ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҚЎШТЕПА ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Қўштепа туманидагиаҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилдаишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-боби ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан 2026 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан, халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сон Фармонига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПФ-126-сон Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий заҳиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий заҳиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий заҳиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий заҳиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қўштепа туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда Қўштепа туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг Қўштепа тумани ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий заҳираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий заҳираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 300 та иш ўринларини заҳирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 1.2 фоиз (111 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 0.01 фоиз (4 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 1.6 фоиз (159 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 0.01 фоиз (2 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 0.23 фоиз (23 киши;
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 0.01 фоиз (1 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий заҳиралари шакллантирилади.
3. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий заҳира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий заҳира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
заҳирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Қўштепа тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини заҳирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда Қўштепатумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Қўштепа тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
Заҳирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга – ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағларини тўлаб берилсин.
6. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 3, 13, 34, 38, 39, 40, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 2-қисмига асосан, муҳтожлар учун иш ўринларини заҳирага қўйиш бўйича Қўштепа тумани Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни заҳирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
8. Қўштепа тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (А. Усмонов):
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича халқ депутатлари Қўштепа тумани Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
9. Мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб- сайтига жойлаштирилсин. Қўштепа туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Ж.Солиевга, мазкур қарор тумандаги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Юнусов зиммасига юклатилсин.
11. Мазкур қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Кенгаш раиси АБДУЛЛАЕВ АНВАРЖОН АЛИЕВИЧ
Фарғона вилояти, Қўштепа тумани,
2025 йил 31 октябрь,
VII-12-99-11-157-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.