ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ РИШТОН ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
ҚАРОРИ
Риштон туманида сув истеъмолчиларига 2025 йил вегетация даври учун сув олиш лимитларини белгилаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи буғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли қарорининг ижросини таъминлаш, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш орқали аҳоли онгида шаклланган «сув-текин» тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни ташкиллаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда худудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳар йили 1 апрелга қадар вегетация даври учун ва 1-октябрга қадар куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитларини худудлар бўйича тасдиқланган лимит доирасида ишлаб чиқиши ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига киритилиши белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан куз-қиш даври учун якуний истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш учун сув олиш лимитлари тўғрисидаги хужжатлар туман Кенгашига тақдим этилган.
Юқоридагиларни ва сессияда депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунини 6 ва 24-моддаларига асосан халқ депутатлари Риштон туман Кенгаши қарор қилади:
1.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи буғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5 сонли Қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
2.Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси айрим Қонунлари ва ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунининг 4-моддаси 38-бандига асосан қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш (ўстириш) учун фойдаланиладиган сув ҳажми, шу жумладан деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларга эга бўлган жисмоний шахслар учун 1 куб метр сув учун 100 сўм этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3.«Сирдарё-Сух» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Риштон тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан 2025 йил вегетация даври учун туман ҳудудидаги жами 1276 та сув истеъмолчиларига 154 млн 376 минг м3 сув лимити ишлаб чиқилган. Шундан экинларни йўқотишларсиз суғоришга 131 млн 22 минг м3 сув лимити белгиланди. Хўжаликлараро каналлардаги сув йўқотишларни инобатга олиб 1276 та истеъмолчилар кесимида экинларни суғориш лимитлар жадвали 1-иловага мувофиқ, шундан фермер хўжаликлар бўйича 2-иловага мувофиқ, МФЙ томорқалари бўйича 3-иловага мувофиқ, Балиқ етиштириш учун 4-иловага мувофиқ 2025 йил суғориш даврида сув олиш лимитлар жадвали тасдиқлансин.
4.Тумандаги қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқарувчи сув истеъмолчиларига истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (қастдан юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги махсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисобланиши белгилаб қўйилсин.
5.Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари ва туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори С.Хайдаровларга, мазкур қарорни 4-бандидаги тартиб барча сув истеъмолчиларига етказиш вазифаси юклатилсин.
6.Туман ҳокимлиги ахборот хизмати (А.Дехқонов)га:
Мазкур Кенгаш қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни ОАВ ларида, туман ҳокимлигининг веб сайтида шунингдек расмий интернет-каналлар ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиши тавсия этилсин.
7.Мазкур Кенгаш қарори ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари ва халқ депутатлари туман Кенгашининг «Аграр, сув хўжалиги ва экология масалалари бўйича» доимий комиссияси (Х.Бойигитов)га юклатилсин.
Кенгаш раиси ХОЛИКОВ БАХОДИР РАХМАТУЛЛАЕВИЧ
Фарғона вилояти, Риштон тумани,
2025 йил 8 май,
VII-8-34-11-158-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.