ТОШКЕНТ ШАҲРИ ЮНУСОБОД ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2026 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни ҳамда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонуни 43-моддаси, Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сон қарори билан тасдиқланган Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги низоми, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сон (Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 31 майда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3163) буйруғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сон Фармонига мувофиқ Юнусобод туманида истиқомат қилувчи ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2026 йилга мўлжалланган банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларини белгилаш бўйича туман махсус комиссиясининг 2025 йил 30 октябрдаги № 1-сонли баёни ҳамда Юнусобод тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2025 йил 28 октябрдаги 25/10-01/10/3068-сонли хатинини инобатга олиб, қарор қиламан:
1. Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун тумандаги 257 та корхона ва ташкилотларда аҳолининг қуйидаги тоифалари учун жами 861 та иш ўринлари банд қилиб қўйилсин:
ногиронлиги бўлган шахслар учун – 26,01 % (224 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун – 4,76% (41 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун – 57,03% (491 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун – 4,99% (43 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун – 6,97% (60 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0,23% (2 киши) иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантирсин.
Юнусобод туманида 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захирага қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Иш ўринларини банд қилувчи ташкилотлар раҳбарлари:
ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни иш билан таъминлаш учун 2025 йил якунланишидан 10 кун олдин банд қилинган иш жойлари умумий миқдорининг камида 25 фоизи учун, 2026 йилнинг 10 январидан кечикмай иш жойларининг қолган қисми 75 фоизини барпо этиш (ажратиш ёки банд қилиб қўйиш) тўғрисидаги, яъни ҳар бир тоифа бўйича иш ўринлари банд қилиб қўйиладиган касблар ва лавозимлар, мутахассисликлар кесимидаги маълумотлар ва қарор бўйича чиқарилган буйруқ нусхалари туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига тақдим этилсин.
3. Юнусобод туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи Ш. Ибрагимова:
корхона ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан мазкур қарорнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатилсин;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йил 10 майдаги 19-2019-Б-сон (Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 31 майда рўйхатдан ўтказилган, рўйхат рақами 3163) буйруғига асосан ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш тўғрисидаги норма иш ўрнини банд қилувчи ташкилот раҳбарлари эътиборига етказилсин.
Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган ва иш билан таъминланган фуқаролар белгиланган тартибда ҳисобга олинсин.
4. Туман ҳокимининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси М. Дарханов:
ушбу қарор туман ҳокимлигининг расмий саҳифаси ва ижтимоий тармоқларида ёритилишини таъминласин.
5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилансин.
6. Юнусобод тумани ҳокимининг 2024 йил 10 декабрдаги «Юнусобод туманида ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларини 2025 йил учун банд қилиб қўйиш тўғрисида»ги 294-14-206-Қ/24-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Тўлаганов зиммасига юклансин.
Юнусобод туман ҳокими Б. А. АБДУВАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 19 ноябрь,
233-14-206-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.