Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
БУЮК БРИТАНИЯ
(Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги) - Ғарбий Европада Британия оролларида жойлашган давлат. Европа Иттифоқининг аъзоси. Британия Ҳамдўстлигининг таъсис этувчиси. Пойтахти - Лондон шаҳри.
Б.нинг таркибий қисмлари: Англия, Уэльс, Шотландия, Шимолий Ирландия (Ольстер). Ла-Манш бўғозида Франция соҳиллари яқинидаги Мэн ороли ва Норманд ороллари мустақил маъмурий бирликларга ажратилган. Англия ва Уэльс графликлар ва шаҳар-графликларга, Шотландия - вилоятларга, Шимолий Ирландия - округларга бўлинган.
Б.да ёзиб қўйилган конституция йўқ. Ёзилмаган конституция, анъанага кўра, аввало парламент томонидан қабул қилинган ҳужжатлар - статутлардан иборат бўлади. Конституциявий ҳуқуқ манбалари жумласига шунингдек суд прецедентлари, конституциявий одатлар ва доктринал (илмий) манбаларни киритадилар. Статут ҳуқуқини парламентнинг 1215 йилда “Эркинликларнинг Буюк хартияси” эълон қилинганда қабул қилинган конституциявий ҳуқуқ масалаларига доир ҳужжатлари ташкил этади. Статут ҳуқуқининг энг муҳим нормалари жумласига Хабеас корпус акти (1679 йил), Ҳуқуқлар тўғрисидаги билль (1689 йил), Валиаҳдлик тўғрисидаги қонун (1701 йил), Парламент тўғрисидаги қонунлар (1911 ва 1949 йиллар), Пэрлар тўғрисидаги акт (1963 йил), Жамоалар палатаси тўғрисидаги акт (1978 йил), Халқ вакиллиги тўғрисидаги актлар (1949, 1969, 1974, 1983 йиллар), Маҳаллий бошқарув тўғрисидаги актлар (1972 ва 1985 йиллар) ва ҳ.к. киради.
Бошқарув шакли - конституциявий монархия. Виндзорлар сулоласидан бўлмиш Елизавета II 1952 йилдан буён Қироличадир. Давлат бошлиғи - Қирол (Қиролича) расман катта ваколатларга эга: парламентни чақириш ва тарқатиб юбориш, бош вазирни ва ҳукумат аъзоларини, бошқа олий мансабдор шахсларни ва судьяларни, шунингдек черковнинг олий мансабдорларини тайинлаш ва вазифасидан озод қилиш, парламент ҳужжатларига вето (тақиқ) қўйиш ҳуқуқи, парламентнинг очилиши чоғидаги қироллик нутқида ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишларини белгилаш, уруш ва тинчликни эълон қилиш, халқаро шартномаларни тузиш ва ҳ.к. шулар жумласидандир. Амалда эса Қиролнинг (Қироличанинг) ана шу ва бошқа талай ваколатларини ҳукумат амалга оширади. Ҳукумат монарх чиқарадиган ҳужжатлар учун жавобгардир. Шу сабабли ана шу ҳужжатларнинг барчаси бош вазир томонидан имзо чекиб маъқулланади.
Британия монархи Британия Ҳамдўстлигининг (49 та давлат) раҳбари бўлгани боис Ҳамдўстликдаги 18 та давлатнинг (Канада, Австралия, Янги Зеландия, Кариб ҳавзаси мамлакатлари, Африка ва Океаниядаги айрим давлатларнинг) бошлиғи сифатида эътироф этилади. Анъанага кўра, у англикан ва пресвитериан черковининг раҳнамоси ҳамдир.
Монархия - Британия давлатининг жуда қадимдан қолган институтидир. Фақат 1649 йилдан 1660 йилга қадар Кромвел республикаси мавжуд бўлган.
Б. парламенти ҳам дунёдаги энг қадимги парламентлардан биридир. Умум (жамоалар) палатаси нисбий кўпчиликка асосланган мажоритар тизим асосида умумий овоз бериш орқали беш йил муддатга 659 депутатдан иборат таркибда сайланади. Юқори палата - Лордлар палатаси сайланмайди, унга ё ворислик бўйича, ё Қиролича тайинлаши бўйича аъзо бўлинади. Ҳозирги вақтда унинг таркибига 1100 дан зиёд лорд, барон, пэр киради.
Парламентнинг энг муҳим вазифаси - қонунчилик асосан доимий ва муваққат қўмиталар орқали рўёбга чиқарилади. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан парламент аъзолари ҳам, ҳукумат аъзолари ҳам (булар палатадан бирининг депутатлари бўлишлари шарт) фойдаланадилар. Шуниси ҳам борки, ҳукуматнинг қонун лойиҳалари устуворликка эга ва исталган вақтда киритилиши мумкин. Қонун лойиҳаси уч ўқишдан ўтади. У Умум палатаси томонидан учинчи ўқишда мақуллангач, Лордлар палатасига юборилади.
Шунингдек махсус қонунчилик тартиб-таомиллари: берилган ваколат асосида қонун чиқариш (ҳукумат томонидан чиқариладиган қонунлар), молияга оид қонун ҳужжатларини молиявий тартиб-таомил бўйича кўриб чиқиш ва петициялар (жамоатчилик мурожаати) шаклида берилган хусусий қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш назарда тутилган.
Британия парламентининг яна бир муҳим вазифаси - ҳукумат устидан назоратни амалга оширишдир. Анъанага ва конституциявий келишувларга мувофиқ ҳукумат парламент томонидан шакллантирилади ва унинг олдида жавобгардир. Одатда, муҳокама очиш ҳуқуқга эга бўлган муҳолифат томонидан киритиладиган таклифлар тариқасида ҳукуматнинг сиёсати юзасидан умумий музокаралар ўтказилади. Бунинг учун сессияда 20 кун ажратилади. Парламентнинг ҳукуматга ҳам ёзма, ҳам оғзаки саволлар бериши кенг қўлланилади (“саволлар соати” телевидение орқали кўрсатилади). Тасдиқланган пул маблағларининг ҳукумат томонидан сарфланишига доир парламент текширувини Ошкора ҳисобдорлик қўмитаси (15 аъзо) ўтказади. Унга Миллий тафтиш идораси (900дан зиёд тафтишчи) ёрдам кўрсатади ва зарур ахборотни тақдим этади. Қўмитанинг маърузалари ҳар йили Жамоалар палатасида муҳокама қилинади.
Ҳукуматни парламент сайловидан кейин Жамоалар палатасида кўпчилик ўринни олган партия етакчиси тузади. Ҳукуматнинг қолган аъзоларини бош вазир тавсияси асосида Қиролича тайинлайди. Бош вазир ва асосий вазирлар Маҳкама таркибига (ҳукуматнинг 18-25 аъзоси) кирадилар. Ҳукуматнинг жами таркиби кенгроқ бўлиб, давлат вазирлари ва парламент котибларини қўшган ҳолда 100 кишигача бориши мумкин.
Асосий қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга, давлат аппарати фаолиятига, ташқи ва ички сиёсатни белгилашга Маҳкама раҳбарлик қилади. Ҳукумат ўзининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидангина эмас, балки қонуности ҳужжатлари ва ваколат билан қонун ҳужжатлари чиқариш ҳуқуқидан ҳам кенг фойдаланади.
Суд тизими қадимги анъаналарни ва Британия ҳуқуқ тизимининг ўзига хос хусусиятларини ўзида мужассам этган. Лордлар палатаси Бирлашган Қиролликнинг олий суд инстанцияси ҳисобланади. Унинг номидан ишларни Лордлар палатасининг суди кўриб чиқади. Бу суд унга бошчилик қилувчи лорд-канцлердан, апелляциялар бўйича штатдаги лордлар ва илгари суд лавозимини эгаллаган пэрлардан таркиб топади. Лордлар палатаси фуқаролик ва жиноят (Шотландия учун - фақат жиноят) ишларига доир қарорлар устидан тушган апелляцияларни кўришга қабул қилади.
Англия ва Уэльс Олий суди Апелляция судини (фуқаролик ва жиноят бўлимлари билан), Юқори судни (бир неча ихтисослаштирилган бўлимлари ва бошқа таркибий қисмлари билан), Қироллик судини (энг жиддий жиноятлар учун, шунингдек қуйи судларнинг ҳукмлари устидан апелляциялар учун қасамёд қабул қилган судьялар судини) ўз ичига олади. Ишларнинг асосий қисми кўриладиган судлар жумласига графлик судлари (уларда фуқаролик ишлари кўрилади) ва магистрат судлари (уларда қасамёд қабул қилган судьяларсиз жиноят ишлари кўрилади) киради.
Шунингдек, ихтисослаштирилган судлар (трибуналлар): саноат трибуналлари, меҳнат низолари бўйича апелляция судлари мавжуд.
Бирлашган Қиролликка 1707 йилда қўшилган Шотландия суд тизими Англияникидан фарқ қилади. Эдинбургдаги Юстицинарийлар Юқори суди жиноят ишлари бўйича олий инстанция бўлиб қолмоқда. Сессия суди фуқаролик ишлари бўйича олий суд инстанцияси ҳисобланади. Қуйи судларнинг тизимини шериф судлари ва округ судлари ташкил этади.
Шимолий Ирландия Олий суди Шимолий Ирландиянинг олий суд инстанцияси ҳисобланади. У Бирлашган Қиролликнинг олий судлари вазифаларига ўхшаш вазифаларга эга бўлган Юқори судни, Апелляция судини ва Қироллик судини ўз ичига олади.
Низоли масалалар бўйича қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлган Махфий кенгаш Суд қўмитаси мустамлакалар, доминионлар ва Британия салтанатининг суверенитетини тан оладиган Британия Ҳамдўстлиги мамлакатлари учун олий апелляция инстанциясига айланган.
Б. суд тизими айрим ўзгаришларни бошдан кечирмоқда: чунончи 1967 йилда Маъмурият ишлари бўйича парламент вакилининг хизмати ташкил этилди, 1983 йилдан буён камбағалларга ҳуқуқий ёрдам хизматлари вужудга келтирилмоқда.