Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ВА УЗУМЧИЛИК СОҲАСИДА АГРОСАНОАТ ФИРМАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 9 январдаги ПФ–3709-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек агросаноат фирмаларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш учун зарур норматив базани яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзвиносаноат-холдинг» холдинг компанияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда агрофирмалар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида тузиладиган шартномаларнинг тавсия этиладиган шаклларини ишлаб чиқсинлар ва жойларга етказсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 10 март,
42-сон
Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 9 январдаги ПФ–3709-сон Фармонига мувофиқ мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида агросаноат фирмалари (кейинги ўринларда Агрофирма деб юритилади) ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартибини белгилайди.
2. Агрофирма фермер хўжаликлари ва аҳоли томонидан етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш ҳамда сотиш асосий фаолияти бўлган юридик шахс ҳисобланади.
3. Қуйидагилар Агрофирманинг муассислари бўлиши мумкин:
мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум, шунингдек бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари;
барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш корхоналари;
юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар;
Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
хорижий инвесторлар;
Агрофирмаларда қатнашиши қонунда тақиқланмаган бошқа шахслар.
4. Агрофирмани таъсис этишда унинг қатнашчилари ўз мустақиллигини сақлаб қолади.
5. Агрофирмалар унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрий тартибда ташкил этилади.
6. Агрофирмалар тижорат ташкилотлари ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Агрофирмалар улар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 сентябрдаги 562-сонли қарори таҳририда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агрофирмаларни таъсис этишда муассислар тегишли ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги субъектларни ташкил этиш учун белгиланган қонунчилик талабларини бажариши керак.
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
8. Агрофирмалар таркибида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари Агрофирмаларнинг қонунчиликка мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
II. Агросаноат фирмаларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этишнинг асосий принциплари
10. Агросаноат фирмаларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш қуйидаги асосий принципларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:
Агрофирмалар фермер хўжаликлари томонидан ихтиёрий асосда ташкил этилади, бунда муассислар таркибига, фермерлар билан бир қаторда, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган, шунингдек яқин атрофдаги ҳудудда жойлашган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари кириши мумкин;
Агрофирмалар исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда, шу жумладан хорижий инвестор билан қўшма корхоналар шаклида ташкил этилиши мумкин;
фермер хўжаликларининг Агрофирмалар таркибига кирувчи қайта ишлайдиган ва бошқа корхоналар билан ўзаро муносабатлари тузилган узоқ муддатли шартномалар асосида амалга оширилади, ушбу шартномаларда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади, шу жумладан етказиб бериладиган маҳсулотнинг камида 30 фоизи аванс билан таъминланиши ҳамда кейинчалик маҳсулотларнинг кафолатли равишда харид қилиниши белгилаб қўйилади;
фермер хўжаликлари — Агрофирмалар таъсисчилари шартномадагидан ортиқча етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўз хоҳишига кўра ички бозорда сотади ва экспорт қилади.
III. Агрофирмаларнинг мақсади ва асосий вазифалари
11. Агрофирма асосан қишлоқ жойларда, унинг қатнашчилари саъй-ҳаракатларини, уларнинг моддий ва молиявий ресурсларини бирлаштириш асосида ташкил этилади.
12. Қуйидагилар Агрофирмаларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш;
мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш;
маркетинг тадқиқотлари ўтказиш, мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум етиштиришнинг мақбул ҳажмларини белгилаш;
оқилона технология ва кооперация алоқаларини яратиш;
экспорт потенциалини кўпайтириш ва инвестициялар жалб этиш;
аҳолини иш билан таъминлаш.
IV. Агрофирманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13. Агрофирма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ишлаб чиқариш фаолиятини мустақил ташкил этиш ва амалга ошириш, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни қайта ишлаш;
етиштирилган маҳсулотларни сотиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан, шу жумладан бюджет ташкилотлари билан хўжалик шартномалари тузиш;
маҳсулотни сотиб олиш юзасидан фермер ва деҳқон хўжаликлари билан фьючерс контрактлари тузиш;
аҳолидан мева-сабзавот маҳсулотлари ва узум харид қилиш;
етиштирилаётган маҳсулотга ва бажарилаётган ишлар (кўрсатилаётган хизматлар)га мустақил нарх белгилаш;
олинган даромад (фойда)ни, шунингдек ўзига хизмат кўрсатувчи банкларнинг ҳисоб рақамларидаги пул маблағларини ўз хоҳишига кўра белгиланган тартибда тасарруф этиш;
кредитлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар олиш, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки, пул маблағларини шартнома асосида жалб этиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга ва такрорий ишлаб чиқаришга йўналтириш;
ўзининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб судга мурожаат қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агрофирма қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
(13-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
14. Агрофирма:
ўз ходимлари учун хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлашга;
тузилган шартномалар шартларини бажаришга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
солиқлар ва мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда тўлашга мажбур.
(14-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Агрофирма қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади.
(14-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
V. Агрофирманинг мол-мулки
15. Агрофирманинг мол-мулки:
муассислар томонидан унинг устав фондига улуш шаклида қўшилган мол-мулк;
ишлаб чиқариш фаолияти натижасида олинган маҳсулотлар;
товарларни сотиш, ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш)дан, шунингдек фаолиятнинг бошқа турларини амалга оширишдан олинган даромад (фойда);
қимматли қоғозлардан олинган даромад;
юридик ва жисмоний шахсларнинг беғараз, хайрия ва бошқа эҳсонлари;
белгиланган тартибда сотиб олинган технология асбоб-ускуналари, бинолар, транспорт воситалари, пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектлари ҳамда бошқа мол-мулк;
жалб этилган маблағлар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.
(15-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
16. Мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни сотиб олиш ва қайта ишлаш Агрофирма томонидан ўз маблағлари ва жалб этиладиган ресурслар ҳисобига амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Агрофирма томонидан кўрилган зарарлар унинг мол-мулки ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа мол-мулк ҳисобига қопланади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
VI. Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар
18. Агрофирма ходимлари ишга белгиланган тартибда меҳнат шартномасига мувофиқ қабул қилинади. Вазифалар бажарилишини таъминлаш учун шахслар Агрофирма томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
19. Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шакли қонунчиликка мувофиқ агрофирма томонидан мустақил равишда белгиланади.
(19-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
VII. Ҳисоб ва ҳисобот
Олдинги таҳрирга қаранг.
20. Агрофирма қонунчиликда белгиланган тартибда бухгалтерия, статистика ҳисоботини ва бошқа ҳисоботни юритади.
(20-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
21. Агрофирманинг молиявий, статистик ва бошқа ҳисоботи давлат бошқаруви органларига қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этилади.
(21-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(VIII-бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 февралдаги 56-сон қарорига асосан ўз кучини йўқотган — ЎР ҚҲТ, 2012 й., 8-9-сон, 85-модда)
IX. Агрофирмани қайта ташкил этиш ва тугатиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Агрофирмани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 11-сон, 84-модда; 2009 й., 10-11-сон, 115-модда, 15-сон, 190-модда; 2012 й., 8-9-сон, 85-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)