Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг
қарори
Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талабларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 28 октябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3694]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги ПФ-224-сон «Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талаблари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан келишилган.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис А. РАФИҚОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 10 октябрь,
25-сон
Келишилди:
Фанлар академияси президенти Ш. АЮПОВ
2025 йил 24 сентябрь
Атом энергияси агентлиги директори А. АХМЕДХАДЖАЕВ
2025 йил 23 сентябрь
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
2025 йил 19 сентябрь
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасининг 2025 йил 10 октябрдаги 25-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг хавфсизлик талаблари
Мазкур ҳужжат атом электр станциялари, кичик модулли ядро реакторлар, тадқиқот ядро реакторлар ҳамда бошқа ядровий қурилмалардан фойдаланиш ва уларни фойдаланишдан чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда хавфсизликни таъминлашга оид талабларни белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу ҳужжатда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:
радиоактив чиқиндилар — фойдаланиш учун мўлжалланмаган, йўл қўйилиши мумкин бўлган энг кўп миқдордан ошадиган фаоллик даражасига эга радионуклидларни ўз ичига олган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги материаллар ва моддалар;
радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш — радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш, жумладан радиоактив чиқиндиларни тўплаш, саралаш, қайта ишлаш, кондициялаш, транспортда ташиш (ташиш), сақлаш, зарарсизлантириш, радиоактив чиқиндини чиқариб олиш ва кўмиб ташлаш фаолияти;
радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш объектлари (бундан буён матнда объект деб юритилади) — радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш, жумладан уларни тўплаш, саралаш, қайта ишлаш, кондициялаш, транспортда ташиш (ташиш), сақлаш, зарарсизлантириш, радиоактив чиқиндини чиқариб олиш ва кўмиш учун мўлжалланган, радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш учун зарур бўлган тизимлар ва ускуналар билан жиҳозланган қурилмалар, комплекслар ва иншоотлар;
эксплуатация қилувчи ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилган ҳамда ядровий қурилма ва (ёки) сақлаш пункти учун масъул этиб тайинланган ҳамда ўз кучлари билан ёки бошқа юридик шахсларни жалб этган ҳолда ядровий қурилмани ва (ёки) сақлаш пунктини эксплуатация қилишга қодир бўлган юридик шахс;
радиоактив чиқиндиларни таснифлаш — радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш мақсадида уларнинг фаоллик даражаси, радионуклидларнинг тури ва ярим емирилиш даври, иссиқлик ажралиши ва зарур изоляциялаш даражаси бўйича синфларга ажратиш жараёни;
радиоактив чиқиндиларни кондициялаш (бундан буён матнда кондициялаш деб юритилади) — радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун яроқли бўлган ва радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун мақбуллик мезонларига мувофиқ бўлган физик шакл ва ҳолатга келтириш бўйича технологик жараёнлар;
радиоактив чиқиндиларни кўмиш учун мақбуллик мезонлари (бундан буён матнда мақбуллик мезонлари деб юритилади) — радиоактив чиқиндиларни хавфсиз кўмиш мақсадида уларнинг физик-кимёвий хоссалари ҳамда сиғимларига қўйиладиган талаблар мажмуаси.
2. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя қилиниши лозим:
ходимларнинг нурланиш дозалари устидан доимий индивидуал назоратни амалга ошириш;
радиоактив чиқиндиларни уларнинг фаоллик даражасига кўра таснифлаш;
радиоактив чиқиндилардан радиация тарқалишининг олдини олиш мақсадида муҳофаза ва муҳандислик тўсиқларини қўллаш;
ходимларни шахсий ҳимоя воситалари ҳамда дозиметрик назорат воситалари билан таъминлаш;
атроф-муҳитнинг радиациявий ифлосланишига йўл қўймаслик ҳамда санитария-ҳимоя зоналарини ташкил этиш;
радиациявий авариялар юз бериши мумкин бўлган ҳолатларга тайёрликни таъминлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тезкор жавоб чораларини белгилаш;
радиоактив чиқиндиларни тўплаш, саралаш, қайта ишлаш, кондициялаш, транспортда ташиш (ташиш), сақлаш, зарарсизлантириш, чиқариб олиш ва кўмиб ташлаш жараёнларининг радиациявий хавфсизлигини баҳолаш ишларини олиб бориш;
СанҚваМ 0193-06 «Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006) ва Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)» талабларига;
СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари» талабларига;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 сентябрдаги 613-сон қарори билан тасдиқланган Нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими тўғрисидаги низомга мувофиқ ходимларнинг нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 январдаги 13-сон қарори билан тасдиқланган Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида фаолият олиб борадиган эксплуатация қилувчи ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда уларнинг аттестациядан ўтказишни ташкил этиш;
Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ ходимларни тиббий кўрикдан ўтишини ташкил этиш.
3. Объектни лойиҳалаш ва қуриш қуйидагилар инобатга олинган ҳолда амалга оширилиши лозим:
радиациявий хавфсизлик талаблари;
аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чоралари;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари;
аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари;
архитектура ва шаҳарсозлик ҳужжатлари талаблари;
объектнинг келгусида фойдаланишдан чиқарилиши (ёпилиши).
4. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда радиациявий назорат шакли объект лойиҳасида белгиланиши ва объектнинг эксплуатация ҳужжатларида кўрсатилиши лозим.
Объектнинг эксплуатация ҳужжатларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
радиациявий назоратни ўтказиш шакллари;
назорат қилинадиган параметрлар ва уларнинг йўл қўйиладиган қийматлари;
радиациявий назоратни ўтказиш тартиби ва даврийлиги;
радиациявий назоратни амалга ошириш учун техник воситалар рўйхати, уларнинг техник таснифлари ва тегишли услубий таъминоти;
радиациявий хавфсизликни таъминлашни амалга ошириш учун лавозимлар рўйхати, ходимлар сони ва уларнинг малакаси.
5. Радиоактив чиқиндилар радиоактив бўлмаган чиқиндилардан ажратилган ҳолда сақланиши керак.
6. Объектни лойиҳалашда хавфсизликка тааллуқли конструкциялар, тизимлар ва таркибий қисмлар белгиланиши, шунингдек объектнинг мураккаблиги ҳамда ундаги радиоактив чиқиндиларнинг хусусиятлари ҳисобга олиниши лозим.
7. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар эксплуатация ҳужжатларини, жумладан радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича йўриқномалар ва қўлланмаларни ишлаб чиқишни таъминлаши лозим.
8. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш жараёнида юзага келадиган авариявий ҳолатларда ҳаракатларни СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари»га асосан амалга ошириши лозим.
9. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар томонидан радиоактив чиқиндиларни кўмишдан олдин, радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг барча босқичларида уларнинг физик, кимёвий, радиологик ва биологик хоссалари таснифланиши лозим.
10. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ҳар йили ўз фаолияти натижасида ҳосил бўладиган материаллар, моддалар, ускуналар ва буюмлардаги радионуклидлар миқдорини баҳолаши, ушбу объектлардан келгусида фойдаланиш имкониятини аниқлаши ва фойдаланиш мумкин бўлмаган тақдирда уларни радиоактив чиқиндилар таркибига киритиши лозим.
11. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишда хавфсизлик даражасини оширишга қаратилган техник ечимлар ҳамда ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигини аниқлаш мақсадида, эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан радиоактив чиқиндилар билан муомаладаги хавфсизликнинг жорий даражаси таҳлил қилиниши лозим.
12. Фойдаланилаётган радиоактив чиқиндиларни вақтинча ва узоқ муддат сақлаш пунктлари, радиоактив чиқиндиларни жойлаштириш ва консервациялаш пунктлари, шунингдек қаттиқ радиоактив чиқиндиларни кўмишнинг ёпиладиган пунктлари ҳамда суюқ радиоактив чиқиндиларни чуқур кўмиш пунктлари бўйича радиоактив чиқиндиларни жойлаштириш (кўмиш) тизимининг узоқ муддатли хавфсизлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш ишлари амалга оширилиши лозим.
Ушбу таҳлил ва баҳолаш натижалари хавфсизликни асослаш бўйича ҳисоботда акс эттирилиши ҳамда эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган дастурга мувофиқ, хавфсизлик талабларини таъминлашга қаратилган тадбирлар бажарилиши зарур.
13. Эксплуатация қилувчи ташкилот радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда хавфсизликни даврий баҳолашни амалга ошириши керак.
Хавфсизликни даврий баҳолаш эксплуатация қилувчи ташкилот томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган дастурга мувофиқ ўтказилиши лозим.
2-боб. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш
14. Эксплуатация қилувчи ташкилот ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш чоғида, шунингдек объектдан нормал фойдаланиш издан чиққанда, жумладан авариялар пайтида ҳосил бўладиган ва (ёки) тўпланиб қоладиган барча чиқариб ташланадиган радиоактив чиқиндилар билан муомалани таъминлаши лозим.
Радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишлар объект ҳаёт даврининг (цикл) барча босқичларида, шунингдек уни фойдаланишдан чиқариш (ёпиш) чоғида ҳам хавфсиз тарзда амалга оширилиши керак.
15. Объектнинг лойиҳасида радиоактив чиқиндилар ҳосил бўладиган манбалар ва уларнинг таснифлари тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
газсимон, қаттиқ ва суюқ радиоактив чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш манбалари, уларнинг фаоллиги, таркиби ҳамда йиллик режалаштирилган миқдори (ҳажми);
объектнинг лойиҳавий (белгиланган) фойдаланиш муддати давомида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндилар миқдори (ҳажми) ва фаоллигининг баҳоланиши;
қайта ишлаш, кондициялаш ва сақлаш учун тўпланган радиоактив чиқиндиларнинг миқдори (ҳажми), фаоллиги ва таркибининг баҳоланиши;
объектни фойдаланишдан чиқаришда (ёпишда) ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларнинг миқдори (ҳажми), фаоллиги ва таркибининг баҳоланиши.
16. Атом энергиясидан фойдаланиш жараёнида радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлишининг нормалари, шу жумладан радиоактив чиқиндилар ҳосил бўлишининг йиллик режалаштирилган миқдорлари (ҳажмлари) ҳисоботда кўрсатилиши лозим.
17. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар суюқ ва қаттиқ радиоактив чиқиндиларни ўз вақтида тўплаш, саралаш ҳамда улар билан кейинчалик муомала қилиш учун яроқли ҳолатга келтиришни таъминлаши, шунингдек кўмиш учун мақбуллик мезонларига мувофиқлаштириш, газсимон радиоактив чиқиндиларни сақлаш ва (ёки) тозалаш ишларини ташкил этиши зарур.
18. Радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш бўйича техник ечимлар ва ташкилий тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда қуйидагилар ҳисобга олиниши лозим:
сараланиши, қайта ишланиши, кондицияланиши ва сақланиши лозим бўлган радиоактив чиқиндиларнинг таснифи, фаоллиги ва ҳажми;
радиоактив чиқиндилар билан кейинчалик муомала қилиш усуллари (қайта ишлаш, кондициялаш, ташиш (ташиш), сақлаш, кўмиш), шунингдек радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг мавжуд технологиялари;
радиоактив чиқиндиларнинг кейинчалик улар билан муомалада бўлиш учун белгиланган таснифлари ва хоссаларига қўйиладиган талаблар;
радиоактив чиқиндиларни сақлаш шартлари, оралиқ сақлашнинг йўл қўйиладиган ҳажми ва белгиланган муддатлари.
19. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг асосий босқичлари қуйидагилардан иборат:
радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва саралашни радиоактив чиқиндиларни таснифлаш тизимига мувофиқ радиациявий, физик ва кимёвий таснифларини ҳисобга олган ҳолда улар ҳосил бўлган ва (ёки) ишлов бериш жойларда амалга ошириш;
суюқ ва қаттиқ радиоактив чиқиндиларни саралаш жараёнида уларни узоқ муддатли сақлашга ва (ёки) кўмишга тайёрлаш мақсадида турли синфларга ажратиш;
радиоактив чиқиндиларнинг ҳажмини камайтириш мақсадида кондициялаш;
радиоактив чиқиндиларнинг хавфсиз изоляциясини ва кейинчалик фойдали компонентларни ажратиб олиш имкониятини таъминлайдиган иншоотларда турли синфлардаги радиоактив чиқиндиларни сақлаш;
ташишда махсус юк кўтариш ва транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда радиоактив чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш, қайта ишлаш, вақтинча сақлаш ва узоқ муддат сақлаш жойлари ўртасида хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш;
одамлар ва атроф-муҳитдан хавфсиз ажратишга қаратилган сақлаш ёки кўмиб ташлашни ташкил этиш.
20. Суюқ радиоактив чиқиндиларни ер усти ва ер ости сув ҳавзаларига, сув тўплаш майдонларига, ер қаърига ва ер устига, шунингдек ер усти оқова сувларини тозалаш иншоотларига ҳамда оқова сувларни чиқариб юбориш тизимига оқизишга йўл қўйилмайди.
21. Газсимон радиоактив чиқиндилар таркибидаги радиоактив моддаларни атмосфера ҳавосига чиқаришнинг йўл қўйиладиган нормалари СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари»га мувофиқ белгиланиши лозим.
22. Технологик пуфламалар йиғма шамоллатиш қутиларига ва кейинчалик шамоллатиш қувурига фақат уларнинг тозалангандан ва (ёки) рухсат этилган даражагача ушлаб турилгандан сўнг юборилишига йўл қўйилади.
Технологик пуфламаларни чиқариб ташлаш учун умумий алмашинув (сўрувчи) шамоллатиш (вентиляция) тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
23. Объектнинг лойиҳа ва эксплуатация ҳужжатларида атмосфера ҳавосига радиоактив моддаларни чиқариш ва сув объектларига радиоактив моддаларни оқизишда СанҚваМ 0193-06 Радиация хавфсизлиги нормалари (РХН 2006) ва Радиация хавфсизлигини таъминлашнинг асосий санитар қоидалари (РХТАСҚ 2006)га мувофиқ хавфсиз фойдаланиш чегаралари белгиланиши лозим.
24. Радиоактив моддалар чиқариб ташланишини (оқизилишини) назорат қилиш учун суткалик ва ойлик чиқариб ташлашларнинг (оқизилишларнинг) назорат даражалари белгиланиши лозим.
Ташламаларнинг назорат даражалари қийматлари объект лойиҳасида белгиланган йўл қўйиладиган чиқаришлар ва ташламалар қийматларидан паст бўлиши, шунингдек камида беш йилда бир маротаба даврий қайта кўриб чиқилиши зарур.
25. Радиоактив моддаларни чиқаришнинг (ташлаш) ҳар бир манбаи учун қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
радиоактив моддаларни чиқариш (ташлаш)нинг назорат қилинадиган параметрлари;
муҳит тури (ҳаво (газ) ёки суюқлик) сарфи;
чиқарилаётган модданинг сифат ва миқдорий радионуклид таркиби;
сутка, ой ва йил учун ўртача олинган чиқариш (ташлаш)даги радионуклидларнинг жами фаоллик миқдорлари.
26. Чиқариб ташланадиган радиоактив чиқиндиларни сақлаш қуйидаги жойларда амалга оширилиши керак:
радиоактив чиқиндиларни сақлаш пунктларида;
радиоактив чиқиндилар сақланадиган омборхоналарда;
объектнинг лойиҳасида белгиланган махсус жойда.
27. Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг барча босқичларида радиоактив чиқинди контейнерлари ёки сиғимлари тўғри идентификация қилиниши ва тамғаланиши, бунда идентификация қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
идентификация рақами;
радионуклидлар номи ва кимёвий белгиси;
фаоллик (агар ўлчанган ёки баҳоланган бўлса) ва ўлчаш санаси;
келиб чиқиши (бино, лаборатория);
потенциал ёки ҳақиқий хавф (кимёвий, нурланиш);
сиртдаги доза қуввати ва ўлчаш санаси;
миқдори (оғирлиги ёки ҳажми).
28. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар томонидан радиоактив чиқиндиларни йиғиш уларнинг ҳосил бўладиган жойларида қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак:
радиоактив чиқиндилар тоифалари;
агрегат ҳолатдаги (қаттиқ, суюқ);
физик ва кимёвий таснифлари;
органик ва ноорганик таснифи;
радиоактив чиқиндилар таркибидаги радионуклидларнинг ярим емирилиш даври (соатлар, кунлар, ойлар, йиллар, ўн йилликлар ва ундан катта даврни ташкил этувчи ярим емирилиш даври);
портлаш ва ёнғин хавфсизлиги.
29. Суюқ радиоактив чиқиндиларни саралашда уларнинг физик хусусиятлари (бир жинсли ёки бир жинсли бўлмаган радиоактив чиқиндилар), кимёвий хусусиятлари (органик, ноорганик, гидрофил, гидрофоб, гидратланган) ва кимёвий таркиби ҳисобга олиниши лозим.
30. Суюқ радиоактив чиқиндилар кимёвий ва радиологик таснифларга, радиоактив чиқиндилар ҳажмига, сақлаш эҳтиёжларига мувофиқ мос сиғимларда тўпланиши керак.
Ҳар бир герметик сиғим насослар ва суюқликни киритиш ёки чиқариш тешиклари, шунингдек суюқлик сатҳини назорат қилиш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
31. Ўртача фаолликдаги суюқ радиоактив чиқиндиларни тўплаш қурилмалари қуйидагича жиҳозланиши керак:
суюқликларни қабул қилиш ва тўкиш учун насослар ва қурилмалар билан;
гамма-доза қувватини, ҳароратни, босимни ва сиғимлардаги суюқлик сатҳини назорат қилиш учун қурилмалар билан;
намуналар олиш учун ускуналар билан;
қолдиқ ва чўкиндиларни йўқотиш учун қурилмалар билан;
сиғимнинг суюқ таркибини йиғиш учун герметик ҳовуз билан;
водородни чиқариб юбориш хавфи мавжуд бўлса, уни назорат қилиш ва чиқариб юбориш ускуналари билан.
32. Қаттиқ радиоактив чиқиндилар уларнинг физик ва радиологик таснифлари ва ҳажми, сақланиши ва бошқа эҳтиёжларига мувофиқ тегишли контейнерларда тўпланиши керак.
Нам қаттиқ радиоактив чиқиндилар ифлосланган суюқликлар контейнерлардан сизиб чиқмаслиги лозим.
33. Радиоактив чиқиндиларни тўплаш ва саралаш жойларида бўш ва қисман тўлдирилган контейнерлар учун алоҳида жой ажратилиши ҳамда тўпланган радиоактив чиқиндилар синфига мувофиқ контейнерлар белгиланиши лозим.
34. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар ҳудудида қаттиқ радиоактив чиқиндилар солинган контейнерларни кўчириш учун қурилмалар бўлиши лозим.
35. Қаттиқ радиоактив чиқиндилар билан тўлдирилган барча контейнерларда қуйидаги хавфсизлик чораларига риоя қилиниши лозим:
доза қувватини ўлчаш (контейнер юзасидан тарқалаётган радиация даражасини аниқлаш учун махсус ўлчов асбоблари билан текширув ўтказилиши);
сирт ифлосланишини ўлчаш (контейнернинг ташқи юзасида радиоактив моддалар мавжудлигини аниқлаш мақсадида назорат амалга оширилиши);
контейнер тўлиқ тўлдирилганда ундаги радионуклидлар таркиби (қандай радиоактив элементлар мавжудлиги) тўғридан-тўғри физик ўлчовлар ёки зарур ҳолларда ҳисоблаш ва баҳолаш услублари орқали аниқлаш.
36. Ўлчашларни бошлашдан олдин радиоактив чиқиндиларнинг ҳар бир синфи учун сигнализация даражалари ўрнатилиши керак.
Агар радиоактив чиқиндилар контейнери индикатор ёнидан ўтаётганда сигнализация ишга тушса, унда мавжуд бўлган радиоактив чиқиндилар юқори даражадаги радиоактив чиқиндилар сифатида баҳоланиши лозим.
37. Контейнерларни қайта ишлатишдан олдин уларнинг радиоактив ифлосланганлиги текширилиши, аниқланган ифлосланишлар бартараф этилиши ва ташқи сиртнинг рухсат этилган ифлосланиш даражаси СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари»га мувофиқ аниқланиши лозим.
38. Ташланаётган суюқлик таркибида бирон-бир радиоактив заррача бўлса, у фильтрланиши ва жуда нордон ёки ишқорли суюқликларни ташлашдан олдин зарарсизлантирилиши лозим.
Суюқликлар таркибида оқова сувларни қайта ишлашга ва (ёки) атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган заҳарли ёки бошқа кимёвий моддалар ҳам мавжуд бўлса, суюқ радиоактив чиқиндилар СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари»га мувофиқ оқизишдан олдин қўшимча равишда қайта ишланиши керак.
39. Суюқ радиоактив чиқиндиларни қайта ишлашда уларнинг тахминий ҳажми, радионуклид ва кимёвий таркиби, заҳарлилиги, ҳарорати, радиоактив чиқиндилардан газлар ажралиб чиқишини ҳисобга олиш лозим.
40. Радиоактив чиқиндиларга ишлов берилгандан сўнг уларга тегишли боғловчи моддалар қўшиб қотирилиши керак.
Қотган радиоактив чиқиндилар сиғимларга жойлаштирилиши лозим.
41. Радиоактив чиқиндиларга ишлов бериш жараёнида учувчан радионуклидларнинг мумкин бўлган тарқалиши, суюқлик ҳосил бўлиши, ишлов бериш жараёнида ва ундан кейин юзага келиши мумкин бўлган кимёвий фаоллик, шунингдек сиқилган радиоактив чиқиндиларнинг таркибий қисмлари томонидан юзага келадиган ёнғин ва портлаш хавфи инобатга олиниши зарур.
42. Радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш ва кондициялаш СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари»га мувофиқ бўлиши лозим.
43. Кондициялашда радиоактив чиқиндилар сиғими ёпиқ бўлиши лозим.
44. Таркибида кўп миқдорда органик моддалар бўлган радиоактив чиқиндиларни сақлаш муддати, агар совитиш қурилмаларида ёки тегишли эритмаларда сақлаш шароитлари таъминланмаган бўлса, беш суткадан ошмаслиги лозим.
45. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар радиоактив чиқиндилар сақланадиган ҳар бир сиғимни мунтазам текшириши, уларнинг мустаҳкамлиги ва герметиклигини таъминлаш чораларини кўриши, шунингдек сақлаш жойларини кузатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш имкониятини таъминлаши лозим.
46. Сақлаш жойи лойиҳасида чиқариб олинадиган радиоактив чиқиндилар сиғимларини сақлаш, кўздан кечириш, уларга техник хизмат кўрсатиш, тузатиш ва бошқа ҳаракатлар учун захира сақлаш зонаси кўзда тутилиши керак.
47. Сақлаш жойида нормал фойдаланиш ёки фавқулодда вазиятларда газ ҳосил бўлишининг олдини олиш учун шамоллатиш (вентиляция) таъминланиши лозим.
48. Радиоактив чиқиндилар сиғимларининг таснифлари мақбуллик мезонларига мувофиқ бўлмаса, радиоактив чиқиндилар сиғимлари мақбуллиги мезонларига мувофиқлиги юзасидан текширилиш лозим.
49. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг барча босқичларини қамраб олувчи сифатни таъминлаш дастурининг тизимини ишлаб чиқиши, бунда ушбу дастур қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:
хавфсиз фойдаланиш учун зарур бўлган техник шартлар ва талаблар объектнинг бутун ҳаётий даври (цикл) давомида, лойиҳалаштиришдан бошлаб уни фойдаланишдан чиқаришгача риоя қилиниши;
сақлаш ва кўмиш талабларига мувофиқлиги;
сақлаш жойида сақланаётган радиоактив чиқиндилар жойланган сиғимларнинг бутун сақлаш муддати давомида сифати, бутлиги ва герметиклиги;
радиоактив чиқиндилар жойланган сиғимлар паспортларида, уларнинг ёзувлари узоқ муддат давомида сақланиши имконияти мавжудлиги.
50. Эксплуатация қилувчи ташкилотлар радиоактив чиқиндиларни кўмишдан олдин қуйидагиларни амалга ошириши лозим:
хавфсизлик ва атроф муҳитга таъсирни баҳолаш;
радиоактив чиқиндиларни тўғри йиғиш, саралаш, таснифлаш ва йўқ қилишнинг мавжуд усулларини ҳисобга олган ҳолда радиоактив чиқиндиларнинг ҳар бир оқими бўйича хатловдан ўтказиш;
хавфсизлигининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда радиоактив чиқиндиларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш иншоотлари ва ускуналарининг хавфсиз ва ишончли ишлаши;
радиоактив чиқиндиларни сақлаш муддати тугагандан сўнг ёки ҳар қандай носозликларнинг олдини олиш мақсадида олиб кетиш имконияти;
радиоактив чиқиндиларни хавфсиз сақлаш ва йўқ қилишга мувофиқ бўлган усулда тозалаш ва кондициялаш.
51. Транспорт воситалари ва транспорт контейнерлари радиациявий назоратдан ўтказилиши лозим.
52. Объект майдонидан ташқарида радиоактив чиқиндиларни ташиш СанҚваМ 0251-08 «Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг санитария қоидалари»га мувофиқ бўлиши лозим.
3-боб. Якуний қоида
53. Мазкур ҳужжатнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.10.2025 й., 10/25/3694/0991-сон)