Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ТРАНСПОРТИ ЭКСПЛУАТАНТЛАРИНИ СЕРТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 2004 йил 26 февралдаги 90-сон «Ўзбекистон Республикаси парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодексига, сифат бўйича халқаро стандартларга, Халқаро авиация ташкилоти (ИКАО)нинг тавсияларига мувофиқ ва бошқарув фаолиятини марказлаштиришдан чиқариш жараёнида парвозларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг давлат бошқаруви ва парвозларнинг хавфсизлигини назорат қилишга оид қисмида баён қилинган Авиация маъмурияти функцияси «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Давлат бошқаруви ва назорати бош инспекциясига юклатилсин.
2. Ўзбекистон фуқаро авиациясида Ҳаво транспорти эксплуатантларини сертификация қилиш жорий этилсин. Сертификация қилиш ҳаво транспортидан фойдаланишни тартибга солувчи амалдаги қоидалар, йўриқномалар ва бошқа норматив ҳужжатлар бўйича амалга оширилсин.
3. «Ўздавстандарт» билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Давлат бошқаруви ва назорати бош инспекцияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисида тузилган битим маъқуллансин.
4. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси фойдаланувчи сертификация тартиб-қоидалари ва эксплуатантларга йўл-йўриқ бериш бўйича дастуруламални тасдиқласин ва уни, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча авиация ташувчиларига етказсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
янгидан ташкил этиладиган эксплуатантлар ишлаб чиқариш фаолияти бошлангунга қадар сертификация қилинади. Эксплуатант гувоҳномаси (сертификат) уларга ишлаб чиқариш-техника негизи, ҳаво кемалари ва бошқа асбоб-ускуналар ташкил этишнинг технологик жараёнларининг ҳуқуқий ҳолати, парвозларнинг бажарилиши ва уларни таъминлаш, авиация ходимларининг тайёргарлик даражаси амалдаги талабларга мувофиқлиги текширилгандан кейин берилади;
фаолият кўрсатаётган эксплуатантлар 1993 йил 1 декабрга қадар гувоҳнома олиш учун буюртманома беришлари керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 19 апрелдаги 215-сон қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари ўртоқ. К. Н. Тўлаганов зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 5 октябрь.,
481-сон