|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 29.08.2023
|
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА
Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 11 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2009 йил 27 мартда маъқулланган
Сенат томонидан 2009 йил 27 мартда маъқулланган
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 февралдаги ЎРҚ-819-сонли «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунига асосан 2023 йил 29 августдан ўз кучини йўқотади.
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилаш, қўллаш ва бажариш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик
Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
техник жиҳатдан тартибга солиш — маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгилаш, қўллаш ва бажариш;
маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги — маҳсулотнинг, уни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, ишлатиш (ундан фойдаланиш), монтаж қилиш, созлаш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш ва утилизация қилиш жараёнларининг, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматларнинг ҳолати бўлиб, бунда инсоннинг ҳаётига, соғлиғига, атроф муҳитга, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулкига зарар етказилиши эҳтимоли билан боғлиқ йўл қўйилмайдиган хавф мавжуд бўлмайди;
(3-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар — техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар, санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари, шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидалари, экологик нормалар ва қоидалар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ҳужжатлар;
(3-модданинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
техник регламент — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгиловчи норматив ҳужжат;
(3-модданинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
умумий техник регламент — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, бир турдаги маҳсулотлар ва хизматлар гуруҳи хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгиловчи норматив ҳужжат;
(3-модданинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
махсус техник регламент — техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, умумий техник регламентда назарда тутилмаган маҳсулотлар ва хизматлар айрим турининг хавфсизлигига доир мажбурий талабларни белгиловчи норматив ҳужжат;
(3-модданинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
савдодаги техник тўсиқлар — маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда мавжуд бўлган тафовутлари ёки ўзгаришлари оқибатида савдода юзага келадиган тўсиқлар.
(3-модданинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
4-модда. Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий вазифалари
Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳаёти ва соғлиғи, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулки хавфсизлигини таъминлаш;
атроф муҳит муҳофаза қилинишини, шунингдек табиий ресурслардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш;
савдодаги техник тўсиқларни бартараф этиш;
маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлиги хусусида истеъмолчиларни чалғитувчи ҳаракатларнинг олдини олиш.
5-модда. Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари
Техник жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
техник регламентларни қўллашнинг мажбурийлиги;
техник регламентларни қўллашнинг бир хиллиги;
техник регламентларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги миллий ва халқаро норматив ҳужжатларга мувофиқлиги;
техник регламентларнинг, уларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш тартиби тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги.
6-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизими
Техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимини қуйидагилар ташкил этади:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари — Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;
(6-модданинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-597-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2019 й., 03/19/597/4193-сон)
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ўз ваколатлари доирасида фаолиятни амалга оширувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари.
2-боб. Давлат органларининг ва бошқа органлар ҳамда ташкилотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимига кирувчи органлар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди;
техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимига кирувчи органларнинг фаолият кўрсатишини таъминлайди;
техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларини тасдиқлайди;
умумий техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
8-модда. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан киритилган техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларининг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган таклифлар киритади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг умумий ва махсус техник регламентларни ишлаб чиқишга доир фаолиятини ўз ваколати доирасида мувофиқлаштиради ҳамда ташкил этади;
умумий техник регламентларни тасдиқлаш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиясини тузади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган умумий ва махсус техник регламентларни ўз ваколати доирасида экспертизадан ўтказади;
ўз ваколати доирасида: хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган махсус техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади;
маҳсулотлар ва хизматларнинг техник регламентларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган, маҳсулотнинг намуналарини олиш, синовлари ва ўлчовлари усулларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлайди;
(8-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан саккизинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
умумий ва махсус техник регламентларга риоя этилиши устидан ўз ваколати доирасида давлат назоратини амалга оширади;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фондини шакллантиради;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ўз ваколати доирасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
9-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
(9-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-597-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2019 й., 03/19/597/4193-сон)
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулотлар, ишлар ва хизматларнинг хавфсизлигига доир, уларда инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддалар, касаллик туғдирувчи организмларнинг мавжудлиги, касаллик ташувчиларнинг кириб келиши ёки тарқалишининг олдини олиш, тиббий буюмлар, тиббий техника ва дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда қўллаш бўйича мажбурий талабларга тааллуқли ишларнинг бажарилишини ташкил этади ва таъминлайди.
(9-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги ЎРҚ-436-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 24-сон, 487-модда)
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги шаҳарсозлик фаолиятида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларга тааллуқли ишларнинг бажарилишини ташкил этади ва таъминлайди.
(9-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-597-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2019 й., 03/19/597/4193-сон)
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси табиий ресурслардан фойдаланишда ҳамда атроф муҳитни ифлосланиш ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилишда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги, маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига доир мажбурий талабларга тааллуқли ишларнинг бажарилишини ташкил этади ва таъминлайди.
(9-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Ушбу модданинг биринчи—учинчи қисмларида кўрсатилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ўз ваколати доирасида:
техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурлари лойиҳалари ва умумий техник регламентларни тасдиқлаш юзасидан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига таклифлар киритади;
умумий ва махсус техник регламентлар ишлаб чиқилишини амалга оширади ҳамда уларни экспертизадан ўтказади;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларини тузади;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган умумий ва махсус техник регламентларни экспертизадан ўтказади;
умумий техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
махсус техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади;
умумий ва махсус техник регламентларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фондини шакллантиради;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(9-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
10-модда. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:
техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурлари лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигига таклифлар киритади;
умумий ва махсус техник регламентлар ишлаб чиқилишини амалга оширади;
умумий ва махсус техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт кенгашларини тузади;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фондини шакллантиришда иштирок этади;
умумий ва махсус техник регламентларга риоя этилиши устидан қонунчиликда белгиланган тартибда назоратни амалга оширади.
(10-модда биринчи қисмининг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Давлат бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида махсус техник регламентларни тасдиқлайди, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилади.
101-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг ҳуқуқий экспертизаси
Давлат бошқаруви органларининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ва ижобий хулоса олинганидан кейин ҳисобга қўйилади, бундан умумий техник регламентлар мустасно.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритилишига йўл қўйилмайди, бундан умумий техник регламентлар мустасно.
(101-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги ЎРҚ-666-сонли Қонунига асосан киритилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.01.2021 й., 03/21/666/0032-сон)
11-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялари ишлаб чиқилган умумий ва махсус техник регламентларни, техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчаларни экспертизадан ўтказиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда улар юзасидан хулосалар тайёрлаш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари ҳузурида тузилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
12-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт кенгашлари
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт кенгашлари умумий ва махсус техник регламентларни, техник регламентларга ўзгартиш ва қўшимчаларни ишлаб чиқиш, шунингдек мазкур регламентларни бекор қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳузурида тузилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт кенгашларининг фаолияти Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
13-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фонди
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фонди Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан ҳамда ўз ваколатлари доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ваколатли давлат органлари томонидан шакллантирилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фонди умумий ва махсус техник регламентлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, давлат бошқаруви органлари ўзлари тасдиқлаган махсус техник регламентларни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фондига белгиланган тартибда тақдим этади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фондини шакллантириш ва юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
14-модда. Техник регламентлар тўғрисидаги ахборот
Амалдаги, ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинган техник регламентлар тўғрисидаги ахборот юридик ва жисмоний шахслар эркин фойдалана оладиган бўлиши керак. Давлат сирларини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар тарқатилмаслиги керак.
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги юридик ва жисмоний шахсларнинг сўровларига кўра:
амалдаги, ишлаб чиқилаётган ва қабул қилинган техник регламентлар тўғрисидаги маълумотларни;
маҳсулотлар ва хизматларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш тартиб-таомили тўғрисидаги маълумотларни;
(14-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Ўзбекистон Республикасининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги халқаро ташкилотларга аъзолиги ва халқаро шартномалардаги иштироки тўғрисидаги маълумотларни;
ишлаб чиқилаётган, қабул қилинган техник регламентларни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
3-боб. Техник регламентлар
15-модда. Техник регламентларнинг турлари
Ўзбекистон Республикасида техник регламентларнинг қуйидаги турлари қўлланилади:
умумий техник регламентлар;
Қўшимча маълумот учун қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 4 июлдаги 191-сон «Автотранспорт воситалари конструкциясининг фойдаланиш шартлари бўйича хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2012 йил 4 июлдаги 192-сон «Техник жиҳатдан фойдаланишда темир йўл транспорти хавфсизлиги тўғрисида»ги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2015 йил 3 июндаги 146-сон «Таълим муассасалари учун хавфсиз полиграфия маҳсулотлари ҳақидаги Умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида» қарори, 2015 йил 6 ноябрдаги 319-сон «Металлургия маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентини тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2015 йил 11 ноябрдаги 326-сон «Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2016 йил 18 мартдаги 80-сон «Қишлоқ хўжалиги техникалари конструкциясининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2016 йил 31 мартдаги 99-сон «Дон хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2016 йил 11 майдаги 148-сон «Енгил саноат маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни ҳақида» қарори, 2016 йил 27 октябрдаги 365-сон «Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2016 йил 21 ноябрдаги 389-сон «Техник воситаларнинг электромагнит мослиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 5 январдаги 5-сон «Чарм-пойабзал маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 13 февралдаги 71-сон «Алкоголли маҳсулотларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 16 февралдаги 86-сон «Шиша идишларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 24 февралдаги 99-сон «Шахта кўтариш қурилмаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 27 февралдаги 102-сон «Телекоммуникация ускуналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон «Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 10 майдаги 265-сон «Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари ўқув хоналарининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 2 июндаги 345-сон «Ўқув асбоб-ускуналари ва анжомларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 24 июндаги 427-сон «Босим остида ишлайдиган ускуналарнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 7 июлдаги 476-сон «Озиқ-овқат маҳсулотларига тегиб турадиган қадоқларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 7 июлдаги 474-сон «Сут ва сут маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 12 июлдаги 490-сон «Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида» қарори, 2020 йил 17 ноябрдаги 724-сон «Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 2 октябрдаги 783-сон «Мойлаш материаллари, техник мойлар ва техник суюқликларга талаблар тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 6 октябрдаги 801-сон «Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 30 октябрдаги 880-сон «Газ ҳолатидаги ёқилғида ишловчи аппаратларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 11 ноябрдаги 905-сон «Ветеринария дори воситалари ва озуқа қўшимчаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2017 йил 21 ноябрдаги 931-сон «Автомобиль ва авиация бензинига, дизель ва кема ёнилғисига, реактив двигателлар учун ёнилғига ва мазутга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳакида» қарори, 2017 йил 24 ноябрдаги 941-сон «Портлаш хавфи бўлган муҳитларда ишловчи асбоб-ускуналарнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори, 2018 йил 22 январдаги 36-сон «Гўшт ва гўшт маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида» қарори.
махсус техник регламентлар.
16-модда. Техник регламентларда маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар
(16-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Техник регламентларда маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашга доир талаблар қуйидагилар бўйича белгиланиши мумкин:
(16-модда биринчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
биологик хавфсизлик;
механик хавфсизлик;
кимёвий хавфсизлик;
ядровий ва радиациявий хавфсизлик;
ёнғин хавфсизлиги;
электр хавфсизлиги;
машина ва ускуналарни ишлатиш (улардан фойдаланиш) ҳамда утилизация қилиш хавфсизлиги;
электромагнит мослиги;
қурилиш ишлари хавфсизлиги;
бинолар, иншоотлардан ва уларга туташ ҳудуддан фойдаланиш хавфсизлиги;
экологик хавфсизлик;
ветеринария хавфсизлиги;
саноат ва ишлаб чиқариш хавфсизлиги;
портлаш хавфсизлиги;
ахборот хавфсизлиги;
ўлчовларнинг ва синовлар усулларининг бир хиллигини таъминлаш.
Техник регламентларда маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа талаблар ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.
(16-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
17-модда. Техник регламентларнинг мазмуни
Техник регламентлар қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлиги тавсифлари;
(17-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
хавфсизлик талаблари белгиланаётган маҳсулотлар ва хизматларнинг тўлиқ рўйхати;
(17-модда биринчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
атамаларга, ўров-идишга, тамғаларга ёки ёрлиқларга ҳамда уларни акс эттириш қоидаларига ва маҳсулотни идентификация қилишга доир талаблар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(17-модда биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
давлат назоратини амалга ошириш тартиби;
маҳсулотлар ва хизматларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган қоидалар.
(17-модда биринчи қисмининг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Зарарли микроорганизмлар ва қўшимчалар, касалликлар, касаллик тарқатувчилар, ифлослантирувчи моддалар, токсинлар, зараркунандалар ва бегона ўсимликлар кириб келиши ёки тарқалиши муносабати билан юзага келадиган инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарар етказилиши хавфи даражаси ҳамда зарарни бартараф этиш ҳисобга олинган ҳолда техник регламентларда санитария, ветеринария, ветеринария-санитария ва фитосанитария чора-тадбирлари ҳам кўрсатилиши керак.
(17-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
Санитария, ветеринария, ветеринария-санитария ва фитосанитария қоидалари ва нормаларида қуйидагилар белгиланади:
(17-модданинг учинчи қисми биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 26 декабрдаги ЎРҚ-416-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 52-сон, 597-модда)
маҳсулотга, уни синаш, текшириш тартиб-таомилига, санитария-эпидемиология, ветеринария ва фитосанитария хулосасини бериш тартибига доир мажбурий талаблар;
карантин ва ветеринария-санитария қоидалари, шу жумладан ҳайвонлар ва ўсимликларни ташиш билан боғлиқ талаблар;
намуналар олиш усуллари ва тартиб-таомили, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарар етказилиши хавфини тадқиқ этиш ҳамда баҳолаш усуллари, шунингдек техник регламентларда кўрсатилган бошқа талаблар.
Техник регламентларда маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига доир талаблар бўлмаслиги лозим, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилиши хавфи даражаси ҳисобга олинган ҳолда маҳсулотнинг конструкциясига ва бажарилишига доир талаблар йўқлиги сабабли маҳсулот хавфсизлиги таъминланмаслиги ҳоллари бундан мустасно.
Маҳсулотлар ва хизматлардан узоқ муддат фойдаланилиши оқибатида ва (ёки) йўл қўйиладиган хавф даражасини аниқлаш имкониятини бермайдиган бошқа омиллар таъсири сабабли инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулкига зарар етказадиган маҳсулотлар ва хизматларга доир талаблар техник регламентларда бўлмаслиги керак. Бунда техник регламентларда эҳтимол тутилган зарар тўғрисида ҳамда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарар етказилиши хавфи қайси омилларга боғлиқ бўлса, шу омиллар ҳақида истеъмолчиларни хабардор қилишга доир талаблар бўлиши мумкин.
(17-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Техник регламентларда маҳсулотлар ва хизматлар хавфсизлигига доир қуйидаги махсус талаблар бўлиши мумкин:
(17-модда олтинчи қисмининг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
қонунчиликда белгиланган айрим тоифадаги фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлайдиган махсус талаблар;
(17-модда олтинчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда инсоннинг ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга, юридик, жисмоний шахсларнинг ва давлатнинг мол-мулкига таҳдид солувчи трансчегаравий хавфли ишлаб чиқариш объектларига оид махсус талаблар.
Давлат сирларидан ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирдан иборат бўлган маълумотларни ўз ичига олган техник регламентлар қонунчиликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.
(17-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Техник регламентлар тугал бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилади ҳамда уларга фақат белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ўзгартирилиши мумкин.
18-модда. Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларини шакллантириш
Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурларини шакллантириш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ваколатли давлат органларининг ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ўз ваколатлари доирасидаги таклифлари инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан амалга оширилади.
Техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва белгиланган тартибда эълон қилинади.
19-модда. Техник регламентларни ишлаб чиқиш тартиби
Техник регламентлар техник регламентларни ишлаб чиқишнинг тасдиқланадиган дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади.
Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар белгиланган тартибда:
техник регламентлар ишлаб чиқилиши ҳақидаги хабарларни эълон қилади;
техник жиҳатдан тартибга солиниши лозим бўлган маҳсулотлар ва хизматларнинг гуруҳлари ҳамда турларини белгилайди;
(19-модда иккинчи қисмининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
маҳсулотлар ва хизматларнинг техник регламентларда белгиланадиган талабларга мувофиқлигини баҳолаш усулларини белгилайди;
(19-модда иккинчи қисмининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
ишлаб чиқилган техник регламентларни келишиб олади;
ишлаб чиқилган техник регламентлардан фойдаланиш эркинлигини таъминлайди.
Техник регламентларни ишлаб чиқувчилар ишлаб чиқилган техник регламентлар расмий эълон қилинган кундан эътиборан икки ой ичида уларнинг муҳокама қилинишини таъминлайди.
20-модда. Техник регламентларни қабул қилиш тартиби
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган умумий техник регламентлар экспертизадан ўтказиш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига улар фаолиятининг йўналиши бўйича топширилади.
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли эксперт комиссиясининг хулосаси олинганидан кейин умумий техник регламентларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда юборади.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилган махсус техник регламентлар экспертизадан ўтказиш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларига улар фаолиятининг йўналиши бўйича топширилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, давлат бошқаруви органлари ўз фаолиятининг йўналишлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли эксперт комиссиясининг хулосаси асосида махсус техник регламентларни тасдиқлайди.
Тасдиқланган умумий ва махсус техник регламентлар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида олти ой ўтгач амалга киритилади.
Умумий ва махсус техник регламентларни эълон қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(20-модданинг олтинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
21-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг техник регламентларни ишлаб чиқиш учун қўлланилиши
Техник регламентларни ишлаб чиқишда маҳсулотлар ва хизматларнинг хавфсизлик мезонларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги миллий ва халқаро норматив ҳужжатлардан фойдаланилади.
(21-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
Техник регламентларда далилий база сифатида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг матнлари тўлиқ ёки қисман келтирилади.
22-модда. Техник регламентларга риоя этиш
Техник регламентларга риоя этиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.
Техник регламентлар амалга киритилгач, стандартлаштириш бўйича уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларга доир илгари қабул қилинган тегишли норматив ҳужжатлар мажбурийлик хусусиятини йўқотади ҳамда белгиланган тартибда қўлланилишда ихтиёрийлик касб этади.
(22-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 25 апрелдаги ЎРҚ-405-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 173-модда)
23-модда. Техник регламентларга риоя этилиши устидан давлат назорати
Техник регламентларга риоя этилиши устидан давлат назорати техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг ва давлат бошқаруви органларининг мансабдор шахслари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(23-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
4-боб. Якунловчи қоидалар
24-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни молиялаштириш
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни молиялаштириш республика бюджети ва юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Республика бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидагилар молиялаштирилади:
умумий техник регламентларни ишлаб чиқиш;
умумий ва махсус техник регламентларни экспертизадан ўтказиш;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар давлат фондини юритиш;
техник регламентларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг техник жиҳатдан тартибга солиш бўйича халқаро ташкилотлардаги аъзолиги билан боғлиқ харажатлар.
25-модда. Низоларни ҳал этиш
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(25-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
26-модда. Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
(26-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
27-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
(27-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ушбу Қонун «Халқ сўзи» газетасининг 2009 йил 24 апрелдаги 82 (4745)-сонида эълон қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2009 йил 23 апрель,
ЎРҚ-213-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 17-сон, 211-модда; 2016 й., 17-сон, 173-модда, 52-сон, 597-модда; 2017 й., 24-сон, 487-модда, 37-сон, 978-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2019 й., 03/19/597/4193-сон; 15.01.2021 й., 03/21/666/0032-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)