ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ МИРОБОД ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Миробод туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 9-боби, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармони ва 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сонли Фармони (1-илованинг 2-банди 4-бўлими) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги 965-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги асосида, «Миробод туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилда ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида»ги комиссия раиси, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Салайдиновнинг таклифларини тинглаб, муҳокама қилиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддалари асосида халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши қарор қилади:
1. «Миробод туманидаги аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини 2026 йилдаишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида»ги комиссия раиси, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А. Салайдиновнинг таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
а) хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
б) бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
3. Миробод тумани ҳокимининг 2025 йил 26 сентябрдаги «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2026 йилга мўлжалланган банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш бўйича» комиссия тузилганлиги ҳамда комиссия томонидан туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар томонидан тақдим қилинган иш ўринларини кўриб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. Миробод туман ижтимоий муҳофазага муҳтож ва иш топишда қийналаётган шахсларни ишга жойлаштириш учун 2026 йилга мўлжалланган банд қилиниши керак бўлган иш ўринлари сонини ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш бўйича комиссия раиси ва Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда Миробод туман «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг Миробод тумани ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг етти фоизидан ошмаган миқдорда ҳамда ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг уч фоизидан ошмаган миқдорида келгуси йил учун 675 та иш ўринларини захирага қўйиш, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун 24 фоиз (165 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун 13 фоиз (86 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун 41 фоиз ( 276 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун 17 фоиз (113 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун 4 фоиз (29 киши);
одам савдосидан жабрланган шахслар учун 1 фоиз (6 киши) миқдорида иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилади.
5. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
Миробод туманида 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
Миробод туман 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш учун ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони юз нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи суб'эктлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
6. Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Миробод тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилади;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминлаши, бу ҳақда Миробод тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг, 10 кундан кечикмай хабардор қилади;
ишга жойлаштириш тўғрисида Миробод тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этади.
Захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 14 февралдаги ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга — ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағларини тўлаб берилсин.
8. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонуни 3, 13, 34, 38, 39, 40, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 2-қисмига асосан, муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича Миробод тумани Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
10. Миробод туман ҳокимлигининг Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими И. Юнусов:
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назоратни таъминласин.
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича халқ депутатлари Миробод тумани Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилганлиги учун ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш таъминлансин.
11. Миробод туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Д. Рахматова):
мазкур қарор тегишли таҳририятлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилиши тавсия этилсин ҳамда туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
12. Ушбу қарор ижроси юзасидан низолар келиб чиқганда ўрнатилган тартибда суд орқали ҳал қилинади.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Миробод туман Кенгашининг Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш масалалари бўйича доимий комиссияси (А. Маманазаров) ҳамда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Салайдинов зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси САЙФУТДИНОВ АНВАР НАЗАРОВИЧ
Тошкент ш.,
2025 йил 31 октябрь,
III-16-127-14-199-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.