ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Маҳаллалар фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Андижон вилоятидаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек уларнинг чегараларини белгилаш ҳамда ўзгартириш киритиш масалалари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 209 сонли фармони, 2023 йил 21 декабрдаги «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 402 сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2014 йил 4 мартдаги 48 сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 2024 йил 20 майдаги 294 сонли қарори талаблари асосида, вилоят ҳокимининг 2024 йил 2 июль кунги 243-1-0-1-Қ/24 сонли қарори билан Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиясининг хулосаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Андижон вилояти бошқармасининг 2025 йил 1 апрель кунги хати ҳамда Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг 6-, 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши қарор қилади:
1. Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиянинг хулосаси билан берилган таклифлар маъқуллансин.
2. Андижон вилояти бўйича бирлаштириладиган маҳаллаларнинг таклифий рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси (М.Нишанов), «Маҳалла еттилиги»нинг вилоят бошқарма бошлиқлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
Андижон вилоятидаги айрим маҳаллалар бирлаштирилишининг мазмун моҳияти тўғрисида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш;
бирлаштирилаётган маҳаллаларни номлашда аҳолининг фикрини иноботга олган ҳолда ўрнатилган тартиб бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш;
маҳаллаларни бирлаштириш ҳисобига бўшаётган маҳалла фуқаролар йиғини балансидаги биноларидан самарали фойдаланиш чораларни кўриш;
бунда, бўшаётган биноларда аҳоли учун гузарлар, кутубхоналар ва бошқа маданий масканлар фаолиятини йўлга қўйиш;
маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармасига фойда келтириш мақсадида бинони ҳудудий тадбиркорларга ижарага бериш ва иш ўринларини яратиш;
маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда фуқароларни рўйхатга олиш билан боғлиқ масалаларда ҳамкорлик қилиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси (М.Нишанов), вилоят Адлия бошқармаси (О.Бозаров), вилоят Давлат солиқ бошқармаси (Л.Қурбонов)лар, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
Маҳалла бошқармаси, туман (шаҳар) бўлимлари қошида вилоят Адлия ва Давлат солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий бўлимларидан масъул бириктирилган ҳолда маҳаллаларни тугатиш комиссияларини тузиш;
комиссия томонидан белгиланган тартибда ихчамлаштирилаётган (бирлашаётган) маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳужжатларини расмийлаштириш чораларини кўрсин.
5. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси (М.Нишанов), «Ўзархив» агентлигининг Андижон вилояти Архив иши ҳудудий бошқармаси, вилоят Ички ишлар бошқармаси (С.Джабаров)лар, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
Ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларининг тегишли ҳужжатларини Архивга қабул қилиш чораларини кўриш;
шунингдек, ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларининг муҳр ва штампларни ички ишлар бўлимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирсин.
6. Кадастр агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи (Ф.Бердиқулов), Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи (Д.Акбаров)га:
бирлаштирилган маҳаллалар чегараларини акс эттирган ва тавсифлаган ҳолда, уларни бирлаштириш бўйича хариталарини чизиш ҳамда фуқароларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш;
ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғини иншоотларни бирлаштирилган маҳалла фуқаролар йиғинларига балансига бериш чораларини кўрсин.
7. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Андижон вилояти бошқармаси (М.Нишанов), вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси (С.Рахманов), вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси (Г.Аҳмедова), Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси (А.Тангирқулов), Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси (А.Тўланов), вилоят ички ишлар бошқармаси (С.Джабаров), вилоят Давлат солиқ бошқармаси (Л.Қурбонов), Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси в.б (А.Раҳмонбердиев), туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
ихчамлаштирилаётган маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳодимларига белгиланган тартибда огоҳлантириш хатларини бериш, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ компенсация пулларини ажратиш;
ихчамлаштирилгандан сўнг маҳалла ҳодимларини бирлаштирилган маҳаллага белгиланган тартибда танлов асосида ишга қабул қилиш ва қолган ҳодимларини эса бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
8. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг чегараларини белгилаш ва ўзгартириш масалалари бўйича идоралараро доимий комиссиясига:
Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш, тугатиш ва уларнинг чегараларини белгилаш ҳамда бир-бирига қўшилиб кетаётган маҳалланинг бирини номини сақлаб қолиниши ёки янги ном берилишида маҳалла аҳолисининг таклифлари инобатга олинсин.
Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш, тугатиш ва уларнинг чегараларини белгилаш жараёнида маҳалла аҳолиси томонидан келиб чиқадиган низоли масалаларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш вазифаси юклатилсин.
9. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан кучга киради.
10. Вилоят ҳокимининг матбуот котиби, ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси (Р.Эшонов) ушбу қарорни матбуотда эълон қилсин ҳамда вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирсин.
11. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашининг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия (М.Ғаниева) зиммасига юклансин.
Кенгаш раиси АХУНОВ УКТАМЖОН ХХХ
Андижон вилояти,
2025 йил 13 июнь,
VII-9-130-1-0-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.