ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ УРГАНЧ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Халқ депутатлари Урганч тумани Кенгашининг 2025 йил 26 майдаги «2025 йил суғориш мавсумида туманда сувдан самарали фойдаланиш тўғрисида»ги VII-9-59-12-173-K/25-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 5-сонли қарорига асосан туман ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари ташкил этилган ва уларнинг вазифалари белгилаб берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги 82-сонли қарори билан тасдиқланган Низом 37-бандида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмол қилишнинг белгиланган даври тугаганидан кейин икки ой муддатда манбалардаги сувнинг ҳақиқий миқдорини ҳисобга олган ҳолда, ўтган суғориш даври учун сув олишнинг узил-кесил лимитларини қайта кўриб чиқиш кўрсатиб ўтилган.
Шундан келиб чиқиб жорий йилнинг вегетация (суғориш) даврига ажратилган сув олиш лимитлари Сув хўжалиги вазирлиги томонидан кўриб чиқилиб, вазирликнинг 2025 йил 30-октябрдаги 187-сонли буйруғи билан суғориш даврига ажратилган лимитлар қайта тақсимланиши белгиланган.
Кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама қилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6 ва 24-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Урганч тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 5-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 82-сонли қарори ва Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 30 октябрдаги 187-сонли буйруқи раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Туман сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг сув манбалари, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудлар бўйича 2025 йилнинг ёзги суғориш даври учун чекланган сув миқдори (лимит) иловага мувофиқ қайта тасдиқлансин.
3. Мазкур қарор туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
4. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Халқ депутатлари Урганч тумани Кенгашининг 2025 йил 26 майдаги «2025 йил суғориш мавсумида туманда сувдан самарали фойдаланиш тўғрисида»ги VII-9-59-12-173-K/25-сонли қарорининг 1, 2 ва 3-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси раиси (К. Нуржанов) зиммаларига юклатилсин.
6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Кенгаш раиси Г. СУЛТАНОВ
Хоразм вилояти, Урганч тумани,
2025 йил 30 декабрь,
VII-17-131-12-173-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.