ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ КОДЕКСИ
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 234-модда; 1998 й., 5-6-сон, 102-модда; 2001 й., 1-2-сон, 11-модда; 2002 й., 9-сон, 165-модда; 2003 й., 9-10-сон, 149-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 28-29-сон, 261-модда; 2007 й., 31-32-сон, 315-модда; 2008 й., 40-41-сон, 406-модда; 52-сон, 513-модда; 2009 й., 3-сон, 9-модда; 2010 й., 22-сон, 174-модда; 2011 й., 16-сон, 162-модда; 2012 й., 38-сон, 433-модда; 2013 й., 18-сон, 233-модда, 41-сон, 543-модда; 2014 й., 20-сон, 222-модда, 36-сон, 452-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда, 52-сон, 645-модда; 2017 й., 15-сон, 242-модда)
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи
Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб иқтисодий судга ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақли.
Иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.
Иқтисодий судга мурожаат қилиш ушбу Кодексда белгиланган шаклларда амалга оширилади. Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар иқтисодий судга ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Хўжалик судларининг ушбу Кодексда белгиланган барча ваколатлари иқтисодий судлар томонидан амалга оширилади.
(1-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
2-модда. Хўжалик судининг одил судловни амалга ошириши
Хўжалик суди иқтисодиёт соҳасида вужудга келадиган, ушбу Кодекс ва бошқа қонунлар билан ўзининг ваколатига киритилган низолар ҳамда бошқа ишларни ҳал қилиш йўли билан одил судловни амалга оширади.
3-модда. Хўжалик судида суд ишларини юритиш вазифалари
Хўжалик судида суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:
1) иқтисодиёт соҳасида корхона, муассаса, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;
2) иқтисодиёт соҳасида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш.
4-модда. Хўжалик судларида суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Хўжалик судларида суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Кодексдан ҳамда унга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
5-модда. Хўжалик суди судьяларининг мустақиллиги
Одил судловни амалга оширишда хўжалик судининг судьялари мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
6-модда. Хўжалик судида иш қўзғатиш
Хўжалик суди:
1) манфаатдор шахсларнинг;
2) прокурорнинг;
3) қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.
Агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин. Бунда прокурор, давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича иш қўзғатиш тарафлар юқоридаги чораларни кўрган-кўрмаганликларидан қатъи назар амалга оширилади.
7-модда. Қонун ва суд олдида тенглик
Хўжалик судида низоларни ҳал қилиш корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мулкчилик шаклидан, қаерда жойлашганлиги, кимга бўйсунишидан қатъи назар, фуқароларнинг эса — жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
8-модда. Ишларни кўришнинг ошкоралиги
Хўжалик судларида ишлар ошкора кўрилади.
Давлат сирини ёки тижорат сирини сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ мажлисда кўришга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида кўришга йўл қўйилмайди.
(8-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисида ажрим чиқарилади.
9-модда. Тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги
Хўжалик судида суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.
10-модда. Суд ишлари юритиладиган тил
Хўжалик судида суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.
Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган суд иштирокчиларининг таржимон ёрдамида ишга тааллуқли материаллар билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳамда ўз она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
Турли давлатларнинг корхона, муассаса ва ташкилотлари ўртасидаги хўжалик низолари суднинг ажримига биноан тарафлар учун мақбул тилда олиб борилади.
11-модда. Судда ишни кўришнинг бевоситалиги
Хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.
12-модда. Низоларни қонун ҳужжатлари асосида ҳал қилиш
Хўжалик суди низоларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.
Хўжалик суди ишни кўриш чоғида давлат органи ёки бошқа органнинг ҳужжати қонунга тўғри келмаслигини, шу жумладан у ваколат доирасидан четга чиққан ҳолда чиқарилганини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.
Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари бўлмаган тақдирда хўжалик суди шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини татбиқ этади, борди-ю бундай нормалар ҳам бўлмаса, қонунларнинг умумий асослари ва мазмунига таяниб низони ҳал қилади.
Тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади.
(12-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 7 октябрдаги ЎРҚ-355-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 41-сон, 543-модда)
Хўжалик суди қонунга ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ чет давлатларнинг ҳуқуқ нормаларини қўллайди.
13-модда. Чет давлат ҳуқуқини қўллаш
Чет давлат ҳуқуқи қўлланган тақдирда хўжалик суди бу ҳуқуқ нормаларининг мавжудлиги ва мазмунини уларнинг тегишли давлатдаги шарҳланишига ва амалда қўлланишига мувофиқ ҳолда аниқлайди.
Чет давлатнинг ҳуқуқ нормалари мавжудлигини ва уларнинг мазмунини аниқлаш мақсадида хўжалик суди ёрдам беришни ёки тушунтириб беришни сўраб, Ўзбекистон Республикасининг ҳамда хорижий давлатнинг ваколатли органлари ва ташкилотларига мурожаат қилиши ёхуд мутахассисларни жалб этиши мумкин.
Агар кўрилган чораларга қарамай чет давлатнинг ҳуқуқ нормалари мавжудлиги ёки уларнинг мазмуни аниқланмаса, хўжалик суди Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқ нормаларини қўллайди.
14-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги
Хўжалик суди ҳал қилув қарори, ажрим, қарор, суд буйруғи шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади.
Суднинг қонуний кучга кирган ҳужжати барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
Хўжалик суди қабул қилган суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
2-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ ТАРКИБИ. РАД ҚИЛИШ
15-модда. Хўжалик судининг таркиби
Хўжалик судларида биринчи инстанция бўйича ишлар судьянинг якка ўзи томонидан, Ўзбекистон Республикаси Олий судида эса уч нафар судьядан иборат таркибда кўрилади.
(15-модданинг биринчи қисмии Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Суд раисининг қарори билан ҳар қандай иш ҳайъатда кўрилиши мумкин.
Апелляция, кассация, назорат инстанцияларида барча ишлар хўжалик суди томонидан ҳайъатда кўрилади.
Иш ҳайъатда кўрилаётганда суднинг таркиби уч ёки ундан ортиқ тоқ нафар судьядан иборат бўлиши керак.
Ишни кўриш чоғида ҳамма судьялар тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
Ушбу Кодексга мувофиқ судьяга ишни ва айрим масалаларни якка тартибда ҳал қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, у хўжалик суди номидан ҳаракат қилади.
16-модда. Хўжалик судида масалаларни ҳал қилиш тартиби
Хўжалик судида иш ҳайъатда кўрилаётганда ва ҳал қилинаётганда келиб чиқадиган масалалар судьяларнинг кўпчилик овози билан ҳал қилинади. Судьялардан бирортаси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Мажлисга раислик қилувчи ҳаммадан кейин овоз беради.
Бошқа судьяларнинг қарорига қўшилмаган судья бу қарорга имзо чекишга мажбур, у ўзининг алоҳида фикрини ёзма равишда баён қилишга ҳақли. Алоҳида фикр ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайдилар.
17-модда. Судьяни рад қилиш
Судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва у рад қилиниши лозим:
1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;
2) шу иш илгари кўрилганида эксперт, таржимон, прокурор, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;
(17-модда биринчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
3) ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.
Ишни кўраётган хўжалик суди таркибига бир-бирига қариндош бўлган судьялар кириши мумкин эмас.
18-модда. Прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби ва таржимонни рад қилиш
(18-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ушбу Кодекс 17-моддасининг 1 ва 3-бандларида кўрсатилган асосларга мувофиқ прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби ва таржимон ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва улар рад қилиниши лозим.
(18-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Бундан ташқари экспертни рад қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) унинг ишда иштирок этувчи шахслар ёки уларнинг вакилларига ишни кўриш пайтида ёки ўтмишда хизмат вазифаси юзасидан ёки бошқа томондан қарам бўлганлиги;
2) у ўтказган тафтиш материаллари хўжалик судига мурожаат қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ёки ишни кўришда улардан фойдаланилаётган бўлса.
19-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор иштирок этишига йўл қўйилмаслиги
Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан ёхуд назорат тартибида бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок эта олмайди, янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари бундан мустасно.
Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд назорат тартибида кўришда иштирок эта олмайди.
Ишни назорат тартибида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.
(19-модда Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 20 июлдаги ЎРҚ-43-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 28-29-сон, 261-модда)
20-модда. Рад қилиш ҳақида ариза бериш
Ушбу Кодекснинг 17 ва 18-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби, таржимон ўзини ўзи рад қилиш ҳақида ариза беришлари шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам шу асосларга кўра рад қилиш ҳақида ариза беришлари мумкин.
(20-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Рад қилиш ҳақидаги арз асослантирилган бўлиши ҳамда иш мазмунан кўрилишидан олдин маълум қилиниши лозим. Иш кўрилаётган пайтда рад қилиш ҳақида арз қилишга рад қилиш учун асослар хўжалик судига ёки рад қилиш ҳақида арз қилаётган шахсга ишни кўриш бошлаб юборилгандан кейин маълум бўлиб қолган ҳоллардагина йўл қўйилади.
21-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани ҳал қилиш тартиби
Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини эшитиши, шунингдек агар рад қилиниши талаб этилаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, уни эшитиши керак.
Ишни якка ўзи кўраётган судьяни рад қилиш масаласини хўжалик судининг раиси ёки суд ҳайъатининг раиси ҳал қилади.
Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала рад қилиниши талаб этилаётган судья иштирокисиз хўжалик суди таркиби томонидан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.
Бир неча судьяни ёки ишни кўраётган суд таркибини бутунлай рад қилиш масаласи шу суднинг тўлиқ таркибида, оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.
Прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби ва таржимонни рад қилиш масаласини ишни кўраётган суд ҳал қилади.
(21-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Рад қилиш масаласини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
22-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш оқибатлари
Судья ёки бир неча судьялар ёхуд бутун суд таркиби рад қилинган тақдирда иш ўша судда, бироқ бошқа таркибда кўрилади.
Агар рад қилишни қаноатлантириш натижасида ишни ўша хўжалик судида кўриш учун суднинг янги таркибини тузиш мумкин бўлмаса, иш бошқа хўжалик судига ўтказилиши лозим.
3-БОБ. СУДГА ТААЛЛУҚЛИ ИШЛАР ВА СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИК
23-модда. Судга тааллуқли ишлар
Хўжалик судига қуйидаги ишлар тааллуқлидир:
1) иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар;
2) иқтисодиёт соҳасида ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш (бундан буён матнда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш деб юритилади) тўғрисидаги ишлар;
3) ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар.
4) ушбу Кодекснинг 15519-моддасида кўрсатилган корпоратив низолар бўйича ишлар, бундан меҳнатга оид низолар мустасно.
(23-модданинг биринчи қисми 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги 391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Хўжалик судига шунингдек якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, тааллуқлидир.
(23-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Қонун билан хўжалик судига тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.
Хўжалик суди ўзига тааллуқли ишларни, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва фуқаролари, шунингдек чет эл ташкилотлари, чет эл инвестициялари иштирокидаги ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судида кўрилиши керак.
(23-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса маъмурий судга тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар иқтисодий судда кўрилиши керак.
(23-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонунига асосан олтинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Ушбу модда биринчи қисмининг 4-бандида кўрсатилган ишлар низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.
(23-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
24-модда. Хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар
Хўжалик суди қуйидагиларни ҳал этади:
1) тузилиши қонунда назарда тутилган шартнома юзасидан чиққан келишмовчиликлар ёки шартнома юзасидан чиққан бўлиб, ҳал этиш учун хўжалик судига топшириш ҳақида тарафлар ўзаро келишган ихтилофлар;
2) шартнома шартларини ўзгартириш ёки шартномани бекор қилиш ҳақидаги низолар;
3) мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги низолар;
4) мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар;
5) мулкдор ёки мулкнинг бошқа қонуний эгаси томонидан мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги низолар;
6) мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилганлиги тўғрисидаги низолар;
7) етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар;
8) шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги низолар;
(24-модданинг биринчи қисми 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонунига асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
10) ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этилиши мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги низолар;
11) давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан берилган шикоят;
12) агар қонунда сўзсиз (акцептсиз) тартибда жарима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан ташкилотлар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги низолар;
(24-модда биринчи қисмининг 12-банди Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
13) назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда сўзсиз (акцептсиз) тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар.
(24-модда биринчи қисмининг 13-банди Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
Хўжалик суди ўзининг ваколат доирасига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал қилади.
25-модда. Низоларни ҳал этишни ҳакамлик судига топшириш
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган ёки келиб чиқиши мумкин бўлган ҳамда хўжалик судига тааллуқли бўлган низо тарафларнинг келишувига биноан, хўжалик суди қарор чиқаргунга қадар ҳакамлик судига кўриш учун топширилиши мумкин.
(25-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
251-модда. Хўжалик суди томонидан кўриладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар
Хўжалик суди томонидан кўриладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларга қуйидагилар киради:
1) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар;
2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалар бўйича ишлар.
Хўжалик судлари ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилган ишларни ушбу Кодекснинг 201-202-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан биргаликда хўжалик судлов ишларини юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўриб чиқади.
(251-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
26-модда. Ишларнинг судловга тегишлилиги
Иқтисодий судга тааллуқли ишлар туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан кўрилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно.
Республика бошқарув органлари билан маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари ўртасидаги иқтисодий битимлардан келиб чиқадиган низолар Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўрилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳар қандай ишни исталган суддан олиб қўйиш ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритишига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.
(26-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
27-модда. Даъвони жавобгар жойлашган жойда тақдим этиш
Даъволар жавобгар жойлашган жойдаги хўжалик судига тақдим этилади.
Юридик шахсга нисбатан унинг алоҳида бўлинмаси фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинма жойлашган жойда тақдим этилади.
28-модда. Даъвогарнинг танлаши бўйича судловга тегишлилик
Турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарларнинг бири жойлашган жойдаги хўжалик судига тақдим этилади.
Қаердалиги номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган жойдаги ёки Ўзбекистон Республикасидаги маълум бўлган охирги турар жойидаги хўжалик судига тақдим этилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг ташкилоти ёки фуқароси бўлган ва айни пайтда бошқа давлат ҳудудида турган жавобгарга нисбатан даъволар даъвогар жойлашган жойдаги ёки жавобгарнинг мол-мулки жойлашган жойдаги хўжалик судига тақдим этилиши мумкин.
Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномадан келиб чиқадиган даъволар шартнома ижро этиладиган жойда тақдим этилиши мумкин.
29-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларнинг судловга тегишлилиги
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар аризачи турган жойда кўрилади. Бинога, иншоотга, ер участкасига эгаликни аниқлаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно бўлиб, улар бино, иншоот, ер участкаси жойлашган жойда кўрилади.
30-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишларнинг судловга тегишлилиги
Ташкилот ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар қарздор турган жойда кўрилади.
31-модда. Алоҳида судловга тегишлилик
Бино, иншоот, ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги, бино, иншоот, ер участкасини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, мулкдор ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги даъволар бино, иншоот, ер участкаси жойлашган жойда тақдим этилади.
Йўловчи, багаж ва юк ташиш шартномасидан келиб чиқадиган йўловчи, багаж ва юк ташувчига нисбатан даъволар, шу жумладан йўловчи, багаж ва юк ташувчи жавобгарлардан бири бўлган ҳолларда ҳам, транспорт ташкилотининг органи жойлашган жойда тақдим этилади.
Корпоратив низолар бўйича даъволар юридик шахс жойлашган жойда тақдим этилади.
(31-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
32-модда. Шартнома бўйича судловга тегишлилик
Ушбу Кодекснинг 27 ва 28-моддаларида белгиланган судловга тегишлилик тарафларнинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.
33-модда. Ишни бир хўжалик судидан бошқасига ўтказиш
Хўжалик суди томонидан судловга тегишлилик қоидаларига риоя қилган ҳолда қабул қилиб олинган иш, гарчи кейинчалик бошқа хўжалик судининг судловига тегишли бўлиб қолса-да, аввалги хўжалик суди томонидан мазмунан кўрилиши лозим.
Хўжалик суди ишни бошқа хўжалик судига қуйидаги ҳолларда ўтказади:
1) агар иш судловга тегишлилик қоидасини бузиб қабул қилинганлиги шу судда ишни кўриш вақтида маълум бўлса;
2) агар бир ёки бир неча судьялар рад қилинганидан кейин уларни ушбу судда алмаштириш мумкин бўлмай қолса, шунингдек ишни ушбу судда кўриш мумкин бўлмай қолган бошқа ҳолларда.
Ишни бошқа хўжалик судида кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Бир суддан бошқа судга юборилган иш у юборилган судда кўриш учун қабул қилиб олиниши керак.
Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари ўртасида судловга тегишлилик тўғрисида низоларга йўл қўйилмайди.
4-БОБ. ИШДА ИШТИРОК ЭТУВЧИ ШАХСЛАР ҲАМДА ХЎЖАЛИК СУДЛОВ ИШЛАРИНИ ЮРИТИШНИНГ БОШҚА ИШТИРОКЧИЛАРИ
34-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар
Тарафлар, учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари ва бошқа органлар ўз зиммаларига юклатилган ваколатга кўра, шунингдек аризачилар ҳамда юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ва ташкилотлар ҳамда фуқаролар банкротлиги тўғрисидаги ишлардан манфаатдор бошқа шахслар ишда иштирок этувчи шахслар деб ҳисобланадилар.
35-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусха кўчириш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, хўжалик судига оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида туғиладиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳамда ушбу Кодексда уларга берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал мажбуриятларга эгадир ва улар ўзларига тегишли барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланишлари шарт.
36-модда. Тарафлар
Даъвогар ва жавобгар хўжалик судлов ишларини юритишда тарафлардир.
Ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этаётган ёки манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган ташкилотлар ва фуқаролар даъвогардир.
Даъво ёки ариза талаби қаратилган ташкилотлар ва фуқаролар жавобгардир.
(36-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
Тарафлар тенг процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар.
37-модда. Ишда бир неча даъвогар ва жавобгарнинг иштироки
Даъво бир неча даъвогар томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилиши мумкин. Ҳар бир даъвогар ёки жавобгар процессда мустақил қатнашади. Биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топширишлари мумкин.
Бошқа жавобгарни жалб этиш зарур бўлган ҳолларда хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилгунига қадар даъвогарнинг розилиги билан ўша жавобгарни жалб қилади.
38-модда. Ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш
Хўжалик суди даъво тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан тақдим этилганини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар, даъвогарнинг розилиги билан дастлабки даъвогар ёки жавобгарнинг ишга дахлдор даъвогар ёки жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.
Ишга дахлдор бўлмаган тараф хўжалик судининг ташаббуси билан алмаштирилиши мумкин, бироқ даъвогар ўзининг бошқа шахс билан алмаштирилишига рози бўлмаса, бу шахс ишда низо юзасидан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида қатнашишга ҳақли ва бу ҳақда суд ушбу шахсни хабардор қилади.
Агар даъвогар жавобгарни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаса, суд даъвогарнинг розилиги билан бу шахсни иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб қилиши мумкин.
Ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганлиги тўғрисида суд ажрим чиқаради.
Ишга дахлдор бўлмаган тараф алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш янгидан бошланади.
39-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик
Тарафлардан бири низоли ёки хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тақдирда (қайта ташкил этилиш, талабдан бошқа шахс фойдасига воз кечиш, қарзнинг бошқа шахсга ўтказилиши, фуқаронинг ўлими ва бошқа ҳолларда) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириб, бу ҳақда ўз ажрими, ҳал қилув қарори ёки қарорида кўрсатади. Ҳуқуқий ворислик процесснинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.
Ҳуқуқий ворис процессга киришгунига қадар амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.
40-модда. Даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини ўзгартириш, даъводан воз кечиш, даъвони тан олиш, келишув битими
Даъвогар хўжалик низоси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, ёхуд даъводан воз кечишга ҳақли.
Жавобгар даъвони қисман ёки тўла тан олиши мумкин.
Тарафлар ҳар қандай инстанцияда ишни келишув битими билан тамомлашлари мумкин.
Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни, даъвони тан олишни қабул қилмайди, келишув битимини тасдиқламайди. Бундай ҳолларда хўжалик суди ишни мазмунан кўради.
41-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилгунга қадар ишга киришиши мумкин. Улар даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва барча мажбуриятларини бажарадилар, шу тоифадаги низолар учун қонунда назарда тутилган ёки шартномада белгиланган жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этиш мажбурияти бундан мустаснодир.
42-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилгунга қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришиши мумкин. Учинчи шахслар ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси билан ёки суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.
(42-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги 621-I-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 102-модда)
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафнинг ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва процессуал мажбуриятларини бажарадилар, даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, шунингдек даъводан воз кечиш, даъвони тан олиш ёки келишув битими тузиш, суд ҳужжатининг мажбурий тарзда бажарилишини талаб қилиш ҳуқуқи бундан мустасно.
Хўжалик суди бир жараёнда дастлабки даъвони кўриб чиқишга ва мансабдор шахс томонидан ташкилотга етказилган зарарни ундан ундириш масаласини регресс тартибда ҳал этишга ҳақлидир.
(42-модда Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги 621-I-сонли Қонунига мувофиқ учинчи қисм билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сон, 102-модда)
43-модда. Ишда прокурорнинг иштироки
Прокурор ҳамма ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий судига даъво аризасини Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судларга эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари тақдим этади.
(43-модданинг иккинчи қисмии Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Даъво тақдим этган прокурор келишув битими тузишдан ташқари даъвогарнинг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва мажбуриятларини бажаради.
Прокурорнинг ўз даъвосидан воз кечиши даъвогарни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Прокурор томонидан ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
Қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурор қатнашиши зарур деб топган ҳолларда ишни кўришда прокурор иштирок этиши шарт.
44-модда. Ишда давлат органлари ва бошқа органларнинг иштироки
Давлат органлари ва бошқа органлар қонунларда назарда тутилган ҳолларда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этишлари мумкин. Даъво тақдим этган мазкур органлар даъвогарнинг келишув битими тузиш ҳуқуқидан ташқари барча ҳуқуқларидан фойдаланади ва мажбуриятларини бажаради. Ушбу органларнинг тақдим этилган даъволардан воз кечиши даъвогарни низони мазмунан кўришни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Давлат органи ёки бошқа орган томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қўзғатилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.
45-модда. Хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари
Ишда иштирок этувчи шахслардан ташқари хўжалик судлов ишларини юритишда вакиллар, гувоҳлар, экспертлар, таржимонлар иштирок этишлари мумкин.
46-модда. Гувоҳ
Хўжалик суди низони тўғри ҳал этиши учун аҳамиятга эга бўлган маълумотлар ва ҳолатлардан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.
Гувоҳ хўжалик судининг чақируви бўйича у ерга келиши ва иш юзасидан ўзи хабардор бўлган маълумот ва ҳолатларни маълум қилиши шарт.
Гувоҳ тўғри кўрсатувлар бериши, судьянинг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг саволларига жавоб бериши шарт.
Гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги ва кўрсатув беришдан бош тортганлиги ёки бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилади.
47-модда. Эксперт
Хулоса бериш учун зарур фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларга эга бўлган жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.
Эксперт сифатида давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки бошқа жисмоний шахс иштирок этиши мумкин.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.
Эксперт: ушбу Кодекснинг 17 ва 18-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; хўжалик судининг чақирувига биноан суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертизани ўтказиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг сақланишини таъминлаши; суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.
Эксперт: экспертиза предметига оид иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; жойида кўздан кечиришда иштирок этиш ва экспертизани ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга хўжалик судининг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўзининг олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам фикрларини баён этиш; унинг хулосаси ёки кўрсатувлари ишда иштирок этувчи шахслар ва гувоҳлар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у суд муҳокамаси юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган хўжалик судининг қарорлари, судьянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.
Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгар бўлади.
Агар эксперт қўйилган саволларни унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган хўжалик судига юборади.
(47-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
48-модда. Таржимон
Таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни биладиган ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда хўжалик суди томонидан тайинланган шахс таржимондир.
Хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари, гарчи таржима қилиш учун зарур бўлган тилларни билсалар ҳам, таржимонлик вазифаларини ўз зиммаларига олишга ҳақли эмаслар.
Таржимон суд чақирувига биноан келиши ва таржимани тўла, тўғри ҳамда ўз вақтида амалга ошириши шарт.
Таржимон аниқ таржима қилиш мақсадида таржима чоғида ҳозир бўлганларга саволлар беришга ҳақли.
Таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилади.
5-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИДА ВАКИЛЛИК
49-модда. Вакиллар орқали иш юритиш
Хўжалик судида ташкилотларнинг ишларини уларнинг қонун ҳужжатларида ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида иш кўрадиган органлари ҳамда вакиллари олиб боради.
Ташкилотларнинг раҳбарлари, бошқа шахслар таъсис ҳужжатларига мувофиқ хўжалик судига уларнинг хизмат мавқеларини ёки ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадилар.
Фуқаролар ўз ишларини хўжалик судида шахсан ўзлари ёки вакиллари орқали юритишлари мумкин. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
50-модда. Хўжалик судида вакиллик қилиши мумкин бўлган шахслар
Хўжалик судида иш юритиш учун тегишли тарзда расмийлаштирилган ваколатга эга бўлган ҳар қандай фуқаро хўжалик судида вакил бўлиши мумкин.
Тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини хўжалик судлов ишларини юритишда уларнинг қонуний вакиллари — ота-онаси, фарзандликка олганлар, васий ёки ҳомийлари ҳимоя қиладилар. Қонуний вакиллар хўжалик судида иш юритишни ўзлари танлаган бошқа вакилга топширишлари мумкин.
51-модда. Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш
Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада ифода этилган бўлиши керак.
Ташкилот номидан берилган ишончномага унинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган бошқа шахс имзо чекади ва бу имзо ташкилотнинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.
(51-модда иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Фуқаро томонидан берилаётган ишончнома нотариал тартибда, шунингдек ишончномани берувчи ишлаётган ёки ўқиётган ташкилот томонидан, яшаб турган жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, уй-жойлардан фойдаланиш ташкилоти томонидан ва у даволанаётган стационар даволаш муассасасининг маъмурияти томонидан, агар ишончнома ҳарбий хизматчи томонидан берилаётган бўлса — тегишли ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан тасдиқланиши мумкин. Жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларнинг ишончномаси тегишли муассасанинг бошлиғи томонидан тасдиқланади.
Адвокатнинг ваколати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.
52-модда. Вакилнинг ваколатлари
Хўжалик судида иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, протест келтириш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий тартибда ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулк ёки пулни олиш бундан мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатиб ўтилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари вакил қилаётган шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.
(52-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
53-модда. Хўжалик судида вакил бўла олмайдиган шахслар
Тўла муомала лаёқатига эга бўлмаган ёхуд васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар хўжалик судида вакил бўла олмайдилар.
Судьялар, терговчилар, прокурорлар хўжалик судида вакил бўла олмайдилар. Кўрсатиб ўтилган шахслар процессда тегишли судлар, прокуратуранинг вакили сифатида ёки қонуний вакил сифатида қатнашаётган бўлсалар, бу қоида тадбиқ этилмайди.
6-БОБ. ДАЛИЛЛАР
54-модда. Далиллар тушунчаси ва уларнинг турлари
Ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган маълумотлар иш бўйича далиллар бўлиб, улар асосида хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар бор ёки йўқлигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади.
Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
55-модда. Исботлаш мажбурияти
Ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Давлат органлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар кўрилганда ушбу ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти ҳужжатни қабул қилган орган зиммасига юклатилади. Ташкилотлар ва фуқароларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини (бундан буён матнда ҳуқуқий таъсир чоралари деб юритилади) қўллаш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлган ҳолатларни исботлаш мажбурияти назорат қилувчи орган зиммасига юклатилади.
(55-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
Хўжалик суди, агар ишни кўриб чиқиш учун мавжуд материаллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилишга ҳақлидир.
56-модда. Далилларни тақдим этиш ва талаб қилиб олиш
Далиллар ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилади.
Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этувчи ёки иштирок этмайдиган шахсдаги зарур далилни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида хўжалик судига илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада шу далил билан иш учун аҳамиятли қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва унинг жойлашган жойи кўрсатилиши зарур. Суд зарур ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсга далилни олиш учун сўров беради. Суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли сўровга эга бўлган шахсга беради.
Агар шахс хўжалик суди талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига бутунлай эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у суднинг сўровини олганидан сўнг беш кунлик муддат ичида бу ҳақда сабабини кўрсатиб судни хабардор қилиши шарт.
Агар далилни сақлаётган шахс сўралаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини хўжалик суди узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаса, бу шахсга энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорида жарима солинади.
Талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга жарима солиниши уни далилни хўжалик судига тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
57-модда. Далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш
Судга олиб келиш мумкин бўлмаган ёки қийин бўлган далилларни, шунингдек тез бузиладиган ашёвий далилларни хўжалик суди улар жойлашган ерда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.
Далилларни кўздан кечириш ва текшириш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда амалга оширилади, уларнинг келмаслиги кўздан кечириш ва текшириш ўтказишга тўсқинлик қилмайди. Зарур ҳолларда далилларни кўздан кечириш ва текширишда иштирок этиш учун экспертлар ва гувоҳлар чақирилиши мумкин.
Тез бузиладиган ашёвий далиллар ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан хўжалик суди томонидан дарҳол кўздан кечирилиши ва текширилиши мумкин.
Далиллар турган жойида кўздан кечириб ва текшириб бўлиниши биланоқ баённома тузилади.
58-модда. Далилларнинг дахлдорлиги
Хўжалик суди кўрилаётган ишга дахлдор бўлган далилларнигина қабул қилади.
59-модда. Далилларга йўл қўйилиши
Ишнинг ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши керак бўлса, бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.
60-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари
Ишнинг хўжалик суди ҳаммага маълум деб топган ҳолатлари исботлашга муҳтож эмас.
Хўжалик судининг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, худди шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.
Умумий суднинг фуқаролик иши бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган хўжалик суди учун умумий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга алоқадор ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.
Жиноят иши бўйича умумий суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича хўжалик суди учун мажбурийдир.
61-модда. Далилларга баҳо бериш
Хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички комил ишончи бўйича баҳолайди.
Ҳеч қандай далил хўжалик суди учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.
62-модда. Ёзма далиллар
Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан, факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг тўғрилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланади.
Ёзма далиллар асл нусхада ёки тегишлича тасдиқланган нусха шаклида тақдим этилади. Агар кўрилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми алоқадор бўлса, унинг тасдиқланган нусхаси тақдим этилади.
Иш ҳолатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда хўжалик судининг талаби билан уларнинг асл нусхалари тақдим этилади.
Ишда иштирок этувчи шахс томонидан хўжалик судига топширилган ёзма далилларнинг нусхалари хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, қўлида шундай нусхалар бўлмаган бошқа шахсларга юборилади (берилади).
63-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш
Ишда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг асли уларни тақдим этган шахсларнинг илтимосномасига кўра хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин, агар суд ҳужжатни қайтариш низонинг тўғри ҳал қилинишига зарар етказмайди деган хулосага келса, ишни юритиш жараёнида ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар уларга қайтариб берилиши мумкин. Илтимоснома билан бир вақтда мазкур шахслар ҳужжат аслининг тегишлича тасдиқланган нусхасини тақдим этадилар ёки ишда қолаётган нусханинг аслига тўғрилиги суд томонидан тасдиқланишини илтимос қиладилар.
64-модда. Ашёвий далиллар
Ўзининг ташқи кўриниши, ички хусусиятлари, турган жойи ёки бошқа белгилари билан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қила оладиган ашёлар ашёвий далиллар ҳисобланади.
65-модда. Ашёвий далилларни сақлаш
Ашёвий далиллар хўжалик судида сақланади.
Хўжалик судига келтириб бўлмайдиган ашёвий далиллар турган жойида сақланади. Улар батафсил тасвирланиши, муҳрлаб қўйилиши, зарур ҳолларда эса фотосуратга ёки видеотасвирга олиниши лозим.
Хўжалик суди ва сақловчи ашёвий далилларни ўзгармайдиган ҳолатда сақлаш чораларини кўрадилар.
66-модда. Ашёвий далилларни қайтариш
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёхуд суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади ёки суд белгилайдиган бошқа тартибда реализация қилинади.
Айрим ҳолларда хўжалик суди ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин башарти, ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб беришни илтимос қилган бўлсалар ва бундай илтимосноманинг қаноатлантирилиши низонинг тўғри ҳал этилишига зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга иш юритиш жараёнида қайтариб берилиши мумкин.
Хўжалик суди ашёвий далилларни қайтариш масалалари юзасидан ажрим чиқаради.
Қонунга мувофиқ айрим шахсларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган ашёлар тегишли ташкилотларга топширилади.
67-модда. Экспертиза тайинлаш
Ишни кўриш вақтида келиб чиқадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган саволларни тушунтириб бериш учун хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосига кўра экспертиза тайинлайди.
(67-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
Ишда иштирок этувчи шахслар хўжалик судига экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши керак бўлган саволлари ва экспертларнинг номзодлари бўйича таклифларини тақдим этишга ҳақлидирлар.
Экспертизанинг хулосаси талаб қилинадиган саволларнинг узил-кесил мазмунини хўжалик суди белгилайди. Ишда иштирок этувчи шахслар таклиф этган саволларни рад этишни суд асослаб бериши шарт.
Экспертиза тайинлаш тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради.
68-модда. Экспертизани ўтказиш тартиби
Экспертиза хўжалик судининг мажлисида ёки, агар текширишнинг хусусиятига кўра зарур бўлса ёхуд текшириш объектларини мажлисга олиб келиш имкони бўлмаса, мажлисдан ташқарида ўтказилади. Ишда иштирок этувчи шахслар экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлишга ҳақлидир, бундай иштирок этиш экспертнинг нормал ишлашига халақит бериши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.
(68-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
681-модда. Қўшимча ва қайта экспертизалар
Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.
Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта экспертиза тайинланади.
Қайта экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.
Қайта экспертизани тайинлаш тўғрисидаги ажримда қайта экспертизани тайинлаган хўжалик судининг биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.
Қайта экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) қайта экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди.
(681-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
682-модда. Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши
Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир неча эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.
Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши экспертизани тайинлаган хўжалик суди ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.
Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган масалаларни ҳал этиш зарурлигидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.
Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси таркибидаги ҳар бир эксперт текширишларни мустақил ва алоҳида олиб боради, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан ўз махсус билимлари доирасида фикрларини шакллантиради.
Текширишларнинг экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.
(682-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
683-модда. Комиссиявий экспертиза
Комиссиявий экспертиза ўтказилаётганда экспертларнинг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади.
Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.
Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.
(683-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
684-модда. Комплекс экспертиза
Комплекс экспертиза иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни турли илм соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир неча текшириш ўтказиш йўли билангина аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.
Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси ҳолатларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай фикрларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ушбу текширишлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.
Умумий фикрни (фикрларни), олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу фикрни (фикрларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар қилади. Агар экспертлар комиссияси якуний фикрининг ёки унинг бир қисмининг асоси сифатида экспертлардан бирининг (алоҳида экспертларнинг) аниқлаган ҳолатлари олинган бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.
Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.
Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига топширилган бўлса, унда ушбу экспертизани ташкил қилиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.
(684-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
69-модда. Экспертнинг ёки экспертлар комиссиясининг хулосаси
Эксперт ёки экспертлар комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.
Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган судья тўғрисида маълумотлар; эксперт (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақида маълумотлар; экспертнинг била туриб нотўғри хулоса берганлиги, хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилганлиги; экспертнинг олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақида маълумотлар; қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолда текширишларнинг мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга молик бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар кўрсатилиши лозим.
Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки бошқа корхона, муассаса, ташкилотда қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган хўжалик судининг талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.
Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса айрим қўйилган саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши лозим.
Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган хўжалик судига юборилади.
Хулоса хўжалик судининг мажлисида текширилади ҳамда бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланади.
(69-модда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 1 июндаги ЎРҚ-250-сон Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 22-сон, 174-модда)
70-модда. Гувоҳнинг кўрсатувлари
Гувоҳ ўзи билган маълумотлар ва ҳолатларни хўжалик судига оғзаки хабар қилади. Гувоҳ хўжалик судининг таклифига кўра ўз кўрсатувларини ёзма тарзда баён қилиши мумкин.
Агар гувоҳ ўзи билган маълумотларнинг манбаини кўрсатиб бера олмаса, у хабар қилган маълумотлар далил ҳисобланмайди.
71-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг иш учун аҳамиятли бўлган ўзларига маълум ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари текширилиши ва бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланиши лозим. Ишда иштирок этувчи шахс хўжалик судининг таклифига кўра ўз тушунтиришларини ёзма тарзда баён қилиши мумкин.
Ишда иштирок этувчи шахс томонидан бошқа шахс ўз талабларини ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг тан олиниши хўжалик суди учун мажбурий эмас.
Агар фактни тан олиш ишнинг ҳолатларига мувофиқ эканлигига ва алдаш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, чалғитиш таъсирида ёки ҳақиқатни яшириш мақсадида қилинмаганига хўжалик судида шубҳа туғилмаса, у тан олинган фактни аниқланган деб ҳисоблаши мумкин.
72-модда. Далилларни таъминлаш
Зарур далилларни кейинчалик тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади деб хавотирланиш учун асоси бўлган шахслар ишни юритишга қабул қилган хўжалик судидан шу далилларни таъминлашни илтимос қилиши мумкин.
Далилларни таъминлаш тўғрисидаги аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, тасдиқлаш учун бу далиллар зарур бўлган ҳолатлар, уларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимос билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.
Далилларни таъминлаш ёки илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Хўжалик судининг далилларни таъминлаш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ажрими устидан шикоят қилиш мумкин.
73-модда. Далилларни таъминлаш тартиби
Далилларни таъминлаш ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга кўра хўжалик суди томонидан амалга оширилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар далилларни таъминлаш тўғрисидаги аризани кўриш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинади, бироқ уларнинг келмаслиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
74-модда. Суд топшириқлари
Ишни кўраётган хўжалик суди бошқа вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудидаги далилларни олиши зарур бўлиб қолган ҳолларда тегишли хўжалик судига муайян процессуал ҳаракатларни бажаришни топширишга ҳақли.
Суд топшириғи тўғрисидаги ажримда кўрилаётган ишнинг мазмуни қисқача баён қилинади, аниқланиши зарур бўлган ҳолатлар, топшириқни бажарадиган хўжалик суди тўплаши лозим бўлган далиллар кўрсатилади.
Суд топшириғи тўғрисидаги ажрим топшириқ берилган хўжалик суди учун мажбурийдир ва ажрим олинган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмай бажарилиши лозим.
75-модда. Суд топшириғини бажариш тартиби
Суд топшириғи хўжалик судининг мажлисида ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга мувофиқ бажарилади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинадилар, бироқ уларнинг келмаганлиги мажлисни ўтказишга тўсқинлик қилмайди.
Суд топшириғининг ижроси тўғрисида ажрим чиқарилиб, у дарҳол барча материаллар билан ишни кўраётган хўжалик судига юборилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар, топшириқни бажарган хўжалик судига тушунтиришлар ёки кўрсатувлар берган гувоҳлар ишни кўраётган суд мажлисида ўзлари иштирок этган тақдирда умумий тартибда тушунтиришлар ва кўрсатувлар берадилар.
7-БОБ. ДАЪВОНИ ТАЪМИНЛАШ
76-модда. Даъвони таъминлаш асослари
Хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра даъвони таъминлаш чораларини кўришга ҳақли. Даъвони таъминлашга, агар шундай чораларни кўрмаслик суд ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёки бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкин бўлса, хўжалик судлов ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.
Давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ноқонуний ҳужжат қабул қилинганлиги ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволарни кўришда суд даъвогарнинг аризаси бўйича даъвони таъминлаш чораларини кўриши шарт.
(76-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ариза тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан низони ҳал этаётган хўжалик суди томонидан кўрилади.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш чоралари ҳакамлик муҳокамаси тарафининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризасига кўра ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёхуд жавобгар жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёинки жавобгарнинг мол-мулки турган жойдаги хўжалик суди томонидан ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмасдан тарафларни хабардор қилмаган ҳолда кўрилиши мумкин. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризага даъвонинг ҳакамлик судига тақдим этилганлигини исботловчи далиллар илова қилинади.
(76-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади. Даъвони таъминлаш ёки таъминлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят бериш ушбу ажрим ижросини тўхтатиб турмайди.
Ҳакамлик судида кўриб чиқилаётган даъвони таъминлаш тўғрисидаги аризани хўжалик суди томонидан кўриб чиқиш ва даъвони таъминлаш ҳақида ажрим чиқариш ушбу Кодекснинг 77—81-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
(76-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни асосида олтинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
77-модда. Даъвони таъминлаш чоралари
Қуйидагилар даъвони таъминлаш чоралари бўлиши мумкин:
1) жавобгарга тегишли бўлган мол-мулк ёки пул маблағларини хатлаб қўйиш;
2) жавобгарга муайян ҳаракатларни қилишни тақиқлаш;
3) бошқа шахсларга низо предметига алоқадор бўлган муайян ҳаракатларни қилишни тақиқлаш;
4) даъвогар низолашаётган, ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат бўйича ундиришни тўхтатиб туриш;
41) давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш;
(77-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан 41-банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
5) мол-мулкни хатлашдан озод қилиш тўғрисида даъво тақдим этилган тақдирда уни реализация қилишни тўхтатиб туриш.
Зарур ҳолларда даъвони таъминлаш учун бир неча чора қўллашга йўл қўйилади.
Хўжалик суди даъвони таъминлашга йўл қўяр экан, жавобгарнинг илтимосномасига кўра даъвогардан жавобгар кўриши мумкин бўлган зарар қопланишининг таъминловини талаб қилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисми 2 ва 3-бандларида кўрсатилган чораларга риоя этмаганлик учун ташкилотлар ва фуқаролардан республика бюджети даромадига қуйидагича жарима ундирилади:
баҳоланадиган даъволар бўйича — даъво баҳосининг эллик фоизигача миқдорда;
баҳоланмайдиган даъволар бўйича — энг кам иш ҳақининг икки юз бараваригача миқдорда.
Хўжалик судининг даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримини ижро этмаслик билан етказилган зарарни қоплашни даъвогар ўша хўжалик судида даъво тақдим этиш йўли билан талаб қилишга ҳақли.
78-модда. Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш
Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилади.
Даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш масаласи ушбу Кодекснинг 76-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.
Пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъвони таъминлашда жавобгар даъвони таъминлаш бўйича белгиланган чораларни қўллаш ўрнига хўжалик судининг депозит ҳисобварағига даъвогар талаб қилаётган суммани тўлашга ҳақли.
79-модда. Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажримни ижро этиш
Даъвони таъминлаш тўғрисидаги ажрим хўжалик судининг ҳал қилув қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилади.
80-модда. Даъвони таъминлашни бекор қилиш
Даъвони таъминлаш ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ишни кўраётган хўжалик суди томонидан бекор қилиниши мумкин. Даъвони таъминлашни бекор қилиш масаласи суд мажлисида ҳал қилинади.
Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинадилар, бироқ уларнинг келмаслиги даъвони таъминлашни бекор қилиш масаласини кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Даъвони таъминлашни бекор қилиш масаласини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Даъво рад этилган тақдирда йўл қўйилган таъминлаш чоралари ҳал қилув қарори кучга киргунча сақланади. Бироқ, хўжалик суди ҳал қилув қарори билан бир вақтда ёки у қабул қилинганидан кейин даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.
Ҳакамлик судининг даъво талабларини қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги ҳал қилув қарори даъвони таъминлаш чоралари хўжалик суди томонидан бекор қилиниши учун асос бўлади.
(80-модда Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни асосида бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
Даъвони таъминлашни бекор қилиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
81-модда. Даъвони таъминлаш туфайли жавобгарга етказилган зарарни қоплаш
Даъвони рад этиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, жавобгар ўша хўжалик судида даъво тақдим этиш йўли билан даъвогардан даъвони таъминлаш туфайли ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
8-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ
82-модда. Хўжалик судининг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбурияти
Хўжалик суди қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур:
1) ишни конституциявий, фуқаровий, жиноят ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан қарор қабул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаганда;
(82-модда биринчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
2) жавобгар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлган ёки Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳаракатдаги қисмида бўлган даъвогар фуқаро тегишли илтимоснома билан мурожаат қилганда;
3) фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса;
4) фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда.
Хўжалик суди қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам иш юритишни тўхтатиб туради.
83-модда. Хўжалик судининг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқи
Хўжалик суди қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:
1) хўжалик суди томонидан экспертиза тайинланганда;
2) ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот қайта ташкил қилинганда;
3) ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш фуқаро бирор-бир давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда.
84-модда. Иш юритишни тиклаш
Иш юритишни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф қилингач, иш юритиш тикланади.
85-модда. Иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш тартиби
Хўжалик суди иш юритишни тўхтатиб туриш ва уни тиклаш юзасидан ажрим чиқаради.
Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги хўжалик судининг ажрими устидан шикоят бериш (протест келтириш) мумкин.
9-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШ
86-модда. Иш юритишни тугатиш асослари
Хўжалик суди қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади:
1) низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса;
2) умумий суд, хўжалик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса;
3) ҳакамлик судининг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, ҳакамлик судининг қарорини мажбурий тарзда ижро этиш юзасидан хўжалик суди ижро варақасини беришни рад этган, ишни янгидан кўриш учун ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судига юборган, лекин ишни ўша ҳакамлик судида кўриш мумкин бўлмай қолган ҳоллар бундан мустасно;
(86 модда 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
4) ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот тугатилган бўлса;
5) ишда иштирок этган шахс бўлмиш фуқаронинг ўлимидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;
6) даъвогар даъвосидан воз кечган ва хўжалик суди уни қабул қилган бўлса;
7) келишув битими тузилиб, у хўжалик суди томонидан тасдиқланган бўлса;
8) даъвогар судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган ва бундай тартибни қўллаш имконияти йўқотилган бўлса.
87-модда. Иш юритишни тугатиш тартиби ва оқибатлари
Иш юритишни тугатиш тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради.
Хўжалик судининг ажримида суд харажатларини ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида тақсимлаш, давлат божини бюджетдан қайтариш масалалари ҳал қилиниши мумкин.
Иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан хўжалик судига иккинчи бор мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.
Иш юритишни тугатиш тўғрисидаги хўжалик судининг ажрими устидан шикоят бериш (протест келтириш) мумкин.
(87-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
10-БОБ. ДАЪВОНИ КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ
88-модда. Даъвони кўрмасдан қолдириш асослари
Хўжалик суди қуйидаги ҳолларда даъвони кўрмасдан қолдиради:
1) умумий суд, хўжалик суди, ҳакамлик суди айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш юритаётган бўлса;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти йўқолмаган бўлса ва агар ишнинг хўжалик судида кўрилишига қарши бўлган жавобгар биринчи аризасидан кечиктирмай низони мазмунан ҳал этишни ҳакамлик судига топшириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилса;
(88-модда 1 ва 2-бандлари Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
3) даъво аризаси имзоланмаган ёки имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан, ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
4) қонун ҳужжатлари ёки шартномага мувофиқ қарз банк ёки бошқа кредит муассасаси орқали ундириб олиниши шарт бўлишига қарамай даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банк ёки бошқа кредит муассасасига мурожаат этмаган бўлса;
5) даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган, бу эса шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
6) даъвогар хўжалик судининг мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишга розилик бермаган бўлса;
7) давлат рўйхатидан ўтишни рад этиш ёки ундан бош тортиш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан бўлса;
8) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан бўлса;
9) даъвогар унинг манфаатларини кўзлаб прокурор томонидан тақдим этилган даъводан воз кечган бўлса.
(88-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонунига мувофиқ 9-банд билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
89-модда. Даъвони кўрмасдан қолдириш тартиби ва оқибатлари
Хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқаради.
Хўжалик судининг ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш, давлат божини бюджетдан қайтариш масалалари ҳал қилиниши мумкин.
Даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, даъвогар хўжалик судига умумий тартибда яна мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
11-БОБ. СУД ХАРАЖАТЛАРИ
90-модда. Суд харажатларининг таркиби
Суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан: суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, хўжалик суди тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни ўз жойида кўздан кечириш учун тўланиши керак бўлган сумма суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан ташкил топади.
(90-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларининг тахминий суммаси хўжалик суди томонидан белгиланади ва даъвогар томонидан хўжалик судининг депозит ҳисобварағига ўтказиб қўйилиши керак.
Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг суммаси хўжалик суди томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодекснинг 95-моддасига мувофиқ ундирилади.
(90-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
91-модда. Давлат божи
Қуйидагилар учун давлат божи тўланади:
1) даъво аризалари;
2) ташкилотлар ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалар;
3) низо предмети юзасидан мустақил талаблар қўядиган учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалар;
4) юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалар;
5) хўжалик судининг ҳал қилув қарорлари, шунингдек иш юритишни тугатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш, суд жарималари солиш тўғрисидаги ажримлари устидан берилган аппеляция ва кассация шикоятлари;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги аризалар, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалар;
7) хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ва ижро варақаси беришни рад этиш тўғрисидаги ишлар бўйича ажримлари устидан берилган апелляция ва кассация шикоятлари;
(91-модда биринчи қисмининг 6 ва 7-бандлари Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
Даъво талаблари кўпайтирилганида давлат божининг етишмаётган суммаси ҳал қилув қарори қабул қилинаётганда даъвонинг кўпайган суммасига мувофиқ ундирилади. Даъво қиймати камайтирилганда тўланган бож қайтарилмайди.
Давлат божининг миқдори, уни тўлашдан озод қилиш ва унинг миқдорини камайтириш қонун ҳужжатларида белгиланади.
Алоҳида ҳолларда суд даъвогарнинг аризасига кўра унинг мулкий аҳволига қараб, давлат божини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли.
92-модда. Даъвонинг баҳоси
Даъвонинг баҳоси қуйидагича аниқланади:
1) пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича — ундириладиган суммага қараб;
2) ижро этиш ҳужжатини ёки ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда амалга ошириладиган бошқа ҳужжатни ижро этиш мумкин эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар бўйича — низолашилаётган суммага қараб;
3) мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича — шу мол-мулкнинг қийматига қараб;
4) ер участкасини талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича — ер участкасининг белгиланган баҳода, баҳоси бўлмаса — бозор баҳосида чиқарилган қийматига қараб.
Даъвонинг баҳосига даъво аризасида кўрсатилган неустойка (жарима, пеня) суммалари ҳам киритилади.
Бир неча мустақил талаблардан иборат бўлган даъвонинг баҳоси барча талабларнинг суммаси билан белгиланади.
Даъвонинг баҳоси нотўғри кўрсатилган тақдирда у хўжалик суди томонидан белгиланади.
93-модда. Давлат божини қайтариш
Давлат божи қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда қайтарилиши керак.
Хўжалик судининг ҳужжатида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилади.
Давлат божи тўланган, лекин хўжалик судига келиб тушмаган ёки у қайтарган аризалар, апелляция ёки кассация шикоятлари бўйича ҳамда божни тўлиқ ёки қисман қайтаришни назарда тутувчи суд ҳужжатлари бўйича уни қайтариш суд томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади.
94-модда. Экспертлар, гувоҳлар ва таржимонларга тегишли суммаларни тўлаш
Экспертлар, гувоҳлар ва таржимонларга хўжалик судига келиш билан боғлиқ бўлган йўлкира, уй-жой ижараси харажатлари қопланади ва кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади.
Экспертлар ва таржимонлар хўжалик судининг топшириғи билан бажарган иш уларнинг хизмат вазифаси доирасига кирмаса, улар бу иш учун ҳақ оладилар.
Хўжалик судига гувоҳ сифатида чақирилган фуқароларнинг судга келиши туфайли йўқотилган вақт билан боғлиқ харажатлари қопланади.
Ишда иштирок этиб, тегишли илтимос билан мурожаат қилган шахс гувоҳлар ва экспертларга тўланиши лозим бўлган суммани хўжалик судининг депозит ҳисобварағига олдиндан ўтказади. Агар иккала томон илтимос билан мурожаат қилган бўлса, талаб қилинадиган суммани улар тенг бўлиб ўтказадилар. Агар қўшимча экспертиза суднинг ташаббуси билан тайинланса, тўланиши лозим бўлган сумма экспертга суд томонидан депозит ҳисобидан тўланади. Бу сумма ишда иштирок этувчи шахслардан ушбу Кодекснинг 95-моддасига мувофиқ ундирилиб, суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилади. Экспертларга, гувоҳларга ва таржимонларга тегишли бўлган суммалар хўжалик суди томонидан улар ўз вазифаларини бажарганларидан кейин тўланади.
Тўлаш тартиби ва тўланиши лозим бўлган суммалар миқдори қонун ҳужжатларида белгиланади.
95-модда. Суд харажатларининг тақсимланиши
Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.
Даъвогар тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади.
Агар иш ишда иштирок этувчи шахс томонидан шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузиш (талабномани жавобсиз қолдириш, талаб қилинган ҳужжатларни жўнатмаслик) оқибатида келиб чиққан бўлса, хўжалик суди ишнинг натижасидан қатъи назар, суд харажатларини шу шахсга юклашга ҳақли.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд харажатларини тақсимлаш тўғрисида ўзаро келишсалар, хўжалик суди шу келишувга мувофиқ қарор қабул қилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация шикояти беришлари билан боғлиқ суд харажатлари ушбу моддада баён қилинган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.
12-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР
96-модда. Процессуал муддатларни белгилаш ва ҳисоблаш
Процессуал ҳаракатлар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган муддатларда бажарилади, процессуал муддатлар белгиланмаган ҳолларда эса улар хўжалик суди томонидан белгиланади.
Процессуал ҳаракатларни бажариш муддатлари аниқ календарь сана билан, албатта содир бўлиши лозим бўлган воқеани кўрсатиш билан ёки ҳаракат бажарилиши мумкин бўлган давр билан белгиланади.
Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг эртасидан ёки унинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа содир бўлган кундан бошланади.
97-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши
Йиллар билан ҳисобланадиган муддат белгиланган муддат охирги йилининг тегишли ой ва кунида тугайди. Ойлар билан ҳисобланадиган муддат белгиланган муддат охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг тугаши тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.
Муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.
Процессуал ҳаракат белгиланган муддатнинг охирги куни то соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин. Агар апелляция, кассация шикоятлари ва бошқа ҳужжатлар алоқа ташкилотига муддатнинг охирги кунида соат йигирма тўртга қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган ҳисобланмайди.
98-модда. Процессуал муддатларни тўхтатиб туриш
Иш юритиш тўхтатиб турилиши билан ўтиб кетмаган барча процессуал муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади. Иш юритиш тикланган кундан бошлаб процессуал муддатларнинг ўтиши давом этади.
99-модда. Процессуал муддатларни тиклаш ва узайтириш
Хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра, ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатнинг ўтказиб юборилиши сабабларини узрли деб топса, ўтказиб юборилган муддатни тиклайди.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида хўжалик судининг ҳал қилув қарорида, ажримида ёки қарорида кўрсатилади. Муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Хўжалик судининг процессуал муддатни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Хўжалик суди томонидан белгиланган процессуал муддатларни унинг ўзи узайтириши мумкин.
13-БОБ. СУД ЖАРИМАЛАРИ
100-модда. Жарима солиш
Жарима хўжалик суди томонидан ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда ва миқдорда солинади.
101-модда. Жарима солиш масаласини кўриш тартиби
Жарима солиш масаласи хўжалик судининг мажлисида ҳал этилади.
Ўзларига нисбатан жарима солиш масаласи кўрилаётган шахсларга мажлис вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабар қилинади. Тегишли тарзда хабар берилган шахснинг келмаслиги жарима солиш масаласини кўришга тўсқинлик қилмайди.
(101-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Хўжалик суди жарима солиш масаласини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.
Хўжалик судининг жарима солиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
II БЎЛИМ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ ХЎЖАЛИК СУДИДА ИШ ЮРИТИШ
14-БОБ. СУД БУЙРУҒИ
102-модда. Суд буйруғи асосида қарзни ундириш
Суд буйруғи кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжатдир.
(102-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августдаги 535-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 149-модда)
Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга. Суд буйруғи бўйича ундирув буйруқ берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
103-модда. Суд буйруғи бериш бўйича талаблар
Суд буйруғи судья томонидан қуйидаги ҳолларда якка тартибда берилади:
1) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича боқимондаларни ундиришни ташкилотлар ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб қўйилса;
(103-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрдаги ЎРҚ-197-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 52-сон, 513-модда)
11) коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўловлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб қўйилса;
(103-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонунига мувофиқ 11-банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
2) ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб қўйилса;
3) талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланса;
4) лизинг берувчи томонидан лизинг олувчидан ўз мол-мулкини талаб қилиб олиш тўғрисида талаб қўйилса.
(103-модда Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августдаги 535-II-сонли Қонунига мувофиқ 4-банд билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 149-модда)
104-модда. Аризанинг шакли ва мазмуни
Ариза хўжалик судига ёзма шаклда судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланадиган аризага ишончнома илова қилинади.
Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;
2) кредиторнинг, қарздорнинг номи ва уларнинг манзиллари;
3) кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;
4) талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар;
5) ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, лизинг объекти талаб қилиб олинган тақдирда эса лизинг шартномасида белгиланган, тўланмаган тўловларнинг лизинг берувчининг лизинг шартномаси муддати тугагунига қадар қолган даврдаги даромадини чегириб ташлаган ҳолдаги сумманинг ҳисоб-китоби;
(104-модда иккинчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августдаги 535-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 9-10-сон, 149-модда)
6) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
(104-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
105-модда. Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаларини қарздорга топшириш
Кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг нусхасини топшириши шарт.
106-модда. Давлат божи
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган бож ҳисобига ўтказилади.
107-модда. Аризани қабул қилишни рад этиш асослари
Судья қуйидаги ҳолларда суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади:
1) билдирилган талаб ушбу Кодекснинг 103-моддасида назарда тутилмаган бўлса;
2) ариза ушбу Кодекснинг 104-моддасида белгиланган талабларга риоя қилмаган ҳолда берилган бўлса;
3) билдирилган талабни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
4) қарздорга ариза нусхаси топширилгани тўғрисидаги далиллар тақдим этилмаган бўлса;
5) билдирилган талаб учун давлат божи тўланмаган бўлса.
Судья аризани қабул этишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Аризани қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиш мумкин.
Аризани қабул қилишни рад этиш кредиторнинг ўша талаб бўйича умумий тартибда даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
108-модда. Ариза юзасидан билдирилган ёзма фикр
Қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаси топширилган пайтдан бошлаб ўн кунлик муддатда хўжалик судига кредитор талабларига қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини тақдим этишга ҳақли.
Белгиланган муддатда қарздор томонидан ёзма фикрнинг берилмаслиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади.
Ёзма фикр қарздор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга ишончнома илова қилинади.
109-модда. Суд буйруғини бериш тартиби ва уни беришни рад этиш асослари
Судья суд буйруғини ишни судда муҳокама қилмасдан, қарздор ва ундирувчини чақирмасдан ҳамда уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан беради.
Судья қуйидаги ҳолларда суд буйруғини беришни рад этади:
1) агар қарздор билдирилган талабга рози бўлмаса;
2) ҳуқуқ тўғрисидаги мавжуд низони тақдим этилган ҳужжатлар асосида ҳал этиб бўлмайди деб ҳисобланса.
Судья суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.
Суд буйруғини беришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
Суд буйруғини беришни рад этиш ўша талаб бўйича умумий тартибда даъво тақдим этиш имкониятига тўсқинлик қилмайди.
110-модда. Суд буйруғининг мазмуни
Суд буйруғида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) хўжалик судининг номи ва буйруқ берилган сана;
2) ишнинг тартиб рақами, судьянинг фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари, талаб нима ҳақдалиги;
3) қарздор ва кредиторнинг номи, уларнинг манзиллари;
4) ундирилиши лозим бўлган пул суммасининг миқдори ёки талаб қилиб олиниши лозим бўлган мол-мулк, унинг қийматини кўрсатган ҳолда;
5) неустойка, агар тўланиши лозим бўлса;
6) қарздордан ундирувчи ёки давлат фойдасига ундирилиши лозим бўлган давлат божининг суммаси.
Суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади, улардан бири ишда қолади, бошқаси хўжалик судининг гербли муҳри билан тасдиқланиб, ундирувчига берилади. Суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси қарздорга юборилади.
(110-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Суд буйруғи судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборилиши мумкин.
(110-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
111-модда. Суд буйруғини бекор қилиш
Агар қарздор узрли сабаб билан кредиторнинг талабига қарши ўз вақтида эътироз билдириш имкониятига эга бўлмаган бўлса, суд буйруғи берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда ўша судга суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Судья бундай ҳолда буйруқни бекор қилади, шундан кейин кредиторнинг талаби умумий тартибда кўриб чиқилиши мумкин.
Суд буйруғини бекор қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши мумкин.
15-БОБ. ДАЪВО ТАҚДИМ ЭТИШ
112-модда. Даъво аризасининг шакли ва мазмуни
Даъво аризаси хўжалик судига ёзма шаклда берилади. У даъвогар ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Даъво аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, уларнинг почта манзиллари;
3) агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъвонинг баҳоси;
4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатлар;
5) даъво талабларининг асосларини тасдиқловчи далиллар;
6) ундириладиган ёки низолашилаётган сумманинг ҳисоб-китоби;
7) даъвогарнинг қонун ҳужжатларини далил қилиб келтирган талаблари, даъво бир неча жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса — уларнинг ҳар бирига қўйилган талаблар;
8) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
9) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Даъво аризасида даъвогарнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
(112-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Даъво аризасида, агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар ҳам, шунингдек даъвогарда мавжуд илтимосномалар кўрсатилади.
113-модда. Даъво аризасининг ва унга илова қилинадиган ҳужжатларнинг нусхаларини юбориш
Даъвогар даъво тақдим этганда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга даъво аризасининг ва унга илова қилинган, бу шахсларда бўлмаган ҳужжатларнинг нусхаларини юбориши шарт.
114-модда. Даъво аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар
Даъво аризасига қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:
1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини;
2) даъво аризасининг ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганлигини;
3) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлигини, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;
4) даъво талабларига асос бўлган ҳолатларни.
Агар даъво аризаси даъвогарнинг вакили томонидан имзоланган бўлса, унинг даъво тақдим этишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Шартнома тузишга мажбур этганлик тўғрисидаги аризага шартнома лойиҳаси илова қилинади.
115-модда. Бир нечта даъво талабини бирлаштириш ва ажратиш
Даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақли.
Хўжалик суди айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир неча ишни битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.
Хўжалик суди бир ёки бир неча бирлаштирилган талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.
Хўжалик суди ишларни бирлаштириш ва талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида ажрим чиқаради.
116-модда. Даъво аризасини қабул қилиш
Даъво аризасини қабул қилиш масаласини судьянинг якка ўзи ҳал қилади.
Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган даъво аризасини хўжалик судининг иш юритишига қабул қилиши шарт.
Судья даъво аризасини қабул қилиш тўғрисида у келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради. Бу ажримнинг мазмуни ишни мажлисда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда баён қилиниши мумкин.
(116-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
117-модда. Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш
Судья даъво аризасини қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади:
1) низо хўжалик судида кўриб чиқишга тегишли бўлмаса;
2) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ишни юритишни тугатиш тўғрисида хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки ажрими ёхуд умумий суднинг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ҳал қилув қарори ёки ажрими бўлса;
3) хўжалик судининг, умумий суднинг, ҳакамлик судининг иш юритишида айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
4) айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган ҳакамлик судининг қонуний кучга кирган қарори бўлса, хўжалик суди ҳакамлик судининг қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этиб, ишни қарорни қабул қилган ҳакамлик судига янгидан кўриш учун қайтарган, бироқ ишни ўша ҳакамлик судида кўриш имконияти бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.
(117-модда биринчи қисми 3 ва 4-бандлари Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
Судья даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради. Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан юборилади. Даъвогарга юборилаётган ажримга даъво материаллари илова қилинади.
Даъво аризасини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда даъво аризаси хўжалик судига дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.
118-модда. Даъво аризасини қайтариш
Судья даъво аризасини ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради:
1) даъво аризасининг ушбу Кодекснинг 112-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;
2) даъво аризаси имзоланмаган ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
3) иш мазкур хўжалик суди судловига тегишли бўлмаса;
4) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга даъво аризасининг нусхалари юборилганини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;
5) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини ва бошқа суд харажатлари қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
(118-модда биринчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
6) шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса;
7) битта даъво аризасида бир ёки бир неча жавобгарга ўзаро боғланмаган бир неча талаб бирлаштирилган бўлса;
8) қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ қарз банк ёхуд бошқа кредит муассасаси орқали олиниши лозим бўлганида жавобгардан қарзни олиш учун банкка ёки бошқа кредит муассасасига мурожаат қилинганлиги ҳақида далиллар тақдим этилмаган бўлса;
9) агар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунга қадар уни қайтариб олиш тўғрисида даъвогардан ариза тушган бўлса.
Судья даъво аризасини қайтариш тўғрисида у олинган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради.
Даъво аризасини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин. Ажрим бекор қилинган тақдирда даъво аризаси хўжалик судига дастлабки мурожаат қилинган куни берилган деб ҳисобланади.
Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган хатолар бартараф этилгандан кейин иккинчи марта хўжалик судига умумий тартибда даъво аризаси билан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.
119-модда. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр билдириш
Ишда иштирок этувчи шахс даъво аризаси юзасидан даъвога қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини ва ишда иштирок этувчи шахсларга ёзма фикрини ҳамда уларда бўлмаган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганини тасдиқловчи далилларни иш кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда хўжалик судига юборишга ҳақли.
Ёзма фикрда қуйидагилар кўрсатилади:
1) ёзма фикр юборилаётган хўжалик судининг номи;
2) даъвогарнинг номи ва ишнинг тартиб рақами;
3) даъво талаблари рад этилган тақдирда, даъвогарнинг талабларини тўлиқ ёки қисман рад этишнинг қонун ҳужжатларига асосланган сабаблари, шунингдек эътирозларни асословчи далиллар;
4) ёзма фикрга илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати;
5) бошқа маълумотлар, шунингдек жавобгарда мавжуд бўлган илтимосномалар.
Фикр-мулоҳазада ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг почта манзили, телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили ҳам кўрсатилиши мумкин.
(119-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга ваколати борлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
120-модда. Қарши даъво тақдим этиш
Жавобгар иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар дастлабки даъво билан бирга кўриб чиқиш учун даъвогарга қарши даъво тақдим этишга ҳақлидир.
Қарши даъво тақдим этиш даъво тақдим этишнинг умумий қоидалари бўйича амалга оширилади.
Қарши даъво қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
1) қарши талаб дастлабки талабни ҳисоб қилишга қаратилган бўлса;
2) қарши даъвони қаноатлантириш дастлабки даъвони қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман мумкин бўлмайдиган қилиб қўйса;
3) қарши даъво билан дастлабки даъво ўртасида ўзаро боғлиқлик бўлиб, уларни биргаликда кўриб чиқиш низони тез ва тўғри кўришга олиб келса.
121-модда. Ишни юритиш вақтида манзилнинг ўзгариши
Ишда иштирок этувчи шахслар ишни юритиш вақтида ўз манзилларининг ўзгарганлиги ҳақида хўжалик судига хабар беришлари шарт. Бундай хабар берилмаган тақдирда процессуал ҳужжатлар хўжалик судига маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ёки яшамаётган бўлса ҳам, етказиб берилган деб ҳисобланади.
Агар ишда иштирок этувчи шахслар телефонлари ва факслари рақамларини, электрон манзилини хўжалик судига маълум қилган бўлсалар, улар ишни юритиш вақтида бу маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида хўжалик судини ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилишлари керак.
(121-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
16-БОБ. ИШНИ СУДДА КЎРИШГА ТАЙЁРЛАШ
122-модда. Ишни судда кўришга тайёрлаш бўйича судьянинг ҳаракатлари
Ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья даъво аризаси келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай қуйидаги ҳаракатларни амалга оширади:
(122-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
1) ишда иштирок этиш учун бошқа жавобгар ёки учинчи шахсни жалб этиш масаласини кўриб чиқади;
2) ишни юритиш тўғрисида манфаатдор шахсларни хабардор қилади;
3) ишда иштирок этувчи шахсларга, бошқа ташкилотларга, уларнинг мансабдор шахсларига муайян ҳаракатларни бажаришни, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятли ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишни таклиф этади;
4) далилларнинг дахлдорлиги ва уларга йўл қўйилиши мумкинлигини текширади;
5) гувоҳларни чақиртиради;
6) экспертиза тайинлаш масаласини кўриб чиқади;
7) бошқа хўжалик судларига суд топшириқларини юборади;
8) ишда иштирок этувчи шахсларни чақиртиради;
9) тарафларни муросага келтириш чораларини кўради;
10) ишда иштирок этувчи ташкилотлар раҳбарларини тушунтириш бериш учун чақириш масаласини ҳал қилади;
11) даъвони таъминлаш чораларини кўради.
Судья низони тўғри ва ўз вақтида ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга оширади.
123-модда. Ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим
Судья ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда ишни тайёрлашга доир ҳаракатлар, ишни судда кўришга тайинлаш, уни ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.
124-модда. Хабарномалар ва чақирувлар
Ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади.
(124-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Процесснинг бошқа иштирокчилари суднинг ажрими билан, зарур ҳолларда чақирув қоғозлари, телеграмма, факс, телетайп ва бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва чақирилади.
17-БОБ. СУДДА ИШНИ КЎРИШ
125-модда. Ишни кўриш муддати
Ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб иш бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўрилиши ва ҳал қилув қарори қабул қилиниши керак.
(125-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Алоҳида ҳолларда ишни кўриш муддати хўжалик судининг раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
126-модда. Хўжалик судининг мажлиси
Иш хўжалик судининг мажлисида кўрилади. Хўжалик судининг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.
(126-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Мажлисга раислик қилувчи судья:
1) хўжалик судининг мажлисини очади ва қандай иш кўрилишини эълон қилади;
2) ишда иштирок этувчи шахслар, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари мажлисга келганлигини, уларнинг ваколатларини, мажлисга келмаган шахслар тегишли равишда хабардор қилинганликларини ҳамда улар келмаганлигининг сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини текширади;
3) суд таркибини эълон қилади, прокурор, эксперт, суд мажлиси котиби, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини маълум қилади ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилиш ҳуқуқини тушунтиради;
(126-модда иккинчи қисмининг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
4) келган гувоҳларни сўроқ қилиш бошлангунча уларни мажлис залидан чиқариб юборади;
5) ишда иштирок этувчи шахсларга ҳамда хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;
6) таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб нотўғри хулоса берганлик ёки хулоса беришдан бош тортганлик учун, гувоҳларни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик ва кўрсатув беришдан бош тортганлик ёки бўйин товлаганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;
7) мажлисни олиб бориш ва далилларни текшириш тартибини белгилайди;
8) мажлисга раҳбарлик қилиб, иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланишини таъминлайди;
9) мажлисда тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.
Мажлис залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдномалар қилиш, стенограмма олиб бориш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисини кинога ва фотосуратга олиш, видеотасвирга олиш, шунингдек радио ва телевидение орқали кўрсатишга ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.
1261-модда. Хўжалик судининг видеоконференцалоқа режимидаги мажлисида иштирок этиш
Ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.
Шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи ишда иштирок этувчи шахсларга, хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига ҳамда уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган тегишли хўжалик судига юбориладиган ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги суд ажримида кўрсатилади.
Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек суд мажлисида тақдим этилган ёзма далиллар ишни кўраётган хўжалик судига юборилишини таъминлайди.
(1261-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
127-модда. Хўжалик судининг мажлисидаги тартиб
Судьялар мажлис залига кирганларида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўринларидан туради. Хўжалик судининг ҳал қилув қарорини залда ҳозир бўлганларнинг барчаси тик турган ҳолда тинглайди.
Ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари хўжалик судига тик турган ҳолда мурожаат қилади ҳамда тушунтиришлар ва кўрсатувлар беради. Бу қоидадан четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билангина йўл қўйилиши мумкин.
Мажлис вақтида тартиб бузилган тақдирда раислик қилувчи хўжалик суди номидан тартибни бузган шахсни огоҳлантиради. Тартиб такроран бузилган тақдирда мазкур шахс раислик қилувчининг фармойиши билан чиқариб юборилиши мумкин.
128-модда. Далилларни текшириш ва ишни кўришнинг узлуксизлиги
Хўжалик суди ишни кўрганда иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради.
Ишни кўриш суднинг ўзгармас таркибида амалга оширилади. Ишни кўриш жараёнида судьялардан бири алмаштирилган тақдирда ишни кўриш янгидан бошланиши лозим.
Ҳар бир ишни кўриш дам олиш учун белгиланган вақтдан ташқари узлуксиз давом этади. Алоҳида ҳолларда хўжалик суди мажлисда уч кундан ошмаган муддатга танаффус эълон қилишга ҳақли.
Хўжалик суди иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунча ёки ишни кўриш кейинга қолдирилгунча бошқа ишларни кўришга ҳақли эмас.
129-модда. Хўжалик судининг ишда иштирок этувчи шахслар аризалари ва илтимосномаларини ҳал қилиши
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ва ишни кўриш билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича аризалари ва илтимосномаларини хўжалик суди ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрларини эшитиб бўлгач, ҳал қилади.
Хўжалик суди аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқаради.
130-модда. Даъво аризаси юзасидан ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганда, шунингдек ишда иштирок этувчи шахсларнинг иштирокисиз низони ҳал қилиш
Судья ишда иштирок этувчи шахсларга тақдим этишни таклиф қилган даъво аризаси юзасидан ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни унда мавжуд материаллар асосида кўришга тўсқинлик қилмайди.
Ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган жавобгар хўжалик судининг мажлисига келмаса, низо унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.
Ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинган даъвогар хўжалик судининг мажлисига келмаса, даъвогарнинг ишни унинг иштирокисиз кўриш тўғрисидаги аризаси бўлган тақдирда, низо унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.
131-модда. Ишни кўришни кейинга қолдириш
Хўжалик суди ишни шу мажлисда кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахслар, гувоҳлар, экспертлар ва таржимонлардан бири келмаганлиги ёки қўшимча далиллар тақдим этиш зарурлиги сабабли ёхуд видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказиш вақтида видеоконференцалоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган тақдирда ишни кўришни кейинга қолдиришга ҳақли.
(131-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Ишни кўришни кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Хўжалик суди янги мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хўжалик судлов ишларини юритишнинг иштирокчилари ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинадилар.
(131-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Ишни кўриш кейинга қолдирилгач, уни янгидан кўриш бошидан бошланади.
132-модда. Тарафларнинг келишув битими
Тарафларнинг келишув битимига эришиши улар томонидан ёзма тарзда расмийлаштирилади.
Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланади, бу ҳақда ажрим чиқарилиб, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.
133-модда. Ишни кўришнинг тамомланиши
Барча далиллар текширилганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш бўйича қўшимча материаллар бор-йўқлигини аниқлайди. Бундай аризалар бўлмаса, раислик қилувчи ишни текшириш тугаганлигини эълон қилади ва хўжалик суди ҳал қилув қарори қабул қилиш учун чиқиб кетади.
134-модда. Баённома
Суд мажлисида, шунингдек суд мажлисидан ташқарида айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда баённома тузилади.
Суд мажлисининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:
1) суд мажлиси ўтказилган йил, ой, кун ва жой;
2) ишни кўраётган суднинг номи, суд таркиби, суд мажлиси котиби;
(134-модда иккинчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
3) ишнинг номи;
4) ишда иштирок этувчи шахслар ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари келганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
5) ишда иштирок этувчи шахсларга ва хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
6) суд томонидан мажлис залидан чиқиб кетмасдан чиқарилган ажримлар;
7) ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки арзлари ва илтимосномалари;
8) гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосаларини оғзаки тушунтиришлари;
9) айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда олинган маълумотлар.
Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, баённомада бу ҳақдаги маълумот кўрсатилиши керак.
(134-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Баённома котиб томонидан суд мажлисининг ўзида ёки алоҳида процессуал ҳаракат бажарилган вақтда мажлисдан ташқарида тузилади. Баённома раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан мажлиснинг эртаси кунидан кечиктирмай ёки бевосита шу ҳаракат бажарилганидан кейин имзоланиши керак.
(134-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Хўжалик судлов ишларини юритишнинг иштирокчилари баённома имзоланганидан кейин уч кунлик муддатда суд мажлисининг ёки процессуал ҳаракатнинг баённомаси билан танишиш ҳамда унинг тўла-тўкислиги ва тўғри тузилганлиги хусусида ўз фикрларини бериш ҳуқуқига эга.
Судья баённома хусусида фикрлар қабул қилинганлиги ёки рад этилганлиги тўғрисида ажрим чиқаради.
18-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ
135-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш
Хўжалик суди низони мазмунан ҳал қилишда ҳал қилув қарори қабул қилади. Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. Хўжалик суди ҳал қилув қарорини мажлисда текширилган далиллар билангина асослайди.
Ҳал қилув қарори суд мажлисида ишни кўриш тугагандан кейин алоҳида хонада қабул қилинади. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш вақтида хонада ишни кўраётган хўжалик суди таркибига кирувчи судьяларгина бўлиши мумкин.
Ишни ҳайъатда кўрганда хўжалик судининг ҳал қилув қарори кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
136-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилишда ҳал этиладиган масалалар
Хўжалик суди ҳал қилув қарорини қабул қилишда:
1) далилларга баҳо беради;
2) иш учун аҳамиятли қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари аниқланмаганлигини белгилайди;
3) ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонун ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини ҳал қилади;
4) ушбу иш бўйича қайси қонун ҳужжатларини қўллаш зарурлигини белгилайди;
5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини аниқлайди;
6) даъвони қаноатлантириш лозимлиги ёки лозим эмаслигини ҳал қилади.
Хўжалик суди маслаҳат вақтида далилларни қўшимча равишда текширишни ёки иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлашни давом эттиришни зарур деб топса, ишни кўришни янгидан бошлайди.
137-модда. Ҳал қилув қарорининг баёни
Ҳал қилув қарори суд мажлисида раислик қилувчи ёки ишни кўраётган судьялар таркибидаги бошқа судья томонидан ёзма баён қилиниб, мажлисда иштирок этаётган барча судьялар томонидан имзоланади.
138-модда. Ҳал қилув қарорининг мазмуни
Хўжалик суди ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номи билан қабул қилади.
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.
Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида уни қабул қилган хўжалик судининг номи, суд таркиби, суд мажлиси котиби, ишнинг тартиб рақами, иш кўрилган сана ва жой, ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, низо предмети, мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг фамилиялари ва ваколатлари кўрсатилади.
(138-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ҳал қилув қарорининг баён қисмида даъво аризасининг, унинг юзасидан билдирилган мулоҳазанинг, бошқа тушунтиришларнинг, ишда иштирок этувчи шахслар аризаларининг қисқача баёни ифодаланиши лозим.
Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари, хўжалик судининг бу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар ва хўжалик суди у ёки бу далилларни рад қилишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важ, шунингдек суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда таянган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳар бир даъво талабини қаноатлантириш ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши лозим.
Ишда бир неча даъвогар ва жавобгар иштирок этаётган бўлса, қарорда низо улардан ҳар бирига нисбатан қандай ҳал қилингани кўрсатилади.
Дастлабки даъвони ва қарши даъвони тўла ёки қисман қаноатлантирганда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида даъволарни ўзаро ҳисобга олиш натижасида ундирилиши лозим бўлган сумма кўрсатилади.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг қандай тақсимланиши, ҳал қилув қарори устидан шикоят бериш муддати ва тартиби кўрсатилади.
Агар хўжалик суди ҳал қилув қарорини ижро этиш тартибини белгиласа ёки унинг ижросини таъминлаш чораларини кўрса, бу тўғрида ҳал қилув қарорида кўрсатилади.
139-модда. Пул маблағларини ва мол-мулкни ундириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Хўжалик суди пул маблағларини ундириш тўғрисидаги даъвони қаноатлантирганида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундириладиган сумманинг умумий миқдорини асосий қарзни, зарарларни, неустойкани (жарима ва пеняни) алоҳида-алоҳида аниқлаган ҳолда кўрсатади.
(139-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
Хўжалик суди мол-мулкни ундириб берганида топширилиши лозим бўлган мол-мулкнинг номи, унинг қиймати ва турган жойини кўрсатади.
140-модда. Ижро ҳужжатини ёки бошқа ҳужжатни ижро этишга тегишли эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Ижро ҳужжатини ёки ундириш сўзсиз (акцептсиз) тартибда, шу жумладан нотариуснинг ижро ёзуви асосида, амалга ошириладиган бошқа ҳужжатни ижро этишга тегишли эмас деб топиш тўғрисидаги низо бўйича даъво қаноатлантирилганида ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ижро этишга тегишли бўлмаган ҳужжатнинг номи, тартиб рақами ва санаси ҳамда ҳисобдан ўчирилмайдиган сумма кўрсатилади.
141-модда. Шартнома тузиш ёки уни ўзгартириш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Шартнома тузиш ёки уни ўзгартириш вақтида келиб чиққан низо бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида шартноманинг ҳар бир низоли шарти бўйича қабул қилинган қарор кўрсатилади, шартнома тузишга мажбурлаш тўғрисидаги низо бўйича эса тарафлар қандай шартларда шартнома тузишига мажбурлиги кўрсатилади.
142-модда. Жавобгарга муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳал қилув қарори
Жавобгар зиммасига мол-мулкни бериш ёки пул суммасини ундириш билан боғлиқ бўлмаган муайян ҳаракатларни бажариш мажбуриятини юклайдиган ҳал қилув қарори қабул қилинганида хўжалик суди унинг хулоса қисмида шу ҳаракатларни ким, қаерда, қачон ёки қайси давр мобайнида бажариши шартлигини кўрсатади.
Зарурат бўлганда хўжалик суди, агар жавобгар ҳал қилув қарорини бажармаса, даъвогар тегишли ҳаракатларни жавобгар ҳисобидан бажариб, зарур харажатларни ундириб олишга ҳақли эканлигини кўрсатиши мумкин.
Агар ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатлар фақат жавобгар томонидан бажарилиши мумкин бўлса, хўжалик суди ҳал қилув қарорида у ижро этилиши лозим бўлган муддатни белгилаб қўяди.
143-модда. Давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори
Давлат органининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар акс этиши керак:
1) ҳужжатнинг номи, тартиб рақами, чиқарилган санаси, бошқа зарур реквизитлари ва уни чиқарган орган тўғрисидаги маълумотлар;
2) ҳужжатни тўла ёки унинг маълум қисмини ҳақиқий эмас деб топиш ёхуд аризачининг талабини тўла ёки унинг маълум қисмини рад этиш тўғрисидаги кўрсатма;
3) қабул қилинган ҳужжат туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш лозимлиги тўғрисидаги кўрсатма, шундай талаблар мавжуд бўлган тақдирда.
(143-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан 3-банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишни ёки рўйхатдан ўтказишдан бош тортишни ноқонуний деб топиш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилганида хўжалик суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида тегишли давлат органига шундай рўйхатдан ўтказиш мажбуриятини юклайди.
144-модда. Хўжалик судининг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори
Хўжалик суди юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги аризани қаноатлантирганида ҳал қилув қарорида аниқланган факт баён қилиниши керак.
Хўжалик судининг юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори тегишли органлар томонидан шундай фактни қайд этиш учун ёки аниқланган факт муносабати билан юзага келадиган ҳуқуқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.
145-модда. Ҳал қилув қарорини эълон қилиш
Ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин иш кўрилган мажлиснинг ўзида раислик қилувчи томонидан эълон қилинади. Алоҳида ҳолларда ўта мураккаб ишлар юзасидан асослантирилган ҳал қилув қарорини тузиш кўпи билан уч кунга кечиктирилиши мумкин, аммо ҳал қилув қарорининг хулоса қисми ишнинг муҳокамаси тугаган мажлиснинг ўзида эълон қилинади. Айни бир вақтда раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлигини эълон қилади.
Ҳал қилув қарорининг эълон қилинган хулоса қисми барча судьялар томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши лозим.
Мажлисда раислик қилувчи хўжалик судининг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб беради.
146-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан кучга киради.
Апелляция шикояти берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаса, апелляция инстанцияси қарор чиқарган пайтдан қонуний кучга киради.
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин ижро этилади.
Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарорлари, шунингдек келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримлар дарҳол ижро этилади.
147-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш
Хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари бўйича ушбу Кодекснинг 7-бобида белгиланган қоидалар асосида ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш чораларини кўради.
148-модда. Ҳал қилув қарорини ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ҳал қилув қарори ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
(148-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
149-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори
Ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик суди қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилади:
1) ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирон-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;
2) суд ҳуқуқ масаласини ҳал қилиб, ундириладиган сумма миқдорини, берилиши лозим бўлган мол-мулкни ёки жавобгар бажариши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;
3) суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал қилинмаган бўлса.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш масаласи ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунча қўйилиши мумкин.
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш масаласи суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Тегишли равишда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахсларнинг келмаганлиги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди.
(149-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш рад этилган тақдирда ажрим чиқарилади.
Хўжалик судининг қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
(149-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
150-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш. Ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш
Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, низони ҳал қилган хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг ёки суд ижрочисининг аризасига кўра, ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтириб беришга, шунингдек ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси билан йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни, ҳал қилув қарорининг моҳиятига тегмаган ҳолда, тузатишга ҳақлидир.
(150-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш ва ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатоларни ёки ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
(150-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
19-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ АЖРИМИ
151-модда. Ажрим чиқариш ва унинг мазмуни
Хўжалик суди иш кўришни кейинга қолдирганда, иш юритишни тўхтатиб турганда, тугатганда, даъвони кўрмасдан қолдирганда, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқаради.
Алоҳида ҳужжат тариқасида чиқариладиган ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами, ажрим чиқарилган сана, суд таркиби, суд мажлиси котиби, низо предмети;
(151-модда иккинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) ажрим чиқарилаётган масала;
4) хўжалик суди ўз хулосаларини чиқаришга олиб келган сабаблар, бунда таянилган қонун ҳужжатлари;
5) кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса.
Хўжалик суди суд мажлисида ишни кўраётганида суд муҳокамаси давомида ҳал этилишини талаб қиладиган масалалар бўйича алоҳида ҳужжат тариқасида расмийлаштирмасдан ажрим чиқаришга ҳақлидир. Ажрим оғзаки эълон қилинади ва суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади. Ажримда у қайси масала бўйича чиқарилаётгани, суд ўз хулосасини чиқаришига олиб келган сабаблар ҳамда кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса кўрсатилади.
152-модда. Хусусий ажрим
Низони кўриш вақтида ташкилотлар, давлат органи ва бошқа орган, мансабдор шахс ёки фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланган тақдирда хўжалик суди хусусий ажрим чиқаришга ҳақлидир.
Хусусий ажрим тегишли ташкилотларга, давлат органларига ва бошқа органларга, мансабдор шахсларга, фуқароларга юборилади, улар бир ойлик муддатда хўжалик судига кўрилган чоралар тўғрисида хабар қилишлари шарт.
Хусусий ажрим устидан шикоят қилиш мумкин.
Агар суд хўжалик низосини кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилади.
(152-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 18 сентябрдаги ЎРҚ-335-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 38-сон, 433-модда)
153-модда. Ажримни юбориш
Хўжалик суди алоҳида ҳужжат тариқасида ажрим чиқарган ҳолларда, ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Ушбу Кодексга мувофиқ устидан шикоят қилиниши мумкин бўлган ажримлар ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажримлар дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажримлар ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
(153-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
20-БОБ. АЛОҲИДА ТОИФАДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ ХУСУСИЯТЛАРИ
154-модда. Ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишларни кўриш
Ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар хўжалик суди томонидан ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, банкротлик тўғрисидаги қонунда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда кўрилади.
155-модда. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишларни кўриш
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалар ушбу Кодекснинг 112-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ расмийлаштирилади.
Хўжалик суди юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аризачи бу фактларни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни бошқача тартибда олиш имкониятига эга бўлмаганда ёхуд йўқолган ёки йўқ қилиб юборилган ҳужжатларни тиклаш имконияти бўлмаган тақдирда аниқлайди.
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлар хўжалик суди томонидан ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда кўрилади.
201-боб. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш
1551-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш
Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг хўжалик судига тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида хўжалик судига ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги хўжалик судига берилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги низо бўйича иш юритиш хўжалик суди томонидан тугаллангунига қадар ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси бўйича иш юритишни тўхтатиб туради.
1552-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва ҳал қилув қарори юзасидан низолашаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) мазкур ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат этган тараф ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва мазкур қарор қандай асослар бўйича низолашилаётганлиги.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон манзил ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
(1552-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори нусхаси мазкур ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган нусхаси;
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза нусхаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг ариза тақдим этишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Ушбу Кодекс 1551-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган талабларга ва ушбу модда қоидаларига риоя этилмаган тақдирда, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан аризачига қайтарилади.
1553-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда хўжалик судида низолашилаётган ҳал қилув қарорига оид иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин.
Хўжалик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Хўжалик суди ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ушбу Кодекснинг 1554-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини баён қилинган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Хўжалик суди ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
1554-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, хўжалик суди томонидан бекор қилиниши керак:
1) ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;
3) ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори хўжалик суди томонидан бекор қилиниши керак.
1555-модда. Хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича ажрими
Хўжалик суди ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради.
Хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни рад этиш ҳақидаги ажримида қуйидагилар ҳам бўлиши керак:
1) ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарори тўғрисидаги ва мазкур қарор қабул қилинган жой тўғрисидаги маълумотлар;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби тўғрисидаги маълумотлар;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ёхуд аризачининг талабини тўлиқ ёки қисман қаноатлантиришни рад этиш учун кўрсатма.
Ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгитдан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан хўжалик судига мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик битими ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича хулосалар мавжудлиги оқибатида хўжалик суди томонидан тўлиқ ёхуд қисман бекор қилинган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан хўжалик судига мурожаат этишлари мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги иш бўйича хўжалик судининг ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
202-боб. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш
1556-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришнинг умумий қоидалари
Ушбу бобда белгиланган қоидалар ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризалари хўжалик суди томонидан кўриб чиқилаётганда қўлланилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги масала ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига чиқарилган бўлса, ўша тарафнинг аризасига биноан хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза қарздор жойлашган ердаги ёки яшайдиган жойдаги ёхуд, агар қарздор жойлашган ер ёки яшайдиган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги хўжалик судига берилади.
1557-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда берилади ва ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирининг фойдасига қабул қилинган бўлса, ўша тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланиши керак.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;
2) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) ариза билан мурожаат этган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги талаб.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон манзил ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
(1557-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган нусхаси. Доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори нусхаси мазкур ҳакамлик судининг раиси томонидан тасдиқланади, муваққат ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг нусхасидаги ҳакамлик судьясининг имзоси нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак;
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган нусхаси;
3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза нусхаси ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига топширилганлиги ҳақидаги хабарнома ёки унинг юборилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, аризага вакилнинг ариза тақдим этишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат хўжалик суди томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.
Ушбу Кодекснинг 1556-моддасида назарда тутилган талаблар ва ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан аризачига қайтарилади.
1558-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тартиби
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда ижро варақаси сўралаётган иш материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин.
Хўжалик суди ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Хўжалик суди ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш учун ушбу Кодекснинг 1559-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини баён қилинган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Хўжалик суди ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекс 1551-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган хўжалик судининг иш юритувида бўлса, мазкур ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилаётган хўжалик суди ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни қарздорнинг илтимосномасига биноан кейинга қолдириши мумкин.
1559-модда. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш асослари
Хўжалик суди ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этган ҳоллардагина рад этади:
1) ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларни бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, хўжалик суди ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосалар бўлган қисми учун ижро варақаси беради;
3) ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафлари учун ҳали мажбурий бўлмаганлигини ёки бекор қилинганлигини ёхуд унинг ижроси хўжалик суди ёки фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тўхтатиб турилганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, хўжалик суди ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этади.
15510-модда. Хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги иш бўйича ажрими
Хўжалик суди ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодексда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради.
Хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ёки ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш ҳақидаги ажримида қуйидагилар ҳам бўлиши керак:
1) ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби;
2) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори тўғрисидаги, аризачи мажбурий ижро этилишини илтимос қилаётган ижро варақасини бериш ҳақидаги маълумотлар;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ёки ижро варақаси беришни рад этиш учун кўрсатма.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш рад этилганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгитдан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга биноан хўжалик судига мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳакамлик битимининг ҳақиқий эмаслиги оқибатида ёки ҳал қилув қарори ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлиги ёхуд унда ҳакамлик битимида қамраб олинмаган масалалар бўйича тўхтамлар мавжудлиги ёинки низо ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлиши мумкин эмаслиги оқибатида хўжалик суди томонидан тўлиқ ёки қисман рад этилган бўлса, ҳакамлик муҳокамаси тарафлари бундай низони ҳал қилиш учун ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан хўжалик судига мурожаат этишлари мумкин.
Хўжалик судининг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши керак.
Хўжалик судининг ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ чиқарилган ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.
(201 ва 202-боблар Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 1 августдаги ЎРҚ-106-сонли Қонуни билан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда)
203-боб. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни юритиш
15511-модда. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида мурожаат қилиш ҳуқуқи
Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисида аризалар билан хўжалик судларига назорат қилувчи органлар мурожаат қилишга ҳақли.
15512-модда. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш
Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар асосида, ушбу бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда кўриб чиқилади.
15513-модда. Ҳуқуқий таъсир чоралари
Ҳуқуқий таъсир чоралари қуйидагилардан иборат:
фаолиятни тугатиш;
атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш;
фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;
банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
молиявий жазо чораларини қўллаш, бундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня ҳисоблаб чиқариш, шунингдек ташкилот ёки фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлганлиги ва молиявий жазо чоралари суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно;
тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсатномалар) мустасно.
Хўжалик суди қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини ҳам қўллаши мумкин.
15514-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ариза хўжалик судига ёзма шаклда берилади ва аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи ва уларнинг почта манзиллари;
3) ҳуқуқбузарлик фактини аниқлаган назорат қилувчи органнинг номи;
4) аризада қўйилган талабга асос бўлган ҳолатлар;
5) аризада қўйилган талабнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;
6) хўжалик судига мурожаат қилишга асос бўлган ташкилот ёки фуқаронинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
7) аризачининг талаби;
8) низони жавобгар билан судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар бу шу тоифадаги низолар учун қонунда назарда тутилган бўлса;
9) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.
(15514-модда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризада бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.
Ушбу моддада, шунингдек ушбу Кодекснинг 15515-моддасида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган қоидалар бўйича аризачига қайтарилади.
15515-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган ҳужжатлар
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги аризага, ушбу Кодекс 114-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари, қуйидагилар илова қилинади:
1) фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; ташкилот ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг фаолиятни тугатиш, атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш учун асос бўладиган тарзда бузилганлигини тасдиқловчи далиллар;
(15515-модданинг биринчи қисми 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
2) фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш тўғрисидаги аризага — таъсис ҳужжатларининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; ташкилот ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш учун асос бўладиган тарзда бузилганлигини тасдиқловчи далиллар;
(15515-модданинг биринчи қисми 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
3) банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги аризага — солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганлигини ёки солиқ тўловчи даромадлар олиш учун фойдаланаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш рад этилганлигини, солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаганлигини, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот тақдим этилмаганлигини тасдиқловчи далил;
(15515-модданинг 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-373-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 36-сон, 452-модда)
4) молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги аризага — текшириш ўтказилишига асос бўлган ҳужжатлар (назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органнинг қарори, бундай қарор олиш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳоллар бундан мустасно; агар текшириш жиноят иши доирасида ўтказилса, тергов органининг (суриштирув органининг) қарори; текшириш ўтказиш тўғрисидаги буйруқ; текшириш ўтказиш режаси ва ҳоказо); текшириш натижалари бўйича тузилган далолатнома ёки бошқа ҳужжат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар; текшириш материалларини кўриб чиқиш баённомаси ва қарор, агар уларни тузиш ёки қабул қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса; қарорнинг кўчирма нусхаси жавобгарга топширилганлиги ёки юборилганлиги далили;
5) тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш тўғрисидаги аризага — лицензиянинг (рухсатноманинг) ва лицензия шартномасининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхалари; ташкилот ёки фуқаро томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг ва лицензия шартномаси шартларининг лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва (ёки) лицензияни (рухсатномани) бекор қилиш учун асос бўладиган тарзда бузилганлигини тасдиқловчи далил.
15516-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича хабарномалар ва чақирувлар
Хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахсларни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодексда белгиланган тартибда хабардор қилади. Бунда суд аризачининг зиммасига жавобгарни суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш мажбуриятини юклашга ҳақли. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги, агар суд уларнинг келишини мажбурий деб топмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Процесснинг бошқа иштирокчилари ушбу Кодексда белгиланган тартибда хабардор қилинади ва судга чақирилади.
15517-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича суд муҳокамаси
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, ариза хўжалик судига келиб тушганидан кейин камида бир ойдан сўнг кўриладиган молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда хўжалик суди суд мажлисида: ҳуқуқбузарлик ҳодисаси бўлган-бўлмаганлигини ва унинг содир этилганлиги фактини; текшириш учун ва текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузиш учун асослар ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари бор-йўқлигини; мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган-тутилмаганлигини ва ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлайди.
Молиявий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда хўжалик суди молиявий жазо чоралари суммасининг ҳисоб-китоби қанчалик тўғрилигини ҳам текширади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича келишув битими тузилишига йўл қўйилмайди.
15518-модда. Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича хўжалик судининг ҳал қилув қарори
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори хўжалик суди томонидан ушбу Кодекснинг 18-бобида белгиланган қоидалар асосида қабул қилинади.
Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича хўжалик суди ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш ёки арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги арз қилинган талаб қаноатлантирилган тақдирда, хўжалик суди ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилган шахснинг номи;
2) ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
3) қўлланилган ҳуқуқий таъсир чорасининг тури, молиявий жазо чораси қўлланилган тақдирда эса унинг миқдори; зиммасига молиявий жазо чораси суммасини ундириш юклатилган назорат қилувчи органнинг номи;
4) фаолият чекланадиган, тўхтатиб туриладиган ва тақиқланадиган муддат; лицензиянинг (рухсатноманинг) амал қилиши тўхтатиб туриладиган муддат; амал қилиши тўхтатиб турилган ёки тугатилган лицензиянинг (рухсатноманинг), шунингдек бекор қилинган лицензиянинг (рухсатноманинг) номи, рақами, берилган санаси ва бошқа реквизитлари ҳақидаги ҳамда лицензияни (рухсатномани) берган орган тўғрисидаги маълумотлар; фаолият қандай шартлар бажарилгунига қадар чекланаётганлиги, тўхтатиб турилаётганлиги ва тақиқланаётганлиги; банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар қандай шартлар бажарилгунига қадар тўхтатиб қўйилганлиги.
Хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, у қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда хўжалик судининг ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.
Ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин уч иш куни ичида хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
(203-боб Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонуни билан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
204-боб. Корпоратив низолар бўйича иш юритиш
15519-модда. Корпоратив низолар бўйича ишлар
Суд қуйидаги корпоратив низоларни ҳал қилади:
1) юридик шахсни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш билан боғлиқ низолар;
2) хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларнинг, улушларнинг, кооперативлар аъзолари пайларининг мансублиги, уларга юкламалар белгилаш ва улардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ низолар, бундан хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни, улушларни, кооперативлар аъзоларининг пайларини ўз ичига олувчи мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар мустасно;
3) юридик шахс иштирокчиларининг (муассисларининг, аъзоларининг) (бундан буён матнда юридик шахс иштирокчилари деб юритилади) юридик шахс томонидан тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва (ёки) бундай битимларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги даъволари бўйича низолар;
4) қимматли қоғозлар эмиссияси билан, шу жумладан давлат органларининг ва бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), эмитентнинг бошқарув органлари қарорлари юзасидан низолашиш билан, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимлар, эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш (қўшимча равишда чиқариш) натижалари бўйича ҳисоботлар (хабарномалар) юзасидан низолашиш билан боғлиқ низолар;
5) қимматли қоғозларни номинал сақловчиларнинг акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, қимматли қоғозларни жойлаштириш ва (ёки) уларнинг муомаласи муносабати билан қонунда назарда тутилган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларни қимматли қоғозларнинг номинал сақловчилари томонидан амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятидан келиб чиқадиган низолар;
6) юридик шахс иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги низолар;
7) юридик шахс бошқарув органларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тўғрисидаги низолар.
Суд қонун ҳужжатларида ўз ваколатларига киритилган бошқа корпоратив низоларни ҳам ҳал қилади.
15520-модда. Корпоратив низолар бўйича ишларни кўриб чиқиш тартиби
Корпоратив низолар бўйича ишлар суд томонидан ушбу Кодексда назарда тутилган қоидалар бўйича, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда кўриб чиқилади.
15521-модда. Корпоратив низо бўйича даъво аризасига доир талаблар
Корпоратив низо бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 112-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.
Даъво аризасига ушбу Кодекснинг 114-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар, шунингдек юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ва унинг жойлашган ери (почта манзили) ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳужжат илова қилинади.
15522-модда. Корпоратив низолар бўйича даъвони таъминлаш чоралари
Корпоратив низолар бўйича даъвони таъминлаш чоралари ушбу Кодекснинг 7-бобида назарда тутилган тартибда суд томонидан кўрилади.
(204-боб Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)
III БЎЛИМ. ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРЛАРИНИ ҚАЙТА КЎРИШ БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ
21-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА ИШ ЮРИТИШ
156-модда. Апелляция шикояти бериш (протести келтириш) ҳуқуқи
Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар хўжалик судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протест) беришга ҳақлидир.
(156-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
157-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи суд
Апелляция шикоятини (протестини) кўришни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) биринчи инстанцияда ҳал қилув қарорини қабул қилган суд кўради.
(157-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
1571-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш тартиби
Апелляция шикояти (протести) апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи судга ҳал қилув қарорини қабул қилган суд орқали берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция шикоятини (протестини) кўрувчи судга иш билан бирга юбориши шарт.
(1571-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
158-модда. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати
Апелляция шикояти (протести) хўжалик суди ҳал қилув қарорини қабул қилгандан кейин бир ой ичида берилади.
(158-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади
(158-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонунига мувофиқ иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
159-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) мазмуни
Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят (протест) йўлланган хўжалик судининг номи;
2) шикоят бераётган (протест келтираётган) шахснинг номи;
3) устидан шикоят берилаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик судининг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низонинг предмети;
4) шикоят бераётган (протест келтираётган) шахснинг талаблари ва ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблашининг асослари, бунга далил бўлган қонун ҳужжатлари ҳамда иш материаллари;
5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Апелляция шикояти шикоят бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан, апелляция протести эса прокурор томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома, агар у аввал шу иш бўйича берилмаган бўлса, илова қилинади.
Шикоятга (протестга) шикоят (протест) нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади. Бундан ташқари шикоятга давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи далиллар ҳам илова қилинади.
(159-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
160-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг) нусхасини ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш
Апелляция шикояти (протести) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоятнинг ва унга илова қилинган, бу шахсларда бўлмаган ҳужжатларнинг нусхаларини юборади.
(160-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
161-модда. Апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр билдириш
(161-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ишда иштирок этувчи шахс апелляция шикоятининг (протестининг) нусхасини олгач, унинг юзасидан ўз ёзма фикрини ва ёзма фикрнинг нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганини тасдиқловчи далилларни апелляция шикояти кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда хўжалик судига юборишга ҳақлидир.
(161-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга ваколатли эканлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
Ёзма фикрга аввал тақдим этилмаган ҳужжатлар илова қилиниши мумкин. Бу ҳолда ёзма фикрга ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга уларда бўлмаган ҳужжатларнинг нусхалари юборилганини тасдиқловчи далиллар илова қилинади.
162-модда. Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш
Судья апелляция шикоятини (протестини) қуйидаги ҳолларда қайтаради:
1) апелляция шикояти (протести) имзоланмаган ёхуд уни имзолашга ҳуқуқи бўлмаган шахс ёки мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
2) апелляция шикоятига (протестига) унинг нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга жўнатилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаган бўлса;
3) давлат божи белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар апелляция шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
4) апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва унда ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса;
5) ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингани тўғрисидаги ажрим юборилгунга қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариш тўғрисида ариза тушган бўлса.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан кассация шикояти бериш (протести келтириш) мумкин.
Шикоят берган (протест келтирган) шахс ушбу модданинг биринчи қисмидаги 1, 2, 3-бандларда кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин хўжалик судига апелляция шикояти (протести) билан умумий тартибда яна мурожаат қилишга ҳақли.
(162-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
163-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим
(163-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Судья апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқаради.
(163-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ажримда апелляция шикоятини (протестини) кўриш вақти ва жойи кўрсатилади.
(163-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
(163-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
164-модда. Апелляция инстанциясида ишни кўриш тартиби
Иш апелляция инстанциясида ушбу бобда назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ишни биринчи инстанция хўжалик судида кўриб чиқиш қоидалари бўйича кўриб чиқилади. Бунда биринчи инстанция учунгина белгиланган қоидалар қўлланилмайди.
165-модда. Апелляция шикоятидан воз кечиш. Протестни чақириб олиш
(165-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Апелляция шикояти берган шахс қарор чиқарилгунга қадар ундан воз кечишга ҳақли.
Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 40-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этиб, ишни апелляция тартибида кўриб чиқишга ҳақли.
Протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунча протестни чақириб олишга ҳақли. Протест чақириб олингани ҳақида ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинади.
(165-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонунига мувофиқ учинчи қисм билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Суд шикоятдан воз кечишни қабул қилса ёки протест чақириб олинса, агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят қилмаган бўлса, апелляция инстанциясида иш юритишни тугатади.
(165-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хўжалик суди апелляция инстанциясида иш юритишни тугатганлиги тўғрисида ажрим чиқаради.
166-модда. Ишни апелляция инстанциясида кўриш чегараси
Хўжалик суди ишни апелляция инстанциясида кўрганида ишда мавжуд ва қўшимча тақдим этилган далиллар бўйича ишни қайта кўради. Агар аризачи қўшимча далилларни ўзига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра биринчи инстанция судига тақдим этиш имкониятига эга бўлмаганлигини асосласа, хўжалик суди қўшимча далилларни қабул қилади.
Суд апелляция шикоятида (протестида) баён этилган важлар билан чекланиб қолмайди ҳамда ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини тўла ҳажмда текширади.
(166-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Иш биринчи инстанцияда кўрилганда тақдим этилмаган янги талаблар апелляция инстанциясида қабул қилинмайди ва кўрилмайди.
167-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриш муддати
Хўжалик судининг ҳал қилув қарори устидан тушган апелляция шикояти (протести) хўжалик судига тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўрилади.
(167-модда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) хўжалик судига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.
(167-модда Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-288-сонли Қонунига мувофиқ иккинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 162-модда)
168-модда. Апелляция инстанциясининг ваколатлари
Хўжалик суди ишни апелляция инстанциясида кўргач:
1) суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;
(168-модданинг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
2) ҳал қилув қарорини тўла ёки қисман бекор қилиб, янги қарор қабул қилишга;
3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;
4) ҳал қилув қарорини тўла ёки қисман бекор қилиб, ишни юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўла ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
5) ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ушбу Кодекс 170-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.
(168-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 14 декабрдаги 163-II-сонли Қонунига мувофиқ 4 ва 5-бандлар билан алмаштирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 11-модда)
169-модда. Ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари
Қуйидагилар хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади:
1) иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
2) хўжалик суди аниқланган деб ҳисоблаган иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги;
4) моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.
170-модда. Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши
Агар процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, бу ҳол ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ҳар қандай ҳолда ҳам биринчи инстанция хўжалик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади, агар:
1) иш суд томонидан ноқонуний таркибда кўрилган бўлса;
2) суд ишни мажлис жойи ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрган бўлса;
3) ишни кўришда суд иши юритиладиган тил тўғрисидаги қоидалар бузилган бўлса;
4) суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса;
(170-модданинг иккинчи қисми 4-банди Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
5) ҳал қилув қарори судьялардан бирортаси томонидан имзоланмаган бўлса ёки ҳал қилув қарорида кўрсатилмаган судьялар томонидан имзоланган бўлса;
6) ҳал қилув қарори ишни кўрган таркибдаги судьялардан бошқа судьялар томонидан қабул қилинган бўлса;
7) ишда суд мажлисининг баённомаси бўлмаса ёки у ушбу Кодекс 134-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахс томонидан имзоланмаган бўлса.
171-модда. Апелляция инстанциясининг қарори
Апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилиниб, у барча судьялар томонидан имзоланади.
(171-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Қарорда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
1) қарорни қабул қилган хўжалик судининг номи, қарор қабул қилинган сана, ишнинг тартиб рақами, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлиси котиби, мажлисда иштирок этган шахсларнинг фамилиялари ва ваколатлари, биринчи инстанцияда ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва ҳал қилув қарорини қабул қилган судьяларнинг фамилиялари;
(171-модда иккинчи қисмининг 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи, апелляция шикояти (протести) берган шахснинг номи;
(171-модда иккинчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
3) қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;
4) ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш масаласи қўйилишига сабаб бўлган асослар;
5) апелляция шикояти (протести) юзасидан билдирилган мулоҳазада баён қилинган важлар;
(171-модда иккинчи қисмининг 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
6) мажлисда иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари;
7) ишнинг хўжалик суди томонидан аниқланган ҳолатлари, хўжалик судининг шу ҳолатлар тўғрисидаги хулосаларига асос бўлган далиллар ҳамда хўжалик суди у ёки бу далилларни рад этишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важлар, шунингдек суд қарор қабул қилишда амал қилган қонун ҳужжатлари;
8) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилаётганда ёки ўзгартираётганда апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг хулосаларига қўшилмаганлигининг сабаблари;
9) апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижалари бўйича хулосалар;
(171-модда иккинчи қисмининг 9-банди Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
10) суд харажатларининг тарафлар ўртасида тақсимланиши.
Қарор қабул қилинган вақтидан бошлаб қонуний кучга киради.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
(171-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Қарор устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
(171-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
172-модда. Хўжалик судининг ажрими устидан апелляция шикоятлари (протестлари)
(172-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хўжалик судининг ажримлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
(172-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хўжалик судининг ажрими устидан апелляция шикоятлари (протестлари) суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кўрилади.
(172-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
Хўжалик суди томонидан апелляция инстанциясида даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, тугатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларда иш биринчи инстанция судига кўриш учун ўтказилади.
22-БОБ. КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА ИШ ЮРИТИШ
173-модда. Кассация шикояти бериш ҳуқуқи
Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга, прокурор эса кассация протести беришга ҳақлидир.
(173-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
174-модда. Кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судлар
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судлари иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини текширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати шу суд томонидан биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини текширади.
(174-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
175-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби
Кассация шикояти (протести) кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судга ҳал қилув қарорини қабул қилган суд орқали берилади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судга иш билан бирга юбориши шарт.
(175-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
176-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш муддати
Кассация шикояти (протести) хўжалик судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой давомида берилиши мумкин.
(176-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
177-модда. Кассация шикоятининг (протестининг) мазмуни
Кассация шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) шикоят (протест) йўлланаётган хўжалик судининг номи;
2) шикоят (протест) бераётган шахснинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, низо предмети;
(177-модданинг биринчи қисми 3-банди Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
4) шикоят (протест) берган шахснинг талаблари, моддий ёхуд процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши нимадан иборатлиги;
5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.
Кассация шикоятида (протестида) ишнинг ҳолатлари исботланмаганлигини ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳақиқий муносабатлари тўғрисида ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалар ишнинг ҳолатларига номувофиқлигини далил қилиб келтиришга йўл қўйилмайди.
(177-модданинг иккинчи қисмии Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Кассация шикояти уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома, агар у аввал ушбу иш бўйича тақдим этилмаган бўлса, илова қилинади.
Шикоятга давлат божи тўланганлигини ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоятнинг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади.
178-модда. Ишда иштирок этаётган шахсларга кассация шикоятининг (протестининг) нусхаларини юбориш
Кассация шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоят (протест) нусхасини ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг нусхаларини юборади.
179-модда. Кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр билдириш
Ишда иштирок этувчи шахс кассация шикоятининг (протестининг) нусхасини олганидан кейин унинг юзасидан ўз ёзма фикрини ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга фикр нусхалари жўнатилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни кассация шикояти (протести) кўриб чиқиладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда хўжалик судига юборишга ҳақлидир.
Ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга ваколати борлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.
180-модда. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш
Кассация шикояти (протести) қуйидаги ҳолларда қайтарилади:
1) кассация шикояти (протести) имзоланмаган ёки уни имзолашга ҳуқуқи бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;
2) шикоят (протест) ҳал қилув қарорини қабул қилган хўжалик судини четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;
3) кассация шикоятига (протестига) ишда иштирок этувчи шахсларга унинг нусхалари жўнатилганини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаган бўлса;
4) кассация шикоятига белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
5) кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса;
6) кассация шикоятида (протестида) моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларини бузиш ёки нотўғри қўлланиш нимадан иборатлиги кўрсатилган бўлмаса;
7) ишда иштирок этувчи шахсларга кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингани тўғрисидаги ажрим юборилгунга қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариш тўғрисида ариза тушган бўлса.
Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг судьяси томонидан қайтарилади. Агар шикоятни (протестни) қайтариш асослари кассация инстанциясида аниқланган бўлса, шикоятни (протестни) шу инстанция судининг судьяси қайтаради.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида биринчи инстанция судьяси томонидан чиқарилган ажрим устидан кассация инстанциясига шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 3, 4, 6-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоятни (протестни) берган шахс кассация шикояти (протести) билан хўжалик судига умумий тартибда яна мурожаат қилишга ҳақли.
181-модда. Кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингани тўғрисидаги ажрим
Кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингани тўғрисида судья ажрим чиқаради.
Ажримда кассация шикоятини (протестини) кўриш вақти ва жойи кўрсатилади.
Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.
(181-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
182-модда. Ҳал қилув қарорини, қарорни ижро этишни тўхтатиб туриш
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.
(182-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
183-модда. Кассация инстанциясида ишни кўриш тартиби
Иш кассация инстанциясида ушбу бобда назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда биринчи инстанция хўжалик суди томонидан ишни кўриш қоидалари асосида кўрилади. Бунда биринчи инстанция учунгина белгиланган қоидалар қўлланилмайди.
184-модда. Кассация шикоятидан воз кечиш. Протестни чақириб олиш
Кассация шикояти берган шахс қарор чиқарилгунга қадар ундан воз кечишга ҳақли.
Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 40-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этиб, ишни кассация тартибида кўришга ҳақли.
Протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунча протестни чақириб олишга ҳақли. Протест чақириб олингани ҳақида ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинади.
Суд кассация шикоятидан воз кечишни қабул қилса ёки протест чақириб олинса, агар ҳал қилув қарори, қарор устидан ишда иштирок этувчи бошқа шахслар шикоят қилмаган бўлсалар, кассация инстанциясида иш юритишни тугатади.
Хўжалик суди кассация инстанциясида иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.
185-модда. Кассация шикоятини кўриш муддати
Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) иш билан бирга кассация инстанциясида қабул қилинган қарорларнинг қонунийлигини текширувчи судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда кўрилади.
(185-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
186-модда. Кассация инстанциясида ишни кўриш чегараси
Хўжалик суди ишни кассация инстанциясида кўрганида биринчи инстанция судида моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини текширади.
(186-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
187-модда. Кассация инстанциясининг ваколатлари
Кассация инстанцияси хўжалик суди ишни кўрганидан кейин қуйидагиларга ҳақли:
1) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;
2) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини тўла ёки қисман бекор қилиш ҳамда янги қарор қабул қилишга;
3) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини, ушбу Кодекс 188-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, бекор қилиш ҳамда ишни ҳал қилув қарори бекор қилинган хўжалик суди инстанциясига янгидан кўриш учун юборишга;
4) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;
5) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини тўла ёки қисман бекор қилиш ва иш юритишни тугатиш ёхуд даъвони тўла ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
6) аввал қабул қилинган ҳал қилув қарорларидан бирини кучда қолдиришга.
(187-модданинг 1 — 6-бандлари Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
188-модда. Ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари
Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёхуд нотўғри қўлланилиши суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши, агар бу бузилиш нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган ёки олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.
Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидаги ҳолларда ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади:
1) иш суд томонидан ноқонуний таркибда кўрилган бўлса;
2) иш суд томонидан ишда иштирок этувчи, мажлиснинг ўтказилиш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса;
3) ишни кўришда суд иши юритиладиган тил тўғрисидаги қоидалар бузилган бўлса;
4) суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда қайси қонун ҳужжатига амал қилганлиги ҳал қилув қарорида кўрсатилмаган бўлса;
5) суд ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса;
6) ҳал қилув қарори судьялардан бири томонидан имзоланмаган бўлса ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланган бўлса;
7) ҳал қилув қарори ишни кўрган суд таркибига кирмаган судьялар томонидан қабул қилинган бўлса;
8) ишда суд мажлисининг баённомаси бўлмаса ёки у ушбу Кодекс 134-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахс томонидан имзоланмаган бўлса;
9) суд арз қилинган талаб бўйича қарор қабул қилмаган бўлса.
(188-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
189-модда. Кассация инстанцияси судининг қарори
Кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилиниб, у барча судьялар томонидан имзоланади.
Қарорда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
1) қарорни қабул қилган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами ва қарор қабул қилинган сана, қарорни қабул қилган суд таркиби, мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг фамилиялари ва ваколатлари;
2) кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи;
3) ишни биринчи инстанцияда кўрган суднинг номи, ишнинг тартиб рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьяларнинг фамилиялари;
4) қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;
5) ҳал қилув қарорининг қонунийлигини текшириш тўғрисида масала қўйилишига сабаб бўлган асослар;
6) кассация шикояти (протести) юзасидан мулоҳазада баён қилинган важлар;
7) мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;
8) суд ишда иштирок этувчи шахслар асосланган қонун ҳужжатларини қўлламаслигининг сабаблари, шунингдек суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонун ҳужжатлари;
9) биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарорини бекор қилганда ёки ўзгартирганда кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг хулосаларига рози бўлмаганлигининг сабаблари;
10) кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича хулосалар;
11) агар иш янгидан кўриш учун топширилаётган бўлса, ишда иштирок этаётган шахслар ва суд томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар;
12) ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
Қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва унинг устидан шикоят қилиш мумкин эмас.
(189-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
190-модда. Кассация инстанцияси суди кўрсатмасининг мажбурийлиги
Ишни кассация инстанциясида кўрган хўжалик судининг қарорда баён қилинган кўрсатмалари ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.
Ишни кассация инстанциясида кўраётган хўжалик суди у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги, иш янгидан кўрилганида қандай ҳал қилув қарори қабул қилиниши тўғрисидаги масалаларни аввалдан ҳал қилиб қўйишга ҳақли эмас.
191-модда. Хўжалик судининг ажрими устидан кассация шикояти (протести)
Хўжалик судининг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда кассация тартибида шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Хўжалик судининг ажримлари устидан тушган кассация шикояти (протести) суднинг ҳал қилув қарорлари устидан тушган кассация шикоятларини кўриш учун назарда тутилган тартибда кўрилади.
(191-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
23-БОБ. НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ
192-модда. Хўжалик судларининг ҳал қилув қарорлари ва қарорларини назорат тартибида қайта кўриш
Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлари ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларнинг протестлари бўйича назорат тартибида қайта кўрилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари бундан мустасно.
(192-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
1921-модда. Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза
Ишда иштирок этувчи шахслар назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризани ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахсларга беришга ҳақли.
Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза мазмунан ушбу Кодекс 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим. Аризага суднинг ҳал қилув қарори нусхаси, агар иш апелляция, кассация тартибида ҳам кўриб чиқилган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси судларининг қарорлари нусхалари ҳам илова қилинади.
Ушбу модданинг иккинчи қисми талабларига риоя қилинмаган тақдирда назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза қайтарилади.
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ўтгандан кейин берилган назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилмайди.
Назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги ариза бир ойлик муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак.
Протест келтириш учун асослар бўлмаганда ариза берган шахсга аризани қаноатлантирмасдан қолдириш сабаблари кўрсатилиб, ёзма жавоб берилиши лозим.
(1921-модда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 сентябрдаги ЎРҚ-184-сонли Қонуни билан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 40-41-сон, 406-модда)
193-модда. Протест келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар
Протест келтиришга қуйидагилар ҳақли:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори — Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай иқтисодий суди қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раисининг ўринбосарлари ва Бош прокурорининг ўринбосарлари — Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай иқтисодий суди қабул қилган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорлар устидан, бундан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари мустасно.
(193-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
194-модда. Ҳал қилув қарорининг, қарорнинг ижросини тўхтатиб туриш
Ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатилган шахслар протест келтирган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тегишли ҳал қилув қарорининг, қарорнинг ижросини назорат тартибида иш юритиш тамомлангунга қадар тўхтатиб туриши мумкин.
(194-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
195-модда. Ишларни протестлар бўйича назорат тартибида кўрувчи суд
Протестлар бўйича ишларни назорат тартибида қуйидагилар кўради:
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати — барча иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари устидан келтирилган протестлар бўйича;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати — барча иқтисодий судларнинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатининг назорат тартибида чиқарган қарорлари устидан келтирилган протестлар бўйича.
(195-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
196-модда. Ишларни талаб қилиб олиш
Ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатиб ўтилган мансабдор шахслар назорат тартибида протест келтиришга асослар мавжудлиги масаласини ҳал этиш учун ишни тегишли хўжалик судидан талаб қилиб олишга ҳақли.
197-модда. Протест келтириш
Протест келтириш учун асослар мавжуд бўлганда ушбу Кодекснинг 193-моддасида кўрсатилган мансабдор шахс протест келтиради ва уни иш билан бирга ишни назорат тартибида кўрувчи судга юборади.
(197-модданинг биринчи қисмии Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Протестнинг мазмуни ушбу Кодекс 177-моддасининг биринчи қисми талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Протестнинг нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.
Протест келтирган мансабдор шахс уни протест кўриладиган суд мажлиси бошлангунига қадар ўзгартириш, тўлдириш ёки чақириб олишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар протест тўлдирилганлиги, ўзгартирилганлиги ёки чақириб олинганлиги тўғрисида хабардор қилинади.
(197-модда Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 29 сентябрдаги ЎРҚ-184-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2008 й., 40-41-сон, 406-модда)
198-модда. Протестни кўриш тартиби
Ишни назорат тартибида кўрувчи суд протестни кўришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг ишнинг ҳолатлари ва протест важлари тўғрисидаги маърузасини эшитади.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суд мажлисига тушунтиришлар бериш учун ишда иштирок этувчи шахслар чақирилиши мумкин. Бундай ҳолда уларга ишни назорат тартибида кўрувчи суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарномалар юборилади. Уларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсиқ бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан ишни назорат тартибида кўришда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари иштирок этиб, ўзи келтирган протестни қувватлайди ёки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раиси ёки унинг ўринбосари келтирган протест бўйича кўрилаётган иш юзасидан хулоса беради.
(198-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
199-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг ишларни назорат тартибида қайта кўриш бўйича ваколатлари
(199-модданинг номи Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати ишни назорат тартибида кўриб:
(199-модданинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
1) хўжалик судининг ҳал қилув қарорини, қарорини ўзгаришсиз, протестни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;
2) ҳал қилув қарорини, қарорни тўла ёки қисман бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишга;
3) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартириб ёки бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбормасдан янги қарор қабул қилишга;
4) ҳал қилув қарорини, қарорни тўла ёки қисман бекор қилиб, иш юритишни тугатишга ёхуд даъвони тўла ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;
5) иш бўйича илгари қабул қилинган ҳал қилув қарорлари ёки қарорлардан бирини кучда қолдиришга ҳақли.
200-модда. Ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари
Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Хўжалик судининг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори юзаки асослар бўйичагина бекор қилиниши мумкин эмас.
201-модда. Қарор қабул қилиш тартиби
Ишни назорат тартибида кўрувчи суд ишни назорат тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади. Агар ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг ҳозир бўлган аъзоларидан кўпчилиги ёқлаб овоз берса, қарор қабул қилинган ҳисобланади. Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг аъзолари овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг қарори раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради.
Ишни назорат тартибида кўрувчи суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.
(201-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 15-сон, 242-модда)
202-модда. Ишни назорат тартибида кўрган хўжалик суди кўрсатмаларининг мажбурийлиги
Ишни назорат тартибида кўрган хўжалик судининг ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарорида баён этилган кўрсатмалари шу ишни янгидан кўраётган хўжалик суди учун мажбурийдир.
Ишни назорат тартибида кўрган хўжалик суди ҳал қилув қарорида, қарорда аниқланмаган ёхуд рад этилган ҳолатларни аниқлашга ёки исботланган деб ҳисоблашга, у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги, ишни янгидан кўришда қандай ҳал қилув қарори, қарор қабул қилиниши кераклиги масалаларини олдиндан ҳал қилишга ҳақли эмас.
203-модда. Хўжалик судларининг ажримлари устидан назорат тартибида протест келтириш ва уларни қайта кўриш
Хўжалик судларининг қонуний кучга кирган ажримлари устидан назорат тартибида протест келтирилиши ва ушбу Кодексда улар устидан шикоят қилиш назарда тутилган, шунингдек улар ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилган ҳолларда, ҳал қилув қароридан алоҳида қайта кўрилиши мумкин.
Хўжалик судининг ажримлари устидан келтирилган протестлар суднинг ҳал қилув қарорлари ва қарорлари устидан келтирилган протестларни кўриш учун назарда тутилган тартибда кўрилади.
24-БОБ. ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ ҚОНУНИЙ КУЧГА КИРГАН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ҚАЙТА КЎРИШ
204-модда. Қайта кўриш асослари
Хўжалик суди ўзи қабул қилган ва қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;
2) гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар бергани, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бергани, таржимоннинг била туриб нотўғри таржима қилгани, ҳужжатлар ёки ашёвий далилларнинг сохталиги, бу ҳол суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ва ноқонуний ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;
3) ишда иштирок этувчи шахслар ёхуд улар вакиллари ёки улар вакилларининг ёхуд судьяларнинг шу ишни кўриш вақтидаги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган жиноий қилмишлари;
4) ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилишга асос бўлган хўжалик судининг ҳужжати ёки суднинг ҳал қилув қарори, ҳукми ёхуд бошқа органнинг қарори бекор қилинганлиги.
205-модда. Ариза бериш тартиби ва муддати
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар томонидан шу ҳужжатни қабул қилган хўжалик судига суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўлиб хизмат қилувчи ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай берилиши мумкин.
Аризага унинг нусхалари ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Ариза белгиланган муддат ўтгандан кейин берилса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса ёхуд ариза нусхалари ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаса, у судья томонидан аризачига қайтарилади.
Аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
206-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрувчи хўжалик судлари
Биринчи инстанцияда қабул қилиниб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрим шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган хўжалик суди томонидан қайта кўрилади.
Янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ёки назорат инстанциясининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш хўжалик судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанцияси томонидан амалга оширилади.
207-модда. Аризани кўриш
Хўжалик суди қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани, у тушган кундан эътиборан бир ойлик муддатда ўз мажлисида кўради. Аризачи ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар мажлис вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Бироқ уларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
(207-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
208-модда. Хўжалик судининг ишни қайта кўриш тўғрисидаги ажрими
Хўжалик суди қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб, аризани қаноатлантиради ва суд ҳужжатини бекор қилади ёхуд қайта кўришни рад этади.
Суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хўжалик судининг ажрими устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
Суд ҳужжати бекор қилинган тақдирда иш хўжалик суди томонидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича кўрилади.
IV БЎЛИМ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ
209-модда. Суд ҳужжатларини ижро этиш тартиби
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган тартибда ижро этилади.
210-модда. Ижро варақаси
Суд ҳужжатини мажбурий ижро этиш шу ҳужжатни қабул қилган хўжалик суди томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.
Ижро варақаси ундирувчига суд ҳужжати қонуний кучга киргандан кейин берилади. Солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловларни ундиришга қаратилган ижро варақаси давлат солиқ хизмати органига, бюджетга ўзга маблағларни ундиришга қаратилган ижро варақаси эса, қарздор турадиган жойдаги суд ижрочисига юборилади.
(210-модда иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
Ижро варақаси судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборилиши мумкин.
(210-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда)
Пул маблағларини ундириш учун ижро варақаси ундирувчи томонидан банкка ёки бошқа кредит муассасасига, бошқа ҳолларда эса суд ижрочисига юборилади.
211-модда. Битта суд ҳужжати бўйича бир неча ижро варақаси бериш
Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига бажарилиши лозим бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақаси беради.
Бир нечта жавобгардан пул суммаларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжати асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир нечта ижро варақаси берилади. Бунда, агар шерик жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва шерик жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши лозим.
(211-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
212-модда. Ижро варақасининг мазмуни
Ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) ижро варақасини берган хўжалик судининг номи;
2) ижро варақаси берилган иш ва унинг тартиб рақами;
3) ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана;
4) ундирувчининг ва қарздорнинг номи, уларнинг манзиллари;
5) суд ҳужжатининг хулоса қисми;
6) суд ҳужжати қонуний кучга кирган сана;
7) ижро варақаси берилган сана ва унинг амал қилиш муддати.
Агар хўжалик суди томонидан ижро варақаси берилгунча суд ҳужжатини ижро этишни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этишга рухсат берилган бўлса, унда ижро варақасининг муддати қачондан ўта бошлаши кўрсатилади.
Ижро варақасини судья имзолайди ва у хўжалик судининг гербли муҳри билан тасдиқланади.
213-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати
Ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан ёхуд ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этишда белгиланган муддат тугаган кундан ёхуд ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан бошлаб олти ойдан кечиктирмасдан тақдим этилиши мумкин.
Агар суд ҳужжатининг ижро этилиши тўхтатиб турилган бўлса, у тўхтатиб турилган вақт ижро варақаси ижрога тақдим этиладиган олти ойлик муддатга қўшиб ҳисобланмайди.
214-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатининг узилиши
Ижро варақасини ижро этишга тақдим этиш муддати ижро варақасини ижро этишга тақдим этиш, суд ҳужжатини қисман ижро этиш билан узилади.
Ижро варақасини ижро этиш имконияти йўқлиги сабабли у ундирувчига қайтарилган тақдирда, ижро варақасини тақдим этиш учун янги муддат у қайтарилган кундан бошлаб ҳисобланади.
215-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш
Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати хўжалик суди томонидан узрли деб топилган сабаблар билан ўтказиб юборилганда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза суд ҳужжатини қабул қилган хўжалик судига ёки ижро этиш жойи бўйича хўжалик судига берилади. Ариза хўжалик судининг мажлисида ундирувчи ва қарздор ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинган ҳолда кўрилади. Бироқ уларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
(215-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ва қарздорга юборилади.
Ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
(215-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
216-модда. Ижро варақасининг дубликатини бериш
Ижро варақаси йўқолган тақдирда суд ҳужжатини қабул қилган хўжалик суди ундирувчининг аризаси бўйича унинг дубликатини бериши мумкин. Ариза ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгунча берилиши мумкин. Ариза хўжалик судининг мажлисида, ундирувчи ва қарздор ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинган ҳолда кўрилади. Бироқ уларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.
(216-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ва қарздорга юборилади.
Ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
(216-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
217-модда. Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш
Хўжалик суди ундирувчи, қарздор ёки суд ижрочисининг аризасига кўра суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.
Хўжалик суди қарздорга ҳужжатни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш имконини берар экан, ушбу Кодекснинг 7-бобида назарда тутилган тартибда суд ҳужжатининг ижро этилишини таъминлаш чораларини кўриши мумкин.
Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш уни ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш масалалари хўжалик судининг мажлисида, ундирувчи ва қарздор ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинган ҳолда кўрилади. Бироқ, уларнинг ҳозир бўлмаслиги аризани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
(217-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 30 апрелдаги ЎРҚ-352-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 18-сон, 233-модда)
Суд ҳужжатининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддат ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ҳамда қарздорга, шунингдек суд ҳужжатини ижро этиш суд ижрочисининг иш юритувида бўлса, суд ижрочисига юборилади.
(217-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
Ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.
(217-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 30 августдаги 405-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 9-сон, 165-модда)
(218-модда Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни билан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
219-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси
Агар ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилиб ёки бекор қилиниб, даъвони тўла ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса, ёхуд даъво кўрмасдан қолдирилса, бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича даъвогар фойдасига ундирилган ҳамма нарса жавобгарга қайтарилади.
Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, даъвони тўла ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёхуд даъво тўла ёки қисман кўрмасдан қолдирилса, хўжалик суди бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундиришни тўла ёки қисман бекор қилиш тўғрисида суд ҳужжати қабул қилади.
220-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани ҳал қилиш
Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала янги суд ҳужжатини қабул қилган хўжалик суди томонидан ҳал қилинади.
Агар суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги қарорда унинг қайтарма ижроси тўғрисида кўрсатма берилмаган бўлса, жавобгар биринчи инстанция хўжалик судига тегишли ариза беришга ҳақли. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги жавобгарнинг аризасини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.
Ташкилотнинг, фуқаронинг аризаси бўйича хўжалик суди ундирилган пул маблағлари, мол-мулк ёки унинг қийматини қайтариш тўғрисида ижро варақасини беради. Аризага аввал қабул қилинган суд ҳужжатининг ижросини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
V БЎЛИМ. ЧЕТ ЭЛ ТАШКИЛОТЛАРИ, ХАЛҚАРО ТАШКИЛОТЛАР ВА ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРАЁТГАН ЧЕТ ЭЛЛИК ФУҚАРОЛАР, ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАР ИШТИРОКИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ
221-модда. Чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг процессуал ҳуқуқлари
Чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар (бундан буён матнда чет эллик шахслар деб юритилади) ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон Республикасининг хўжалик судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Чет эллик шахслар Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва фуқаролари билан баравар процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва процессуал мажбуриятларни бажарадилар.
Судларида Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари ва фуқароларининг процессуал ҳуқуқларига нисбатан махсус чеклашларга йўл қўйилаётган давлатларнинг шахсларига нисбатан жавоб тариқасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати чеклашлар белгилаши мумкин.
222-модда. Чет эллик шахслар иштирокидаги суд ишларини юритиш
Чет эллик шахслар иштирокидаги суд ишларини юритиш ушбу Кодексга мувофиқ амалга оширилади.
223-модда. Чет эллик шахслар иштирокидаги ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси хўжалик судларининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикасининг хўжалик судлари чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни, башарти жавобгар ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, фуқаро эса шу ҳудудда яшаш жойига эга бўлса, кўради.
Ўзбекистон Республикасининг хўжалик судлари чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни қуйидаги ҳолларда ҳам кўришга ҳақли:
1) чет эллик шахснинг филиали ёки ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса;
2) жавобгар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мол-мулкка эга бўлса;
3) даъво Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижро этилиши лозим бўлган ёки ижро этилган шартномадан келиб чиқса;
4) мол-мулкка етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги иш бўйича зарарни қоплаш тўғрисидаги талабни қўйишга асос бўлиб хизмат қилган ҳаракат ёки бошқа ҳолат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган бўлса;
5) даъво Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги асоссиз бойишдан келиб чиқса;
6) шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги иш бўйича даъвогар Ўзбекистон Республикасида турган бўлса;
7) бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташкилоти ёки фуқароси билан чет эллик шахс ўртасида келишув мавжуд бўлса.
Биноларга, иншоотларга, ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини тан олиш, бинолар, иншоотлар, ер участкаларини ўзганинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, мулкдорнинг ёки қонуний эгалик қилувчининг ҳуқуқлари бузилишини бартараф этиш билан боғлиқ ишлар, башарти эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса, бино, иншоот, ер участкаси жойлашган жойда кўрилади.
Йўловчи, багаж ва юк ташиш шартномасидан келиб чиқадиган ташувчиларга даъволар бўйича ишлар, шу жумладан ташувчи жавобгарлардан бири бўлганда ҳам, транспорт ташкилотининг органи жойлашган жойда кўрилади.
Хўжалик суди томонидан ушбу моддада назарда тутилган қоидаларга риоя қилган ҳолда кўриш учун қабул қилинган иш, гарчи иш юритиш давомида ишда иштирок этувчи шахсларнинг турган жойи ўзгариши ёки бошқа ҳолатлар туфайли бошқа давлат судининг судловига ўтсада, мазмунан ҳал қилинаверади.
224-модда. Суднинг иммунитети
Хўжалик судида чет давлатга нисбатан даъво тақдим этишга, уни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этишга жалб қилишга, чет давлатга қарашли бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган мол-мулкни хатлаш ва унга нисбатан даъвони таъминлаш бўйича бошқа чораларни қўллашга, хўжалик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш тартибида ундирувни шу мол-мулкка қаратишга, агар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, тегишли давлатнинг ваколатли органлари розилиги билангина йўл қўйилади.
Халқаро ташкилотларнинг суд иммунитети Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.
225-модда. Чет давлат суди томонидан айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низолар юзасидан ишларни кўришнинг процессуал оқибатлари
Агар чет давлатнинг ваколатли суди Ўзбекистон Республикаси хўжалик судида даъво тақдим этилгунича ишни кўришга қабул қилиб, айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ишни кўрган ёки шу иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради ёки иш юритишни тугатади. Агар чет давлатнинг суди томонидан қабул қилинадиган ёки қабул қилинган ҳал қилув қарори Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олиниши ёки ижро этилиши мумкин бўлмаса ёхуд тегишли иш Ўзбекистон Республикаси хўжалик судининг мутлақ ваколатида бўлса, шундай оқибатлар келиб чиқмайди.
226-модда. Суд топшириқлари
Хўжалик суди айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисида чет давлатлар судлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ёки халқаро шартномаларида белгиланган тартибда ўзига берилган топшириқларни (чақирув қоғозларини ва бошқа ҳужжатларни топшириш, ёзма далиллар олиш, экспертиза ўтказиш, жойни кўздан кечириш ва бошқаларни) ижро этади.
Топшириқ қуйидаги ҳолларда ижро этилмайди:
1) топшириқни ижро этиш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки унинг хавфсизлигига таҳдид солса;
2) топшириқни ижро этиш хўжалик судининг ваколатига кирмаса.
Хўжалик суди томонидан айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларни ижро этиш, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Хўжалик судлари чет давлатларнинг судларига айрим процессуал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқлар билан белгиланган тартибда мурожаат қилиши мумкин.