Ҳужжат кучини йўқотган " " 26.03.2024
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 мартдаги 153-сонли «Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга оширишнинг давом эттирилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялар тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг давлат фондини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 июлдаги 207-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 31-сон, 384-модда)
2. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига техник регламентларнинг ишлаб чиқилиши тўғрисида ахборот киритсин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 мартдаги 114-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 09/22/114/0209-сон)
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.У. Розуқулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2010 йил 10 май,
86-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 10 майдаги 86-сон қарорига
1-ИЛОВА
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялар тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
Ушбу Низом техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссияларни шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини, вазифалари ва ҳуқуқларини, шунингдек аъзоларининг мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.
1. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялар (кейинги ўринларда Комиссиялар деб юритилади) ишлаб чиқилган умумий ва махсус техник регламентларни, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчаларни экспертизадан ўтказиш, шунингдек регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда улар юзасидан хулосалар тайёрлаш учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат ваколатли органлари (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб юритилади) ҳузурида тузилади.
2. Комиссиялар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
3. Комиссияларнинг таркиби ваколатли орган раҳбари томонидан тасдиқланади.
II. Комиссияларнинг вазифалари ва ҳуқуқлари
4. Қуйидагилар Комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) ваколатли органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида комплекс ва ишларнинг олдиндан бажарилишини таъминлайдиган техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизимининг асосий йўналишларини ривожлантиришга доир ишлар режаларини ишлаб чиқиш;
б) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш;
в) ишлаб чиқилган умумий ва махсус техник регламентларни, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчаларни экспертизадан ўтказиш, шунингдек амал қилиш муддати тугаган техник регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда улар юзасидан хулосалар тайёрлаш;
г) ўз ваколатлари доирасида хулосалар бериш ва техник регламентларни тасдиқлаш ёки уларни пухталаштириш учун қайтариш юзасидан таклифлар киритиш;
д) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги режалар ва тадбирларни ишлаб чиқишда техник регламентлар лойиҳаларини ишлаб чиқувчи ташкилотларга методик ёрдам бериш.
5. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:
а) техник регламентларни экспертизадан ўтказишга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, лойиҳалаш, илмий-техник ва илмий-тадқиқот ташкилотлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар мутахассисларини жалб этиш;
б) ишлаб чиқувчи ташкилотлардан ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан техник регламентлар лойиҳалари бўйича зарур ахборотлар олиш;
в) ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумий техник регламентларга ўзгартириш ва/ёки қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритиш;
г) давлат ва хўжалик бошқаруви органларига махсус техник регламентларни тасдиқлаш, уларга қўшимчалар ва/ёки ўзгартиришлар киритиш ёки уларни бекор қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;
д) бошқа ваколатли органлар билан келишув бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳузурида тузиладиган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт кенгашлари ишида қатнашиш.
III. Комиссия аъзоларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги
6. Комиссия аъзолари қуйидагиларга мажбур:
а) Комиссия ишида қатнашиш;
б) Комиссия томонидан қарорлар қабул қилинишида овоз беришда қатнашиш;
в) кўриб чиқиш учун киритилаётган техник регламентлар лойиҳалари бўйича тегишли хулосаларни ўз вақтида тақдим этиш;
г) ушбу Низом талабларига риоя қилиш.
7. Комиссия аъзолари ишлаб чиқилган техник регламентлар лойиҳалари, техник регламентларга ўзгартириш ва/ёки қўшимчалар юзасидан ўтказилган экспертизанинг тўлиқлиги ва холислиги, шунингдек амал қилиш муддати тугаган техник регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда улар юзасидан хулосалар тайёрланиши ва тақдим этилиши учун жавоб берадилар.
IV. Комиссияни шакллантириш
8. Комиссия Комиссиянинг раиси, раис ўринбосарлари ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади. Иш юритишни ташкил этиш учун Комиссия аъзоси бўлмаган Комиссия котиби тайинланади.
Комиссия аъзолари сони тоқ ва Комиссия раисини ўз ичига олган ҳолда камида 5 кишидан иборат бўлиши керак.
9. Ваколатли органнинг раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари Комиссия раиси ҳисобланади.
10. Комиссия таркибига:
а) техник регламентлар талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширадиган ваколатли органлар ва давлат бошқаруви органлари;
б) касаба уюшмаси органлари (меҳнатни муҳофаза қилиш юзасидан);
Олдинги таҳрирга қаранг.
(10-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 январдаги 30-сонли қарорига асосан 2020 йил 18 апрелдан чиқарилади — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон)
г) лойиҳалаш, илмий-техник ва илмий-тадқиқот ташкилотлари вакиллари киритилади.
11. Техник жиҳатдан тартибга солиш объектининг тармоқ мансублигига қараб (аниқ техник регламент) техник регламент кўриб чиқилишидан манфаатдор бўлган:
а) техник регламентни жорий этадиган давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг;
б) қайта кўриб чиқилиши, ўзгартиришлар киритилиши ёки техник регламентлар қабул қилиниши муносабати билан бекор қилиниши керак бўлган маҳсулотга, жараёнларга, ишлар ва хизматларга ўзаро боғлиқ норматив ҳужжатларни тасдиқлаган (қўллайдиган) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар ва базавий ташкилотларнинг;
в) тармоқ, илмий ва лойиҳалаш ташкилотларининг;
г) техник регламентларни ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг етакчи олимлари ва мутахассислари Комиссия аъзолари бўлиши мумкин.
12. Комиссия таркиби ушбу Низомнинг 10-11-бандларида кўрсатилган ташкилотларнинг тақдимномаси бўйича ваколатли органнинг фармойиши (буйруғи) билан тасдиқланади.
V. Комиссия фаолиятини ташкил этиш
13. Комиссияга раис бошчилик қилади, унинг ваколатига қуйидагилар киради:
кун тартибини белгилаш ва Комиссиянинг мажлисларини чақириш;
Комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этиш;
Комиссияга юкланган вазифалар бажарилиши бўйича Комиссия аъзолари ишини мувофиқлаштириш;
Комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни бажариш.
14. Комиссия ўз ишини Комиссия раиси томонидан тасдиқланадиган йиллик режа асосида олиб боради.
15. Комиссия мажлислари тасдиқланган иш режасига мувофиқ ва техник регламентлар лойиҳалари экспертизага тақдим этилишига қараб ўтказилади. Комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.
16. Комиссия мажлисини унинг раиси олиб боради. Комиссия раиси бўлмаган тақдирда мажлисни унинг ўринбосари олиб боради. Комиссия мажлиси унда Комиссия аъзоларининг камида 75 фоизи қатнашганда ҳуқуқий ваколатли бўлади.
17. Комиссия раиси билан келишув бўйича холисона сабабларга кўра мажлисда қатнашмаган Комиссия аъзоларини уларнинг овоз бериш ҳуқуқисиз қатнашаётган ваколатли вакиллари алмаштириши мумкин.
VI. Комиссиянинг ишчи органи ва котиби
18. Ваколатли органнинг раҳбари томонидан белгиланадиган ваколатли органнинг таркибий бўлинмаси Комиссиянинг ишчи органи, кўрсатиб ўтилган таркибий бўлинманинг масъул ходими — Комиссиянинг котиби ҳисобланади.
19. Комиссиянинг ишчи органи:
навбатдаги давр учун Комиссиянинг иш режаси лойиҳасини тайёрлайди;
Комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди ҳамда унга зарур материаллар ва эксперт хулосаларини Комиссия аъзоларидан олиш ҳуқуқи берилади;
таҳлилий материаллар тайёрланишини ва кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссиянинг мажлиси ўтказилишини ташкил этади;
ахборот материаллари ва таҳлилий материалларни, шунингдек комиссиянинг қарорларига мувофиқ бошқа материалларни Комиссиянинг кўриб чиқиши учун тақдим этади.
20. Комиссиянинг котиби:
барча зарур ҳужжатлар Комиссиянинг навбатдаги мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
материалларни Комиссия мажлисига тайёрлаш бўйича ишчи орган ишини ташкил этади;
кун тартибидаги масалалар бўйича Комиссия мажлисларини ўтказишни ташкил этади;
мажлисларни ўтказиш муддати ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар контингентини Комиссия раиси билан келишади;
Комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи ҳақида хабардор қилади;
Комиссия қарорлари ижроси мониторингини юритади ва унинг натижаларини Комиссия мажлисининг кўриб чиқиши учун тақдим этади;
Комиссия протоколларини расмийлаштиради ва тасдиқланган протоколларни Комиссия аъзоларига, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юборади.
VII. Комиссия мажлисига материалларни тайёрлаш тартиби
21. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари техник регламентлар лойиҳаларини ваколатли органларга уларнинг ваколатига мувофиқ экспертизадан ўтказиш учун қуйидагича тўпламда киритадилар:
а) илова қилинган хат;
б) китобча ҳолига келтирилган давлат ва рус тилларидаги 2 нусха техник регламент лойиҳаси;
в) техник регламент лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги тўғрисидаги билдиришнома нусхаси;
г) техник регламент ишлаб чиқилиши ва жорий этилишининг техник-иқтисодий асосланиши;
д) қабул қилиниши техник регламент талабларига риоя этилишини таъминлайдиган стандартлаштириш бўйича халқаро, давлатлараро, минтақавий (Европа) стандартлар ёки бошқа норматив ҳужжатлар рўйхатидан иборат бўлган илова;
е) давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг техник регламент лойиҳаси тўғрисидаги мулоҳазалари ҳақидаги маълумотнома;
ж) тушунтириш хати;
з) техник регламент лойиҳаси бўйича келишмовчиликлар тўғрисидаги маълумотнома (келишмовчиликлар мавжуд бўлганда);
и) ишлаб чиқувчи ташкилот ва техник регламентни жорий этадиган давлат ёки хўжалик бошқаруви органи томонидан тасдиқланган техник регламентни жорий этиш бўйича ташкилий-техник тадбирлар режаси.
к) маҳсулотлар ва хизматларнинг техник регламентларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш учун зарур бўлган намуналар олиш, маҳсулотларни синаш ва ўлчаш методларини белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатларини тасдиқлайди.
(21-банд «к» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 сентябрдаги 289-сонли қарорига асосан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 36-сон, 415-модда)
Санаб ўтилган барча ҳужжатлар, илова қилинган хатдан ташқари, электрон шаклда ҳам (келишилган форматда) тақдим этилади.
22. Комиссия техник регламент лойиҳаларини кўриб чиқиш жараёнида қўшимча материалларни, масалан, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича ҳисоботларни, ишлаб чиқаришни технологик жиҳатдан тайёрлаш натижаларини, синаш бўлинмалари аккредитацияси, ишлаб чиқариш лабораториялари аттестацияси, ходимларни сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотларни сўрашга ҳақлидир.
23. Техник регламентлар лойиҳалари Комиссияга тушгандан кейин экспертизанинг қуйидаги турлари амалга оширилади:
а) техник экспертиза — техник регламент номининг техник регламентларни ишлаб чиқиш дастурига, шунингдек техник топшириққа (у мавжуд бўлганда) мувофиқлигини аниқлайди, шунингдек стандартлаштириш бўйича тасдиқланган норматив ҳужжатларга мувофиқ техник регламентлар баёни ва мазмунининг тўғрилиги текширилади;
б) иқтисодий экспертиза — техник регламент жорий этилишининг техник-иқтисодий самарадорлиги ҳисоб-китоби, шунингдек тушунтириш хатида кўрсатилган тасдиқловчи ҳужжатларнинг тўғрилигини текширади;
в) экологик экспертиза — техник регламентлар мазмунининг экологик нормалар ва талабларга мувофиқлигини текширади;
г) санитария-гигиена ва эпидемиологик экспертиза — техник регламентлар мазмунининг санитария-гигиена ҳамда эпидемиологик нормалар ва талабларга мувофиқлигини текширади;
д) метрологик экспертиза — Ўзбекистон Республикасининг ўлчовлари бир хиллигини таъминлаш тизимининг норматив ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказилади;
е) терминологик экспертиза — ҳужжатнинг давлат тилида ва рус тилида эканлигини, техник регламентда белгиланган илмий-техник атамалар қўлланилиши тўғрилигини, давлат ва тармоқ терминологик стандартларига риоя қилинишини текшириш босқичи ҳисобланади;
ж) ҳуқуқий экспертиза — техник регламентлар мазмунининг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини белгиланган тартибда текширади.
24. Комиссия котиби Комиссиянинг ҳар бир аъзосини, ўз ваколатлари доирасида экспертизадан ўтказиш учун, ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўплами билан таъминлайди.
25. Комиссиянинг ҳар бир аъзоси ушбу Низомнинг 21-бандида кўрсатилган зарур ҳужжатлар олинган пайтдан бошлаб экспертиза натижалари бўйича ўз мулоҳаза ва таклифларини Комиссия котибиятига 15 календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда юборади.
26. Тақдим этилган материаллар ишчи орган томонидан кўриб чиқилади. Ишчи орган ушбу материалларни Комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун расмийлаштиради, Комиссия мажлиси кун тартибини тайёрлайди ва ҳужжатлар тўпламини Комиссия котибига тақдим этади.
27. Комиссия котиби ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ умумий ёки махсус техник регламент лойиҳасини экспертизадан ўтказиш натижалари, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек амал қилиш муддати тугаган техник регламентларни бекор қилиш тўғрисидаги таклифлар ҳамда улар юзасидан хулосалар бўйича Комиссия аъзоларининг фикр-мулоҳазалари тўғрисидаги маълумотномани тайёрлайди. Тақдим этилган материалларни Комиссия мажлисида кўриб чиқиш ишлаб чиқувчи ташкилотларнинг вакиллари жалб этилган ҳолда амалга оширилади.
28. Комиссия мажлисининг кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича ҳужжатлар туркумида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган материаллар (эксперт хулосалари, таҳлилий маълумотлар, жадваллар ва ҳоказолар) ва Комиссия қарори лойиҳаси бўлиши керак.
29. Комиссия котиби тақдим этилган материаллар тўғрисида Комиссия раисига ахборот беради. Комиссия раиси кун тартиби ва тақдим этилган материаллар маъқулланган тақдирда Комиссия мажлиси ўтказиладиган вақт ва санани, шунингдек Комиссия мажлисига таклиф этиладиган шахслар рўйхатини белгилайди.
30. Комиссия котиби ишчи орган билан биргаликда мажлис материалларининг протокол лойиҳаси билан биргаликда Комиссия аъзоларига, зарурият бўлганда эса — мажлисга таклиф этилган бошқа шахсларга юборилишини таъминлайди.
VIII. Комиссия томонидан қарор қабул қилиш ва унинг бажарилишини ташкил этиш
31. Комиссия мажлисида Комиссия котибияти томонидан тайёрланган фикр-мулоҳазалар ҳақидаги маълумотнома, ишлаб чиқилган техник регламентлар лойиҳалари бўйича экспертиза натижалари, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек амал қилиш муддати тугаган регламентларни бекор қилиш бўйича таклифлар ҳамда улар юзасидан хулосалар кўриб чиқилади.
32. Комиссия қарори мажлисда ҳозир бўлган Комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Комиссия аъзосининг Комиссиянинг қабул қилинган қароридан фарқ қиладиган алоҳида фикри Комиссия мажлиси протоколида акс эттирилади ёки ёзма шаклда алоҳида расмийлаштирилади ва Комиссия мажлиси протоколининг узвий қисми ҳисобланади.
33. Комиссиянинг қабул қилинган қарори асосида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича хулоса расмийлаштирилади.
34. Экспертиза натижалари бўйича хулосага Комиссиянинг барча аъзолари томонидан виза қўйилади, у котиб томонидан имзоланади, Комиссия раиси томонидан тасдиқланади ва бир ҳафта муддатда Комиссия аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.
35. Техник регламентнинг киритилган лойиҳаси бўйича Комиссия хулосасини беришнинг умумий муддати лойиҳа кўриб чиқиш учун тушган санадан бошлаб 30 календарь кундан ошмаслиги керак.
36. Комиссиянинг хулосаси ижобий бўлган тақдирда умумий техник регламентлар лойиҳалари белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, махсус техник регламентлар лойиҳалари эса — тасдиқлаш учун тегишли ваколатли органларга киритилади.
37. Комиссия раиси қарорларнинг тезда қабул қилиниши учун сўраб чиқиш йўли билан Комиссия аъзолари билан келишилган айрим масалалар бўйича Комиссия қарорини тасдиқлаши мумкин.
38. Комиссия хулосасининг асл нусхаси ва унга доир материаллар ваколатли орган Комиссияси котибиятида сақланади.
39. Комиссия қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.
40. Комиссия қарорларининг ижросини назорат қилиш ишчи орган ва Комиссия котиби томонидан амалга оширилади.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялар тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Техник регламент лойиҳаси бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги Эксперт комиссия аъзоларининг фикрлари, мулоҳазалари ва таклифлари ҳақидаги
МАЪЛУМОТНОМА ШАКЛИ

‎умумий (ёки) махсус техник регламент лойиҳаси, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек эскирган регламентларни бекор қилишга доир таклифлар ва улар юзасидан хулосалар бўйича

‎‎ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАР ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТНОМА

‎‎__________________________________________

‎‎(техник регламент лойиҳасининг номи)

Бўлим, банд, кичик банд, илованинг тартиб рақами‎

Экспертнинг Ф.И.О.‎

Мулоҳазалар ва таклифлар‎

Ишлаб чиқувчининг асосланган хулосаси‎

Изоҳ‎

1‎

2‎

3‎

4‎

5‎


‎Раис‎

‎‎
‎__________________________

‎‎(Ф.И.О.)

Котиб‎

‎‎__________________________

‎‎(Ф.И.О.)

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиялар тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Техник регламент экспертизаси натижалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги Эксперт комиссия хулосаси шакли

‎‎___________________________________________________________

(техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ваколатли давлат органининг номи)


‎«ТАСДИҚЛАЙМАН»
Эксперт комиссия раиси

_____________________‎


‎‎Умумий (ёки) махсус техник регламент лойиҳаси, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек амал қилиш муддати тугаган техник регламентларни бекор қилишга доир таклифлар ва улар юзасидан хулосалар бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссиянинг ________________даги ____-сон

‎ХУЛОСАСИ

‎‎___________________________________

(техник регламентнинг номи)

‎‎Раис ______________________________________________________________

(Ф.И.О.)

ва аъзолар ______________________________________________________дан

‎(Ф.И.О.)

‎иборат таркибдаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги эксперт комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 10 майдаги 86-сон қарори билан тасдиқланган Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги Эксперт комиссиялар тўғрисидаги низом асосида __________________________________________________________________

‎(умумий (ёки махсус) техник

‎‎__________________________________________________________________

‎регламентнинг номи, техник регламентларга ўзгартириш ва қўшимчалар)

‎‎нинг экспертизаси ўтказилди. Экспертиза натижалари бўйича қуйидагилар аниқланди: ________________________________________________________
‎__________________________________________________________________

‎Изоҳлар:‎
‎Техник регламент лойиҳаси бўйича мулоҳазалар ва таклифлар мавжуд бўлмаган тақдирда техник регламент лойиҳаси «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига мувофиқ кейинчалик тасдиқлаш учун юборилади.
‎Техник регламент лойиҳаси бўйича мулоҳазалар ва таклифлар мавжуд бўлган тақдирда уларнинг тўлиқ рўйхати келтирилади ва техник регламент лойиҳаси пухта ишлаш ва Эксперт комиссияга такроран тақдим этиш учун ишлаб чиқувчига юборилади.

‎Комиссия котиби


‎‎‎____________________________________________

‎‎(Ф.И.О.)

Комиссия аъзолари‎ ‎‎____________________________________________

‎‎‎‎(Ф.И.О.)

‎‎____________________________________________

‎‎‎‎(Ф.И.О.)

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 10 майдаги 86-сон қарорига
2-ИЛОВА
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг Давлат фондини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
Ушбу Низом техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг Давлат фондини шакллантириш ва юритиш тартиби бўйича ишларни ташкил этиш ва амалга оширишга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.
1. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг Давлат фонди (кейинги ўринларда Давлат фонди деб юритилади) қоғоздаги ва электрон шаклдаги, замонавий ахборот технологиялари асосидаги маълумотнома-излаш аппарати билан биргаликда норматив ҳужжатларнинг тизимлаштирилган фондидан иборат бўлади.
2. Давлат фонди:
а) юридик ва жисмоний шахсларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот бериш;
б) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида фан ва техниканинг замонавий ютуқларидан фойдаланишга кўмаклашиш;
в) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар тўғрисидаги ахборотларнинг ошкоралигини таъминлаш мақсадида ташкил этилади.
3. Давлат фонди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги бошқа ваколатли давлат органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида шакллантирилади ва юритилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 мартдаги 114-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 09/22/114/0209-сон)
4. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 мартдаги 114-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 09/22/114/0209-сон)
а) Давлат фонди шакллантирилиши, унинг сақланиши, тизимлаштирилиши, ҳисобга олиниши ва долзарблиги ташкил этилишини;
б) юридик ва жисмоний шахсларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот берилишини таъминлайди.
5. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат ваколатли органлари:
а) ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида, фаолиятнинг бириктирилган йўналишлари бўйича ахборот ресурслари шакллантирилиши, уларнинг сақланиши, тизимлаштирилиши, ҳисобга олиниши ва долзарблиги ташкил этилишини;
б) юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг фаолият йўналишлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ, ишончли ва ўз вақтида ахборот берилишини;
в) юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг фаолият йўналишлари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар қоидалари тушунтирилишини таъминлайди.
II. Давлат фондининг таркиби
6. Давлат фонди таркибига техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги белгиланган тартибда тасдиқланган қуйидаги норматив ҳужжатлар (кейинги ўринларда норматив ҳужжатлар деб юритилади) киритилади:
а) техник регламентлар (умумий ва махсус);
б) стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар;
в) санитария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормалари;
г) шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, экологик нормалар ва қоидалар;
д) стандартлаштириш бўйича халқаро, давлатлараро ва миллий ташкилотларнинг расмий ахборот нашрлари ҳисобланган классификаторлар, каталоглар, кўрсаткичлар, рўйхатлар, бюллетенлар;
е) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги барча норматив ҳужжатларнинг электрон вариантлари.
III. Давлат фондини тўлдириш
7. Норматив ҳужжатларнинг Давлат фондини тўлдириш ва юритиш мақсадида тасдиқланган норматив ҳужжатлар улар тасдиқланган кундан бошлаб ўн кун мобайнида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат ваколатли органларига уларнинг фаолияти йўналишлари бўйича юборилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 мартдаги 114-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.03.2022 й., 09/22/114/0209-сон)
8. Норматив ҳужжатлар тўпламида қуйидагилар бўлиши керак:
а) тасдиқланган норматив ҳужжатларнинг қарорлари (буйруқлари) матнлари, шунингдек уларга киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчаларнинг матнлари, ушбу ҳужжатларнинг асл нусхаларининг нусхаси қоғозда ва электрон манбаларда (келишилган форматда) бир нусхада;
б) босма нашр шаклида тасдиқланган норматив ҳужжатларнинг икки нусхаси (келишилган форматда).
IV. Давлат фондини юритиш
9. Норматив ҳужжатлар белгиланган тартибда жамлаб ва якка тартибда ҳисобга олиниши керак.
10. Амал қилиш муддати тугаган норматив ҳужжат белгиланган тартибда Давлат фондидан чиқарилади ва унинг бир нусхаси архив ҳужжати сифатида қолиши керак. Ушбу нусхага «Архив нусхаси» штампи босилади. Архив нусхалари архивда камида 10 йил сақланади.
11. Давлат фондига тушган ҳар бир норматив ҳужжат, қандай тарзда нашр этилишидан ва манбанинг туридан (қоғозда, электрон манбада) қатъи назар, йиллик Техник регламентлар ва стандартлар кўрсаткичларида акс эттирилади.
12. Ҳужжат бекор қилинганда ёки бир ҳужжат бошқа ҳужжат билан алмаштирилганда рақамли каталогда тегишли ҳужжатга библиографик карточканинг чап томондаги ҳошиясига унинг алмаштирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида белги қўйилади.
13. Бекор қилинган ёки алмаштирилган норматив ҳужжатларнинг библиографик карточкалари юқорида кўрсатиб ўтилган белгилар билан биргаликда рақамли каталогда аввалги жойида қолдирилади ва улардан маълумотнома-ахборот хизматлари кўрсатишда фойдаланилади.
14. Норматив ҳужжатларни зарур тарзда сақлаш учун уларнинг сақланишини таъминлайдиган жой ажратилади.
15. Давлат фондининг норматив ҳужжатлари белгиланган тартибда доимий равишда долзарблаштирилиши керак.
16. Архивда сақланаётган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар картотекага киритилиши керак.
V. Маълумотнома-ахборот хизматлари кўрсатишни ташкил этиш
17. Маълумотнома-ахборот хизматлари кўрсатиш техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат ваколатли органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 30 июлдаги 207-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 31-сон, 384-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 18-19-сон, 140-модда, 51-сон, 486-модда; 2011 й., 36-сон, 367-модда, 50-сон, 515-модда; 2014 й., 31-сон, 384-модда; 2016 й., 36-сон, 415-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.01.2020 й., 09/20/30/0061-сон; 12.03.2022 й., 09/22/114/0209-сон)