг критик чегараларини ХТКНН режасини ишлаб чиқиш жараёнида илмий манбалар, тадқиқотлар, лаборатория синовлари, ички тажриба асосида тасдиқлаш.
47. Верификация доимий равишда ўтказилиб, қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
масъул ходимлар томонидан жараёнларининг бажарилишини ҳамда назорат чораларининг ХТКНН режасига мувофиқ амалга оширилишини кузатиш;
баённомаларни текшириш (критик чегаралар мониторинги, тузатиш чоралари, шу жумладан маҳсулотни кейинги босқичга йўналтириш бўйича қайдлар);
назорат ва (ёки) мониторинг учун қўлланиладиган ўлчов асбобларининг аниқлилигини калибрлаш ёки текшириш;
ишлаб чиқариш муҳити, хомашё, оралиқ ва якуний маҳсулотлардан микробиологик, кимёвий ҳамда токсикологик текширувлар ўтказиш учун намуналар олиш ва уларни синовдан ўтказиш.
48. Верификация тадбирларини ўтказиш даврийлиги ХТКНН гуруҳи томонидан белгиланади. Мазкур даврийлик корхонанинг хусусиятларига (ишлаб чиқариш қуввати, ходимлар сони, қайта ишланадиган маҳсулотларнинг хусусиятлари), мониторинг частотасига, вақт ўтиши билан аниқланган оғишлар сонига ҳамда улар билан боғлиқ хатарларга асосланган бўлиши лозим.
49. ХТКНН тизими бўйича валидация ва верификация тадбирлари натижалари расмийлаштирилиши керак.
50. Валидация ва верификация қилиш тартиби мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ ХТКНН режасида умумлаштирилиши лозим.
51. ХТКНН тизими асосидаги тартиб-қоидалар расмийлаштирилиши ҳамда уларнинг амалда бажарилиши бўйича маълумотлар қайд этиб борилиши керак.
52. ХТКНН ҳужжатлари ва ёзувлари (баённомалари) қуйидагиларни ўз ичига олиши зарур:
ДШД амалга ошириш бўйича ҳужжатлар;
ХТКНН гуруҳининг ташкил этилганлиги ва таркибини тасдиқловчи ҳужжатлар;
барча маҳсулот номлари ёки ўхшаш маҳсулотлар гуруҳлари учун якуний маҳсулот тавсифи;
барча маҳсулот номлари ёки ўхшаш маҳсулотлар гуруҳлари учун ишлаб чиқариш жараёнининг схемалари;
мослашувчан ёндашувни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ХТКНН режаси;
назорат чораларини аниқлашни ўз ичига олган хатарлар таҳлили бўйича иш варақалари;
назорат чораларини асослашга доир ҳужжатлар;
критик чегараларни аниқлаш ва тасдиқлаш бўйича ҳужжатлар, шу жумладан илмий асосларни тасдиқловчи материаллар;
КННларда критик чегаралар мониторинги бўйича баённомалар;
тузатиш чоралари баённомалари, шу жумладан маҳсулот хавфсизлигини аниқлаш ва утилизация қилиш натижалари бўйича қайдлар;
валидация ва верификация тадбирларини ўтказиш натижалари бўйича баённомалар.
53. Юритилаётган қайдларга (баённомаларга) ҳаволалар мазкур санитария қоидаларининг 1-иловасига мувофиқ шаклда ХТКНН режасида кўрсатилиши лозим.
54. Ҳужжатлар ва қайдлар (баённомалар) ХТКНН гуруҳи учун қулай бўлган тартибда сақланиши шарт. Бунда:
қисқа яроқлилик муддатига эга (30 кунгача) маҳсулотлар учун ҳужжатлар камида 1 йил;
ўрта (1 — 6 ой) ва узоқ муддатли (6 ойдан ортиқ) маҳсулотлар учун ҳужжатлар камида 3 йил давомида сақланиши лозим.
55. Доимий тартиб-қоидалар фаолиятнинг хусусияти ва кўламини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳар қандай шароитда қўлланилишини таъминлаш мақсадида соддалаштирилган ёндашув асосида ҳам жорий этилиши мумкин. Бунда уларни қуйидаги ҳолларда қўллашга йўл қўйилади:
кичик озиқ-овқат бизнеси операторлари фаолиятида;
алоҳида географик чекловларга эга ҳудудларда (масалан, чекка ҳудудлар ёки тоғли минтақаларда) жойлашган озиқ-овқат бизнеси операторлари фаолиятида;
анъанавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш билан шуғулланувчи озиқ-овқат бизнеси операторлари бир хил турдаги маҳсулотлар гуруҳларини ишлаб чиқарса ёки қайта ишласа;
анъанавий маҳсулотларни ишлаб чиқариш ёки қайта ишлаш билан шуғулланувчи озиқ-овқат бизнеси операторлари фақат бирламчи маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланса, дастлабки шароит дастурларини амалга ошириш ҳамда хатарлар таҳлилини ўтказишда;
хатарлар таҳлили натижаларига кўра аҳамиятли хатарлар аниқланмаган ва критик назорат нуқталарини белгилаш зарурати бўлмаган ҳолларда (озиқ-овқат бизнеси оператори дастлабки шароит дастурларининг самарадорлигини баҳолаш мақсадида валидация ва верификация тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиши шарт);
хавф даражаси паст бўлган озиқ-овқат бизнеси операторларида агар дастлабки шароит дастурлари маҳсулотлар хавфсизлиги билан боғлиқ хатарларни аниқлаш ва назорат қилиш учун етарли бўлса.
Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0108-26-сон СанҚваН)
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари режасининг намунаси
1. | 2. | 3. | 4. | 5. | 6. | 7. | |||
Критик назорат нуқтаси | Назорат қилиш лозим бўлган аҳамиятли хатарлар | Критик чегара(лар) | Мониторинг | Тузатувчи ҳаракатлар | Самарадорликни текшириш бўйича тадбирлар | Ҳужжатлаштириш | |||
Қайси кўрсаткич | Критик назорат нуқтасининг айнан қайси нуқтасида | Қачон (даврийлиги) | Масъул ходим | ||||||
Хатарлар таҳлили ва критик назорат нуқталари тизими тамойилларига асосланган доимий тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва қўллашга доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0108-26-сон СанҚваН)
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Хатарлар таҳлили иш варағи намунаси
1. | 2. | 3. | 4. | 5. | 6. | |||
Жараён босқичи* | Ушбу босқичда жорий этилган, назорат қилинган ёки такомиллаштирилган потенциал хатарларни аниқланг: Б — биологик; К — кимёвий; Ф — физик | Ушбу хатар аҳамиятлими? (юзага келиш эҳтимоли мавжуд ва …) | 3-устундаги хатар аҳамиятини асосланг | Аҳамиятли хатар юзага келганда, унинг олдини олиш ёки бартараф этиш ёки мақбул даражагача камайтириш учун қандай чоралар қўллаш мумкин? | Ушбу босқич критик назорат нуқтаси ҳисобланадими? | |||
Ҳа | Йўқ | Ҳа | Йўқ | |||||
1. | Б | |||||||
К | ||||||||
Ф | ||||||||
2. | Б | |||||||
К | ||||||||
Ф | ||||||||
3. | Б | |||||||
Қ | ||||||||
Ф | ||||||||
* Изоҳ. Хатарлар таҳлили озиқ-овқат маҳсулоти таркибига киритилган ҳар бир ингредиентга нисбатан ўтказилиши керак.