ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ БЎСТОНЛИҚ ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ
Қарори
Бўстонлиқ тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасининг 2024 йилда амалга оширган ишлари ҳамда 2025 йил суғориш мавсуми учун туман истеъмолчилари кесимида сув лимитини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 79-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил ёзги суғориш мавсуми учун Бўстонлиқ тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан туман учун 75,7 млн. м3 ҳажмдаги истеъмол учун сув лимитлари ҳудудлар ва истеъмолчилар кесимида ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган.
Тасдиқланган сув лимити доирасида давлат муассасаси томонидан истеъмолчиларга жами 66,0 млн. м3 ҳажмда сув етказиб берилган.
Ўтган йил давомида туманда фаолият олиб бораётган «Ливестоск Агро Гроуп» МЧЖ, «Бекал Агро Инвест», «Шўрбулоқ Агро», «Мохизар Мафтун Бустон» фермер хўжаликлари томонидан белгиланган лимитдан ортиқ сув истеъмол қилганликлари аниқланган.
2024-2025 йиллар кузги-қишки суғориш даврда туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан 13,2 млн. м3 ҳажмда сув лимитлари ҳудудлар ва истеъмолчилар кесимида ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган.
Туманда фаолият олиб бораётган бир қатор фермер хўжаликлари томонларидан катта ҳудудларда сув тежамкор технологияларни жорий қилганликлари сабабли, 2024 йил ёзги суғориш даврида 9,7 млн. м3 ҳажмдаги ҳамда 2024-2025 йиллар кузги-қишки новегитация даврида 10,0 млн. м3 ҳажмдаги сув иқтисод қилинишига эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги ПФ-6024-сонли Фармонига асосан сув етказиб бериш учун мўлжалланган насослари «Давлат-хусусий шерикчилик» асосида босқичма-босқич энергия тежамкор насосларга ўзгартирилиб, электр энергиясини иқтисод қилишга эришилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5-сон қарорига асосан Бўстонлиқ тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасасининг 2025 йил 3 апрелдаги 82/02-67-сонли мурожаати ҳамда муассаса директори в.б. А. Мухутовнинг ҳисоботини тинглаб, Халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳининг 2025 йил 12 апрелдаги 1-сонли мурожаати ҳамда Аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича доимий комиссия ҳамда Ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича доимий комиссиянинг 2025 йил 16 апрелдаги 03-04-03-ДКҚБ/5-25-сонли Қўшма мажлис баёнини инобатга олиб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши қарор қилади:
1. Бўстонлиқ тумани Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасаси директори в. б. А. Мухутовнинг қишлоқ хўжалиги йўналишида якуний истеъмолчиларга сув етказиб бериш бўйича амалга оширган ишлари ҳамда 2025 йил суғориш мавсумида Бўстонлиқ тумани истеъмолчилари кесимида сув лимитини тасдиқлаш тўғрисидаги таклифлари маълумот учун қабул қилинсин.
2. Бўстонлиқ туманида 2025 йил суғориш мавсуми учун сув лимити белгиланган истеъмолчилар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори в.б. А. Мухутовга:
белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш;
ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш, таъмирлаш-тиклаш тадбирларини амалга ошириш;
сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини рақамлаштириш;
истеъмолчилар кесимида истеъмол қилинган сув ҳажми тўғрисидаги маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бориш;
сув истеъмолчиларининг буюртманомаси асосида бошқа сув хўжалиги хизматларини кўрсатиш вазифалари юклатилсин.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б. Халматов туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори в.б. А. Мухутов билан биргаликда:
муассаса ходимларининг вазифалар тақсимотини қайта кўриб чиқиб, қўшимча штат бирликларини ташкил этиш;
муассасанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида, махсус транспорт воситалар билан таъминлаш;
ҳисоб-китоблар асосида тумандаги мавжуд канал ва ариқларни бетонлаштириш харажатларини қоплаш учун қўшимча молиялаштириш;
тумандаги мавжуд фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги йўналишидаги корхоналарда босқичма-босқич сув тежовчи технологияларни жорий қилиш;
муассаса томонидан амалга оширилиши белгиланган ишларни лойиҳалаштириш ва экспертизадан ўтказиш муддатларини қисқартириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиб, кўриб чиқиш учун юқори турувчи ташкилотларга тақдим этсинлар.
Амалга оширилган ишлар юзасидан жорий йилнинг октябр ойида халқ депутатлари туман Кенгашида ҳисобот берсинлар.
4. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б. Халматов, туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси директори в.б. А. Мухутов, Давлат солиқ инспекцияси туман бўлими бошлиғи З. Зокиров истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган (юритишдан бош тортган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси мазкур қарорнинг 2-бандида тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баробар оширилган ҳолда ҳисоблаш чораларини кўрсинлар.
5. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгашининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича доимий комиссияси (М. Юлчиев) зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси АХМЕДОВ ЖЎРАБЕК ИЛХОМОВИЧ
Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани,
2025 йил 29 апрель,
VII-13-47-10-136-K/25-сон
Ҳужжатни иловаси билан PDF шаклида танишиш мумкин.