LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун янги таҳрирда қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 14 апрелдаги 758-I-сон «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунига қаранг.
Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди.
Ўзини ўзи бошқариш органлари жамият ва давлат ишларини бошқаришда қатнашишга доир ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқаришларида фуқароларга кўмаклашади, ўз ҳудудларидаги ижтимоий ва хўжалик вазифаларини ҳал этиш, оммавий-маданий тадбирларни ўтказиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг, халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг қарорларини бажаришда ёрдамлашиш мақсадида фуқароларни бирлаштиради.
Ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудий принцип бўйича тузилади. Ўзини ўзи бошқариш органлари иш олиб борадиган ҳудудларни фуқароларнинг таклифига кўра туман, шаҳар ҳокими белгилайди, ушбу қарор кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Ўзини ўзи бошқариш органларини сайлаш тартиби, уларнинг фаолият кўрсатишини ташкил этиш ҳамда ваколат кўлами ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.
Қорақалпоғистон Республикасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солиб турилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи юридик шахс ҳуқуқларидан фойдаланади ва герб тасвири туширилган, белгиланган намунадаги муҳрига эга бўлади.
Фуқаролар йиғинини раис (оқсоқол) тегишли халқ депутатлари Кенгаши ёки ҳоким билан келишган ҳолда заруратга қараб чақиради. Фуқаролар йиғини шунингдек халқ депутатлари Кенгаши, ҳоким томонидан ёки ўн саккиз ёшга етган ва ушбу ҳудудда яшаётган фуқаролар учдан бир қисмининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин.
Йиғин чақиришнинг иложи бўлмаган тақдирда фуқаролар вакилларининг йиғилиши ўтказилади. Йиғилишларга кўчалар ва тураржой биноларидан, маҳаллалардан ва бошқа ҳудудий тузилмалардан фуқароларнинг намояндалари ушбу Қонун 2-моддасининг иккинчи қисмида кўзда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда вакил қилиниши мумкин. Вакиллик меъёрларини тегишли халқ депутатлари Кенгаши ёки туман, шаҳар ҳокими белгилайди.
Фуқаролар йиғинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган барча аҳолининг ярмидан кўпроғи уларга келган тақдирда йиғинлар ваколатли ҳисобланади, вакиллар йиғилишлари эса уларга делегатларнинг камида учдан икки қисми келган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Фуқароларнинг йиғини (йиғилиши)ни олиб бориш учун раёсат сайланади. Йиғин (йиғилиш)ни раис (оқсоқол) ёки унинг маслаҳатчиларидан бири олиб боради. Барча масалалар бўйича қарорлар очиқ овоз бериш орқали ва оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Фуқароларнинг ҳар бир йиғини (йиғилиши)да баён юритилади, унда йиғин (йиғилиш) ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар қайд этилади. Йиғин (йиғилиш) баёни ва қарорларини раис (оқсоқол), унинг йўқлигида эса маслаҳатчиларидан бири имзолаб, тегишли туман, шаҳар ҳокимига юборади.
Раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчиларини фуқаролар йиғини (йиғилиши) тегишли туман, шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда сайлайди.
Маслаҳатчиларнинг миқдор таркибини йиғин (йиғилиш) белгилайди. Маслаҳатчиларнинг номзодларини йиғин (йиғилиш)га раис (оқсоқол) тавсия этади.
Раис (оқсоқол) ва маслаҳатчилар уларга йиғин (йиғилиш)да ҳозир бўлган фуқароларнинг ярмидан кўпроғи овоз берса, сайланган ҳисобланадилар.
Раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчилари тегишли ҳудуддан ташқарига чиқиб кетсалар, ёки туман, шаҳар ҳокимининг таклифига биноан, ёхуд йиғин (йиғилиш) қатнашчилари камида учдан бир қисмининг ёзма талабига кўра муддатидан илгари қайта сайланиши мумкин.
Ўзини ўзи бошқариш органлари қурган, сотиб олган ёки қонунда белгиланган тартибда уларга берилган жамоат объектлари, ижтимоий-маиший ва бошқа объектлар, шунингдек сотиб олинган транспорт воситалари, хўжалик анжомлари ҳамда бошқа мол-мулк ўзини ўзи бошқариш органларининг мулкидир.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзини ўзи бошқариш органларининг молиявий ресурслари халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ажратиладиган бюджет маблағларидан, махсус фондларнинг ёш болали муҳтож оилаларга нафақа тўлашга мўлжалланган, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган маблағларидан, фуқаролар ва меҳнат жамоаларининг ихтиёрий хайр-эҳсонларидан, хайрия жамғармалари ажратиб берадиган маблағлардан таркиб топади.
(15-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелдаги 421-I-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 126-модда)
Ўзини ўзи бошқариш органларининг молиявий маблағлари банкдаги мустақил счётларда сақланади, улар томонидан мустақил тасарруф этилади ва олиб қўйилиши мумкин эмас.
ўзини ўзи бошқариш органининг фаолият дастури ҳамда харажатлар сметасини, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилашга доир тадбирлар режаларини тасдиқлайди;
раис (оқсоқол) ва унинг маслаҳатчилари ишининг асосий йўналишларини белгилайди, ҳар йили уларнинг ҳисоботларини тинглайди;
ўз ҳудудидаги ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш учун аҳолининг, мулкчиликнинг барча шаклидаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг маблағларини ихтиёрийлик асосида бирлаштириш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда ёш болали муҳтож оилаларга нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлайди ва тўлайди;
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелдаги 421-I-сон Қонунига мувофиқ бешинчи хатбоши билан тўлдирилган— Олий Мажлис Ахборотномаси, 1997 й., 4-5-сон, 126-модда)
пул маблағлари сарфланиши устидан назорат қилишни ташкил этади, зарур бўлганида тафтиш комиссияси тузади ва ушбу комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;
қонунларда белгиланган тартибда ўз ҳудудида кичик корхоналар, кооперативлар, устахоналар, халқ ҳунармандчилиги цехларини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқади;
йиғиннинг, маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг чегараларини ўзгартиришга, кўча, майдон ва бошқа жойларнинг номини ўзгартиришга доир масалаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли давлат органларига таклифлар тайёрлайди;
Шаҳарча, қишлоқ, овул фуқароларининг йиғини (йиғилиши) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан келишган ҳолда савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналари аҳоли учун қулай соатларда ишлашини белгилайди, маъмурий комиссия тузади.
Шаҳарча, қишлоқ, овул фуқароларининг йиғини (йиғилиши) раиснинг (оқсоқолнинг) шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун ажратиб бериладиган ер участкалари тўғрисидаги тақдимномасини, раиснинг (оқсоқолнинг) корхоналарга, муассасаларга, фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер бериш ҳамда бу субъектларнинг ерларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқларини тўхтатиб қўйиш тўғрисидаги, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг эгалигидаги ерлар таркибига кирмайдиган, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари чегарасидаги ерларни олиб қўйиш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлайди.
Шаҳарча, қишлоқ, овул фуқароларининг йиғини (йиғилиши) Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ер муносабатлари соҳасидаги бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.
Йиғин раиси (оқсоқоли) ва йиғин раиси тайинлайдиган котиб йиғин қарорлари бажарилишини, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жорий фаолиятини ташкил этади ва амалга оширади. Раиснинг (оқсоқолнинг) котиб тайинлаш тўғрисидаги қарори фуқароларнинг йиғини томонидан тасдиқланади.
Шаҳарча, қишлоқ, овул фуқароларининг йиғини раиси (оқсоқоли) ўз аппаратига эга бўлиб, унинг миқдори халқ депутатлари туман Кенгаши ёки туман ҳокими билан келишилган ҳолда йиғин (йиғилиш) томонидан белгиланади.
Раис (оқсоқол), котиб ва аппарат ходимларига туман, шаҳар бюджети маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.
Котиб ҳамда йиғин раиси (оқсоқоли) аппаратининг ходимлари умумий йиғилишлар ўтказишга доир материаллар тайёрлайди, фуқароларнинг йиғини ҳамда йиғин раиси (оқсоқоли) қарорлари ижрочиларга ўз вақтида етказилишини кузатиб боради, иш қоғозларини юритади, ҳужжатлар сақланиши учун жавоб беради, фуқароларга бериладиган маълумотномаларни расмийлаштиради, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги ҳарбий хизматга мажбур шахсларни ва чақирилувчиларни дастлабки тарзда ҳисобга олинишини таъминлайди, раис (оқсоқол) топшириғига биноан ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари доирасида бошқа ишларни амалга оширади.
Жамоатчилик асосида ишлайдиган раис (оқсоқол) маслаҳатчилари ўртасидаги вазифалар тақсимоти раис (оқсоқол)нинг тақдимига кўра фуқароларнинг йиғини (йиғилиши) томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва маҳаллий ҳокимият органларининг қарорларини бажаришга доир ишларни ташкил этади, фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилади;
қонунларда кўзда тутилган ҳолларда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, суд идораларида, корхона, муассаса ва ташкилотлар билан бўладиган муносабатларда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қила олади;
фуқароларнинг ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда, оммавий-сиёсий тадбирларда қатнашишларини ташкил этади, аҳолига савдо ва коммунал-маиший хизмат кўрсатилишини яхшилашга кўмаклашади, бу мақсадларда тегишли ҳудудда жойлашган корхоналар ва ташкилотлар тақдим этадиган моддий ва бошқа маблағлардан фойдаланади;
дўконлар, ошхоналар, чойхоналар, бозорлар иши, савдо қоидаларига риоя этилиши, фуқароларга маданий хизмат кўрсатиш таъминланиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил қилади;
аҳоли пунктлари, сув таъминоти манбалари, уй-жойлар, мактаблар ва бошқа муассасаларнинг санитария ҳолати устидан назорат қилинишига кўмаклашади;
қабристонлар, қардошлик қабрлари ва бошқа мозорларни саранжом сақлаш юзасидан жамоатчилик ишларини ташкил қилади;
алоқа органларига маҳаллий телефон ва почта алоқасини ривожлантиришда, радиолаштириш борасида, маҳаллий алоқа иншоотларини муҳофаза қилишда ёрдам беради;
эгасиз мол-мулкни, шунингдек давлатга мерос тарзида ўтган мол-мулкни сақлаш ва тасарруф этиш чораларини кўради;
деҳқон хўжаликларининг оилавий мулк тақсимотларини рўйхатга олади, ўз ҳудуди доирасида яшовчиларни ҳисобга олиб боради;
шаҳарча, қишлоқ ва овуллар ҳудудидаги ерларнинг ишлатилиши ва муҳофаза этилиши устидан назорат қилади, фуқаролар йиғини (йиғилиши) муҳокамасига ер муносабатларини тартибга солиш масалаларини киритади;
иморат қуриш қоидаларига риоя этиш, хонадонларга туташ жойларни ораста бўлиши, жониворларни сақлашга оид ветеринария қоидаларини бажариш устидан жамоат назоратини ташкил қилади;
аҳоли пунктларида ёнғинга қарши тадбирлар ўтказишни ташкил этади, зарур бўлганида эса табиий офатларга қарши курашга ва уларнинг оқибатини тугатишга фуқароларни жалб этади;
ҳарбий хизматга мажбур шахслар ва чақирилувчиларни ҳарбий комиссариатларга чақирилаётганликларидан хабардор этишни ташкил қилади, аҳолини фуқаро мудофаасига доир тадбирлар ўтказишга жалб этади;
давлат ва жамоат органларига ногиронлар, боқувчисидан маҳрум бўлган оилалар, кўп болали оилалар, ёлғиз оналар, шунингдек табиий офатлардан жабр кўрган фуқароларнинг моддий ва уй-жой, маиший шароитларини яхшилаш тўғрисида таклифлар киритади;
вояга етмаганлар назоратсиз қолишининг олдини олишга доир жамоатчилик ишларини ташкил этади, ота-онасининг қарамоғисиз қолган болаларни тегишли давлат муассасаларига жойлаштиришга, шунингдек ёшларни ишга жойлаштиришга кўмаклашади;
аҳоли орасида лекция, маъруза ва суҳбатлар ўтказишни ташкил қилади, фуқароларга мунтазам равишда кино хизмати кўрсатишга, китоб савдосини ривожлантиришга, газета ва журналларнинг тарқатилишига ёрдамлашади, меҳнаткашлар оммавий равишда дам оладиган ҳудудларни ташкил этишга, спорт иншоотлари тармоғини ривожлантиришга кўмаклашади;
тегишли ҳудудда байрам кунлари ва шонли саналар муносабати билан оммавий тадбирлар ўтказишни ташкил қилади;
давлат органларига фуқаролар йиғини (йиғилиши)нинг кўча ва майдонлар, аҳоли пунктлари таркибий қисмининг номини ўзгартириш, уйларни рақамлаб чиқиш хусусида таклифлар киритади;
фуқароларни қабул қилади, фуқароларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқади, улар юзасидан зарур чоралар кўради;
фуқароларга уларнинг шахсини, оилавий ва мулкий аҳволини тасдиқловчи маълумотномалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг қонунларида кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар беради;
Шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролари йиғинининг раиси (оқсоқоли) фуқаролик ҳолати актларини рўйхатга олади, айрим нотариал ҳаракатларни амалга оширади.
Ўзини ўзи бошқариш органлари ўзларига берилган ваколатлар доирасида қарорлар қабул қиладилар. Бу қарорларни тегишли ҳудудда яшайдиган барча фуқаролар адо этишлари шарт. Ўзини ўзи бошқариш органларининг қонунларга зид ҳужжатларини халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ёки тегишли ҳокимлар бекор қиладилар.
Ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, шунингдек раис (оқсоқол)нинг хатти-ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.