Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
МАЖБУРИЯТ
мажбурият ибораси кундалик ҳаётимизда кўп бўлмаса-да, тез-тез учраб туради. Лекин ушбу ибора юридик ва юридик бўлмаган маънога эга. Юридик мазмунга эга бўлмаган мажбурият шахслар ўртасида ҳуқуқий муносабатлар келтириб чиқармайди, юридик маънодаги мажбуриятга асосан маълум шахслар иштирокида муайян ҳуқуқий муносабатлар вужудга келади. Иккала ҳолатда ҳам мажбурият маълум шахслардан унда назарда тутилган ҳаракатни бажаришни ёки бажаришдан ўзини сақлашни талаб қилади, лекин фарқи шундаки, агар юридик маъно, яъни аҳамиятга эга бўлмаган мажбурият бажарилмаса, ҳеч қандай юридик оқибат, яъни жавобгарлик келиб чиқмайди, бундай оқибат фақат юридик аҳамиятга эга бўлган мажбурият бажарилмаган тақдирда юз бериши мумкин.
Юридик аҳамиятга эга бўлмаган мажбуриятлар аксарият ҳолларда қариндош-уруғ, бир-бирига яқин шахслар ўртасидаги муносабатларда учраб туради. Масалан, фарзанднинг ота-онаси олдида институтни қизил диплом билан тугатиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, каби мажбуриятлар олиши. Бундай мажбуриятлар кўпроқ ахлоқий аҳамиятга эга бўлиб, оғзаки шаклда бурч ва вазифаларни ўз зиммасига олиб, бир томонлама ваъда беришдан иборат.
Мажбуриятдан жисмоний ва юридик шахсларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини таъминлашда мулкий ҳуқуқий муносабатларнинг шакли сифатида ижтимоий ҳаётнинг кўп тармоқларида фойдаланилади. Мажбурият воситасида тадбиркорлик фаолияти амалга оширилади, товар сотилади ва сотиб олинади, мол-мулк ижарага топширилади, ишлаб чиқариш объектлари ва уй-жой бинолари қурилади, турли транспортларда йўловчи ва юклар ташилади, хизматлар кўрсатилади, кредитлар берилади, ҳисоб-китоблар амалга оширилади, шахснинг ўзи ва унинг мол-мулклари суғурта қилинади, биргаликда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилади, интеллектуал фаолият натижаларидан фойдаланилади, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки муҳофаза қилинади ва ҳ.к.
Шундай қилиб, мажбурият - фуқаролик - ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини тийишга мажбур бўлади, кредитор эса - қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади (ЎзР ФК нинг 234-моддаси).
Мажбуриятлар шартномадан, зиён етказиш натижасида ҳамда ФКда кўрсатилган бошқа асослардан келиб чиқади.
Мажбуриятнинг тарафлари - кредитор ёки қарздор сифатида бир ёхуд бир пайтнинг ўзида бир неча шахс иштирок этиши мумкин.