Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
МОНАРХИЯ
давлат бошқаруви шакли. Бунда давлат бошлиғи монарх ҳисобланади. М. нинг икки тури мавжуд: мутлақ (абсолют) М., бунда монарх чекланмаган ҳокимиятга эга бўлади; конституциявий М., бунда монарх ҳокимияти конституция билан чекланган бўлади. Конституциявий монархиянинг икки шакли: дуалистик монархия ва парламент монархияси мавжуд.
М у т л а қ М. - монархия бошқарув шаклининг алоҳида тури. Бунда монарх чекланмаган ҳокимиятга эга бўлади. Авваламбор, у қонунлар ва барча учун мажбурий бўлган бошқа қоидалар (фармонлар, декретлар, фармойишлар шаклида) чиқаради. Давлатни бевосита бошқаради, муҳим давлат ишларини ҳал қилади. Мазкур мақсадларда ҳукумат тузиши мумкин. Монарх ҳукумат таркибини шакллантиради, ҳукуматга ваколатлар беради ва унинг ҳужжатларини бекор қилади. Олий судья ҳисобланади, олий адлия, амнистия ва афв этиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади. Мутлақ М. да монарх ҳокимияти юридик жиҳатдан чекланмаган бўлади. Монарх ўз ваколатларини амалга оширишига мавжуд муҳит, унинг оиласи, давлат органлари, черков, маҳаллий тузилмалар ва жамоаларнинг раҳбарияти таъсир кўрсатади. Ҳокимиятни амалга оширишда монархлар урф-одатлар, диний қоидаларга ҳам риоя этадилар. Фуқаролар юридик жиҳатдан монархга тўла тобедирлар.
Тадқиқотчилар Оманни мутлақ М. соф кўринишда сақланиб қолган давлат сифатида тилга оладилар. Бу ерда конституция мавжуд эмас, асосий қонун вазифасини Қуръон бажаради, парламент йўқ, мамлакатнинг олий судьяси ва олий диний раҳбари қирол ҳисобланади. Бундай М. ни мутлақ-теократик монархия деб номлаш мумкин.
Айрим бошқа мамлакатлар (Баҳрайн, Қувайт, Бруней, Катар, Саудия Арабистони) мутлақ М. га яқин, чунки бу ерда унинг асосий жиҳатлари сақланган. Мазкур мамлакатларда конституция қабул қилинган, уларнинг айримларида парламент ҳам бор. Шунга қарамай, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти бу ерда монарх қўлида. Олий диний ҳокимиятни ҳам монарх бошқаради.
К о н с т и т у ц и я в и й, ёки чекланган М. - монархия бошқарув шаклининг алоҳида тури. Бунда монарх мутлақ ҳокимиятга эга бўлмайди; унинг ҳокимияти Конституциянинг мавжудлиги билан чекланади. Конституциявий М. нинг икки шакли: дуалистик монархия ва парламент монархияси фарқланади.
Д у а л и с т и к (дуализм - икки ёқламалик) М. да давлат ҳокимиятини монарх ҳамда бутун аҳоли ёки унинг маълум қисми томонидан сайланувчи парламент бошқаради. Парламент қонун чиқарувчи ҳокимиятни, монарх эса - ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Лекин сўнгги зикр этилган ҳокимиятни амалга оширишда монарх парламентдан мустақил бўлади. У фақат ўзи олдида жавобгар бўлган ҳукуматни тайинлайди. Парламент ҳукуматни тузиш, унинг таркиби ва фаолиятига таъсир кўрсата олмайди. Парламентнинг қонунчилик ваколатлари чекланган, монарх мутлақ вето ҳуқуқига эга бўлади (яъни у тасдиқламаган қонун кучга кирмайди). Монарх қонун кучига, баъзан ундан ҳам катта кучга эга бўлган ўз ҳужжатлари (фармонлари)ни чиқариши мумкин. У парламентнинг юқори палатаси аъзоларини тайинлаши, парламентни тарқатиб юбориши (кўпинча номуайян муддатга) мумкин. Бунда монарх янги сайлов муддатини белгилайди ва тегишли даврда тўла ҳокимиятга эга бўлади. Дуалистик М. мамлакатларига Иордания, Марокаш киради.
П а р л а м е н т М. да давлатни бошқаришда парламент етакчи ўринни эгаллайди. У ижро этувчи ҳокимиятга нисбатан устунликка эга бўлади. Ҳукумат расман ва амалда парламентга бўйсунади. У монарх олдида эмас, балки парламент олдида жавобгар бўлади. Парламент ҳукуматни назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади; агар парламент ҳукуматга ишончсизлик билдирган бўлса, ҳукумат истеъфо бериши лозим.
Мазкур бошқарув шаклининг тадқиқотчилари монархга нисбатан «тахтда ўтиради, аммо бошқармайди» деган иборани қўллайдилар. Монарх қайси партия (ёки уларнинг иттифоқи) парламентда кўпчиликни ташкил этишига қараб ҳукуматни ёки ҳукумат бошлиғини тайинлайди. Монарх ё вето ҳуқуқига эга бўлмайди, ё уни ҳукумат кўрсатмасига («маслаҳатига») биноан амалга оширади. У қонун кучига эга ҳужжатлар чиқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Монарх номидан чиқариладиган ҳужжатлар одатда ҳукумат томонидан тайёрланади; мазкур ҳужжатлар ҳукумат бошлиғи ёки тегишли вазирнинг имзоси билан мустаҳкамланган (контрассигнация қилинган) бўлиши лозим, акс ҳолда улар юридик кучга эга бўлмайди. Ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи бўғинлари ўртасида ихтилоф юз берган тақдирда фақат ҳукумат истеъфо бермайди. Ҳукуматнинг таклифига кўра монарх парламентда янада барқарор кўпчилик юзага келиши учун парламентни (қуйи палатани) тарқатиб юбориши ва янги сайлов тайинлаши мумкин. Сайлов натижаларига қараб ҳукумат ё ўз мавқеини мустаҳкамлаб олади, ё алмаштирилади.
Парламент М.да монархга декоратив шахс ёки феодализм сарқити деб қараш ярамайди. М. нинг мавжудлиги тегишли мамлакатларда давлат тизимини барқарорлаштириш омилларидан бири ҳисобланади. Монарх партиялар рақобатидан устун туради ва сиёсий бетарафликни намойиш этади. Ўзининг парламентга мурожаатларида монарх қонун йўли билан ҳал қилиш ва жамиятни жипслаштиришни тақозо этувчи давлат учун муҳим муаммоларга эътиборни қаратиши мумкин. Парламент М. лари - Буюк Британия, Бельгия, Япония, Дания, Испания, Лихтенштейн, Люксембург, Монако, Нидерландия, Норвегия, Швеция, Тайланд, Непал ва б.
Айрим мамлакатларда монарх олий диний раҳбар ёки черков бошлиғи ҳисобланади. Аксарият араб М. ларида давлат бошлиғи айни вақтда олий диний раҳбар ҳам эканлиги юқорида қайд этиб ўтилди. Масалан, Буюк Британияда монарх англикан ва пресвитериан черковининг бошлиғи ҳамдир. Бундай ҳолларда «теократик монархия» тушунчаси қўлланилади.