ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ИШТИХОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Иштихон тумани аҳолиси орасидаги ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни 2026 йилда ишга жойлаштириш учун зарур бўлган иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармони, Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 9-боби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан 2026 йил учун иш ўринларини банд қилиб қўйиш мақсадида, Иштихон тумани Адлия бўлимининг 2025 йил 24-октябрдаги 5/13-25-сон хулосасига, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунининг 6- ва 24-моддаларига мувофиқ Халқ депутатлари Иштихон тумани Кенгашининг еттинчи чақириқ, 14-сессияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармони маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 июндаги «Ўзбекистон Республикасида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-98-сон Фармонига асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш ваколатлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилганлиги;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 4 августдаги «Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-126-сон Фармонига асосан:
хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилиши;
бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ҳамда одам савдосидан жабрланган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захиралари шакллантирилиши, бунда мажбурий захиралаш ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаслиги ҳамда ходимлари сони 20 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланганлиги раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
3. Иштихон тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамда Иштихон тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг Иштихон тумани ҳудудидаги ташкилотлар бўйича 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларини белгилаш тўғрисидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
ходимлар сони 20 нафардан ортиқ бўлган давлат ташкилотларида мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг 7 фоизидан ошмаган миқдорда;
ходимлар сони 100 нафардан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларда (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) мажбурий захираланадиган иш ўринлари сони ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаган миқдорида;
келгуси йил учун 266 та иш ўринлари захирага қўйилади, жумладан:
ногиронлиги бўлган шахслар учун – 19,5 фоиз (52 киши);
оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар учун - 4 фоиз (11 киши);
камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари учун - 73,4 фоиз (196 киши);
муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун - 1,5 фоиз (4 киши);
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар учун - 1,1 фоиз (3 киши).
4. 2026 йилда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш мақсадида қуйидагилар:
давлат ташкилотлари (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;
ходимларининг рўйхатдаги ўртача йиллик сони 100 нафардан ортиқни ташкил этадиган хўжалик юритувчи субъектлар (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар бундан мустасно) томонидан мажбурий захира қўйиладиган иш ўринларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Иштихон туманидаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари:
захирага қўйиладиган иш ўринлари умумий сонининг камида 25 фоизи миқдорида захирага қўйиладиган иш ўринларининг тайёрлигини йил бошланишидан олдин ўн кундан кечиктирмай таъминлаши, шунингдек, бу ҳақда йил бошлангунга қадар Иштихон туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимини хабардор қилиши;
иш ўринларининг қолган қисмини захирага қўйиш ташкилот (иш берувчи) томонидан календар йилнинг биринчи чораги мобайнида таъминланиши, бу ҳақда Иштихон тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими биринчи чорак тамом бўлганидан сўнг 10 кундан кечиктирмай хабардор қилиниши;
ишга жойлаштириш тўғрисида Иштихон туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-санасига қадар ахборот тақдим этилиши шарт.
Захирага қўйиладиган иш ўринларини сақлаш шартлари Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ белгиланган тартибда амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш учун молиявий ёрдамлар ажратиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-64-сон қарорига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахсларни иш ўринларининг белгиланган энг кам сонидан ортиқ миқдорда ишга қабул қилиш учун иш берувчиларга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида субсидия маблағлари тўлаб берилади.
7. Ўзбекистон Республикасининг «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонунининг 3-, 13-, 34-, 38-, 39-, 40-, 41-моддаларига асосан аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига энг кам миқдордаги иш жойларини яратиш юзасидан қабул қилинган мазкур қарорни бажармаганлик учун иш берувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги 965-сонли қарори билан тасдиқланган «Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Низомнинг 21-банди, 2-қисмига асосан муҳтожлар учун иш ўринларини захирага қўйиш бўйича Иштихон туман Кенгашининг қарори бажарилмаганлиги учун жарима тўлаш ташкилотни захирага қўйиладиган иш ўринларининг белгиланган сонини яратиш бўйича мажбуриятдан озод қилмайди.
9. Иштихон туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими (З.Абдуллаев)га:
беш кун муддатда ушбу қарор нусхасини 1 ва 2-иловаларда кўрсатилган ташкилотлар раҳбарларининг эътиборига етказсин ва ушбу қарор бажарилиши устидан назорат ўрнатиш;
аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш бўйича Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашининг ушбу қарори бажарилмаганда, шунингдек, уларни ишга қабул қилиш асоссиз равишда рад этилган тақдирда, ташкилотларнинг мансабдор шахсларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш топширилсин.
10. Иштихон тумани аҳолиси орасидаги ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни 2026 йилда ишга жойлаштириш учун зарур бўлган иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун 109735-сон билан 15 кун муддатга «E-Kengash» электрон тизимига жойлаштирилиб, жамоатчилик муҳокамасига лойиҳа regulation.gov.uz сайтида эълон қилинганлиги, муҳокама якунлари билан жамоатчилик томонидан таклифлар келиб тушмаганлиги инобатга олинсин.
11. Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари - матбуот котиби (М.Турсунов), «Иштихон овози» газетаси муҳаррири (М.Раббимова)ларга мазкур қарорни оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш масалалари бўйича доимий комиссияси (С.Абдуғаниев) ҳамда Иштихон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари (Қ.Нуриддинов) зиммасига юклатилсин.
13. Мазкур қарор қабул қилинган кундан кучга киради.
Сессия раиси КИЯМОВ НУРАЛИ КУВАНДИКОВИЧ
Самарқанд вилояти, Иштихон тумани,
2025 йил 24 октябрь,
VII-14-150-7-95-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.