Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 6 майдаги ПФ-78-сон Фармони ҳамда «Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 6 майдаги ПҚ-172-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 6 майдаги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ:
Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилгани;
Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи этиб белгилангани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Агентлик мақоми, тизими, асосий вазифалари ҳамда функциялари;
Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги;
Агентлик раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳамда жавобгарлиги;
Агентлик фаолиятини ташкил этиш, унинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 11 ноябрь,
616-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 ноябрдаги 616-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
3. Агентлик Адлия вазирлиги ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади.
4. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Қонунига ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга амал қилади.
5. Агентлик ўз ваколатлари доирасида мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга.
6. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобварақларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисобварақларига эга бўлади.
7. Агентликнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги;
қисқартирилган номи — Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Агентство по делам неплатежеспособности при Министерстве юстиции Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Агентство по делам неплатежеспособности;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Insolvency Agency under the Ministry of Justice of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Insolvency Agency.
8. Агентликнинг жойлашган жойи (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси Тошкент шаҳри Миробод тумани Амир Темур кўчаси 13-уй.
9. Агентликнинг ташкилий тузилмасига қуйидагилар киради:
марказий аппарат;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри тўловга қобилиятсизлик ишлари бўлимлари.
2-боб. Агентликнинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, ушбу соҳани назорат қилиш ва тартибга солиш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
тўловга қобилиятсизлик жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш;
тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини, шунингдек, иқтисодий ночор жисмоний ва юридик шахсларни молиявий соғломлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш;
суд бошқарувчилари фаолияти ташкил этилишини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш;
жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги ҳисоби ва таҳлилини юритиш.
Агентлик қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11. Агентлик ўзига юкланган вазифалардан келиб чиқиб қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1) тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, ушбу соҳани назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида:
тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ишлаб чиқади;
тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
тўловга қобилиятсизлик соҳасини давлат томонидан тартибга солади;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари амалга оширилишини, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг ва таҳлил қилади ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ишлаб чиқишда иштирок этади ҳамда улар бўйича Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг бажарилишини ташкил этади;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
2) тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:
давлат органлари ва ташкилотларининг тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади;
юридик шахсларнинг суддан ташқари тўловга қобилиятсизлиги ишлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва услубий жиҳатдан таъминлайди;
тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги бошқа ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда уларга услубий жиҳатдан кўмаклашади;
тўловга қобилиятсизликка оид тартиб-таомилларга риоя этиш жараёнларида вужудга келаётган ҳамда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик нормаларини қўллашда мавжуд муаммоларни таҳлил қилади ва улар бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
3) тўловга қобилиятсизлик жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш соҳасида:
тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини рақамлаштириш ҳамда барча манфаатдор шахсларга тўловга қобилиятсизлик жараёни тўғрисидаги маълумотлар билан танишиш имкониятини яратиш орқали соҳанинг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш чораларини кўради;
Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси шакллантирилиши ва юритилишини ҳамда вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари ва ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлайди;
қонунчиликка мувофиқ мажбурий равишда эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни, жумладан, тўловга қобилиятсизликка доир ишлар бўйича судлар ва ваколатли органлар томонидан қабул қилинган қарорлар ва тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнлари ҳақидаги маълумотлар Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформасида эълон қилинишини ташкил этади;
4) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини, шунингдек, иқтисодий ночор жисмоний ва юридик шахсларни молиявий соғломлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш соҳасида:
тўловга қобилиятсизлик бўйича ишларни судларда кўриб чиқишда иштирок этади ва махсус ваколатли давлат органи ваколатларини амалга оширади;
тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнидаги ва тўловга қобилиятсиз деб топилган юридик ва жисмоний шахслар реестрини юритади;
Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда шаҳарни ташкил этувчи корхоналар ва уларга тенглаштирилган корхоналар реестрини юритади;
жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча бошқариш ишларини ташкил этади ва уларнинг ҳисобини юритади;
тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини, шу жумладан, суддан ташқари тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш, бу соҳада юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш учун зарур бўлган ташкилий, ҳуқуқий ва ахборот таъминоти бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида қонун бузилишининг олдини олиш чораларини кўради, ушбу соҳада жиноятларни аниқлаш, бартараф этиш ва уларнинг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлик қилади;
ўз аризасига кўра қўзғатилган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар бўйича тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнини мониторинг қилади;
жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини вақтинча бошқариш бўйича суд бошқарувчисининг ёки ихтисослаштирилган ташкилотнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда назорат қилади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда уларнинг қарорларини келишади;
тўловга қобилиятсизлик аломатига эга бўлган юридик шахсларга давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда, судгача санация қилиш ва санация ўтказишни тугатиш юзасидан қарор қабул қилади;
давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда, судгача санация жараёнида бўлган юридик шахсларнинг реестрини юритиш ҳамда судгача санациянинг натижадорлигини Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси орқали мониторинг қилади;
5) суд бошқарувчилари фаолияти ташкил этилишини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш соҳасида:
суд бошқарувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ўқитиш ҳуқуқига эга бўлган таълим муассасалари учун талабларни белгилайди, ҳуқуққа эга бўлган таълим муассасаларининг рўйхатини юритади ҳамда уларнинг бу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади;
суд бошқарувчиларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан, қайта аттестациядан ўтказади ҳамда уларга малака аттестатини беради;
суд бошқарувчиларининг давлат реестрини ҳамда суд бошқарувчиларини тайёрлаш курсларини тугатган номзодларнинг реестрини юритади;
Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси билан ўзаро ҳамкорлик қилади ҳамда унинг фаолиятига кўмаклашади;
Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатасига аъзолик бадали миқдорини, шунингдек, унинг асосий фаолият доирасида кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати ва нархларини келишади;
суд бошқарувчиларининг фаолиятини юритиш, уларга ҳақ тўлаш тартибини, шунингдек, суд бошқарувчилари фаолияти тўғрисидаги статистика ҳисоботларини шакллантириш ва тақдим этиш тартибини белгилайди;
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси билан келишган ҳолда, суд бошқарувчилари иш юкламасининг йўл қўйиладиган нормаларини белгилайди;
суд бошқарувчиларининг фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда назорат қилади;
6) жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги ҳисоби ва таҳлилини юритиш соҳасида:
тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари жараёнидаги ва тўловга қобилиятсиз деб топилган жисмоний шахслар реестрини юритади;
жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги бўйича ишлар юзасидан доимий мониторинг юритади ҳамда мониторинг натижалари асосида таҳлилий маълумот ва таклифлар киритади.
3-боб. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
1) тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари, жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий бўлган, шу жумладан, бошқа давлат органлари билан биргаликда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;
2) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун тўловга қобилиятсизлик соҳасида қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар киритиш;
3) тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар бериш;
4) судлар томонидан тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ҳамда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик нормаларини қўллашда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва улар бўйича таҳлилий маълумотлар ва таклифларни Олий судга тақдим этиб бориш;
5) давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги бошқа ваколатли органларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, шунингдек, ушбу соҳада қонун бузилишларига чек қўйиш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шу жумладан, айбдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
6) тўловга қобилиятсизлик бўйича ҳар қандай ишни иқтисодий судда кўриб чиқишда, шу жумладан, қуйидаги ваколатларни амалга оширган ҳолда иштирок этиш:
тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари ҳақидаги маълумотларни иқтисодий судлардан Тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинуви тизими орқали электрон тарзда олиш;
судга муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси ва молиявий бошқарувчи номзодини тақдим этиш, шунингдек, уларни вазифасидан озод қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиш;
мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахсни ёки юридик шахс мол-мулки эгасини ёхуд қарздорнинг ишларини бошқарувчи шахсни субсидиар жавобгарликка тортиш тўғрисида ариза киритиш ҳақида суд бошқарувчисига кўрсатма бериш;
тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишда қўлланадиган ҳар қандай тартиб-таомиллар жараёнида судга сохта тўловга қобилиятсизликка, тўловга қобилиятсизликни яширишга ёки қасддан тўловга қобилиятсизликка олиб келган аломатларни аниқлаш мақсадида экспертиза тайинлаш ҳақида илтимоснома киритиш;
қонунда назарда тутилган бошқа ваколатлар;
7) Ўзбекистон Республикаси олдида пул мажбуриятлари бўйича қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан, шунингдек, қонунда назарда тутилган ҳолларда бошқа юридик шахсларга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳамда ушбу ишларни судда кўриб чиқишда ваколатли орган сифатида иштирок этиш ва қонунда белгиланган ваколатларни амалга ошириш;
8) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан маълумотларни бепул олиш, шу жумладан, уларнинг ахборот тизимларидан Тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинуви тизими орқали фойдаланиш;
9) юридик шахсларни суддан ташқари тўловга қобилиятсиз деб топиш тартиб-таомилларининг амалга оширилишини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш;
10) жиноят ишлари бўйича хатланган юридик шахслар ва (ёки) уларнинг мулкий комплекслари ва бошқа активларини вақтинча бошқариш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда суд бошқарувчисини тайинлаш ёки ихтисослаштирилган ташкилотни танлаш, шунингдек, ўз ташаббусига кўра ёхуд суд ёки тергов органининг мурожаатига асосан суд бошқарувчисини вазифасидан озод қилиш ёки ихтисослаштирилган ташкилотни бошқарувдан четлаштириш;
11) қарздорликни ундириш, реструктуризация қилиш (шу жумладан, тўлов муддатларини ўзгартириш) судгача санация қилиш, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш масалаларига доир маълумотлар ва ҳужжатларни давлат органлари ва ташкилотларидан бепул сўраб олиш, шунингдек, уларнинг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
12) тўловга қобилиятсизлик соҳасида аниқланган қонунбузилишлар, шу жумладан, жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолатлар бўйича ҳужжатларни қонунда назарда тутилган чораларни кўриш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юбориш;
13) Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформасини бошқариш, унда жойлаштириладиган (эълон қилинадиган) маълумотлар ва бошқа ҳужжатлар таркибини белгилаш;
14) тўловга қобилиятсизлик ишларини юритиш доирасида белгиланган тартибда пулли хизматлар кўрсатиш;
15) юқори малакали хорижий ва мамлакатимиз мутахассисларини консультант ва эксперт сифатида, шу жумладан, жамоатчилик билан алоқалар, ахборот-таъминот, медиа, журналистика, фото ва видеотасвирга олиш, рақамли контент яратиш ҳамда бошқа коммуникация йўналишларидаги зарур мутахассисларни контракт асосида ишга жалб қилиш;
16) тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича фаолиятни рақамлаштириш ҳамда муайян маълумотларни ушбу тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларига ва веб-сайтларига жойлаштириш тўғрисида ваколатли органларга кўрсатмалар бериш, уларнинг ижросини назорат қилиш;
17) суд бошқарувчиларининг фаолиятини мониторинг қилиш ва текшириш;
18) суд бошқарувчилари фаолиятида аниқланган қоидабузарликлар ва уларнинг фаолиятига қўйилган талабларга риоя этмаганлик ҳолатлари бўйича суд бошқарувчиларига расмий огоҳлантиришлар бериш, суд бошқарувчиларининг малака аттестатини бекор қилиш ва унинг амал қилишини тўхтатиш, молиявий жарима қўллаш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа чораларни қўллаш;
19) мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган муассис (иштирокчи) сифатидаги шахсни ёки юридик шахс мол-мулки эгасини ёхуд қарздорнинг ишларини бошқарувчи шахсни субсидиар жавобгарликка тортиш тўғрисида ариза киритиш ҳақида суд бошқарувчисига кўрсатма бериш;
20) Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси раиси лавозимига номзод кўрсатиш ҳамда уни лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш тўғрисида тақдимнома киритиш, Палатанинг навбатдан ташқари йиғилишларини чақириш, шунингдек, ушбу Палатага жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳомийлик ҳамда халқаро ташкилотларнинг грант маблағлари ҳисобидан молиявий кўмак бериш;
21) тўловга қобилиятсизлик соҳасида хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама ҳамкорлик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси шартномаси ҳисобланмаган шартномалар, меморандумлар, қўшма режалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш;
22) тўловга қобилиятсизлик соҳасида, шу жумладан, трансчегаравий тўловга қобилиятсизлик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисида таклифлар киритиш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
23) тўловга қобилиятсизлик соҳасида халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича регуляторлар халқаро ассоциацияси (IAIR) билан ҳамкорлик қилиш;
24) тўловга қобилиятсизлик соҳасининг турли масалаларига оид норматив-ҳуқуқий қоидалар ва услубий тавсияларни ўз ичига оладиган стандартларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
25) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлар.
13. Агентлик:
ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
Агентлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришилишини таъминлаш;
Агентлик томонидан кўриб чиқиш учун Адлия вазирлигига ва Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган буйруқларнинг тайёрланиш сифати ва экспертизадан ўтказилиши;
ҳудудларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумлаштириш асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри тўловга қобилиятсизлик ишлари бўлимларини ривожлантиришга доир таклифлар тайёрланиши учун жавоб беради.
4-боб. Агентлик раҳбариятининг асосий функционал вазифалари
14. Агентлик директорининг асосий функционал вазифалари:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;
якка бошчилик тамойилига асосланган ҳолда Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек, Адлия вазирининг топшириқлари билан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилишини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тўловга қобилиятсизлик соҳасини янада такомиллаштириш бўйича тасдиқланган концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
Агентлик ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш ва кўриш;
Агентлик фаолияти соҳасига кирувчи масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий бўлинмалари, шунингдек, тегишли давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;
Агентлик фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Агентлик ва ўз ўринбосарининг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, адлия вазирининг тегишли топшириқлари бажарилишини таъминлаш, Агентлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон ҳамда «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 25 июлдаги ПФ-117-сон фармонларига ҳамда «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 30 сентябрдаги 616-сон қарорига мувофиқ таркибий ва ҳудудий бўлимлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Агентлик ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;
Агентлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Агентликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;
фаолият соҳасига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини, улар Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини ташкил этиш, уларнинг Вазирлар Маҳкамасида пухта ишланишида, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида», «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ Агентликнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш фаолиятини ташкил этиш;
Агентлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни зарурат бўлганда, давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорларни қабул қилиш;
Агентлик раҳбарлари ва ходимлари хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон қарори талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асослангани, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
ўз ўринбосари ҳамда таркибий бўлинма ва ҳудудий бўлимлар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Агентлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолишининг мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
Агентлик ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари асосида тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлашни назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчиликни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;
Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонуни ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларга раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш;
Агентлик ҳамда унинг таркибий бўлинма ва ҳудудий бўлимлари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий этилишини таъминлаш;
аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик қилишда, шу жумладан, «ягона дарча» принципини жорий этиш орқали давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини ҳамда улардан эркин фойдаланишни ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорликни, уларнинг фаолиятида Агентлик ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;
давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
Агентлик марказий аппарати штат жадвалини ходимларнинг тасдиқланган штат бирликларининг белгиланган сони асосида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган марказий аппарат харажатлар сметасини тасдиқлаш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари низомларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;
марказий аппарат ходимларининг раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
Агентлик ҳайъатига ва марказий аппарат йиғилишларига раҳбарлик қилиш;
Агентлик ходимларига мартаба даражаларини бериш бўйича адлия вазирига таклиф киритиш;
Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси олий органи йиғилишига Палата раиси лавозимига номзодни кўрсатиш ҳамда уни лавозимдан муддатидан олдин чақириб олиш тўғрисида тақдимнома киритиш, Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси олий органининг навбатдан ташқари йиғилишларини чақириш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида истеъдодли ва истиқболли кадрларни танлаш, тайёрлаш чора-тадбирлари қабул қилинишини таъминлаш, уларнинг маҳоратини ошириш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида кадрларни тайёрлаш чораларини кўриш, қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этиш;
тўловга қобилиятсизлик соҳаси ходимлари ва мутахассисларини, уларнинг кўп йиллик ва самарали фаолияти, алоҳида ўрнак кўрсатгани, хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотларига тақдимномалар белгиланган тартибда киритилишини таъминлаш ва тавсиялар бериш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида Ўзбекистон делегацияларининг халқаро тадбирларда иштирокини таъминлаш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида халқаро ва давлатлараро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш бўйича халқаро тадбирларда республика вакилларининг иштирокини таъминлаш;
Агентлик директори қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа функционал вазифаларига ҳам эга бўлиши мумкин.
15. Қуйидагилар Агентлик директори ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;
Агентлик директори вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг Агентлик директори сифатидаги вазифаларини бажариш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари томонидан прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;
Агентлик таркибий бўлинмаларининг иш режаларини тасдиқлаш, улар бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Адлия вазирлигининг топшириқлари бажарилишини таъминлаш, мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон ҳамда «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 25 июлдаги ПФ-117-сон фармонларига ҳамда «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 30 сентябрдаги 616-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун Агентликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Агентлик ҳайъати қарорлари, Агентлик директорининг буйруқлари ва топшириқлари, шунингдек, Адлия вазирлигининг топшириқларини ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Агентликнинг таркибий бўлинмаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича Агентлик директорига таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касбий малакасини ошириш чораларини кўриш, мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Агентликнинг таркибий бўлинмалари томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда Агентлик директори топшириғига биноан иштирок этиш;
хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон қарори талабларига тўлиқ мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарларининг асослангани, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Агентлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолияти соҳасига тегишли масалалар бўйича Агентлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чоралар кўриш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Агентлик директорига киритиш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифларни Агентлик директорига киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидаларига асосан тасдиқланган Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этиш, кўрсатиб ўтилган қоидаларга Агентликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари томонидан риоя этилишини таъминлаш;
ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонунчиликни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва коррупцияга қарши курашишга доир бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир ишларни мувофиқлаштириш;
давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни оширишга доир таклифларни Агентлик директорига киритиш;
давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларнинг тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиришда иштирок этиш;
Агентликнинг халқаро ва республика даражаларидаги оммавий тадбирларнинг календарь режасини шакллантиришда иштирок этиш, уни манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар билан биргаликда амалга ошириш;
республикада тўловга қобилиятсизлик соҳаси ривожланиши мониторингини юритиш ҳамда ушбу соҳани янада ривожлантириш бўйича ҳар йиллик прогнозларни шакллантириш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида истеъдодли ва истиқболли кадрларни танлаш, тайёрлаш ва уларнинг маҳоратини ошириш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, ушбу соҳалардаги ҳудудий дастурлар ижросини таъминлаш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича халқаро, республика ташкилотлари билан биргаликда ишлашни таъминлаш.
16. Қуйидагилар Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш;
таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини ўз ваколатлари доирасида мувофиқлаштириш;
прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда таркибий бўлинма ва ҳудудий бўлимлар ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича таклифларни Агентлик директорининг ўринбосарига киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари, Адлия вазирлигининг топшириқлари бажарилишини таъминлаш, мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон ҳамда «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 25 июлдаги ПФ-117-сон фармонларига ҳамда «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 30 сентябрдаги 616-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Агентликнинг таркибий бўлинмалари ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Агентлик ҳайъати қарорлари ҳамда буйруқлари, Агентлик директори ва унинг ўринбосари, шунингдек, Адлия вазирлигининг топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Агентликнинг таркибий бўлинмаларининг иш режалари ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
Агентлик таркибий бўлинмаларига юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятига оид масалалар юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун Агентлик раҳбариятига киритиш;
Агентликнинг таркибий бўлинмаларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда Агентлик раҳбариятига таклифлар тақдим этиш, профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чораларини кўриш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Агентликнинг таркибий бўлинмалари томонидан сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти ва Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Агентлик раҳбарларининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасида ишлаб чиқишда иштирок этиш;
Агентликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқиш;
хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон қарори талабларига мувофиқ ташкил этиш, хизмат сафарлари асослангани, самарадорлиги ва натижадорлигини, сафар учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини таъминлаш;
давлат хизматларининг самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишга доир таклифларни Агентлик раҳбариятига киритиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги ннамунавий низомда белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини мунтазам равишда шахсан, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасидан тушган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;
давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
халқаро ва республика даражаларидаги оммавий тадбирларнинг календарь режасини шакллантиришда иштирок этиш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари ходимлари фаолиятини тасдиқланган лавозим мажбуриятларига мувофиқ ташкил қилиш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари ваколатига кирувчи масалалар юзасидан Агентлик раҳбариятига таҳлилий материаллар тайёрлаш;
Агентликнинг таркибий бўлинмалари фаолиятини ўрганишни ташкил этиш ва уларга амалий кўмаклашиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
17. Қуйидагилар Агентликнинг ҳудудий бўлимлари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари талабларига, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ва назорат қилиш, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари ва Агентликнинг буйруқлари билан юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари бажарилишини таъминлаш, мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон ҳамда «Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 25 июлдаги ПФ-117-сон фармонларига ҳамда «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 31 майдаги ПҚ-5132-сон қарорига, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини назорат қилишнинг янги механизмларини жорий этиш тўғрисида» 2025 йил 30 сентябрдаги 616-сон қарорига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Агентликнинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;
Агентлик ҳайъати қарорлари, буйруқлари, Агентлик директори ва унинг ўринбосарининг топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасига кирадиган масалалар бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларига, шу жумладан, тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги бошқа ваколатли органларга ҳамда уларнинг мансабдор шахсларига тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ва огоҳлантиришлар бериш, шунингдек, ушбу соҳада қонунбузилишларга чек қўйиш, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шу жумладан, айбдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
ўз зиммасига юкланган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар киритиш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимларида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ҳудудий бўлимларнинг кадрлар захирасини шакллантириш;
Агентлик марказий аппарати номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, ҳудудий бўлимларга ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионал, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари ходимларини, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, шу жумладан, улар эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгиланган тартибда амалга ошириш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини таъминлаш;
прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини мунтазам таҳлил қилиш ҳамда Агентликнинг ҳудудий бўлимлари томонидан ушбу кўрсаткичларга сўзсиз эришишни таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича таклифларни Агентликка киритиш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, йиғилишларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;
Агентликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятига оид масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, давлат хизматлари самарадорлиги, сифати ва улардан эркин фойдаланишни ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда кўриб чиқиш учун Агентликка киритиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланган муддатларда ва тартибда аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини мунтазам равишда шахсан қабул қилиш, шу жумладан, жойларга бориб қабул қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушган барча мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқиш;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари ходимларини уларни давлат мукофотлари ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисидаги таклифларни Агентликка киритиш;
давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш.
5-боб. Агентлик раҳбариятининг жавобгарлиги
18. Агентлик директори:
Агентликка юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилиши;
Агентликнинг ушбу Низомда кўрсатилган жавобгарлик соҳалари бўйича ҳамда ўз функционал вазифалари сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
19. Агентлик директори ўринбосари:
Агентликнинг таркибий бўлинмаларида Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ушбу Низомда кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
20. Марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарлари;
тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ушбу Низомда кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
21. Ҳудудий бўлимлар раҳбарлари:
ҳудудий бўлимларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
ушбу Низомда кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.
6-боб. Агентлик фаолиятини ташкил этиш
22. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги директори раҳбарлик қилади.
23. Агентлик директори белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган бир нафар ўринбосарга эга бўлади.
Агентлик марказий аппарати бошқарма бошлиқлари ҳамда ҳудудий бўлим бошлиқлари адлия вазири билан келишилган ҳолда Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Адлия вазири томонидан тасдиқланган лавозимлар номенклатурасига киритилган Агентлик марказий аппарати мустақил таркибий бўлинмалари раҳбарлари адлия вазири билан келишилган ҳолда, Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
24. Агентлик директори ўринбосари мақоми бўйича Адлия вазирлигининг департаменти бошлиғига, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари раҳбар ва ходимлари тегишлича Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари раҳбар ва ходимларига тенглаштирилади.
25. Агентликнинг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Агентликнинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлари сони Адлия вазирлиги марказий аппарати учун белгиланган нормативларга мувофиқ аниқланади. Бунда Агентлик марказий аппарати ҳар бир мустақил таркибий тузилмасига ва ҳудудий бўлимларига қўшимча равишда бир нафардан иш юритувчи котиб лавозими киритилиши мумкин.
26. Адлия вазирига ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида Агентлик марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлимлари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.
27. Агентлик марказий аппарати ва ҳудудий бўлимларининг штат жадваллари белгиланган чекланган бошқарув ходимлари сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида тасдиқланади.
28. Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бўлимлар тўғрисидаги низомлар Агентлик директори томонидан тасдиқланади.
Агентлик директори вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг Агентлик директори сифатидаги вазифаларини директор ўринбосари бажаради.
29. Агентлик ҳузурида жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Тўловга қобилиятсизлик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича илмий-маслаҳат кенгаши ташкил этилади.
Илмий-маслаҳат кенгаши тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш, илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда Агентликка маслаҳат бериш мақсадида фаолият юритади.
Илмий-маслаҳат кенгашининг таркиби ва фаолият юритиш тартиби Агентлик директори томонидан тасдиқланади.
7-боб. Ҳудудий бўлимлар фаолиятини ташкил этиш
30. Ҳудудий бўлимлар Агентликнинг жойлардаги таркибий тузилмалари ҳисобланади ва ўз фаолиятини Агентлик раҳбарлигида амалга оширади.
31. Ҳудудий бўлимлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги вазифалар ижросини ташкил этади.
32. Ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятида ушбу Низомга, Агентликнинг буйруқлари ва кўрсатмаларига, шунингдек, ҳудудий бўлимлар тўғрисидаги низомларга амал қилади.
33. Агентликнинг ҳудудий бўлимлари бошлиқлари адлия вазири билан келишилган ҳолда, Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
34. Ҳудудий бўлимлар қуйидаги асосий вазифаларни амалга оширади:
тегишли ҳудудда тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари амалга оширилиши юзасидан мониторинг юритиш;
судларда кўрилаётган тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича Агентлик ваколатларини амалга оширишда иштирок этиш;
давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳудудий даражада ҳамкорлик қилиш;
тўловга қобилиятсизликка оид маълумотларни Ягона электрон платформага киритиш, уларнинг долзарблиги ва тўлиқлигини таъминлашда иштирок этиш;
юридик шахсларни суддан ташқари тўловга қобилиятсиз деб топиш тартиб-таомиллари амалга оширилишини жойларда ўрганиш;
суд бошқарувчилари фаолиятини мониторинг қилиш ва текширишда Агентлик марказий аппаратига кўмаклашиш;
тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги муаммоларни умумлаштириш, таҳлилий маълумотлар ва таклифларни Агентликка киритиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш.
35. Ҳудудий бўлимлар ўз фаолияти натижалари юзасидан Агентликка белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.
8-боб. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг Агентлик ҳудудий бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби
36. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг Агентлик ҳудудий бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.
37. Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари Агентликнинг ҳудудий бўлимлари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ҳамкорлик қилиб:
топшириқларни Агентликнинг ҳудудий бўлимларига етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Агентликнинг ҳудудий бўлимларига Агентликнинг таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;
Агентликнинг ҳудудий бўлимлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;
Агентликнинг ҳудудий бўлимларидан тушган таклифларни кўриб чиқади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Агентликнинг ҳудудий бўлимлари иштирокини ташкил этади, тўловга қобилиятсизлик соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.
38. Агентликнинг ҳудудий бўлимлари Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ҳамкорлик қилади, шу жумладан:
берилган топшириқлар ижроси ҳақида Агентлик раҳбариятига ахборот беради;
қонунчиликни амалга ошириш бўйича ўз фаолияти натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;
уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида аниқланган ишдаги камчиликларни ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида маълумот беради;
ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, шу жумладан, аҳолининг тўловга қобилиятсизлик соҳасига оид мавжуд долзарб муаммоларини бартараф этиш юзасидан Агентликнинг марказий аппаратига таклифлар киритади;
ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида хабар беради.
39. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари ва унинг ҳудудий бўлимларининг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Агентлик директорининг топшириғига биноан унинг ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар кўрсатиб ўтилган кўриб чиқишдан кейин келишмовчиликлар тартибга солинмаса, у бўйича қарор бевосита Агентлик директори томонидан қабул қилинади.
9-боб. Агентликнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги
40. Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Солиқ қўмитаси, Марказий банк, Божхона қўмитаси, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, давлат мақсадли жамғармалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, судлар ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.
41. Давлат органлари ва ташкилотлари Агентликка тўловга қобилиятсизлик соҳасидаги вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этади.
42. Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда:
тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини соҳалар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилади;
иқтисодий ночор корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва судгача санация қилиш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
тўловга қобилиятсизлик соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўради;
электрон ахборот алмашинуви ва маълумотлар интеграциясини таъминлайди;
қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди.
43. Агентлик ўз ваколати доирасида давлат органлари ва ташкилотларига ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар, тақдимномалар ва сўровлар юбориши мумкин.
10-боб. Агентлик ҳайъати
44. Агентликда Агентлик директори (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари, шунингдек, Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.
Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
45. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:
Агентлик фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Агентлик тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўрган ҳолда, ҳудудий бўлимлар раҳбарлари ҳисоботлари мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;
Агентлик фаолияти соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилишининг натижадорлигини ҳар чоракда ва мунтазам кўриб чиқиш;
жойларда Агентлик фаолиятига оид долзарб масалалар муҳокама қилинишини таъминлаган ҳолда, ҳайъатнинг кенгайтирилган сайёр мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
Агентлик марказий аппаратига ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Агентлик марказий аппарати номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари, Адлия вазирлигининг топшириқлари билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш.
Ҳайъат Агентлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.
46. Ҳайъат мажлисига Агентлик ваколатига кирадиган масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.
47. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
48. Ҳайъат қарорлари Агентлик директорининг буйруқлари билан амалга оширилади.
49. Агентлик директори ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, Агентлик директори юзага келган келишмовчиликлар ҳақида адлия вазирига ва (ёки) Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Шунингдек, ҳайъат аъзолари ҳам адлия вазирига ва (ёки) Вазирлар Маҳкамасига ўз фикрини маълум қилиши мумкин.
50. Ҳайъат фаолияти тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган унинг регламенти билан белгиланади.
11-боб. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари
51. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланиши лозим.
52. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигига берилган баҳолар белгиланган тартибда тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.
53. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;
Агентлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
12-боб. Агентликни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш
54. Қуйидагилар Агентлик фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат хизматлари ва бошқа пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
Агентлик томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ унинг ваколати доирасида қўлланган маъмурий жарима суммалари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
55. Агентликнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантирилади, сарфланади ва ҳисобга олинади.
56. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
57. Агентлик ходимларига мартаба даражаларини бериш, уларни сақлаб қолиш ҳамда мартаба даражалари билан боғлиқ бошқа муносабатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 29 мартдаги 93-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомга мувофиқ тартибга солинади.
58. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари белгиланган тартибда бино, транспорт, алоқа воситалари, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа моддий-техника ресурслари билан таъминланади.
59. Агентлик раҳбарияти ва ходимларини хизмат ҳамда навбатчи автотранспорт воситалари билан таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш лимитлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
60. Агентлик ва унинг ҳудудий бўлимлари Адлия вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари биноларига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жойлаштирилиши мумкин.
13-боб. Ҳисобдорлик, мониторинг ва назорат
61. Агентлик ўз фаолияти натижалари юзасидан Адлия вазирлигига, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисоботлар, таҳлилий маълумотлар ва таклифлар киритиб боради.
62. Агентлик ҳар чоракда тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини соҳалар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилади, тўловга қобилиятсизликка олиб келаётган асосий омил ва муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлайди ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган таклифларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
63. Агентлик фаолиятининг самарадорлиги унинг асосий вазифалари ижроси, тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларининг шаффофлиги, рақамлаштириш даражаси, суд бошқарувчилари фаолиятини ташкил этиш сифати, реестрлар ва ҳисоботларнинг ишончлилиги ҳамда мурожаатлар билан ишлаш натижалари асосида баҳоланади.
64. Агентлик фаолияти устидан назорат қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
65. Агентликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, молиявий интизом, ахборот хавфсизлиги, хизмат интизоми ва коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ички назорати Агентлик директори томонидан ташкил этилади.
14-боб. Якунловчи қоидалар
66. Агентлик қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
67. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
68. Ушбу Низомда назарда тутилмаган масалалар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 ноябрдаги 616-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган маълумотларни эълон қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 11 июндаги 160-сон қарорида:
а) номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган маълумотларни эълон қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»;
б) муқаддимаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади»;
в) 1 — 3-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 6 майдаги ПФ-78-сон Фармонига мувофиқ:
2026 йил 1 декабрдан бошлаб тўловга қобилиятсизлик жараёнларини онлайн мониторинг қилиш имконини берадиган Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси (кейинги ўринларда — Ягона электрон платформа) ишга туширилиши;
Ягона электрон платформа «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида эълон қилиниши белгиланган маълумотлар мажбурий эълон қилинадиган расмий манба ҳисобланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилансинки:
«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида эълон қилиниши белгиланган маълумотлар ушбу Қонунда белгиланган муддатларда масъул шахслар томонидан Ягона электрон платформадаги шахсий кабинети орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда жойлаштирилади;
Ягона электрон платформада жойлаштириладиган маълумотлар давлат тилида эълон қилинади ва бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин.
3. Ягона электрон платформада «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган маълумотлар (кейинги ўринларда — эълон) пулли асосда жойлаштирилади.
Эълонни жойлаштириш учун белгиланган тўлов тўлангани тўлиқ Ягона электрон платформа орқали тасдиқланганидан кейин (мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида белгиланган ҳоллар бундан мустасно) масъул шахсларга тегишли маълумотларни шахсий кабинети орқали электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда жойлаштириш имконияти берилади.
Ягона электрон платформага жойлаштирилган эълон жойлаштирилган пайтдан эътиборан Ягона электрон платформада реал вақт режимида эълон қилинади.
Тўловга қобилиятсизлик ишининг хусусияти, қарздорнинг молиявий ҳолати, ишнинг соддалаштирилган ёки умумий тартибда кўрилиши ҳамда бошқа ҳолатларни инобатга олган ҳолда махсус ваколатли давлат органи томонидан тўловларни кечиктириб ёки тўловга қобилиятсизлик иши якунлангандан кейин тўлаш имконияти берилиши мумкин.
Ягона электрон платформада маълумотларни эълон қилиш билан боғлиқ харажатлар «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган навбатдан ташқари тартибда қопланади»;
г) қуйидаги мазмундаги 31 ва 32-бандлар билан тўлдирилсин:
«31. Ягона электрон платформада эълонларни жойлаштириш учун тўловлар миқдори махсус ваколатли давлат органи томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
32. Суд бошқарувчилари учун Ягона электрон платформадан фойдаланганлик учун ҳар ойлик абонент тўлови миқдори махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
Суд бошқарувчиси аттестатининг амал қилиши тўхтатиб турилган тақдирда, аттестатнинг амал қилиши тўхтатиб турилгунга қадар тўланган ойлик абонент тўловининг фойдаланилмаган қисми суд бошқарувчиси учун сақланади ҳамда аттестатнинг амал қилиши тикланган кундан эътиборан қолган муддат давомида амал қилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 29 мартдаги 93-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси адлия органлари ва муассасалари ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомнинг 4-банди бешинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги департаментлари бошлиқларига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳайъати аъзолари бўлган бошқарма бошлиқларига; Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазирига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқларига, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги директори ўринбосарига».
Изоҳ. Ушбу илованинг 1-банди 2026 йил 1 декабрдан эътиборан кучга киради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.11.2026 й., 09/26/616/1123-сон)