ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БУХОРО ШАҲАР КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Бухоро шаҳрида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисида
Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда Сўнгги уч йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори қабул қилинган.
Мазкур қарорнинг 7-бандига мувофиқ 2024 йилдан бошлаб: - ҳар йили вегетация даври учун ҳамда куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини ҳудудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига киритиши; - истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши бўйича туман, шаҳар Кенгаши сессия муҳокамасига киритилиши белгиланган.
Шаҳарда 2025 йил вегетация мавсумида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, суғориш тармоқларида сув йўқотилишини камайтириш, истеъмолчиларга етказиб бериладиган сув ресурсларини чекланган сув миқдорларини инобатга олган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини тасдиқлаш мақсадга мувофиқ бўлмоқда.
Юқорида баён этилганларга асосан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасасининг 2025 йил 22 апрелдаги 97 сонли хати инобатга олинсин.
2. Бухоро шаҳрида 2025 йилги вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш юзасидан Бухоро туман «Сув етказиб бериш хизмати» Давлат муассасаси директори Р.Сариевнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
3. Шаҳарда 2025 йил вегетация мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сув олиш лимитларини иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Бухоро шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Яхёев, Бухоро туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Р.Сариев)га: - чекланган сув лимитларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида шаҳардаги экин ер майдонларига айниқса, такрорий экин ер майдонларига сувни кам талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги экинларни жойлаштириш чораларини кўриш; - шаҳар чегарасидан олинадиган сув ресурсларини ўлчаб олиб, ҳудудларнинг ер майдонларини инобатга олган ҳолда, сув ресурсларини тақсимлаш; - шаҳарда сув истеъмолчилари томонидан лимит асосида олинган сув ресурсларини ҳисоботини юритиш ва белгиланган тартибда шаҳар солиқ инспекциясига ўз вақтида тақдим этиб бориш вазифаси юклатилсин.
5. Шаҳар ҳокимлиги аппарати матбуот хизмати (Д.Тўймуродов), «Бухоро оқшоми» газетаси (И.Раджабова)га, Бухоро туман «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ (Р.Сариев) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув — текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш борасидаамалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларни жамоатчиликка тезкорлик билан етказиш мақсадида шаҳар маҳаллий оммавий ахборот воситаси ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилиши тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Яхёевга, ижросини назорат қилиш халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича доимий комиссияси (А.Ахмедов) зиммасига юклатилсин.
7. Мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Кенгаш раиси Қ. ТУРСУНОВ
Бухоро вилояти, Бухоро ш.,
2025 йил 17 май,
VII-8-54-2-42-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.