Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
қарори
Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 9 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3771]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлаш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган.
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 январь,
33-сон
Келишилди:
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2026 йил 7 январь
Фанлар академияси биринчи вице-президенти Ш. САГДУЛЛАЕВ
2025 йил 12 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2026 йил 19 январдаги 33-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлаш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлашга қўйиладиган талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш босқичи — атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида белгиланган ҳолатга эришишга қаратилган, муайян вақт оралиғида амалга ошириладиган ташкилий ҳамда техник чора-тадбирлар ва ечимлар мажмуи;
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончаси — атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида белгиланган, ушбу блок ҳамда унга қарашли бинолар ва иншоотларни ўз ичига олган ҳудуд (атом электр станциясининг бошқа (ишлаб турган) блоклари билан умумий бўлган бинолари, иншоотлари, тизимлари ва элементлари бундан мустасно);
эксплуатация қилувчи ташкилот — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс.
2. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришга тайёрлаш ҳамда уни эксплуатациядан чиқариш бўйича фаолият атом электр станцияси блоки хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисобот ёки ушбу ҳисобот асосида ишлаб чиқилган атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастури, атом электр станцияси блоки ускуналари ва тизимларини демонтаж қилиш ишларининг дастури ва жадвалига, шунингдек атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган эксплуатациядан чиқариш концепциясига мувофиқ амалга оширилиши зарур.
3. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлаш мақсадида эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидаги чораларни кўриши зарур:
хавфсизлик маданиятини ривожлантириш;
бажариладиган ишлар сифатини таъминлаш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш;
атом электр станцияси блокини хавфсиз эксплуатациядан чиқариш учун зарур бўлган ускуналар, тизимлар, бинолар ва иншоотларнинг ишга яроқлилигини таъминлаш ҳамда уларни соз ҳолатда сақлаш;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш ишларини бажарувчи ходимларни танлаш, уларнинг тайёргарлиги ва малака даражасини назорат қилиш;
радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда ишларнинг хавфсизлигини, шунингдек уларни ҳисобга олиш ва назорат қилишни таъминлаш.
4. Кўп блокли атом электр станцияси майдончасида жойлаштирилган атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишлар ушбу майдончада жойлашган бошқа (ишлаб турган) атом электр станцияси блокларининг хавфсизлигига таъсир кўрсатмаслиги лозим.
5. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокининг лойиҳавий хизмат муддати тугашидан камида 5 йил олдин атом электр станцияси блокини хавфсиз эксплуатациядан чиқариш бўйича концепция ишлаб чиқиши зарур.
6. Атом электр станцияси блокини хавфсиз эксплуатациядан чиқариш бўйича концепция қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришнинг мумкин бўлган вариантлари тавсифланиши ва таққосланиши, бунда ушбу блок эксплуатацияси тўхтатилгандан кейинги радиациявий вазият прогнози ҳамда эксплуатациядан чиқариш якунида эришилиши режалаштирилган тахминий (мақсадли) ҳолатларни;
эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан танланган эксплуатациядан чиқариш варианти, уни танлаш талаблари ҳамда танловнинг асосларини;
эксплуатациядан чиқариш учун тўхтатилган атом электр станцияси блокининг эксплуатациядаги конфигурациясини;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларнинг умумий миқдори (ҳажми ва фаоллиги), тури, тоифаси ва синфларини баҳолаш натижаларини;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришга тайёрлаш ва эксплуатациядан чиқариш тадбирлар рўйхати, тавсифи ва бажарилиш муддатини.
2-боб. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни таъминлаш
7. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасидаги радиациявий фоннинг қийматини тўғри баҳолаш мақсадида, уни жойлаштиришдан олдинги даврга тегишли радиациявий фон маълумотлари олиниши керак.
8. Эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан атом электр станцияси блоки хавфсизлигини асослаш бўйича ҳисобот ишлаб чиқилиши лозим. Ҳисоботда қуйидаги техник ва ташкилий чора-тадбирлар назарда тутилиши лозим:
атом электр станцияси блокининг конструкциялари, тизимлари ва элементлари учун қўлланиладиган материаллар ҳамда уларни тайёрлаш бўйича талаблар;
атом электр станцияси блокини эксплуатация қилиш даврида тизимлар, элементлар ва хоналарнинг радионуклидлар билан юзаки ифлосланишини энг кам даражага туширишга қаратилган технологик ечимлар ва усуллар;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш даврида дезактивация ва демонтаж ишларининг техник ечимлари, шу жумладан ускунани бутунлигича ёки йирик қисмлар билан демонтаж қилиш ҳамда уни кейинчалик парчалаш ва (ёки) дезактивация майдончаларига кўчириш талаблари;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш ишларини бажариш учун зарур бўлган блок тизимлари ва элементларининг рўйхати;
блок бинолари ва иншоотларнинг қурилиш конструкциялари учун юк кўтариш қобилиятига оид талаблар;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш муддати давомида, шунингдек эксплуатациядан чиқариш ишлари жараёнида юзага келиши мумкин бўлган юкламалар тўғрисидаги маълумотлар;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш даврида ишлайдиган ҳамда ушбу жараённи амалга ошириш учун зарур бўлган тизимлар ва элементларнинг ишчанлиги, шу жумладан ресурс тугаганда ускуналар ва тизим элементларини алмаштириш орқали уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашга оид талаблар;
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш ва (ёки) кондициялаш ҳамда сақлаш учун мўлжалланган қурилмалар ва омборхоналарни жойлаштириш мумкин бўлган жойлар белгиланиши;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишларни бажаришда блокнинг асосий тизимлари ва элементларини демонтаж қилиш ва (ёки) дезактивация қилиш технологиялари олдиндан танланиши;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш тартибига қўйиладиган талаблар (эксплуатациядан чиқаришга тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш ишларини режалаштириш ҳамда бажариш учун зарур бўлган маълумотларни қайд этиш, тўплаш, сақлаш ва тақдим этиш воситалари ҳамда усуллари);
атом электр станциясининг блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида радиациявий хавфсизликни асослаш тўғрисидаги маълумотлар;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда юз бериши мумкин бўлган аварияларнинг таҳлили;
радиациявий назоратда қўлланиладиган ўлчов воситалари, метрологик ва услубий таъминоти тўғрисидаги маълумотлар;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда физик ҳимоя тизимини асослаш тўғрисидаги маълумотлар.
9. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокининг «ҳаётий» даврида атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастури ва лойиҳасини ишлаб чиқиш учун хавфсизликни таъминлашга оид қуйидаги маълумотларни тўплаши ва сақлашни таъминлаши лозим:
атом электр станцияси блокининг тизимлари, элементлари ва хоналарининг радионуклидлар билан ифлосланиш даражасини баҳолаш тўғрисидаги;
атом электр станцияси блокининг бинолари, иншоотлари, тизимлари ва элементларининг техник ҳолатини ўрганиш ҳамда қолдиқ ресурсини текширувлар натижалари тўғрисидаги;
атом электр станцияси блоки хоналаридаги ҳамда эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасидаги радиациявий вазият, шунингдек ушбу блок тўхтатилгандан кейин эксплуатациядан чиқариш учун санитария-муҳофаза зонаси ва кузатув зонаси тўғрисидаги;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларни жойлаштириш мақсадида эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасидаги радиоактив чиқиндиларни сақлаш пунктлари ва омборхоналарининг мавжуд (бўш) ҳажмлари тўғрисидаги.
10. Эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастурини ишлаб чиқиши лозим. Ушбу дастур қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
атом электр станцияси блокини узил-кесил тўхтатилишигача бўлган даврда эксплуатациядан чиқаришга тайёрлаш бўйича тадбирларни;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришга тайёрлаш жараёнини (мазкур жараён блок узил-кесил тўхтатилган пайтдан бошлаб эксплуатациядан чиқариш ишлари бошлангунига қадар бўлган давр).
11. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда қуйидаги тадбирлар амалга оширилиши зарур:
радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ тадбирлар;
атом электр станцияси блоки ускуналари, тизимлари ва қурилиш конструкцияларини демонтаж қилиш ва дезактивация қилиш;
такроран фойдаланиладиган материаллар билан муомала қилиш;
юзага келиши мумкин бўлган радиациявий авариялар оқибатларини бартараф этиш;
радиациявий назорат;
жисман ҳимоя;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида фойдаланиладиган ускуналар, тизимлар, бинолар ва иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, шунингдек уларнинг ресурслари тугаганда ҳамда таъмирлаш имконсиз ёки мақсадга мувофиқ бўлмаганда уларни алмаштириш;
атом электр станцияси блокининг ускуналари, тизимлари ва қурилиш конструкцияларини консервация қилиш ҳамда юқори фаолликка эга ускуналардан фойдаланиш.
12. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришга тайёргарлик кўриш жараёнида эксплуатация қилувчи ташкилот қуйидагиларни таъминлаши зарур:
атом электр станцияси блокидан барча ядровий материаллар, шу жумладан янги ядровий ёқилғи ва ишлатиб бўлинган ядровий ёқилғини чиқариб ташлаш;
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончаси доирасида ядровий ёқилғини махсус ускуналар ва транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда олдиндан йўналишлар бўйича ташишни ташкил этиш;
атом электр станцияси блоки ускуналари ва технологик тизимларидан радиоактив моддаларни олиб ташлаш;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришга тайёрлаш ишларини бажариш учун зарур бўлган ҳажмда атом электр станцияси блокининг бинолари, иншоотлари, тизимлари ва элементларини дезактивация қилиш;
атом электр станцияси блокидан фойдаланиш даврида унда тўпланган радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш ва кондициялаш, уларни радиоактив чиқиндилар сақланадиган омборга жойлаштириш ва (ёки) сақлаш ёки кўмиб ташлаш учун эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончаси чегарасидан ташқарига транспортда ташиш;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқиш учун атом электр станцияси блокини комплекс муҳандислик ва радиация текширувидан ўтказиш, олинган натижалар бўйича ҳисобот тайёрлаш;
мазкур Қоидаларнинг 3-бобига мувофиқ атом электр станцияси блокини комплекс муҳандислик ва радиациявий текширувидан ўтказиш;
комплекс муҳандислик ва радиация текшируви натижалари ҳисобга олинган ҳолда атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастурини янгилаш;
танланган атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш варианти бўйича атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасини ишлаб чиқиш;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳаси ва дастури асосида атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда хавфсизликни асослаш бўйича ҳисоботни ишлаб чиқиш;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида сифатни таъминлаш бўйича дастурни ишлаб чиқиш;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида авария содир бўлганда ходимларни (ишчи-хизматчиларни) ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш.
Ушбу Қоидаларнинг мазкур бандида кўрсатилган тадбирлар ва ишларни бажариш муддатлари атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастурида белгиланиши зарур.
13. Иссиқлик ажратувчи элементлар бузилиши ҳамда бўлинадиган материалларнинг технологик тизимларга, конструкция элементларига ёки иссиқлик ажратувчи элементларни сақлаш ҳавзасига тушиши оқибатида юз берган авариядан сўнг атом электр станцияси блоки тўхтатилган тақдирда, ушбу блокни ядровий хавфсиз ҳолатга келтириш авария оқибатларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастурига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
14. Комплекс муҳандислик ва радиация текшируви натижалари тўғрисидаги ҳисоботда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши зарур:
ўтказилган текширувнинг мақсадлари, вазифалари ва ҳажми;
текширувни ўтказишда қўлланилган ўлчаш усуллари ҳамда техник воситалар тўғрисидаги маълумотлар;
текширув жараёнида назорат қилинган параметрлар ва тавсифлар;
комплекс муҳандислик ва радиация текшируви давомида олинган натижалар ҳамда хулосалар.
15. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида атом электр станцияси блокини хавфсиз тарзда эксплуатациядан чиқаришни таъминловчи чора-тадбирлар назарда тутилиши ҳамда унда қуйидагилар келтирилиши лозим:
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш босқичларининг тавсифи ҳамда босқичларни бажариш кетма-кетлиги;
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасининг чегаралари;
атом электр станцияси блоки эксплуатациядан чиқарилгандан кейинги якуний ҳолатнинг тавсифи;
кўп блокли атом электр станциясида атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишларнинг эксплуатация қилинаётган бошқа атом электр станцияси блокларига таъсир кўрсатиши эҳтимолини бартараф этувчи чора-тадбирлар (мазкур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш атом электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқувчи иштирокида амалга оширилиши керак);
радиациявий хавфсизликни таъминлаш бўйича техник ва ташкилий ечимлар;
атом электр станцияси блоки хоналарида, эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасида, санитария-муҳофаза зонасида ва кузатув зонасида дозиметрик назорат ҳамда радиациявий вазиятни назорат қилиш ҳажми, шунингдек радиациявий назоратнинг техник воситаларига қўйиладиган талаблари;
чиқариб ташланадиган радиоактив чиқиндилар, шу жумладан иккиламчи радиоактив чиқиндилар бўйича уларнинг миқдори (ҳажми ва фаоллиги), радионуклид таркиби ва синфи, шунингдек радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бажариш учун контейнерларнинг тури ва қанча миқдорда кераклигига оид талаблар;
шамоллатиш тизими (вентиляция), газни тозалаш, чангни бостириш ва оқава сувларни чиқариб юбориш тизимларининг техник тавсифлари;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш босқичи якунлангандан кейин атом электр станцияси блокининг ҳолати (эришиладиган ҳолат тавсифи);
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш пайтида ходимлар нурланишининг минималлаштириш талаблари;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришда саноат, экологик ва портлаш хавфсизлигига оид талаблар;
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасидаги радиоактив ифлосланишни бартараф этиш натижалари;
ташқи таъсирлардан ҳимоя қилиш усуллари;
атом электр станцияси блоки ходимларини радиациявий авария ҳақида огоҳлантириш ва хабардор қилиш усуллари;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишлар якунлангандан сўнг, лойиҳада белгиланган якуний ҳолат ҳамда келгусида эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасидан режалаштирилаётган фойдаланиш шароитида сақланиб қолиши мумкин бўлган ионлаштирувчи нурланишнинг техноген манбалари билан боғлиқ ҳолда ходимлар ва аҳолининг нурланиш дозаларини прогноз баҳолаш натижалари.
16. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришнинг ҳар бир босқичи якунлангандан сўнг эксплуатациядан чиқарилаётган блокнинг амалдаги ҳолати эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида белгиланган режа ҳолатига мувофиқлиги текширилиб, қуйидагилар бўйича таҳлил ўтказилиши лозим:
атом электр станцияси блокини қўшимча муҳандислик ва радиация текширувидан ўтказиш зарурати;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш дастурини ва лойиҳасини янгилаш зарурати.
17. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришнинг барча босқичларида эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блокининг назорат қилинадиган кириш зонаси чегаралари белгиланиши, шунингдек қўриқлаш сигнализацияси воситаларидан фойдаланиш ва ходимларнинг ушбу зонага рухсатсиз киришининг олдини олиш бўйича чоралар кўрилиши керак.
18. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида ҳар бир босқич якунлангандан сўнг расмийлаштириладиган маълумотлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
фойдаланилган технологиялар, демонтаж ва дезактивация қилиш усуллари ва техник воситаларини;
радиациявий хавфли ишларнинг ҳар бир тури учун ходимларнинг олган индивидуал ва жамоавий нурланиш дозаларини;
атом электр станцияси блоки хоналаридаги ва эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасидаги радиациявий вазиятини;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида назарда тутилган қўшимча муҳандислик тўсиқларини яратиш бўйича амалга оширилган ишларни.
19. Атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот блокни эксплуатациядан чиқаришнинг ҳар бир босқичи бошланишидан олдин қуйидаги кўрсаткичлар бўйича назорат даражаларини белгилаши лозим:
атом электр станцияси блоки хоналаридаги ишчи юзалар ҳамда ҳаво муҳитининг радионуклидлар билан ифлосланиш даражасини;
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида атроф-муҳитга радиоактив моддаларнинг чиқарилиши ва ташланиши бўйича рухсат этилган (назорат) даражаларини.
20. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқаришнинг барча босқичларида радиациявий назоратнинг ҳажми, усуллари ва техник воситалари атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ белгиланиши ва қуйидагилар амалга оширилиши зарур:
атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш ишларини бажараётган ходимларнинг индивидуал дозиметрик назорати;
муҳандислик тўсиқларининг бутунлиги ва ишга яроқлилиги назорати.
21. Ташқи нурланиш дозасининг қуввати ва (ёки) ҳаводаги радионуклидларнинг ҳажмий фаоллиги назорат даражаларидан ошиши эҳтимоли мавжуд бўлган жойларда атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш ишлари бажарилганда, назорат даражаси ошганлиги ҳақида хабар берувчи товуш ва ёруғлик сигнализациясига эга радиациявий назорат воситалари ўрнатилиши ва улар соз ҳолатда бўлиши лозим.
22. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талабларига (рўйхат рақами 3694, 2025 йил 28 октябрь) риоя қилиниши лозим.
23. Эксплуатация қилувчи ташкилот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 январдаги 13-сон қарори билан тасдиқланган Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишларни бажаришда, бажарувчи ва хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакаси оширилишини таъминлаши керак.
24. Эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блокида авария содир бўлганда:
эксплуатациядан чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун масъул таркибий бўлинма томонидан атом электр станциясининг маъмурий раҳбарияти дарҳол хабардор қилиниши;
лойиҳани амалга ошираётган бўлинманинг маъмурий раҳбарияти авариянинг ривожланишини тўхтатиши, ходимлар ва аҳолининг нурланиш дозаларини, шунингдек нурланишга учраган шахслар сонини ҳамда атом электр станцияси блоки хоналари ва атроф-муҳитнинг радиоактив ифлосланишини энг кам даражага келтириш чораларини кўриши керак.
3-боб. Атом электр станцияси блокини комплекс муҳандислик ва радиациявий текшириш
25. Атом электр станцияси блокининг комплекс муҳандислик ва радиациявий текшируви қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
лойиҳа ҳужжатларини ўрганиш ҳамда эксплуатациядан чиқарилаётган блокда амалга оширилган ечимларнинг лойиҳа ечимларига мувофиқлигини таҳлил қилиш;
қурилиш конструкциялари, тизимлар ва асбоб-ускуналардан эксплуатациядан чиқариш жараёнида фойдаланишни асослаш мақсадида блокнинг эксплуатация ҳужжатларини таҳлил қилиш;
атом электр станцияси блоки хоналари ичида ва ташқарисида радиациявий вазиятни таҳлил қилиш;
қурилиш конструкциялари, тизимлари ва ускуналарининг ҳолатини ускуналар ёрдамида текширувдан ўтказиш.
26. Атом электр станцияси блокининг бинолари ва иншоотларининг муҳандислик текшируви натижалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
атом электр станцияси блоки, шунингдек унга тегишли бинолар ва иншоотларнинг тавсифини;
атом электр станцияси блоки қурилиш конструкцияларининг текширув ўтказилган пайтдаги ҳақиқий техник ҳолати ва уларнинг қолдиқ ресурси бўйича баҳолашни;
атом электр станцияси блокини жойлаштириш бўйича қабул қилинган техник ечимлар рўйхатини;
электр, иссиқлик, газ, ҳаво ва сув таъминотининг асосий схемаларини;
атом электр станцияси блоки ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлари ва хоналари ўртасидаги технологик ҳамда транспорт алоқаларининг схемалари ва хусусиятларини.
27. Атом электр станцияси блокининг ишлаб чиқариш хоналарининг муҳандислик текшируви натижалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
атом электр станцияси блоки белгилари, шунингдек қатъий ва эркин режим зоналари бўйича хоналарнинг рақамлари ва номлари кўрсатилган тўлиқ рўйхатини;
хонанинг тавсифларини (геометрик ўлчамлари, хона тоифаси, портлаш ва ёнғин хавфи синфи, электр хавфсизлиги синфи, ҳаво алмашинуви даражаси, пол, шифт ва девор қопламаларининг тавсифлари, тирқишлар тавсифлари);
биноларда жойлаштирилган ёки бинолар орқали транзит ўтувчи асбоб-ускуналар, қурилмалар, тизимлар ҳамда коммуникациялар рўйхати ва уларнинг техник ва масса-габарит тавсифларини;
текшириш пайтида ускуналар, қурилмалар ва тизимларнинг амалдаги техник ҳолати ҳамда уларнинг қолдиқ хизмат муддати тўғрисидаги маълумотларни.
28. Радиациявий вазият тўғрисидаги ахборот қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:
гамма-нурланиш дозаларининг қувватлари, атом электр станцияси блоки хоналаридаги альфа- ва бета-заррачалар оқимларининг зичликлари, атом электр станцияси блоки хоналари ҳавосидаги радиоактив аэрозоллар ва газларнинг концентрацияларини;
атом электр станцияси блоки бинолари ва иншоотларидан ташқаридаги гамма-нурланиш дозалари қувватлари, эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончаси ҳудудининг ва атом электр станцияси блоки бинолари ва иншоотлари ташқи сиртларининг радиоактив ифлосланиш даражалари, шунингдек атмосферадаги радиоактив аэрозоллар ва газлар концентрацияларини.
29. Атом электр станцияси блокини радиациявий текшириш натижалари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончаси, сиртлар (деворлар, томлар) ва қопламалар тури, радионуклидлар таркиби, уларнинг фаоллиги кўрсатилган ҳолда радиоактив ифлосланишга учраган объектлари (атом электр станцияси блоки бинолари ва иншоотлари) рўйхатини;
омборларда тўпланган суюқ радиоактив чиқиндилар ҳажмлари, уларнинг солиштирма ва интеграл фаоллиги, радионуклид ва кимёвий таркиби, агрегат ҳолатини;
тўпланган қаттиқ радиоактив чиқиндилар ҳажмлари, уларнинг солиштирма ва умумий фаоллиги, радионуклид таркиби, кимёвий таркибини;
атом электр станцияси блокида мавжуд бўлган қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндилар омборларининг тўлдирилганлиги тўғрисидаги маълумотларни;
дозалар қуввати ва нурланиш майдонлари картограммаларини;
коммуникациялар, омборхоналарнинг қурилиш ва ҳимоя иншоотларининг бўлиниш маҳсулотлари ҳамда бошқа радионуклидлар билан ифлосланганлик даражасини.
30. Блок хоналарида радиациявий текширув ўтказилгандан сўнг атом электр станциясида қуйидагилар аниқланиши лозим:
атом электр станцияси блоки биноларидаги радиоактив ифлосланиш зоналари ва уларнинг чегаралари;
назорат қилинадиган фойдаланиш зонаси;
биноларда жойлашган ёки бинолар орқали транзит тарзда ўтувчи ускуналар, тизимлар ва қурилиш конструкцияларининг юзаси радиоактив модда билан ифлосланиш даражаси;
асбоб-ускуналар ва қурилиш конструкциялари материалларининг ташқи сиртдан ичкарига қараб радионуклидлар билан ифлосланиш даражалари;
ускуналар ичидаги радиоактив чўкиндиларнинг ҳажми ва нуклидлар таркиби.
31. Радиациявий текширувдан сўнг эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасида қуйидагилар аниқланиши керак:
атом электр станцияси ҳудудидаги ер ости ва ер усти сувларидаги радионуклидларнинг концентрацияси ва таркиби;
атом электр станцияси ҳудуди тупроғидаги радионуклидларнинг концентрацияси ва таркиби.
4-боб. Атом электр станциясининг блокини эксплуатациядан чиқариш бўйича ишларни якунлаш
32. Атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш ишлари атом электр станцияси блокини эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида белгиланган якуний ҳолатга эришилганлиги тасдиқлангандан кейингина тугалланган ҳисобланиши лозим.
33. Атом электр станцияси блоки эксплуатациядан чиқарилгандан кейинги якуний ҳолатга эришилганлигини асослаш мақсадида эксплуатация қилувчи ташкилот атом электр станцияси блокини якуний текширувдан ўтказиши ҳамда якуний текширув натижалари бўйича ҳисоботни ишлаб чиқиши керак.
34. Якуний текширув натижалари бўйича ҳисоботда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
якуний текширувни ўтказишда фойдаланилган ўлчов усуллари ва техник воситалар тўғрисидаги маълумотлар;
якуний текширув давомида олинган натижалар;
эксплуатациядан чиқарилаётган атом электр станцияси блоки майдончасида қолган ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг кўп омилли таъсирида ходимлар ва аҳолининг прогноз қилинаётган нурланиш дозаларини баҳолаш натижалари;
атом электр станцияси блокининг амалдаги ҳолати эксплуатациядан чиқариш лойиҳасида кўрсатилган атом электр станцияси блоки эксплуатациядан чиқарилгандан кейинги якуний ҳолатга мувофиқлигини асослаш натижалари.
5-боб. Якуний қоида
35. Мазкур Қоидаларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.02.2026 й., 10/26/3771/0129-сон)