Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси
ONLINE TRANSLATE

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

УНИТАРИЗМ

давлат тузилиши шаклларидан бири (бошқа бир шакли - федерализм, ёки федерал давлат). Унитар давлат одатда оддий давлат деб аталади, у маъмурий-ҳудудий бирликларга бўлинади. Унитар давлатда бутун давлат ҳаётига, шу жумладан кўпгина хўжалик, ижтимоий ва бошқа жараёнларга марказлашган тартибда раҳбарлик қилиш ҳамда уларни тартибга солиш даражаси анча юқори бўлади. Аммо, давлат маъмурий-ҳудудий бирликларининг органлари маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда етарли даражада мустақил бўлиши ҳам мумкин. Марказ маҳаллий органларнинг вазифаларини уларнинг ўрнига бажармасликка ва уларнинг қонунга асосланган фаолиятига аралашмасликка ҳаракат қилади. Шунга қарамай, унитар давлатда марказ айрим ҳудудларнинг ҳаётига аралашиши, шу жумладан маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органларининг ҳужжатларини бекор қилиши мумкин. Бунинг устига, маъмурий-ҳудудий бирликларнинг органлари марказий давлат органларига мурожаат этиш имкониятига эга эканлигига қарамай, масалаларни марказда ҳал қилишга уларнинг таъсири федератив давлатдагига қараганда анча кам бўлади ва, қоида тариқасида, марказий органлар учун доим ҳам юридик жиҳатдан мажбурий ҳисобланмаган илтимослар ва илтимосномаларда ифодаланади.