Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
Субъектив ҳуқуқ
бу шахснинг ўз қонуний манфаатларини қондириш йўлида қонунда кўрсатилган ва давлат томонидан таъминланадиган, рухсат этилган хатти-ҳаракатлари чорасидир. Объектив ҳуқуқдан фарқли ўлароқ, субъектив ҳуқуқ фақатгина айрим субъектга тегишли ва фақатгина бу шахснинг истаги бўйича амалга ошириладиган ҳуқуқ сифатида намоён бўлади.
С.ҳ. мумкин бўлган ёки рухсат этилган ҳаракат чораси сифатида унинг эгаси томонидан бошқа юридик нормаларни инобатга олмай ва ўзбошимчалик билан амалга оширилиши мумкин эмас.
Ҳуқуқий муносабат иштирокчиси ўзининг С.ҳ. ини амалга оширишда амалдаги ҳуқуқий нормалар асосида ва доирасида ҳаракат қилади. Мас., мулкка, қурилишга, ер участкасига ўзининг мулкдорлик ҳуқуқини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари билан ҳисоблашмасдан иложи йўқ. Ҳар қандай мамлакатнинг қонун чиқарувчи органи фуқароларга ва уларнинг бирлашмаларига айрим ҳуқуқ ва эркинликларни бериш билан бир қаторда бундай ҳуқуқларни амалга оширишнинг конституциявий доираларини ҳам ўрнатади.
“Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” деб Конституциянинг 19 - моддасида белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, ЎзР Конституциясида субъектив ҳуқуқни мумкин бўлган чегаралашлари ҳам мавжуд, яъни “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари, ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт” (20 модда). Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари ЎзР Конституциясида белгилаб қўйилган (10 - боб).