Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
ЮРИДИК ЁРДАМ
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга, ташкилотларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлашга ёрдам бериш. ЎзР Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши лозим. Мазкур конституциявий қоида замирида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга, ташкилотлар фаолиятининг қонунийлигини таъминлашга улар омилкорлик билан, малакали амалга оширилган тақдирдагина эришиш мумкин, деган принцип ётади.
Ю.ё. кенг фаолият доирасини қамраб олганлиги туфайли (қ.: Адвокат), уни яхши тайёргарликдан ўтган, малакали юристлар кўрсатиши мумкин. Яқин вақтгача Ю.ё., қоида тариқасида, турли даражадаги давлат муассасаларида, корхоналарда ва жамоат бирлашмаларида тузилган ҳуқуқ хизматлари (юридик маслаҳатлар)нинг адвокатлари ва юристлари томонидан мувофиқ даражада кўрсатилар эди. Аммо бозор муносабатлари ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши, бунинг оқибати ўлароқ, юридик хизматларга бўлган талабнинг ортиши натижасида мазкур соҳага турли тижорат ташкилотлари, ишлаб чиқариш кооперативлари, айрим ҳолларда эса - хусусий тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган алоҳида шахслар кириб кела бошладилар.