ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДАГИ САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК ОСОЙИШТАЛИК ВА ЖАМОАТ САЛОМАТЛИГИ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
Шифохоналар таркибидаги бўлимлар ва оилавий поликлиникаларга хизмат кўрсатувчи ҳудудлараро марказий лабораторияларга ҳамда биоматериалларнинг сақланиши, ташилиши ва хавфсизлигига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини (0106-25-сон СанҚваН) тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 12 декабрда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 379]
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майдаги ПФ-88-сон «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қарор қилади:
1. Шифохоналар таркибидаги бўлимлар ва оилавий поликлиникаларга хизмат кўрсатувчи ҳудудлараро марказий лабораторияларга ҳамда биоматериалларнинг сақланиши, ташилиши ва хавфсизлигига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0106-25-сон СанҚваН) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.
Раис Б. ЮСУПАЛИЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 5 декабрь,
32-сон
Келишилди:
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2025 йил 3 декабрь
Савдо-саноат палатаси раиси Д. ВАХАБОВ
2025 йил 3 декабрь
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўринбосари Ж. УРУНОВ
2025 йил 3 декабрь
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси А. РАФИҚОВ
2025 йил 2 декабрь
Соғлиқни сақлаш вазири А. ХУДАЯРОВ
2025 йил 2 декабрь
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025 йил 5 декабрдаги 32-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Шифохоналар таркибидаги бўлимлар ва оилавий поликлиникаларга хизмат кўрсатувчи ҳудудлараро марказий лабораторияларга ҳамда биоматериалларнинг сақланиши, ташилиши ва хавфсизлигига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (0106-25-сон СанҚваН)
Мазкур санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари (бундан буён матнда санитария қоидалари деб юритилади) шифохоналар таркибидаги бўлимлар ҳамда оилавий поликлиникаларга хизмат кўрсатувчи ҳудудлараро марказий лабораторияларга (бундан буён матнда марказий лабораториялар деб юритилади) ҳамда биоматериалларнинг сақланиши, ташилиши ва хавфсизлигига, шунингдек ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган санитария-гигиена талабларини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур санитария қоидаларида қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
биоматериал — тиббий текширув, таҳлил ёки илмий тадқиқот ўтказиш мақсадида инсон танасидан олинган биологик намуна (қон, сийдик, нажас, балғам, тўқима парчалари, сперма, турли хил суртмалар ва бошқа биологик суюқлик);
етказиб берувчи — биоматериал намуналарини шифохоналар таркибидаги бўлимлар ҳамда оилавий поликлиникалардан йиғиб, марказий лабораторияга етказиб берувчи ходим.
2-боб. Марказий лабораторияларни лойиҳалашга қўйиладиган талаблар
2. Марказий лабораторияларни лойиҳалашда қуйидагилар инобатга олиниши керак:
ёнғин хавфсизлиги талаблари;
микроиқлим қулайлиги, энергия тежамкорлиги ва самарадорлигини таъминлаш талаблари;
замонавий муҳандислик жиҳозларини қўллаш талаблари;
инсоляция, ҳаво ҳаракати тезлиги, табиий шамоллатиш, ҳаво ҳароратининг вертикал ва горизонтал йўналиши ва шовқиндан ҳимоялаш талаблари.
3. Табиий ҳаво алмашинувини пасайтирадиган хочсимон, Г-симон ва П-симон ҳамда узунлиги 100 м дан ортиқ бўлган марказий лабораторияларни лойиҳалаштиришга йўл қўйилмайди.
4. Марказий лабораторияларнинг асосий хоналари иш турига кўра, алоҳида ва кетма-кетликда (таҳлил хонаси, реактив тайёрлаш хонаси, асбоб-ускуналар сақлаш хонаси, маъмурий ҳамда дам олиш хоналари), ёрдамчи хоналари (автоклав, идиш ювиш, стериллаш хоналари) эса унинг марказий қисмида жойлаштирилиши лозим.
3-боб. Марказий лабораторияларнинг сув таъминоти ва оқова сувларини чиқариб юборишга қўйиладиган талаблар
5. Марказий лабораторияларни ичимлик суви билан таъминлаш ЎзМСт 134:2024 «Марказлаштирилган хўжалик-ичимлик суви билан таъминлаш манбалари. Гигиеник, техникавий талаблар ва танлаш қоидалари»га мувофиқ марказлаштирилган сув таъминоти тизимига улаш йўли билан амалга оширилиши керак.
Марказлаштирилган сув таъминоти тизими мавжуд бўлмаганда, ички сув таъминоти тизими артезиан қудуғидан, бошқа сув қудуқларидан ёки каптажлардан фойдаланиш орқали ташкил этилиши мумкин. Бунда, сувнинг сифат кўрсаткичлари ЎзМСт 133:2024 «Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш» талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
6. Оқова сув тармоғи мавжуд бўлган марказий лабораториялар ШНҚ 2.04.01-22 «Биноларнинг ички сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш» (ҳисоб рақами 299, 2024 йил 2 октябрь) ҳамда ҚМҚ 2.04.03-19 «Канализация. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар»га мувофиқ оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқларига уланган бўлиши керак.
7. Марказий лабораторияларда оқова сувларни чиқариб юбориш тизими мавжуд бўлмаганда, уларда ҳосил бўладиган оқова сувлар атроф-муҳитга зарар етказмаслиги учун алоҳида ажратилган, септик ўрада йиғилиши, тўпланиши, ташилиши ва зарарсизлантирилиши лозим.
8. Марказий лабораторияларда қўл ювиш учун иссиқ ва совуқ сув тизими мавжуд бўлган раковиналар, суюқ совун ва қўлларни дезинфекция қилиш учун восита, бир марталик қоғоз салфетка ёки қўл қуритгич билан жиҳозланиши керак.
4-боб. Марказий лабораторияларнинг ёритилиши, вентиляцияси, иситилишига қўйиладиган талаблар
9. Марказий лабораториялар ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» (ҳисоб рақами 309, 2024 йил 25 октябрь) талабларига мувофиқ табиий ва сунъий ёритилиши керак.
10. Марказий лабораторияларда табиий ёки механик вентиляция тизимлари ўрнатилиши керак.
11. Марказий лабораторияларга оқиб келувчи ва тортиб олувчи вентиляция тизими шифохона биноларининг вентиляция тизимидан алоҳида ажратилган бўлиши керак.
12. Марказий лабораторияларда иситиш тизими ва панжаралар билан жиҳозланган фрамуга ҳамда вентиляция каналлари орқали ҳаракатланувчи табиий тортувчи вентиляция блокларини кўзда тутиш лозим.
13. Марказий лабораториялар хоналарининг табиий шамоллатилиши фрамугалар ёки деразалар орқали амалга оширилиши керак.
14. Марказий лаборатория хоналарининг ички ҳарорати 22 — 24°С, нисбий намлик 40 — 60 фоиз бўлиши лозим.
15. Полимер занжирли реакция, балғам хоналари ва микробиологик лаборатория хоналари учун ҳавони юқори даражада тозаловчи фильтрлар билан бирга кондициялаш (ҲЕПА), иситиш ва вентиляция тизими (ҲВАС) ўрнатилиши керак.
16. Иситиш жиҳозларининг юзалари силлиқ, ғадир-будурсиз ва осон тозаланадиган материаллардан бўлиши ҳамда уларнинг ташқи юза ҳарорати 90 °С дан ошмаслиги керак.
17. Иситиш жиҳозларидан даврий фойдаланиладиган хоналарда сутка давомида ҳаво ҳароратининг ўзгариши ±3 °С дан ошмаслиги лозим.
18. Бир томонлама табиий ёритиладиган марказий лаборатория хоналарининг чуқурлиги 6 м дан ошмаслиги, хона кенглиги эса унинг чуқурлиги қийматининг икки бараваридан ортиқ бўлмаслиги зарур.
19. Узун йўлакли марказий лабораторияларда умумий йўлакларнинг табиий ёритилишини таъминлаш мақсадида деразалар майдони йўлакнинг умумий майдонига нисбатан камида 1/16 қисмни ташкил этиши керак.
20. Марказий лабораториялар хоналарида сунъий ёритиш тизимлари қуйидаги талабларга жавоб бериши зарур:
ёритиш даражаси хоналарининг функционал вазифасига мувофиқ бўлиши;
ёритиш воситалари бошқариладиган, хавфсиз бўлиши;
чироқлар кўзни қамаштирмаслиги, шунингдек инсон саломатлигига ҳамда хонанинг ички муҳитига зарарли таъсир кўрсатмаслиги.
21. Марказий лабораторияларнинг барча хоналари сунъий ёритиш тизими билан таъминланган бўлиши лозим.
5-боб. Марказий лабораторияларнинг хоналарига қўйиладиган талаблар
22. Марказий лабораторияларнинг хоналарида ҳар бир ходим учун камида 6 м² майдон ажратилиши лозим.
23. Марказий лаборатория хоналари ва уларнинг минимал майдони мазкур санитария қоидаларининг иловасига мувофиқ бўлиши лозим.
24. Марказий лаборатория хоналарининг баландлиги пол сатҳидан шифтгача камида 3 м бўлиши керак.
25. Марказий лаборатория хоналарининг поли силлиқ, ювилиши осон, сирпанчиқ бўлмаган материалдан бўлиши лозим.
26. Марказий лаборатория хоналарининг девори ва шифтлари ювиладиган ва кимёвий моддаларга чидамли бўлиши зарур.
27. Кимёвий чиқиндилар махсус нейтраллаш ёки фильтрлаш тизими орқали чиқарилиши лозим.
28. Реактивлар, сарфланадиган материаллар, зарарли моддалар ва асбоб-ускуналарни сақлаш учун алоҳида хоналар ажратилиши, махсус белгилар билан белгиланиши ва қулфланиши керак.
29. Инвентарларни сақлаш учун алоҳида хоналар бўлиши ва улар лабораториянинг иш ва аналитик зоналари билан аралашмаслиги лозим.
30. Молекуляр биология ишлари учун камида иккита алоҳида хона ажратилиши керак.
31. Флуорессентлан микроскопия учун қоронғи ва тўғри шамоллатиладиган хона бўлиши ва ушбу хона материал ва кимёвий моддалар сақлаш учун ишлатилмаслиги лозим.
32. Биоматериални йиғиш хоналарига ташқи эшикдан алоҳида кириш бўлиши лозим.
33. Марказий лаборатория хоналарида ёнғинга қарши воситалар, биринчи тиббий ёрдам қутиси мавжуд бўлиши ва эвакуация йўллари белгиланган бўлиши керак.
34. Марказий лаборатория хоналарида ишчи ходимлар учун алоҳида жавон, душ ва ҳожатхоналар бўлиши лозим.
35. ДНК гелларини суратга олиш учун мўлжалланган хона етарли даражада қоронғиланган бўлиши ҳамда ходимларнинг кўзларини ёруғликнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун махсус ҳимоя воситалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
36. Барча анализаторлар ва асбоб-ускуналар лаборатория жараёнларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тоза ва ифлос зоналарни аралаштирмаган ҳолда, уларнинг функционал йўналиши бўйича алоҳида зоналарда жойлаштирилиши зарур.
6-боб. Марказий лабораторияларда биоматериаллар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
1-§. Марказий лабораторияларда биоматериаллар хавфсизлигини таъминлаш чоралари
37. Марказий лабораторияларда биоматериалларни қабул қилиш жараёнида «тоза» ва «ифлосланган» жойлар алоҳида ажратилган бўлиши лозим.
38. Биоматериалларни қабул қилиш жараёнида бир марталик тиббий жиҳозлардан (пробирка, вакутейнер, контейнер) фойдаланилиши ҳамда ҳар бир намуна штрих-код билан тамғаланиши керак.
39. Биоматериаллар уларнинг туридан келиб чиқиб, тегишли таҳлил бўлимларининг лабораторияларига тақсимланиши лозим.
40. Таҳлил бўлимига келиб тушган намуналар штрих-кодлар орқали сканерланиши ҳамда уларнинг йўлланма ҳужжатлар билан тўлиқ мувофиқлиги текширилиши керак.
41. Иш жараёни бошлангунга қадар барча анализаторларда нормал ва патологик сифат назорати суюқликлари ёрдамида ички сифат назорати амалга оширилиши ва натижалари марказий лабораторияларда сақланиши зарур.
42. Анализатор атрофида камида 1 м сервис оралиғи бўлиши лозим.
43. Биоматериалларни сақлаш хоналарини ифлослантириш ва улардан рухсатсиз фойдаланишга йўл қўйилмайди.
44. Биоматериалларни утилизация қилиш «Республикадаги даволаш-профилактика муассасаларида чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва утилизация қилиш бўйича санитария қоидалари ва меъёрлари» 0317-15-сон СанҚваНга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
2-§. Биоматериалларни сақлаш ва ташишга қўйиладиган талаблар
45. Марказий лабораторияларнинг намуна йиғиш пунктида биоматериал намуналари уларнинг турларига қараб алоҳида ажратилиши ҳамда +2 дан +8 °С гача бўлган ҳароратда совутгичларда сақланиши лозим.
46. Биоматериал намунаси олиниб, етказиб берувчига топширилгунга қадар 45 дақиқадан (мин) узоқ вақт ўтганда намуналар центрифугаланиши зарур.
47. Марказий лаборатория ҳарорат мониторинги тизими билан жиҳозланган махсус автотранспорт воситалари, термосумкалар ва штативлар билан таъминланган бўлиши лозим.
48. Биоматериалларни ташиш марказий лабораториялар учун махсус ажратилган автотранспорт воситалари ёрдамида амалга оширилиши керак.
49. Биоматериаллар марказий лабораторияга энг узоқдаги шифохоналар таркибидаги бўлимлар ва оилавий поликлиникаларнинг энг яқинига қараб йиғиб келиниши ҳамда қатнов жадваллари бўйича етказилиши лозим.
7-боб. Ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар
50. Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва кейинчалик даврий тиббий кўрикдан ўтказиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ амалга оширилади.
51. Ходимлар қуйидаги талабларга риоя қилишлари лозим:
очиқ яралар, тирналган, кесилган ёки бошқа тери жароҳати бўлганда, жароҳатни пластир билан беркитиш;
иш жойида заргарлик буюмлари, соатлар ва чўнтакларда буюмлар билан юрмаслик;
марказий лабораторияда махсус ҳимоя кийимларини (халат, комбинезон, бош кийим, махсус оёқ кийими, қўлқоп) кийиш;
қўлларни илиқ сувда совун билан ювиш ва дезинфекцияловчи воситалар билан ишлов бериш, тирноқлар олинган ва лак суртилмаган бўлиши.
52. Ходимлар қўлларини қуйидаги ҳолатларда ювиши зарур:
ишдаги ҳар бир танаффусдан кейин;
биринчи иш жараёнидан иккинчи иш жараёнига ўтишда;
ифлосланган нарсаларга тегилганда;
ҳожатхонага борганда икки марта (ҳожатхонага боргандан сўнг ва иш жойида бевосита иш бошлашдан аввал).
53. Иш кийимлар шахсий кийимлардан алоҳида сақланиши ва мунтазам алмаштириб турилиши лозим.
54. Ишдан ташқари пайтда (хона ичидан ташқарига чиқишда, овқатланиш, ҳожатхонага киришда) махсус кийимни ечиш лозим.
55. Бир марталик ҳимоя воситаларидан қайта фойдаланишга йўл қўйилмайди.
56. Марказий лаборатория хоналарида овқатланишга, сув ичишга йўл қўйилмайди.
57. Овқатланиш фақат махсус ажратилган хонада амалга оширилиши лозим.
58. Биоматериалларни сақлаш ва ишлаш жойлари дезинфекция қилиниши ва санитария ишловидан ўтказилиши лозим.
Шифохоналар таркибидаги бўлимлар ва оилавий поликлиникаларга хизмат кўрсатувчи ҳудудлараро марказий лабораторийларга ҳамда биоматериалларнинг сақланиши, ташилиши ва хавфсизлигига доир санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига (0106-25-сон СанҚваН)
ИЛОВА
ИЛОВА
Марказий лаборатория хоналари ва уларнинг минимал майдони
Т/р | Хона номи | Майдони (м²) |
1. | Намуналарни қабул қилиш/рўйхатга олиш | 8 — 20 |
2. | Қон олиш хонаси | 20 — 40 |
3. | Пре-аналитик/саралаш | 10 — 26 |
4. | Центрифуга хонаси | 6 — 12 |
5. | Ювиш/дезинфекция хонаси | 6 — 12 |
6. | Гематология таҳлилхонаси | 8 — 20 |
7. | Биохимия таҳлилхонаси | 15 — 40 |
8. | Полимер занжирли реакция (ПЗР)/молекуляр лаборатория | 20 — 30 |
9. | Микробиология таҳлил хонаси | 15 — 35 |
10. | Озуқа муҳитлари/автоклав хонаси | 16 — 30 |
11. | Иммун фермент таҳлил (ИФА)/серология хонаси | 8 — 18 |
12. | Гистология хонаси | 12 — 20 |
13. | Сақлаш (реагент, кимёвий воситалар) | 4 — 12 |
14. | Ходим марказий лаборатория хонаси/оффис | 6 — 15 |
15. | Санитария/чиқиндилар хонаси | 6 — 12 |