Kонституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат
АТТЕСТАЦИЯ
(малака ва салоҳият синови) - конституциявий, маъмурий ва меҳнат ҳуқуқида бир қанча маънода қўлланиладиган тушунча.
А. - ходимнинг касб даражасини, унинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини, уни хизматда юқори лавозимга кўтариш (ёки пасайтириш), ходимга малака даражаси бериш ёки ходимнинг юқори малакага эгалигини кўрсатадиган унвонни бериш тўғрисидаги масалани қўйиш имкониятларини баҳолаш.
Масалан, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига баҳо бериш мақсадида судьяларнинг малака ҳайъатлари вақти-вақти билан судьяларнинг малака А. ларини ўтказиб туради.
Судьяларнинг малака А. си “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ ҳамда судьялар сифат таркибини яхшилаш, уларнинг касб малакаси ошишига баҳо бериш ва рағбатлантириш, одил судловни амалга ошириш борасидаги масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилади.
Биринчи марта судьялик лавозимига сайланган (тайинланган) шахсларнинг малака А. си улар иш фаолиятининг дастлабки уч ойи ичида ўтказилиши керак.
Судьяларнинг навбатдаги малака А. си уларга берилган малака даражасида бўлиш муддати тамом бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ўтказилади.
Судьяга муддатидан олдин юқорироқ малака даражаси бериш учун унга аввал берилган малака даражасида бўлиш муддатининг ярми ўтганидан кейингина навбатдаги малака А. си ўтказилиши мумкин.
Малака А. дан ўтказилиши лозим бўлган судьяга А. ўтказишдан камида бир ой олдин унинг касб фаолиятига, ишчанлик ва ахлоқий жиҳатларига баҳо берилган тавсифнома ҳамда иши ҳақидаги маълумотнома тайёрланади.
Тегишли суднинг раҳбари судьяни у ҳақда тайёрланган тавсифнома ва маълумотнома билан малака А. си ўтказиш тўғрисидаги материалларни судьяларнинг тегишли малака ҳайъатига юборишдан олдин таништириши лозим.
Малака А. си тақдимнома тушган кундан бошлаб бир ой ичида, қоида тариқасида, А. дан ўтувчи судьянинг иштирокида ўтказилади.
Судьяларнинг малака ҳайъати судьянинг касбий билим даражаси, ишчанлик жиҳатлари, иш стажи ва тажрибаси, эгаллаб турган лавозимига қараб қуйидаги хулосалардан бирини беради:
судьяга тақдимномада кўрсатилган малака даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;
судьяга юқорироқ малака даражаси бериш мумкинлиги тўғрисида;
судьяни илгари берилган малака даражасида қолдириш тўғрисида.
Судьялар олий малака ҳайъати судьяга малака даражаси бериш тўғрисидаги масалани судьяларнинг малака ҳайъати чиқарган хулоса билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳал этади.
Судьяга малака даражаси берилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Судьялар тегишли малака ҳайъатининг малака даражаси бериш тўғрисидаги қарори ЎзР Олий суди ёки ЎзР Олий хўжалик суди матбуот органларида эълон қилинади, шунингдек судьянинг шахсий ишига қўшиб қўйилади.
А. - бирор муассасанинг, масалан, таълим муассасасининг фаолиятини баҳолаш. Бунда таълим муассасаси битирувчиларини тайёрлашнинг мақсад ва мазмуни, даражаси ва сифати давлат таълим стандартларига қанчалик мувофиқлиги аниқланади.