НАМАНГАН ВИЛОЯТИ ЧОРТОҚ ТУМАНИ ҲОКИМИНИНГ
ҚАРОРИ
Чортоқ туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-боби ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўрунларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги 9-боби асосан 2026 йил учун иш ўрунларини банд қилиб қўйиш мақсадида, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 211-моддаларига асосан, қарор қиламан:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2025 йил 23 июндаги ПФ-98-сонли Фармонига асосан, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг 2025 йил 24-октябрдаги 111-сонли хати инобатга олинсин.
Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 4 августдаги ПФ-126-сонли Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўрунларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўрунларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Чортоқ туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда, Чортоқ туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг Чортоқ тумани ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўрунларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
Ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўрунлари сони ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўрунлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 131 та иш ўрунларини захирага қўйиш, жумладан:
Ногиронлиги бўлган шахслар учун 26.6 фоиз (34.8 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 11.5 фоиз (15 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 38.7 фоиз (50.7 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 10.2 фоиз (13.5 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 8.2 фоиз (10.7 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 4.4 фоиз (5.7 киши) миқдорида иш ўрунларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
3. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўрунларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўрунларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўрунларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Чортоқ туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўрунларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда Чортоқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Чортоқ тумани (шаҳар) Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
Захирага қўйиладиган иш ўрунларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сонли қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўрунларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга –— ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағларини тўлаб берилсин.
6. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 3-, 13-, 34-, 38-, 39-, 40-, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўрунларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 2-қисмига асосан, муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича Чортоқ тумани Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
8. Чортоқ тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (А. Умурзақов) га:
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
9. Туман ҳокимининг 2024 йил 1 ноябрдаги 446-6-88-Қ/24-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати (Б. Тиллаев), «Чортоқ ҳақиқати» газетаси таҳририяти мазкур қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин ҳамда ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Т. Эргашев зиммасига юклатилсин.
12. Мазкур қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Туман ҳокими И. САТТАРОВ
Наманган вилояти, Чортоқ тумани,
2025 йил 1 ноябрь,
488-6-88-Q/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.