Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси
ONLINE TRANSLATE

Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ

бир неча тушунчага нисбатан қўлланиладиган атама. Биринчидан, у Конституцияда мустаҳкамланган фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, улар: шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги асосий ҳуқуқларга бўлинади. Иккинчидан, конституциявий ҳуқуқ - ҳуқуқ тармоғи (шу билан бирга ҳуқуқий тизимда етакчи ҳуқуқ). Учинчидан, конституциявий ҳуқуқ –ҳуқуқ фанларидан бири.

К.ҳ. нинг ҳуқуқ соҳаси сифатидаги предмети асосий ва ҳал қилувчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Бу ижтимоий муносабатлар ҳокимиятни ташкил этиш ва амалга ошириш жараёнида вужудга келиб қуйидагиларни ўз ичига олади: давлатнинг конституциявий (ижтимоий) тузуми; давлат ҳокимиятини амалга ошириш шакли ва усуллари; шахснинг ҳуқуқий ҳолати асослари; давлат тузилиши (маъмурий-ҳудудий тузилиши); давлат органлари тизими, уларнинг ташкил этиш тартиби ва фаолиятининг асосий принциплари; сайлов тизими.

К.ҳ. ижтимоий муносабатларни тартибга солади ва ривожланишига таъсир қилади. К.ҳ. предметини ташкил қилувчи муносабатларни “Конституциявий” ёки “конституциявий-сиёсий” муносабатлар деб юритилади. Бу муносабатлар бошқа ижтимоий муносабатлар учун асос (база) бўлиб ҳисобланади. Бошқа ижтимоий муносабатлар булардан келиб чиқади. Шунинг учун К.ҳ. бошқа ҳуқуқлар соҳалари учун асос бўлади. К.ҳ. мулкий муносабатлар асосларини тартибга солиш билан фуқаролик ҳуқуқига, меҳнат муносабатлари асосларини белгилаш билан меҳнат ҳуқуқига пойдевор бўлади ва ҳоказо. Умумлаштирилиб айтилса К.ҳ. нинг (ҳуқуқ сифатида) предмети К.ҳ. нормалари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатлардир.

К.ҳ. асосий ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи тегишли ҳуқуқ нормаларини бирикмасидан ташкил топган. Шунинг учун ҳар қандай бошқа ҳуқуқ тармоқлари сингари ўз манбаларига эга.

К.ҳ. нинг асосий манбаи - бу Конституциядир. Ўзбекистон Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилиниб, унга 2003 йил 24 апрелда ўзгартиришлар киритилган. Конституциявий қонунлар ҳам К.ҳ. манбаидир. Бундан ташқари: қонунлар, Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари, халқаро ҳуқуқ нормалари конституциявий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш қаратилган бўлса улар ҳам К.ҳ. манбаи бўлиши мумкин. Масалан: ЎзР Президенти давлат органларини тузиш ёки унинг раҳбарларини тайинлаш тўғрисидаги фармонлари К.ҳ. манбаи бўлади. Орден, медаллар, унвонлар билан тақдирлаш ҳақидаги фармони эса К.ҳ. манбаи бўлмайди.

К.ҳ. ҳуқуқ сифатидаги предмети билан, К.ҳ. нинг фан сифатидаги предмети бир-биридан фарқ қилади. К.ҳ. ҳуқуқ сифатидаги предмети, шу ҳуқуқ тартибга соладиган муносабатлар бўлса, К.ҳ. фанининг предмети шу фан ўрганадиган нарсалардир, яъни фан давлат-ҳуқуқий ижтимоий муносабатларни, шу муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқ нормаларини ўрганади. Уларни ривожлантириш таклифларини беради. Ижтимоий муносабатлар ва ҳуқуқ нормаларини мутаносиблигини таҳлил қилади.

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ

1) ҳуқуқ тармоғи, шунингдек ҳуқуқий фанлардан бири. Конституциявий ҳуқуқнинг предмети нисбатан кенг ва фундаментал ижтимоий муносабатлар бўлиб, улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

Давлатнинг конституциявий (ижтимоий) тузуми, давлат ҳокимиятини амалга ошириш усуллари ва шакллари;

Шахс ҳуқуқий мақомининг асослари;

Давлатнинг тузилиши, яъни давлатнинг ҳудудий (маъмурий-ҳудудий) ташкилий тузилиши;

Давлат ҳокимиятининг ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг тизими, уларни шакллантириш тамойиллари, тартиби (сайлов ҳуқуқини эътироф этган ҳолда) ва мазкур органлар фаолиятининг асослари.

К.ҳ. юқорида қайд этилган ижтимоий муносабатларни тартибга солади ва уларни ривожланиши учун кўмаклашади. К.ҳ. предметини ташкил этган ижтимоий муносабатларни, одатда «конституциявий» ёки «конституциявий ҳуқуқий» муносабатлар деб аталади. Мазкур ижтимоий муносабатлар давлат ва жамият учун муҳим асосий муносабатлар ҳисобланади, унда жамиятдаги инсонлар ва давлат ҳаётининг бошланғич асоси акс этган бўлади. К.ҳ. нинг икки хил вазифаси мавжуд: биринчидан, давлат ва жамият қурилишининг асосларини, мамлакатдаги ҳокимиятнинг характерини ҳамда шахс мақомини мустаҳкамлаш (мазкур асослар турли ҳуқуқ тармоқлари нормаларида ривожлантирилади ва кенгайтириб тавсифланади); иккинчидан, давлат ҳокимияти ва маҳаллий ўзини-ўзи бошқарув ҳокимиятининг амалга оширилиш механизмини батафсил тартибга солади.

Шундай қилиб, к.ҳ. предметини ташкил этувчи кўпчилик муносабатлар давлат қурилиши, шахс мақоми ва давлат ҳокимияти билан боғлиқ. Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқ тармоғининг барча нормалари давлатдан келиб чиқади. Илмий доираларда кенг тарқалган фаннинг «Давлат ҳуқуқи» номи ҳам бевосита шунга боғлиқ. Махсус адабиётларда мазкур атамалар талқини юзасидан бир қанча мунозаралар келтириб ўтилган. Бундай олиб қараганда иккала тушунча ҳам («Давлат ҳуқуқи» ва «Конституциявий ҳуқуқ») қўлланилиши хато бўлмайди ва мутахассис бўлмаган шахслар учун бир хил маънони англатувчи атамалар сифатида ишлатилиши мумкин.

К.ҳ. нинг бош манбаи - бу давлатнинг Конституциясидир. ЎзР да Конституция 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. Конституциявий ҳуқуқнинг манбалари бўлиб, айтиб ўтилганидек, Конституция, конституциявий қонунлар, органик қонунлар ва бошқа норматив - ҳуқуқий актлар ҳисобланиши мумкин.

2) фуқароларнинг Конституция билан мустаҳкамланган асосий ҳуқуқлари.